Гарвард битирувчилари ҳақида билишингиз лозим бўлган 10 нарса

Гарвард Университети узоқ вақтлардан бери кўплаб талабалар учун омадли ҳаётнинг дебочаси бўлиб келади. Ушбу ёзда эса АҚШнинг бу машҳур таълим даргоҳини яна бир гуруҳ битирувчилар кўзда ёш ила тарк этдилар.

Агар бу битирувчиларнинг келгуси авлод сиёсий ва бизнес етакчиларга айланиши эҳтимоли юқори бўлса, биз уларнинг қарашлари ва феъл-атвори ҳақида ҳозирдан билиб қўйганимиз яхши бўлар балки?

The Harvard Crimson талабалар газетаси жорий йил битирувчиларини яқиндан ўрганиб чиқишга қарор қилди. Қуйида ушбу газета билишга муваффақ бўлган бўлажак элита ҳақидаги ўнта нарсани сизга ҳам илинмоқдамиз.

1. Безовта авлод. 2018 ўқув йилида таҳсил олган талабаларнинг 41 фоизи университетнинг соғлиқни сақлаш хизматларига ҳеч бўлмаганда бир марта руҳий саломатлигидан шикоят қилиб мурожаат қилган. Тахминан 15 фоиз талаба айни масала бўйича талабалар шаҳарчаси хизматларидан кўмак олишга интилган. Бу ҳолат ёш авлод таълим олиш вақтининг асосий қисмини безовта ва ташвишланган ҳолда ўтказишини кўрсатади.

2. Ҳар беш талабадан камида биттаси даргоҳни бокира ҳолида тарк этади. Бир вақтлар университетдаги ҳаёти давомида бирор марта учрашувга чиқмаган талабалар сони ҳам шунга ўхшаш эканлиги ҳақида маълумотлар чиққанди. Шу пайтга қадар учрашувлар бўлган чоғда танишув хизматларини таклиф қилувчи иловалардан фойдаланиш даражаси 69 фоизга ошиб кетган. Жорий йилда масканни тарк этган ҳар бешта битирувчидан камида биттаси талабалик ҳаёти давомида ҳеч қандай «ишқий саргузаштлар»ни бошдан кечирмагани маълум бўлган.

3. Трамп давридаги либераллар. Бу йил битирган талабалар университетга Обама даврида қабул қилинган ва уларнинг аксарияти президент Трамп сиёсатидан норози – нақ 72 фоиз битирувчи АҚШ нотўғри йўлдан кетаётганига ишонади. Сўровномада қатнашганларнинг атиги 3 фоизи Трампни қўллашини айтган, учдан икки қисми эса ўзини либерал ёки ўта либерал, дея таърифлаган.

4. Талабалар шаҳарчасида цензура? Жорий йилда битирганларнинг талабалик давомида ўз-ўзини цензура қилгани, баҳсларда очиқ мулоқот олиб боролмагани қайд этилган. Тахминан учдан икки қисм битирувчилар «бошқаларни таҳқирлаб қўймаслик учун баъзи ҳолларда ўз фикрини очиқ айтмаслик»ка қарор қилгани ҳақида айтади. Бу ҳолат, айниқса, Республикачилар тарафдори бўлган талабаларда кузатилган. Битирувчиларнинг деярли ярми талаба сифатида мавзу кимнидир хафа қиладиган томонга ўрмалаётган пайтда ўзини баҳсдан мажбуран тўхтатишга урингани ҳақида сўзлайди.

5. Қани олдик! Спиртли ичимликлар талабаларнинг ажралмас йўлдоши эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Ҳаттоки, энг аълочи талабалар ҳам бир қадаҳ «шайтон суви»дан бош тортмайди. Жорий йилда Гарвардни битирганларнинг 90 фоизи ичади. Ичганда ҳам ҳар ҳафта ичади. Аммо гарвардчилар чекишга келганда ўзини анча босиб олган. Деярли ҳеч бир талаба кашанда эмас ва уларнинг тўртдан уч қисми умрида бирор марта чекмаган ҳам. Кашандалардан кўра наша чекиб кўрганлар сони кўпроқ.

6. Мактаблардаги отишмалар. Сўнгги вақтларда АҚШ бўйлаб мактаблардаги отишмаларга қарши кўплаб намойишлар бўлмоқда. Гарвард талабалари ҳам бундай кайфиятни дастаклайди. 10 талабадан тўққизтаси қуролга эгалик қилиш ҳуқуқи чеклансин, дейди.

7. Ақлли талабалар ва смартфонлар. Жорий битирувчиларни Гарвард тарихидаги техникага энг кўп боғланиб қолган талабалар гуруҳи дейиш мумкин. Деярли ҳар бир битирувчи талабалик даврида смартфон ишлатган. Шунингдек, уларнинг 87 фоизи iPhone’дан фойдаланишни маъқул кўради. 80 фоизи эса Apple компютерларидан бирига эга.

8. Шпаргалкалар. Гарвардда академик ҳаёт давомида шпаргалкалардан фойдаланишга қарши қатъий тизим ўрнатилган. Талабалар ушбу тизим доирасида қаллоблик қилмасликка сўз берадилар. Бироқ сўровномалар бундай қатъий чора-тадбирлар деярли самара бермаганини кўрсатмоқда. Битирувчиларнинг бешдан бири маълум вақтларда шпаргалкалардан фойдаланганини тан олади. Айтишларича, жуда озчилик талаба шпаргалка билан қўлга тушган экан.

9. Имкониятларни кенгайтириб. Юқори нуфузли университетларга кириш доимо баҳсларга сабаб бўлган. Гарвардчиларнинг 60 фоизи талабаларни қабул қилишда этник келиб чиқишига кўпроқ эътибор бериш, ажратиб қўйилган ирқ ва миллат вакиллари учун кириш имкониятларини кенгайтириш лозим, деб ҳисоблайди. Бундай кайфият қора танли ва Лотин Америкасидан бўлган талабалар орасида юқори бўлса, осиёлик ва оқ рангли талабалар уни камроқ қўллаб-қувватлайди.

10. Келажак режалар қандай? Мазкур битирувчилар қутблашган қарашлар даврида таҳсил олдилар. Улар АҚШ бўйлаб тарқаб кетиш ниятида эмаслар. Сўровномалардан маълум бўлишича, битирувчилар, асосан, уч ҳудудда ишлаб қолишни режалаштирмоқдалар: Ню-Йорк, Массачусетс ва Калифорния. Тахминан ҳар ўнинчи талаба хорижга кетиш ниятида. Улар меҳнат фаолиятини бошлаш истагида бўлган учта асосий соҳа эса консалтинг, молия ва технологиядир. Пул масаласига келганда битирувчиларнинг 60 фоизи яна бир қанча вақт ота-онасига суяниш ҳақида ўйлаётганини айтади.

Манба: bbc.com

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Комил рашидов ўзбекистон бош вазирининг маслаҳатчиси этиб тайинланди

Комил Қаюмович Рашидов Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг маслаҳатчиси - Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ...

Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари камайди

Ўзбекистон олтин-валюта захиралари йил бошидан бери биринчи марта камайди, бундан Марказий банк маълумотлари дарак беряпти, деб ёзади “Кун.уз” сайти. 2019 йил 1 апрель ...

Ссср халқ артисти владимир этуш 97 ёшида вафот этди

СССР халқ артисти Владимир Этуш 97 ёшида вафот этди. Бу ҳақда «РИА Новости»га таяниб “Дарё” нашри ёзмоқда. Этуш 1922 йилда Москвада туғилганди. 1940 йилда Шукин номли билим ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400