“Тадбиркорни ҳимоя қилиб, балиқларни қирилиб кетишдан асрайлик”

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил  8 декабрдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун муносабати билан ўтказилган тантанали маросимда: “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак ва бу ҳақиқатни аввало барча бўғиндаги раҳбарлар яхши тушуниб олиши зарур. Шу муносабат билан тадбиркорлик фаолияти ва хусусий мулкни ҳимоя қилиш юзасидан яқинда қабул қилинган Фармон талабларига сўзсиз амал қилишни таъминлаш шарт. Нега деганда, халқ бой бўлса, давлат ҳам албатта бой ва қудратли бўлади”, – деб сўзлаган эди.  Мен Муборак туманидаги яхши бир дўстим хофиз Абдулла ака Худойбердиевга телефон қилиб, соғликлари қандайлигини сўраганимда, у киши менга аҳволи ниҳоят даражада оғирлигини, бир келиб кетмасам бўлмаслигини айтди. Мен Қарши шаҳридан таксига ўтириб Абдулла акани  Муборак туман “Дўстлик” маҳалласи “Самарқанд” кўчасидаги  3-сонли хонадонига етиб келдим.

 Худойбердиев Абдулла ака менга ўттизга яқин фотосуратларни кўрсатди. Ушбу суратларда минглаб майда ва катта балиқларни ўлиб ётганлигини кўрдим. Мен Абдулла акадан нима бўлганлигини, балиқлар қандай ўлганлигини сўраганимда, у киши менга Муборак туманида жойлашган Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармасига қарашли УЯ-64/67-муассаса ходимлари балиқларни ёппасига қирилиб кетишига сабабчи бўлишганлигини айтиб берди.

Абдулла ака Худойбердиев оила аъзолари билан бирга Қашқадарё вилоят Муборак туман “Муборак қоракул наслчилик” МЧЖ  ҳудудидаги аҳоли яшамайдиган, пахта, ғалла экилмайдиган №458-контурдаги ер майдонидан Муборак туман ҳокимининг 2013 йил 1 апрел кунидаги №Х-217/04-сонли қарорига асоан 6 гектар ер майдонини 49-йил муддатга ижарага олиб, туман ҳокимлиги билан ер ўчасткасини узоқ муддатли ижара шартномасини  тузган ҳолда “Саҳро олтин балиқ” фермер хўжалигини ташкил этган.

Абдулла ака кўзига ёш олиб, менга оила аъзолари билан бирга   “Саҳро олтин балиқ”  фермер хўжалигини 2013 йилдан буён фаолиятини юритиб келаётганлигини, шу йилларда туман солиқ инспекцияси томонидан зиммаларига юклатилган барча мажбуриятларни бажариб келаётганлигини, 2016-2018 йилларга мўлжаллаб, фермер хўжалигининг сув ҳавзасига  низомида кўрсатилган фаолиятига асосан 2000000(икки миллион) балиқ увилдириғини ташлаганлигини, шу боис 2018 йилнинг сентябрь ойидан фермер хўжалигининг бизнес-режасига асосан 25 тонна 200 килограмм балиқ маҳсулотини бозорга чиқарилишини таъминлаши кераклигини, лекин Муборак туманида жойлашган  УЯ 64/67-сонли  муассаса ходимлари томонидан норасмий тарзда, огоҳлантирмасдан фермер хўжалигининг зовурдан сув ҳавзасига келиб тушиб, яна зовурга қайтиб кетадиган сизот суви  йўли бўлган ариқларни ўстига экскватор чўмичи билан лой ташлатиб, балиқлар етиштирилаётан сув ҳавзасига сув ўз йуналиши билан оқиб кирувчи ариқларни кўмиб ташлаганлигини, натижада миллионлаб балиқ чавақлари ва катта-кичик балиқлар бугунги 37-40 градус иссқликда сувсизликдан нобуд бўлганлигини, балиқларни ёппасига қирилиб нобуд бўлишидан асраб қололмаганлигини афсусланиб айтиб, кўзларидаги ёшни   дастрўмолчаси билан артди.

Абдулла акани айтиши бўйича, УЯ 64/67-сонли зона раҳбарияти ҳеч қанақа ҳокимият қарорини расмийлаштирмай туриб, Муборак туман сув хўжалиги бўлими билан ўзаро келишган ҳолда экскватор ёллаб, фермер хўжалигининг сув ҳавзасига кирадиган сув йўлини тўсиб қўйиши натижасида балиқлар  сувсизликдан  нобуд бўлган.

