Келин учун 50000 долларлик қалин пули муаммонинг ечими бўла оладими?

“Хориж фуқаролари тожикистонлик хотин-қизларга уйланишдан аввал 50 минг доллар қалин пули тўлаб қўйишсин. Бу нарса қонунан белгилаб қўйилсин”.

Шу кунларда худди ана шундай ташаббус билан ўзининг “Facebook”даги саҳифасида тожикистонлик шоира Адибаи Азиз чиққан.

Шоирага кўра, бу келин бўлиб борган юртларида тожик хотин-қизларининг қадр-қиммати ва обрўсини оширади.

Оилавий муносабатларига путур етган тақдирда, чет эллик эрлари уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва ор-номусларини топтай олишмайди.

Ташаббус “Facebook”да яхшигина баҳсу мунозараларга сабаб бўлган.

Бир томонга кўра, бу – тожик хотин-қизларининг ҳуқуқларини оёқ-ости қилади, уларни бир товарга айлантириб қўяди.

Бошқа бир тарафнинг баҳслашича, янги ташаббус тожик қизларига уйланиш истагида бўлган хорижлик талабгорларнинг сони ортиб бораётган бир манзарада миллат генофондини ҳимоя қилади.

Тожикистонда ҳозир амалда бўлган “Оила Кодекси” чет эллик куёвнинг келин томонга бирор бир қалин беришини кўзда тутмайди.

Аммо 2011 йилги қонунчиликка мувофиқ, хорижлик талабгор никоҳдан аввал Тожикистонда камида бир йил яшаб қўйиши, никоҳ шартномаси тузиши ва бўлажак оиласи таъминотини ўз зиммасига олиши шарт бўлади.

Чет эллик куёвларга нисбатан камида 50 минг АҚШ долларига тенг суғурта пули талаби ўз вақтида Туркманистонда расман илгари сурилган.

Аммо 2005 йилда ҳозирда марҳум Туркманбоши бундан воз кечишга қарор қилган, хорижликларнинг туркман қизларига текинга уйланишларига изн берганди.

Шундай экан, тожик шоирасининг бу ташаббуси нимани англатади?

Би-би-си Ўзбек Хизмати худди шундай савол билан Тожикистондан мустақил журналистга мурожаат қилди:

Мустақил журналист: Бу – Тожикистонда биринчи марта ўртага отилаётган ташаббус эмас. Бунгача бир қатор депутатлар, фаоллар ва ҳатто сиёсатчилар ҳам худди шунга ўхшаш таклиф билан ўртага чиқишган. Ҳа, ростдан ҳам буларнинг барчаси энг аввало тожик хотин-қизларини ҳимоя қилишни кўзда тутган ва тутади. Чунки сўнгги йилларда Афғонистон, Эрон, Туркия ва нисбатан кам кузатилса-да, Хитой фуқароларига турмушга чиқаётган тожикистонликларнинг сони ортган. Муаммо шундаки, муайян муддат оилавий ҳаётдан сўнг бу эркаклар ватанларига қайтишади. Аёллар эса, кўпчилик ҳолларда болалари билан ҳеч вақосиз қолишади. Эрлари хорижлик экани ва аллақачон Тожикистонни тарк этишгани боис, улардан алимент сўрай олишмайди. Яшай дейишса, турар-жойлари йўқ. Шундоққина кўчада қолишади. Сиққанларини қариндошлари сиғдиришади. Аммо, шунда ҳам, яшашга пуллари йўқ. Шу боис, бу каби аёлларнинг ҳимоясини таъминлаш учун бундан бир неча йил бурун айрим тожикистонлик депутатлар ҳам шунга ўхшаш таклифлар билан ўртага чиқишган. Хориж фуқароси тожикистонлик хотин-қизларга уйланишидан аввал, уларнинг уй-жойини кафолатлаб қўйиши кераклигини айтишган.

Би-би-си: Бу каби ташаббуслар бир неча йилдан буён, устига устак ҳам депутат, ҳам фаол ва ҳам сиёсатчилар томонидан ўртага отилаётган экан, бу уларнинг амалда ҳеч бир иш бермаётгани, масъуллар томонидан эътиборсиз қолаётганига далолат қиладими?

