“Қандай қилиб эримни бошқа аёлга уйланганини билиб қолганим ҳақида…”

Британия Соғлиқни сақлаш миллий хизматида ҳамшира бўлиб ишлайдиган Ив Гибней 17 йилдан бери бирга умргузаронлик қилиб келган турмуш ўртоғи ўзгариб қолганини сеза бошлади. Ушбу мақолада унинг қандай қилиб изқуварга айланиб, эрининг иккинчи хотини борлигини билиб қолгани ҳақида ўқийсиз.

Биз 1995 йили Нигериянинг Лагос шаҳрида танишган эдик. Мен у ерга ҳамшира бўлиб боргандим, Морис эса қурилиш компаниясида ишлар эди. Танишувимиз жума оқшомида маҳаллий тунги клубда уюштирилган зиёфат пайти содир бўлди.

Бу бир қарашдаги муҳаббат эди.

Мен унга телефон рақамимни нотўғри айтган эканман. Бир неча ҳафта унинг қўнғироғини кутдим, лекин телефон аппаратидан бирор товуш эшитилмасди. Сўнг кутилмаганда кўчада яна учрашиб қолдик. У роса менга қўнғироқ қилганини айтди. Шундан сўнг бир-биримиздан ажралишни умуман истамай қолдик.

Воқеалар тез ривожланди. Уч ой ичида тўйимиз бўлди. Иккимиздан бахтли одам йўқ, бахтимизга эришган эдик.

Икки йил ўтиб, ўғлимиз дунёга келди. Биринчи турмушимдан ҳам битта ўғлим бор эди. Тўнғичим мактабни битириши арафасида уни қўллаб-қувватлаш учун Британияга қайтдим.

Масофа ҳам бизни бахтдан жудо қила олмас эди.

Балки бу сиз яшайдиган жой урф-одатлари учун ноодатий турмушдек туйилар, аммо биз бир-биримиздан йироқда яшаб ҳам оиламизни давом эттиравердик.

Ҳеч қачон алоқани узмасдик. Уззу-кун бир-биримизга хабар ёзиш билан банд бўлардик. Дўстларимиз ҳатто битта уйда яшайдиган одамлар ҳам сизларчалик кўп гаплашмайди, деб кулишарди.

2011 йили эрим Уммонга ишлашга кетди. Бу пайт мен Британияда эдим. Шундан бошлаб у ўзгара бошлади.

У уйга деярли келмасликка одатлана бошлади. Бунга ишидаги босим ва югур-югурларни айбларди. Уйда бўлган пайтлари ҳам иш, шошилинч учрашув чиқиб қолганини баҳона қилиб, кетиб қолаверарди.

Ўша пайтлари эримнинг вафодорлигига заррача шубҳам йўқ эди, аммо эътиборсизлигидан дилим оғрирди.

У Уммонда яшаш ёқмаётганлиги, уйда кўп бўлолмаётганлиги туфайли тез-тез тушкунликка тушиб қолаётганлигидан нольирди.

Энди ўйлаб кўрсам, у шунча пайт тушкунлик баҳонасини мени кўнглимни эритиш учун ишлатиб келган экан. Қийналаётганини эшитсам, у учун менда ҳамдардлик пайдо бўлишини яхши билган…

2012 йили Рождество учун уйга келишни режалаштирди. Бироқ 22 декабрь куни қўнғироқ қилиб: «Аэропортга мени кутгани чиқма. Мен уйга бормайман. Жуда тушкун аҳволдаман. Руҳшуносга учрасам, уйга бормаслигимни маслаҳат берди,» деб айтди.

Тўй куниФото муаллифлик ҳуқуқиS & T BONNAR
Image captionТўй куни

Ниҳоят 2013 йил январь ойида уйга келди. У билан тушкунлик муаммоси ҳақида гаплашиб олишга ҳаракат қилдим, мени эшитгиси ҳам келмади. Шунда ўртадан гап қочиб, жанжал кўтарилди ва шу уйдан чиқиб кетгунича бошқа қорасини кўрсатмади. Бу воқеадан кейин уни биринчи марта судда кўрдим.

Ўша жанжал бўлишидан бир кун олдин аэропортдан чиқишда машина ижарага олган эди. Жанжалдан сўнг тинчланиб, уйга қайтишини кутдим, унга қўнғироқ қилдим – на уйга қайтди, на қўнғироқларимга жавоб берди.

Сўнг машиналарни ижарага берувчи компания билан боғландим. Гўшакни кўтарган қиз эрим ижарага олган машинани топшириб кетганини маълум қилди.

