УСТОЗИМ РАУФ ПАРФИ – МУҚАДДИМА

(Хотира китоби)

Рауф Парфи ҳаётлик пайтларида “тарихимни сиз ўрганишингиз керак” деб менга кўп бора айтар эдилар. Вафотларидан кейин бу ният васиятдай бўлиб қолди. Ўзлари ёзиб қолдирган маълумотлар, Шўралисой ва Водилда олиб борилган суриштирувлардан сўнг қуйидагилар маълум бўлди.

Рауф Парфининг ота авлодлари Фарғонанинг сўлим Водил қишлоғидан. Бу қишлоқ аҳли асосан туркий минг қавмига мансуб бўлиб, бир неча аср аввал Самарқанд ва Бухоро томонлардан кўчиб келганлар. Қўқон хони қишлоқни уларга тортиқ қилган. Шунга асосан шоир туркий минг қавмига мансуб деб айтиш мумкин.

Шу ўринда минг қавми ҳақида қисқача маълумот беришни маъқул топдим. Минг – жуда кўп уруғлардан таркиб топган иттифоқ саналади. Шу сабабдан ҳам ўзбек миллатининг таркиб топишида минг қабиласи халқларининг ўрни катта бўлган. Минг қабиласи нўғай, қирғиз, бошқирд, қорақалпоқ, қозоқ, туркман, олтой, тува,  мўғул, хокас миллатларининг таркибига кириб, шу халқларнинг номини олган. Минг атамаси “вилоят”, “ўлка”, “туман” деган луғавий маънога эга дейилади.

Кўплаб манбаларда битилишича, Нуҳ пайғамбарнинг ўғли Ёфаснинг ўғилларидан бири Минг деб аталган. Минг қавмининг келиб чиқиши ҳақида икки хил қараш бор.

Биринчи – минг қавми Мўғулистондан келиб чиққан дейилади.

Иккинчи – Олтойда минг иттифоқи қадимий туркий  (туғиъ –ўғиз)

                    қабилаларидан ташкил топган дейилади.

Бундан ташқари минг уруғи қабилалари  VI-VIII  асрларда  сирдарёлик ўғизлар таркибида  ғарбга  ва Мавороуннаҳрга келган деган фикрлар бор. Самарқанд  вилоятининг  жанубий-шарқий томонида минг қабиласи ҳалқлари қадим-қадимдан яшаб келадилар.

Умуман олганда минг қавмига мансуб аҳоли Ургут, Қўқон, Фарғона, Сирдарё бўйлари, Қорақалпоғистон, Қирғизистон, Қрим, Тува, Қозоғистон, Туркманистон, Балх,  Ҳирот, Қундуз, Мазори  Шариф ва бошқа жойларда яшашади.

Минг уруғи вахтамғали, туғали,  боғлан, жарат, жалмат, жуғали каби гуруҳларга бўлинади. Соҳибқирон Амир Темур Мавороуннаҳрга ҳукмронлик қилган йиллари минг қабиласи халқлари юксак мавқега эга бўлганлар.

Рауф Парфининг оталари – Парпи Муҳаммад Амин 1884 йил (айрим манбаларда 1894 йил) таваллуд топганлар. Бундай дейишимизга шоирнинг отаси вафот этганда ёзган “Дадам 71 йиллик умр билан ўзининг ҳаётини тамом қилди” деган сўзлари асос бўлади. У киши ўқимишли, зукко, ҳазилкаш, шоиртабиат инсон бўлган. Диний таълимдан ташқари Фарғонада (рус тузем мактаби бўлса керак) ҳам таҳсил олган. Рус тилини ўрганиб тилмочлик қилган. Асосий касби эса боғбон бўлган. Бу касб отасидан ўтган бўлса керак. Халқ орасида “Муҳаммад Амин Норқучоқ тоғда арчаларга қарар эди” деган гап юради. Водилдаги кўп боғлар Парпи тоға меҳнати туфайли гуллаб-яшнаган. У кишининг бир машҳур гапи бўлган:

Гул очилганда гул Парпи бўламан,

Хазон сочилганда кал Парпи бўламан.

Шунга қиёсан Рауф Парфига шоирлик ота қонидан ўтган кўринади.

Оналари – Сакина Исабек қизи (1913-1995) асли қўқонлик бўлган деган гаплар эшитганман.. Оталарини халқ “Исабойвачча” деб атаганига қараганда бой оиладан чиққан кўринадилар. Умрлари давомида пилла боқиш ва тикувчилик билан машғул бўлганлар. Азалдан Қўқон ва Водил ўртасида қариндош-уруғчилик ришталари мустаҳкам боғлангани боис тақдир бу икки инсонни юзлаштирган.

