СУРХОНДАРЁДА ЕМ- ХАШАК МУАММОСИ

СУРХОНДАРЁДА ЕМ- ХАШАК МУАММОСИ

Сурхондарёда бу йил ем-хашак нархи ҳаддан зиёд кўтарилиб кетди. Қиш ойлари ва баҳорнинг дастлабки даврида бир дона прессланган сомон нархи 20000 сўмгача кўтарилди. Бу ярим килограм қўй гўшти нархига тенг бўлиб ҳали яқин тарихда бундай холат кузатилмаган. Асосий тирикчилик манбаи қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик бўлган аҳоли қишда молини асраш учун ўзи емаса ҳам қиммат нархда ем-хашак сотиб олишга мажбур бўлди. Чунки баҳор келса арзончилик бўлиши, ёз келса буғдойпишиқда сомон нархи арзонлашига умид қилишди. Аммо буғдой ўрими бошланса-да, сомон нархи 11000 сўмдан пастга тушмади. (Солиштириш учун: ўтган йили бир дона прессланган сомон нархи чўл ҳуддаларида 2200, аҳоли зич жойлашган туманларда эса 4000 сўмгача бўлган.)

 

Кимдадир ушбу мақола юзасидан “бозор иқтисоди-да”, “мажбурлаб сотаётгани йўқ-ку”, “ҳар ким чорасини ўзи кўрсин” деган эътирозлар бўлиши мумкин. Буни тушунаман, аммо муаммонинг айрим ижтимоий хавфли томонлари ҳам борки, ундан ҳеч бир онгли инсон юз ўгириши мумкин эмас.

Гап шундаки, нархларнинг сунъий равишда оширилиши ёки маълум ижтимоий гуруҳлар манфаати учун улар томонидан бошқарилиши, бутун соҳа учун муаммоларни ва омманинг ҳақли норозилигини келтириб чиқаради. Қолаверса нархларнинг номутаносиб тарзда оширилиши айрим товарларнинг қадрсизланишига олиб келиши мумкин.

Эътибор беринг: айни вақтда Сурхондарё бозорларида 1 кг буғдойнинг улгуржи нархи 1500 сўм атрофида. Шу ҳисобда 10 кг буғдойни 15000 сўмга олса бўлади. 10 кг атрофидаги прессланган сомон эса 11000 сўм. Харидор бозордан қайси бирини олади. Юқори калорияли буғдойними ёки фақат чорванинг қорнини қаппайтиришга ярайдиган сомонними? Албатта буғдойни олади. Бундан келиб чиқадики, яқин кунларда одамлар буғдойни чорвага ем ўрнида бериши эҳтимоли кучаяди ва айни кунларда бу холат кузатилмоқда. Зеро омухта ем билан савдо қилувчи дўконларда оддий буғдой кепагининг нархи 1350 сўм эканлиги бу эҳтимолни янада кучайтиради.

Жорий йилда Сурхондарё вилоятида баҳорги картошканинг нархи 4000 сўмдан 300 сўмга, 1700 сўмлик пиёзнинг нархи 150 сўмгача тушиб кетди. Айрим каттароқ далада экин эккан деҳқонлар ҳосилни йиғиб олиш учун кетадиган иш ҳақи таннархдан баланд бўлгани учун далани бепул тозалашга бериб юборишди. Бундай холат эса шундай оқибатга олиб келдики, одамлар карам, картошка, қизил лавлаги каби маҳсулотларни чорвага ем ўрнида бера бошлади. Энди ўйлаб кўринг, бу исроф эмасми? Биз одатда еб ичишда ҳаддан ошишни исроф, деб биламиз. Аслида эса исроф сўзи луғатда “чегарадан чиқиш” ва “бир нарсани қасддан унутиш” маъноларини англатади. Демак, нархнинг меъёрга бўйсунмаслиги ёки одамзод учун аталган озиқ овқатнинг ҳайвонларга берилиши ҳам исроф саналади.

