Асака: “Ҳамкорбанк”нинг зўравонлари

Мамлакатимиздаги миллионлаб “дангасалар” қаторида жияним ҳам чет элда тирикчилик қилиб юрибди. Куни-кеча синглимга ишлаб топган пулидан жўнатган экан. Синглим пулни олиш учун Асака шаҳридаги “Ҳамкорбанк”ка борибди. Банк ходимига тегишли қоғоз ва ҳужжатларни кўрсатиб, пулни беришини кутибди. Ж. Муҳаммаджонов исмли ходим эса унга ўз хизмат вазифасига умуман тааллуқли бўлмаган саволлар бера бошлабди: “Ўғлингиз қайси мамлакатда юрибди? Қачон чиқиб кетган? Нима иш қилади? Сизга пулни қаердан олиб юборди?”

Бунақанги савол-жавобни олдин ҳеч қайси банкда эшитмаган синглим хайрон бўлиб қолибди. Банк ходимига “Пул қайси мамлакатдан юборилгани компьютерингизда кўриниб турибди. Вазифангиз пулни бериш. Мендан бундай саволлар сўрашга ҳаққингиз йўқ” дебди.

Банк ходими ўзига ишонган “кришаси” бор “хўроз”лардан экан. Аёл кишига дағдаға билан таҳдид қилишга ўтибди: “Қаердан биламиз, балки ўғлингиз чет давлатларда террористларга қўшилгандир? Уларнинг сафида урушларга қатнашаётгандир? Улардан олган пулларини сизга юбораётгандир?”

Бундай кутилмаган айбловларни эшитган синглим хайратдан донг қотиб қолибди. Сал-пал ўзига келиб қараса, энди унга қарши ҳужумга ўтган ходимлар иккита бўлиб қолибди. Иккинчи ходим ҳам ҳеч қандай сабабсиз камситилиб, ҳақорат қилинган аёлдан кечирим сўраш ўрнига банк ходимига қўшилиб, синглимни талаб кетибди.

Шунда синглим бошлиғини чақиришни талаб қилган экан, ҳалиги иккинчи нусха “Мен бошлиқман. Исм-фамилиям Фаррух Қодиржонов” дебди. “Биз тинчлигимизга раҳна солаётган террористлар мамлакатимизга кириб, мусаффо осмонимизни булғашига йўл қўймаймиз” қабилида шанғиллаб, бақирибди.

Бунақанги туҳмат гапларни ҳаётида эшитмаган синглимнинг қон босими кўтарилиб кетибди. Йиқилаётган экан, ён-атрофда навбатда турган иккита банк мижози аёл унинг икки қўлтиғидан ушлаб, йиқилиб тушишининг олдини олишибди.

Июн ойи бошларида нафақахўр акам билан гаплашганимда жуда хурсанд бўлиб “биринчи июнда нафақамизни уйга олиб келиб беришди, бунақаси ҳали ҳеч бўлмаганди” деб, президентдан миннатдор бўлганди. Шунда Шавкат Мирзиёевнинг “олдин халқ ҳукуматга хизмат қилар эди, энди ҳукумат халққа хизмат қилиши керак” деган гапи эсимга тушганди.

Синглимга банкда қилинган муомалани эшитиб, олдинлари банклар олдида нафақа олиш учун иссиқ-совуқ демай, турнақатор турган кекса чол ва аёллар кўз олдимга келди. Банк ходимлари “пул тугади” деб, нақд пулларни “айлантириб” харом пул топишарди. Энди пуллар ҳақиқий эгаларига етказиб берила бошлагач, уларнинг “нони яримта бўлган” кўринади. Дарров ифлос йўллардан пул топишнинг бошқа йўлларини қидиришга ўтишди, шекилли.

Мен яшаётган чет давлат банкларида мижозларга хизмат кўрсатиш пайтида ишга алоқаси бўлмаган ҳеч қандай савол бериш мумкин эмас. Ўзим ҳам ҳаво йўлларида мижозларга хизмат кўрсатувчи ходим бўлиб ишлайман. Ишга киришдан олдин ўтказилган ўқув машғулотларида йўлчиларга ҳеч қандай ортиқча савол бериш мумкин эмаслиги, акс ҳолда, бу ишдан бўшатишгача олиб келиши мумкинлиги қулоғимизга яхшилаб қуйилган.

Асака “Ҳамкорбанк”идаги зўравонлар хизмат кўрсатиш маданиятидан умуман хабарсиз эканлигини қўятуринг! Уларнинг онги харом пул топиш ва мижозларни қўрқитиб, “шилиш” мағзаваси билан сассиб, ачиб кетибди! Ўзларича “прокурорлик” қилиб, пул ушлаб қолиш бўйича янги тактикалари экан.

Туркиядаги бир танишим ёзишича, у ердаги банклар ўзларига янги мижоз жалб қилиш учун одамларга бепул совғалар беришар экан! Агар “Ҳамкорбанк”нинг Асакадаги ходими ўша банклардан бирида ишласа борми, қисқа даврда банкни банкрот қилиши турган гап!

Бақа ботқоқда ётиб, “дунё шу бўлса керак” деб ўйлар экан. Ўз ваколати доирасидан ташқари чиқиб, лавозимини суистеъмол қилиб, мижозларни ҳақоратловчи ходимларнинг танобини тортиб қўядиган мард борми ёки ҳамма ишга президент аралашсагина рисоладаги давлатлар даражага етамиз, холосми? Ёки, банк ходимларига терговчи ва прокурорлик функциялари ҳам берилди-ю, биз хабарсиз қолдикми?

Муаллиф: Баҳтиёр Шаҳназаров

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

«андижон-ўш» йўналишида қатновлар йўлга қўйилди

Бугун Ўзбекистон ва Қирғизистон Республикалари ўртасидаги яхши қўшничилик муносабатлари намунаси ўлароқ “Андижон-Ўш“ йўналишида микроавтобуслар қатнови йўлга қўйилди. Бу ...

Мск икки депутатнинг ваколатларини муддатидан илгари тугатди

2018 йил 30 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг мажлиси бўлиб ўтди. Уни комиссия раиси М.Абдусаломов бошқарди, деб “Кун.Уз” нашри хабар ...

Йилнинг мурувватли аёли

Куни кеча 21.12да Қашқадарё вилояти, Қарши шаҳрида  турли йўналишдаги ўн беш хил номинация бўйича “Йил аёли” кўрик танлови бўлиб ўтди. (more…)