Ўтган асрнинг 20-йиллар охирларида Парпи Муҳаммад Амин ва Сакина Исабек қизи Водилда турмуш қурадилар. Уларнинг хонадонлари қишлоқнинг қоқ марказида – ҳозирги “Чинор таги” боғининг кунчиқар томонида жойлашган. Уйда пастқамгина хоналар, мойжувоз ва турли-туман мевали дарахтлар бўлган. Бир воқеа сабаб янги оила Тошкент томонларга келиб қолган.

Ўша пайтда Тошкент вилоятининг Янгийўл туманидаги “Шарқ юлдузи” колхозига Водиллик машҳур раҳбар Ҳамроқул Турсунқулов раис этиб тайинланади. У водийдан кўплаб оилаларни кўчиртириб келади. Улар орасида Рауф Парфининг ота-оналари ҳам бор эди.

Янги жой – Шўралисой қишлоғидаги ҳаёт ёш оила учун анчайин оғир кечган. Ҳатто улар Водилга қайтиб кетмоқчи ҳам бўлишган. Аммо Ҳамроқул Турсунқулов болалик дўсти, моҳир боғбон Парпи Муҳаммад Амин доимо ёнида бўлишини истаган. Ҳатто ҳовлисида сақлаётган қафасдаги бўрига қарашни ҳам унга ишониб топширган. Водилга одам юбортириб дўсти ҳовлисини соттириб юборган ва пулни Парпи тоғага берган. Шу тариқа оила Шўралисойда яшаб қолган.

Тақдир оилага янги синовлар йўллайди. Туғилаётган фарзандлар бирин-кетин ўла бошлайди. Бу орада уруш бошланиб Парпи тоға урушга кетади. Аммо майиб бўлиб қайтиб келади. Шундан кейин туғилган фарзандга ўлиб қолмасин деган ниятда Турсунали деб исм қўядилар. Халқимизда сақланиб келаётган удумга кўра кўп ҳолларда бундай болалар яшаб кетади. Бу гал ҳам шундай бўлади. Ота-онанинг қувончи оламга сиғмайди. Худодан тилаб олган фарзандни кўз қорачиғидай асраб парвариш қила бошлайдилар. Турсуналидан кейин Насиба исмли қиз ҳам туғилади. Аммо у уч ёшга етгач оламдан ўтади. Ота-она бутун меҳрларини ёлғиз фарзандга қаратадилар.

Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, Рауф Парфининг туғилган йиллари хусусида чалкашликлар бор. Биласиз, у пайтлар қишлоқларда туғилганлик ҳақида гувоҳнома олиш яхши йўлга қўйилмаган бўлган. Кўп кишилар кейинчалик мучалига қараб ёки бирор йирик воқеага нисбатан (масалан, “уруш бошланган йили туғилганди”) туғилган йилини аниқлаб ёзганлар. Рауф Парфининг туғилиш саналари 1939, 1940, 1943 йиллар деб кўрсатилади. “Энг узун ёзилган таржимаи ҳолим” шеърининг илк қўлёзмасида шоир “Таваллудим 40” деб ёзган. Тенгдош дўстлари 39-йил туғилганликларини айтишади. Аммо шоирнинг ўзи манбаларда 1943 йил деб ёзган. Бунга маълум асослар бўлган. Шулардан бири 1950 йил шоирнинг Каганович номли тўлиқсиз ўрта мактабнинг биринчи синфига ўқишга борганидир. Ҳар қалай фарзандлари яхши таълим олишини хоҳлаган ота-она у 10 ёшга етгандан кейингина ўқишга беришмаган бўлса керак. Шунга асосан биз ҳам шоир 1943 йил туғилган деган фикрдамиз.

1950 ота-она ўғлига хатна тўйи ҳам қилишади. Кейин Сулаймон пиримга бағишланган кокилини кестириш учун Ўш шаҳрига олиб боришади. Отаси ўғлини мактабдан ташқари таълим олдириш учун қадрдон дўсти, шоир Абдураҳмон Водилий, қримлик фозил кишилар Абдулло оға ва Риза Новрасли тарбиясига топширади. Улар Турсуналига шеър, рус тили ва мусиқа бобида сабоқ берадилар.

Турсуналининг бошида Шоҳимардон пиримга бағишланган иккинчи кокили ҳам бўлган. Бирор истаги амалга ошмайдиган бўлса қўлига қайчини олиб “Кокилимни кесиб ташлайман” деб ота-онасини қўрқитган (Рауф ака менга “болалигимда жуда эрка бўлганман, катта танаффус пайтида келиб онамни эмиб кетардим” деб кулиб-кулиб айтиб бергандилар). 1952 йил ота-онаси унинг кокилини кестириш учун Шоҳимардонга олиб боришади. Бу орада Водилдан Шўралисойга аммаси Хосиятбиби қизлари Зебинисо ва Тўлинхон билан келишади. Жуда оқила бўлган бу аёл ўзи ижод қилмаса-да, жуда кўп эртак, достонларни ёд билган. Уларни гоҳо сўз, гоҳо шеър билан, гоҳо эса хиргойи қилиб айтган. Турсунали уларни жон қулоғи билан тинглаган ва юрагига жо қилган.