Мен Абдулла акадан “фермер хўжалигингизга зовурдан балиқчилик сув ҳавзасига  кирувчи сув йўлини УЯ-64/67-жазони ижро этувчи муассаса ходимлари беркитиб ташлашига қаршилик қилмадингизларми”, деб сўрадим. Абдулла ака менга” Биз фермер хўжалигимизни сув ҳавзасига оқиб кираётган сувни тўсмаслиги ҳақида уларни оғзаки равишда бир неча бор огоҳлантирганмиз. Масалан, фермер хўжалигимиз ҳудудига УЯ 64/67-сонли зонанинг жазони ижро этиш муассасаси ходими Улуғбек исмли шахс хўжалигимиз ерига бостириб кирганида, мен фермер хўжалигимни ишчилари гувоҳлигида,  “Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев берган имкониятдан фойдаланиб, тадбиркорлик қилаяпмиз, балиқлар қирилиб кетмасин ака, давлат сиёсатига қарши хатти-ҳаракат қилманг, сувимизни тўсманг ”, – дея мурожаат қилганимда, Улуғбек исмли шахс: “Бу жойларга мен эга, қаерга мурожаат қилсангиз қилинг! Сизнинг ҳеч қандай ҳокимиятингизни қарори менга ўтмайди, ўзингизни йўқ қилдириб юборамиз,  қайси ҳуддудда эканингизни унутманг!” – деб таҳдидлар қилди.

Бундан ташқари, муассаса ходимлари жазо ўтаётган маҳкумлар орқали бизларга ва ишчиларимизга таҳдидлар қилишиб, қўпол тарзда жисмоний куч ишлатишларини баланд овозда айтишиб, қўрқитганлиги учун  биз ҳеч нарса қила олмадик. Ахир УЯ-64/67-сонли жазони ижро этиш муассасаси бу манзил колония ҳисобланади, бу ерда жазони ўтаётган одамлар қандай инсонлар эканлигини билмаймиз. Менинг ўзим ҳам худди сиз каби Чўянжон, тўҳматдан қамалган одамман, ҳозирда ахлоқ тузатиш иши жазосини ўтаётган одамман. Менга яна туҳмат уюштириб, “зона”га қайтариб юборишидан қўрқаман, шунинг учун ҳам қўрққанимдан бирор бир юқори турувчи органга мурожаат этолмадим. Мен давлатдан бир сўм кредит олмасдан ўз оила аъзоларимиз кучи билан балиқчиликка ихтисослашган фермер хўжалигимизга 5 нафар фуқарони, шундан бир нафари ногирон, яъни гунг бўлган, гапира олмайдиган ёш йигитни ишга олиб, оиласи билан бирга кўчириб келиб ишга олганман. Беш кишини  иш билан бандлигини таъминлаб келмоқдамиз. Ишчиларимизнинг 3 нафари доимий равишда фермер хўжаликда ётиб ишлашади. Лекин улар бугун хўжаликка умуман сув келмай қолганлиги сабабли иқтисодий томондан қийналиб, бошқа жойлардан иш излашга мажбур бўлмоқда. Нима қилишимни билмай бошим қотиб қолган”,- деб эзилиб тушкун кайфиятда гапириб берди.

Мен Абдулла акага “Сиз тушкунликка тушманг, Президентимиз Шавкат Мирзиёев Муборак туманида ҳам ХАЛҚ қабулхонасини очган, ахир Президентимизни шахсан ўзлари “Мен, агарда иккита одамни иш билан таъминлаган тадбиркорни бошимга кўтараман”, – деб айтган, келинг Юртбошимизга, Бош прокурор Отабек Муродовга, Қашқадарё вилоят ҳокими Зафар Рўзиевга ва бошқа мутасадди ташкилотларга мурожаат қиламиз, эртага эрталаб  “Саҳро олтин балиқ” фермер хўжалигингизни ерига бориб келамиз”, деб айтиб, Абдулла акани хонадонида, у кишининг турмуш ўртоғи Гавҳар чеча томонидан қўй калла-почасидан тайёрланган хасип-шўрвани маза қилиб ичиб, овқатдан сўнг компьютерда ҳолат юзасидан мурожаатларни лойиҳасини тайёрладик.

Эрталаб соат бешда биз   “Саҳро олтин балиқ” фермер хўжалигининг ерига бориб, балиқ етиштириладиган сув ҳавзасини кўздан кечирдик. Кўлда сув йўқ, кўлдаги чуқур ҳовузчалар ичидаги балиқчалар ҳам сувда айланиш, яъни циркуляция бўлмаганлиги учун нобуд бўлишган. Мен 2018 йил апрель ойида Абдулла Худойбердиевни  “Саҳро олтин балиқ” фермер хўжалигининг балиқлар етиштириладиган сув ҳавзасига, яъни кўлга келганимда, кўл тубидан бир ярим  метр баландликда сув бор эди ва балиқлар сузиб юришар эди. Энди эса сув йўқ, 5,5 гектардан зиёд ер тақирдаб қуриб ётганлигини кўрдим. Ўлган ва очиқликда қолган балиқларни қушлар, шоқоллар  ва тулкилар териб еб кетишганлигини менга Абдулла ака ва ишчилар айтиб беришди.