Хотираси панд бермайдиганлар эсласа керак, мустақилликнинг илк йилларида ҳам шундай холатлар кузатилган эди. Одамлар маҳсулотларини сота олмай дарёларга тўккан, молларига емиш қилиб берган эди. Оқибатда 1995 – 2000 йиллар оралиғида нон танқис бўлиб, айнан Сурхондарёда одамлар битта сигирнинг пулига зўрға бир қоп ун олган пайтлар ҳам бўлган. Тафаккур аҳли билсинки, ҳар бир исроф учун жазо муқаррардир!

Энди яна мавзуга қайтсак, ем ва хашакнинг қимматлашуви оқибати нима бўлади? Гўшт ва сут маҳсулотлари қимматлашиб кетмайдими? Қайсидир вилоятларда даладаёқ бутунлай ёқиб юбориладиган сомоннинг нархи қандай қилиб кўтарилиши мумкин?. Ахир сомоннинг таннархи энг кам коэффицент бўйича ҳисобланар ва унга фермер хўжалигида нарх белгиланмас экан-ку?!. Қолаверса ернинг ҳақиқий эгаси бўлган давлат сомон учун солиқ солмайди-ку! Демак бу ерда кимларнингдир яширин манфаати яширинган ва бу ишларга хокимият вакиллари аралашиши керак! Қолаверса йигирма беш йилдан буён “омухта ем монополияси”ни шакллантириб мўмай даромад қилишга ўрганган ишлаб чиқарувчилар ва уларнинг сохтакор даллолларига ҳам “нега омухта емнинг нархи буғдой нархидан қиммат?” деган саволни бериш пайти ҳам етиб келди. Сохта тадбиркорлар доимо ўз манфаатларини эл манфаатидан юқори қўйиб келган. Уларнинг фаолиятига чек қўйилиши керак! Акс холда аҳолининг чорвани тутиб туриши қийинлашади ва мол бозорларида нарх арзонлаб бошқа вилоятларга ташиб кетилади. Эслатиб ўтамиз: чорва молларининг четга ташиб кетилиши амалиёти аллақачонлар бошланиб кетган ва айнан шу холат мол бозорларида нархнинг қимматлашувида энг асосий омил бўлиб қолмоқда.

Бугун мамлакатимиз президенти халқ манфаатларини устун қўяётган, ҳаммани ватан равнақи ва халқ форовонлиги учун сафарбар этаётган бир давр. Шундай экан, вилоят раҳбарларидан биронтаси бу ишга аралашиши керак. Акс холда, вақт ўтиб вилоятда гўшт ва сут маҳсулотиларининг анормал холатда ошиб кетишим кузатилиши мумкин. Фикримизча ушбу муаммони ҳал этиш бозорма-бозор юриб қассобларни гўшт нархини туширишга мажбурлашдан кўра осонроқ бўлса керак.

Мен бу соҳанинг одами эмасман. Деҳқончилик билан ҳам шуғулланмайман. Аммо бир дўстимнинг “сен оддий халқ манфаатини ёритмайсан” деган ҳақли танбеҳи сабаб ушбу мақолани ёздим. Ниятим холис! Агар нотўғри фикрлар билдирган бўлсам, узр сўрайман! Барчамизни Аллоҳ ўзи ислоҳ қилсин!

Муаллиф: Anvar Buranov

Манба: Муаллифнинг “Фейсбук” саҳифаси

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Ўзбекистоннинг демографик ҳолати: туғилиш кўпайганми ўлимми?

Ўзбекистон республикаси давлат статистика қўмитаси республиканинг демографик холати юзасидан навбатдаги маълумотларни эълон қилди. Унга кўра 2018 йилнинг январь-сентябрь ...

2020 йилда мактаб ўқитувчиларининг ойлиги ошади

Президент Шавкат Мирзиёев 2020 йилда мактаб ўқитувчиларининг ойлигини оширишни топширган. Давлат раҳбари 23 август куни ўтган йиғилишда Вазирлар Маҳкамаси, Молия ва ...

Қирғизистонда ўзбекистондан меҳнат муҳожирлари кўпаймоқда

Қирғизистонда Ўзбекистондан меҳнат муҳожирлари кўпаймоқда, бироқ уларнинг аниқ сони ҳақида маълумот давлат идораларида ҳозирча йўқ. (more…)