Сўнг: “Бу одам Рождество кунлари ҳам у биздан машина ижарага олганди,” деб қолди. Мен ўзимни гўлликка солиб, тафсилотларни билишга қизиқдим. Қиз эрим ўшанда компания ҳисобидаги энг қиммат машинани ижарага олгани, бу сафар эса энг арзонини сўрагани ҳақида айтди.

Мен қизга эримнинг эс-ҳуши жойида эмаслиги сабабли ундан хавотир олаётганимни айтиб, уни топишим керак, дедим. Менга раҳми келган қиз “Майли, сизга ёрдам бераман. У Рождество пайти ижарага олган машинасини Уэст Мидлендс графлигидаги бир манзилга рўйхатга қўйган экан,” деб менга ўша уй манзилини берди.

Мен ўша уйнинг телефон рақамини излаб топдим. Қўнғироқ қилганимда ҳеч ким жавоб бермади.

Сўнг баъзи яқин дўстларим билан уйнинг эгаси Уммонда офислари бор бир компанияда ишлашини аниқладик.

“Уммондаги бирор таниши бўлса керак. У Рождествода Британияга келган, лекин кайфияти ёмонлашиб, бу кайфият билан мени хафа қилиб қўймаслик учун ўша танишиникига борган,” деб ўзимга таскин беришга уриндим. Унинг хиёнаткор эканлиги ҳаёлимга ҳам келмаган эди.

Охир-оқибат у билан телефон орқали боғландим. «Агар бундан кейин ҳам оиланг сени муштоқлик билан кутиб турганда уларнинг ёнгинасидан ўтиб кетиб, билдирмасдан бошқа уйга бориб туриш ниятида бўлсанг, бизни тинч қўй,» дедим. Шундай қилиб, ажрашишга ҳаракат бошладим.

2013 йил апрел ойида у Facebook’га расм юклаб, «Сингилларим ва жиянларим» деб ёзиб қўйганини кўриб қолдим. Расм Уммон пойтахти Мускатда олинган эди. Суратдаги аёллардан бири суюқоёқлардек кийиниб олганидан менда енгил шубҳа уйғонди.

Шунда бир дўстимга расмни кўрсатиб: «Нима дейсан, у уйланиб олмаганмикан?» деб сўрадим. Берган саволимдан ўзим уялиб кетдим. Дўстларим эсинг жойидами, нималарни ўйлайсан-а, деб кулар эди.

Яна бир йил давомида бор ҳақиқатни билмасдан яшадим.

Мен ўша компаниядаги қиз берган манзилга яна қўнғироқ қилдим. Бу сафар гўшак кўтарилди. «Кимсиз?» деган эркак овози эшитилди нариги томондан. «Мен машиналарни ижарага берувчи компанияда ишлайман, шунақа исмли шахс сизнинг уй манзилингизга бир машина ижарага олган экан. У сизга ким бўлишини айтолмайсизми?» деб уни аврай бошладим.

«Мен божасиман,» деди ўша киши.

Ҳеч нарсани тушунмай қолган эдим. Яна қўнғироқ қилишга қарор қилдим. Энди гўшакни бир аёл кўтарди.

Унга асл исмимни айтдим. “Нега бояги эркак Мориснинг божасиман, деди?” сўрадим.

“Чунки Морис синглимга уйланган…”

Бу гапни эшитганимдан сўнг қўлимдан сирғалиб тушиб кетаётган телефонни зўрға тутиб қолдим.

“Сиз ливерпуллик Морис Гибней ҳақида гапиряпсизми ўзи?” сўрадим ишқилиб бошқа одам бўлим чиқсин, деган умидда. Сўнг эримни кўринишини тасвирлай бошладим. Аёл ҳа, ўша Морис, деди.

«Ўзингиз ким бўласиз?» энди у мени саволга тута бошлади.

«Мен унинг рафиқасиман.» Ўртамизда бир неча сониялик сукунат чўмди. Сўнг аёл гўшакни қўйиб қўйди.

Кундошим борлиги ҳақидаги ҳақиқат мендаги аёллик, оналик туйғусини бир зумда топтаб ташлаган эди.

Албатта, ўша пайтда улар қанчадан бери турмуш қуриб, яшаётганини билмасдим. Бу ҳақида адвокатимга хабар бердим.

Орадан бир неча кун ўтиб, тунларнинг бирида мижжа қоқмай, ўйланиб ўтиргандим. Шунда «Бу ҳақида кўпроқ маълумот топишим шарт,» дея ўзимга қарор бердим.