Мустақил журналист: Бу каби никоҳларнинг аксарияти ФҲДЁ (ЗАГС)да расман қайд этилмайди. Шу боис ҳам, бу борада илгари сурилаётган ташаббус ёки таклифлардан деярли самара йўқ. Шунчаки муллага никоҳ ўқитиб ёки бошқа бир диний маросим орқали уйланиб олишган. Мавжуд вазият қаршисида масъул идоралар ҳам ожиз қолишади. Бунга ўхшаш никоҳларни ҳар доим ҳам ҳужжатлаштира олишмайди. Чунки уларни назорат қилиш қийин бўлади. Иш, юмуш билан Тожикистонга келиб, шу ерда оила қурган Афғонистон ва эронлик эркакларнинг сони озмунча бўлмаган ҳоллар ҳам кузатилган. Бу эркаклар аксариятининг эса, ортда ҳам оилалари қолган. Айниқса, эронлик эркаклар. Тожикистонга келиб, сийға ёки вақтинчалик никоҳ йўли билан тожик қизларига уйланиб олишган. Маълум вақтдан сўнг эса, улар бу ердаги хотин, бола-чақаларини ташлаб, ўзлари Эронга қайтиб кетишган. Афсуски, улар буткул унутилган ҳоллар озмунча бўлмаган.

Би-би-си: Вазият шундай экан, тожикистонлик хотин-қизларни нима хорижлик фуқароларга турмушга чиқишга ундамоқда?

Мустақил журналист: Тожикистонда иқтисодий вазиятнинг у қадар яхши эмаслиги барчага маълум. Иш топиш, ишга жойлашиш ҳам осон эмас. Хориж фуқаролари, айниқса, Афғонистон ва эронликларга турмушга чиқаётган кўпчилик тожикистонлик хотин-қизларнинг қўлларида дипломлари йўқ. Улар ўзларини молиявий жиҳатдан таъминлаш учун ҳам бу каби никоҳларга боришади. Шу боис ҳам, чет эллик эрлари кетгач, ҳеч вақосиз қолишади. Уларнинг на яшаш учун пуллари ва на-да уйлари бўлади. Бу мамлакатнинг ўзи учун ҳам катта муаммо. Айни шу сабаб, бу каби ташаббусларни Тожикистонда кўпчилик қўллаб-қувватлаган, ҳатто унга қонуний тус берилишини ҳам ёқлаган. Муаммо яна бунга ўхшаш никоҳларнинг яширинча экани, расман қайд этишнинг иложи йўқлигига бориб тақалиб қолган.

Би-би-си: Сўз ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоясиз қолаётган каттагина сондаги хотин-қиз ва болалар ҳақида кетаркан, сиз тилга олиб ўтган бу каби вазиятда уларнинг ҳимояси имконсиз бир иш, шундайми? Ёки нима қилса бўлади, деган фикрдасиз?

Мустақил журналист: Айни ўринда сўз комплекс муаммолар ҳақида кетмоқда. Бу каби хотин-қизлар аксариятининг маълумоти йўқ. Ишсиз. Агар, улар меҳнат бозорида талаб бўлган бирор бир касбни эгаллашса, яхши маош олиш, ўзини ўзи молиявий жиҳатдан таъминлашга имконли бўлади. Бу каби никоҳларга рози бўлишига ҳожат қолмайди. Мазкур муаммонинг яна бир муҳим жиҳати бор. Тожикистонлик катта сондаги эркаклар меҳнат муҳожирлигига кетишади. Улардан айримлари Тожикистонда қолган оилаларини буткул унутишади. Миграция сабаб, эркаклар ва аёлларнинг сони ўртасида номутаносиблик юзага келади. Хотин-қизларнинг сонлари ортади. Улар ҳам оила қуриш, фарзандли бўлишни исташади. Шунинг учун ҳам бу муаммонинг ечими комплекс ёндашувни тақозо этади. Агар, хотин-қизларнинг таълими, иш билан таъминланиши муаммоси ҳукумат даражасида ҳал этилса, менимча, бу каби никоҳ ҳолларига ҳам ўз-ўзидан эҳтиёж қолмайди.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Қозоғистонда пенсия ва иш ҳақи ўсиши мумкин

Мамлакатимизда нефть нархининг қимматлашишига боғлиқ ҳолда Ҳукумат бюджети қайта ҳисобланмоқда. Давлат иқтисодиётига қора олтин бевосита таъсир қиладиган омил бўлганлиги ...

Савол кўндаланг қўйилади: ҳокимият “дахлсиз объект”ми?

Аҳоли билан доимий мулоқот қилиш, унинг қонуний талаблари, сўров ва таклифларини амалга ошириш учун аниқ чоралар кўришни мен ўзим учун энг муҳим ва устувор вазифа, деб ...

Ўзбекистонда подани ҳайдаб кетаётган шахс ҳайдовчига тенглаштириладиган бўлди

Қонунчиликка мувофиқ от аравани бошқараётган, ҳайвонларни миниб ҳаракатланаётган ёки уларни етаклаб бораётган, чорва моллари (пода)ни ҳайдаб бораётган шахслар ҳайдовчига ...