Олий – маълумотли ўқитувчига 180 минг сўм маош етарлими?

Республика Ишчи гуруҳи Наманган вилояти Норин тумани “Шоҳидон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Юксалиш кўчасида жойлашган 32-мактабда бўлганига жуда таъсирли манзарага гувоҳ бўлди. 150 ўринли мактабда бугунги кунда 164 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда.

Хоналар етишмаслиги ва торлиги сабабли 11 та синфда 13-20 нафардан бола тарбия топаяпти. Деворларнинг 320 метри бетон ғиштдан, 120 метри пахсадан, 50 метри темир панжарадан кўтарилган. 170 метрлик қисми эса ўраб олинмаган. Эни 2-2,5 метр, чуқурлиги бир метрлик ариқ мактабни даладан ажратувчи ўзига хос табиий тўсиқ вазифасини бажармоқда. Ёнғин хавфсизлигини таъминлаш учун қурилган ҳовузда сув ўрнига ўтлар ва ҳатто тераклар ўсиб ётибди.


Мактаб учта алоҳида-алоҳида бўлимлардан иборат. 1-корпус 1991 йилда қурилган бўлиб, 45 нафар бола ўқийди. Поллар ғичирлаб, эластик бўлиб қолган, таъмирга муҳтож, томдан чакки ўтади. Бу ерда жойлаштирилган компьютер хонасидаги 15 та техникадан 8 таси ишламаяпти. Улар 2007 йилда келтирилган ва маънавий эскирган. “Ўзмобайл” компанияси билан шартнома имзоланиб, январ ойидан буён ҳар ойда 45 минг сўмдан, жами 5 ой давомида пул ўтказиб берилганига қарамай интернет тармоғи ишламайди. Ушбу компаниянинг мазкур ҳудудда антенна алоқаси деярли чиқмаслиги инобатга олинса, шартнома тузган шоввозлар буни ҳисобга олмаган кўринади.

2-корпус биноси 1967 йилда қурилган ва 4 хонадан иборат. Хом ғиштдан қад ростлаган ва 40 йилдан ортиқ вақт давомида фойдаланиб келаётган иншоот авария ҳолатида. 2007 йилдаги жорий таъмирлаш чоғида уни бузиб ташлашдан ўқитувчилар жонбозлик кўрсатиб “асраб” қолишгани эслашди. Албатта, ишчи гуруҳи топшириғига бу биноларнинг яроқлилик даражасини аниқлаш учун вилоят фавқулодда вазиятлар вазирлиги бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи А.Рахимов ва Давлат архитектура-қурилиш назорат инспекцияси бошлиғи Б.Бекхўжаевлар ўз хулосасини беради.

3-корпус 2007 йили қад ростлаган. Бинога кириш фойеси маънавият, ўқитувчилар ва директор ўринбосарлари учун хона вазифасини ўтамоқда. Тўғрида, торга томоша. Ўқитувчилар учун ҳатто овқатланиш хонаси ҳам мавжуд эмас-ки, фойе жонивор бир пайтнинг ўзида бу мақсадга ҳам хизмат қилади.

Кимё лабораторияси жиҳозлари етишмайди. Тиббиёт хонаси умуман йўқ. 1992 йилда тортилган ичимлик суви тармоғи мана 25 йилдирки ишламайди. 17 метр чуқурликдан ичимлик суви қўлбола кран (качалка-мотор) ёрдамида қазиб чиқарилмоқда. Бироқ ундан фойдаланиш яроқсизлиги ҳақида давлат санитария хизмати ходимлари хулоса берди.

Мактабга қўшимча бинода катта кўмирхона, битта бўш ва таъмирланаётган хона ва кутубхона ўрин олган. Бадиий адабиётлар сони 260 та. 2018 йил 15 майда Ёшлар Иттифоқи туман бўлими томонидан 37 та ва кўнгилли ота-оналар 26 та, халқ таълими бўлими 1 миллион сўмлик адабиёт тақдим этган, холос.