Facebook’ни титкилай бошладим. Ўша суратдаги аёлнинг саҳифасини топдим. Суратларнинг бирида у оқ либосда, эримдан бўса олиб турар эди… Шунда улар 2013 йил мартида, эрим уйдан чиқиб кетганидан роппа-роса икки ой ўтиб, турмуш қуришганини билдим.

Судга бордим. Эрим қўшхотинлиги учун ажрашиш ниятида эканлигимни баён қилдим. Судья: “Эрингизни қўшхотинликда гумонлаётган бўлсангиз, полицияга бориб, устидан арз қилинг,” деб маслаҳат берди. Эртаси куни шу ишни қилдим.

Эрим қўшхотинлик бўйича айбланиб, унга олти ойлик қамоқ жазоси тайинланди.

Унинг иккинчи хотини ҳам мендек ёлғонлар қурбонига айланган эди. Морис унга ўзини ажрашган эркак сифатида таништирган экан.

Мен унга мулойим сўзлар билан хат ёзиб, судда келтирилган далилларни илова қилдим: «Афсуслар билан шуни маълум қиламанки, сиз қонуний рафиқаси бор эримга тегиб олибсиз. Сиз учун бу сўзларни ўқиш қанчалик қийин бўлса, менга ҳам бундай хат ёзиш шунчалик оғир.»

Ёлғонни сувдек ичадиган, одамни авраш устаси бўлган эрим бу бечора аёл бошини қандай айлантириб олганини тасаввур қиламан.

Нега у оиласини барбод қилишдан чўчимади? Ўғлимиз олти йил давомида отасини кўрмади.

Нега шунчаки ажрашишни таклиф қилмагани мени ҳалиям ҳайрон қолдиради. Унинг оёғига осилиб олмасдим. Ўрнига у оилавий ҳаётни парчалаш йўлидан кетди.

Суд давомида эримнинг нафақат ёлғончилиги, балки учига чиққан қаллоб эканлиги ҳам фош бўлди.

Yve Gibney

У судга ўзининг банк ҳисоблари ҳақида нотўғри маълумот берган, бу ҳисоблар умуман унга тегишли эмас экан.

У маоши, оладиган мукофотлари бўйича ҳам ҳаммани алдашга ҳаракат қилди.

Мен бу ҳақида яна судга мурожаат қилдим. Ҳақиқатни очишда ёрдам берганим учун суд мени тақдирлади: уйга бўлган эримнинг ҳақи менга ўтказиб берилди.

Бироқ эрим айбига яраша жазо олмади. Қаллоблик, судни алдаш каби барча айбларига кўз юмилди. Суд унга адолатли жазо беришнинг уддасидан чиқолмади.

Суд харажатлари учун $80 мингга яқин қарз бўлиб қолдим. Оддий ҳамшира бўлсам, бунча пулни қаердан оламан? Суд бу харажатларни қоплаш учун Морисга тўрт кун муддат берди. Аммо у сариқ чақа ҳам тўламади, суд тўлашга мажбур қилмади.

Хурсанд бўлганим – у энди бизнинг ҳаётимиздан ташқарида. У мен севган эркак, болаларим севган ота эди, лекин у бизга хиёнат қилиш йўлини танлади.

Менда унга нисбатан заррача илиқлик бўлишини истамайман, лекин ундан буткул нафратланаман, десам ҳам ёлғон гапирган бўламан.

Ўғилларим ва мени чин дилдан қадрлайдиган бошқа инсонни учратдим. Бу инсон билан ўтказаётган дамларим эса мен учун жуда ёқимли.

Жим Тейлов ёзиб олди, BBC 5 live @jimtaylor1984

Манба: bbc.com сайти

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Тожикистонда ўзбекистон савдо маркази очилди

Шимолий Тожикистоннинг маъмурий маркази бўлган Хўжанд шаҳрида Ўзбекистон савдо маркази очилди. Ушбу савдо маркази шаҳар марказида, Сирдарёнинг чап соҳилида, аниқроғи, Эрон ...

Apple хариди ўзбек олтинини шаффоф қиладими?

    Дунёга донғи кетган АҚШнинг Apple ширкати ўзининг iPhone, iPad, iPod, Mac ва Apple TV сингари маҳсулотлари учун Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган олтиндан фойдалангани ...

Ўзбекистонда йил бошидан буён жиноятлар оқибатида 330,8 млрд сўм зарар етказилган

Прокуратура органлари томонидан 2019 йил 3 ойи давомида тергов қилинган жиноят ишлари бўйича жиноят оқибатида етказилган моддий зарарларни аниқлаш ва ундириш чоралари кўриб ...