Мен ногирон  ишчи Ойбек Жумаковнинг онаси Рўзиева Раъно опа ва Ойбекнинг турмуш ўртоғи Гавҳарлар билан билан суҳбатлашганимда  Миришкор туманидан эканлигини, ишсизлик сабабли қийналиб қолишганида Абдулла ака уларни ҳолидан хабар топиб, ишга олганлигини, сигир-бузоқ берганлигини, ҳозирда қора моллари 4 бошга етганлигини, УЯ-64/67-муассаса ходимлари балиқчилик кўлини сувини ёпиб ташлаганликлари учун уларнинг кўз ўнгида балиқлар типирчилаб ўлишганини, бундан таъсирланиб йиғлашганини айтиб беришди. Балиқчилик кўлига сув очмоқчи бўлишганида маҳкумлар дўқ қилишганлиги учун қўрқишиб сув ариғини очиша олишмаганлигини айтиб беришди.

Суратда кўлда қолган балиқларни ўлган ҳолати кўринмоқда, чапда ишчи Қулмуродов Тоштемир ва фермер Абдулла Худойбердиев
Юқорида зовурдан фермерни балиқчилик сув ҳавзасига ўтувчи сув йўлининг экскватор чўмичи билан кўмиб ташланган ҳолати.

“Саҳро олтин балиқ” фермер хўжалигининг сув ҳавзаси, 2018 йил апрел ойида шу кўлда 1,5 метр баландликда сув бор эди. УЯ-64/67-муассаса раҳбарияти зовурдан чиқиб, кўлга қўйиладиган сув йўлини беркитгандан сўнг бир ойдан кейинги ҳолат.

Суратда  “Саҳро олтин балиқ” фермер хўжалигининг раиси Худойбердиев Абдулла Ҳошимович

 Шу ердан зовурдан кўлга ўтуви сув йўлининг беркилган ҳолати

Шу ердан зовурдан кўлга ўтуви сув йўлининг беркилган ҳолати

Фермерни балиқчилик сув ҳавзасида мана шундай ҳолатда балиқлар сувсизликдан нобуд бўлишган ва кейинчалик ўлган балиқларни қушлар,шоқол ва тулкилар еб кетишган.

“Сахро олтин балиқ” фермер хўжалигининг аъзолари чапдан ўнгга Абдулла Худойбердиев, Тоштемир Қулмуродов, Гавҳар Жумакова чақалоғи Озодбек билан, Рўзиева Раъно, Жумаков Ойбек

 Мен ва Абдулла ака “Сахро олтин балиқ” фермер хўжалигини еридан қайтиб келиб, мурожаатларни камчилигини тузатиб,  2018 йил 26 июнда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Муборак туманидаги Халқ қабулхонасига топширдик.

Ўзбекистонда тадбиркорликка Президент Шавкат Мирзиёев томонидан кенг йўл очилган бир пайтда ҳуқуқни мухофаза этувчи органлар тоифасига кирувчи УЯ-64/67-муассаса раҳбарияти томонидан “Сахро олтин балиқ” фермер хўжалигининг ҳалол тадбиркорлик қилиб, даромад олишига, иш ўрнини яратиш учун олиб бораётган эзгу  фаолиятига болта урилмоқда ва бунинг натижасида фермерга жуда кўп миқдорда зарар етказилмоқда.

“Сахро олтин балиқ” фермер хўжалигининг балиқчилик сув ҳавзасига сув тушиб туришига тўсқинлик қилинмаса Республиканинг озиқ-овқат заҳирасига, аввалом бор аҳолини оқсилга бой озиқ-овқат билан таъминлашга Абдулла ака Худойбердиев оиласи билан бирга ўзининг ҳиссасини қўшган бўлар эди ва қушади ҳам.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонасидан, Қашқадарё вилоят ҳокимлигидан нима жавоб бўлар экан?

Биз бу мавзуга яна қайтамиз!

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси, “Бирдамлик” ХДҲ фаоли Чӯян Маматқулов

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Энг ғариб аэропорт тошкентда…ми?

Халқаро аэропортларимиз халқаро танловда ғолиб чиққани ҳақидаги гаплар ондан-сонда қолоғимизга чалиниб қолади. Ҳаво йўлларимиз пиарчилари бўлса, шу заҳоти отини қамчиб, бу ...

Қозоғистонда юз берган йтҳда тўрт ўзбекистонлик жабрланди, улардан бири — реанимацияда

19 май куни тахминан соат 18.00да Қозоғистоннинг Манғистау вилояти «Бейнеу-Тажен» автомагистралининг 82-километрида ичида 7 та одам, жумладан 4 нафар Ўзбекистон фуқароси ...

Нуруллоҳ муҳаммад рауфхон тоштурмага олиб кетилган

Ҳозиргина ёзувчи Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг фарзанди Файзуллахон отасининг “воҳимали қилиб” Тоштурмага олиб кетишгани ҳақида ижтимоий тармоқ орқали билдирди.  Унда ...