Информатика ўқитувчиси, олий ўқув юртини тугатган Мухлиса Розиқова 6 соатлик дарси учун 180 минг сўм маош олаётгани ачинарли. Шу туфайли кутубхона мудираси вазифасини ҳам бажармоқда. Янги халқ таълими вазири Шерзод Шерматов бутун халқдан маорифни ривожлантириш учун таклиф сўраганида, бу каби олий маълумотли қизларнинг маоши, гарчи у педагогик ўқув юртини тугатмасган бўлса-да, муносиб бўлиши керак эмасми, деган саволни қўйсак ўринли бўлади. 2011 йилда Наманган муҳандислик технология институти информатика факультетини тугатган қизгина маоши ошиши учун энди педагогик олийгоҳда қайта ихтисослашиш ҳақида бош қотираётганинг ўзи мантиқсизлик эмасми?

Болалар учун овқатланиш хонаси йўқ. Ваҳоланки, тушдан кейин 15 та фан ва 2 та спорт тўгараги ташкил этилган. 2018 йил сентябрда 10-11 синфлар ҳисобига 2 сменали ўқишни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Спорт зали йўқлиги сабабли болалар жисмоний тарбия машғулотлари билан ўқув хоналарида шуғулланишига тўғри келмоқда. Улар қерда ечиниб-кийиниши жумбоқлигича қолгани ҳисобга олинса, бу дарс “бармоқчалар чарчади” ёки келинг шашка ўйнайлик қабилида каби енгил машғулотидан иборат бўлса не ажаб.

2015 йилдан буён мактаб директори вазифасида ишлаётган Мухайё Қодированинг ички имкониятидан унумли фойдаланишга ҳаракат қилмоқда. 2 минг туп лимон кўчатларини озроқ фойда олайлик дея етиштирилмоқда. 60 туп бодом ҳам бу йил яхши ҳосил туккан. Ҳар қарич ердан оқилона фойдаланишга ҳаракат қилинмоқда. 2 та кўмир билан иситиш мосламаси (котёл) таъмирдан чиқарилди, шўр босган деворлар мактаб ички кучи ҳисобига бўялмоқда. Аммо бор-йўғи 19 нафар ўқитувчиси бўлган мактабда фақат ички ресурс билан бирор натижага эришиш қийин.

Норин туман халқ таълими бўлими методисти Бобур Акбаров деворларнинг қолган қисмини 2020 йилдаги Давлат дастурига киритиш режалаштирилгани ҳақида мавҳум ва эртакмонанд жавобдан нарига ўтмади. Мактаб деворига туташ ҳудудда савдо дўкони қурилаётга дард устига чипқон бўлди.

Салкам 1,5 гектарлик ҳудудда янги ва замонавий мактаб биносини узоқ йилларга мўлжалланган ноаниқ режаларга киритиб қўйиш орқали эмас, тезлик билан қуриш мақсадга мувофиқ. Чунки одамлар бугун ҳаёти яхши бўлишни истамоқда. Ваҳоланки, “Шоҳидон” маҳаллада 7-16 ёшли болалар сони 395 нафар бўлиб, уларнинг аксарияти 5-6 чақирим узоқликдаги “Марғизор” маҳалласининг 33-мактабига боришмоқда.
Қолаверса, мактаб учун фақат ўқитувчилар ва директоргина эмас, ҳудудга бириктирилган сектор раҳбари, туман ҳокими, вилоят ва республика таълим мутасаддилари, жамоатчилик бирдек қайғурмаса, охир оқибат болаларнинг таълим сифатига салбий таъсир кўрсатаверади.

Манба: asr.uz

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Нега таълим муаммолари мактабгача бошланади?

Фото: ЎзА Қўлимда Тошкент аҳолиси ҳақидаги 2013 йил январига оид аниқ демографик маълумотлар мавжуд. Ўйлайманки, ундан кейин ўтган салкам беш йиллик давр ичида жиддий ...

Дунёнинг энг юқори технологик 15 шаҳри ҳақида

Бутун Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти берган маълумотга кўра, келгуси 35 йил ичида Ер юзи аҳолисининг 2/3 қисми шаҳарларда муқим яшай бошлайди. Айни кўрсаткич рақамларда 2,5 ...

Шифокор меҳнатига муносиб ҳақ тўланяптими?

Бутун дунёда энг улуғ касблардан бири шифокорлик ҳисобланади ва бу касб эгалари ўзларининг жонкуярликлари билан бошқа касб эгаларидан ажралиб туришади. Шифохонага ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400