Мактаб кутубхонаси ҳам анча бой бўлиб, унда ўзбек, қозоқ ва рус тилидаги китоблар сақланган. Турсунали ана шу китоблар таъсирида улғайган. 1953 йил 5 март куни Сталиннинг вафот этиши мамлакат учун улкан фожеа бўлган. Шу куни Турсунали қўлига қалам олиб биринчи шеърини ёзган. Кейинчалик шоир бу воқеани шундай эслайди: “Бу шеър тўлиғича ёдимда қолмаган. Ўша пайтлар “дунё” деган сўзни ёқтириб қолган эдим. Тусмолдан айтсам, шеърда шундай сўзлар бор эди:

Иосиф Сталин кетди дунёдан,

Дунёсидан кетди дунё.

Сталин ҳақида минглаб шеърлар ўқигандим, у ҳақда ёзиш осон эди.”

Шу йили колхоз идораси олдидаги очиқ майдонда катта анжуман бўлади. Тошкентдан келган санъаткорлар ва Шўралисой ҳаваскорлар тўгараги иштирокчилари катта концерт қўйишади. Концерт охирида Турсунали Парпиевга навбат берилади. У саҳнага чиқиб баланд овозда устози Абдураҳмон Водилийнинг “Ҳорманглар” номли шеърини ўқийди. Ҳамма қарсак чалиб уни олқишлайди. Турсунали эса бақириб шеър ўқиганидан уялиб, йиғлаб бир чеккада ўтириб қолади. Шунда концерт дастурини олиб бораётган Жўра Қодир исмли киши болани даст кўтариб  яна саҳна ўртасига олиб келиб қўяди. Саросимага тушиб қолган бола енги билан кўз ёшини артиб, Сталин вафотига бағишлаб ёзган биринчи шеърини ҳаяжон ичида ўқийди. Ҳамма жим қолади. Ҳеч ким чапак чалмайди. Орага оғир сукунат чўкади. Бу ҳолни англаган,  биринчи қаторда ўтирган Ҳамроқул Турсунқулов “Концерт тамом,  ўртоқлар, яхши дам олинглар, ўртоқлар” деб ўрнидан туриб энгашиб чиқиб кетади.

1954 йил айрим сабабларга кўра оила Янгийўл шаҳри, Пушкин кўчасидаги кичикроқ бир ҳовлига кўчиб ўтади. Бир хонани Турсунали кўтариб келган китоб-дафтарлар эгаллайди. Отаси оғир касалликка чалинади. Икки оёғи ишламай шол бўлиб қолади. Ўнг қўли бармоқлари ҳам ёпилмайди. Уч-тўрт ой шундай ётгач, у кишини Тошкентдаги қайсидир касалхонага, кейин эса Гулистон шаҳрига олиб кетадилар. Шу ерда Парпи Муҳаммад Амин 1955 йил 3 декабр куни вафот этади. Турсунали бир неча қариндошлари билан бориб, отасини юк машинасида олиб келади. Расм-русмларни ўтказиб, майитни Бўзсув бўйидаги қабристонга дафн этадилар.

Бу орада она-бола Янгийўлдаги уйни ижарага бериб, Шўралисойга қайтиб келадилар. Турсунали ўқишини давом эттириш баробарида тинмай шеърлар ёза бошлайди ва уларни “Ленин учқуни”, “Ёш ленинчи” газеталарига юбораверади. Шеърлари чоп этилмаса-да, таҳририятдан тез-тез хатлар олиб туради. У Ризо Новрасли раҳбарлик қилаётган мусиқа тўгарагига ҳам фаол иштирок этади.

1957 йил Шўралисойдаги Молотов номли мактабнинг 8-синфига ўқишга боради. Шу йили “Ленин учқуни” газетасида Ю. Ҳамдам имзоси билан ёш шоир Турсунали Парпиев ҳақида мақола эълон қилинади. Шоирнинг матбуотдаги фаолияти бошланади.

Шу йили шоир ижоди учун жуда зарур бўлган яна бир муҳим воқеа рўй беради. Холаси Хайриниса ая саъйи-ҳаракатлари билан ёш шоир Ҳамроқул Турсунқулов бутун умр фарзандлари учун йиққан жуда бой кутубхонадан фойдаланиш имкониятига эга бўлади. Бу ерда ўзбек тилидаги адабиётлардан ташқари Москва ва Ленинградда чоп этилган рус ва жаҳон адабиётининг нодир асарлари йиғилганди. Биргина “Библиотека поэта” сериясидаги китобларнинг ўзи 200 жилддан зиёд эди. Шоир бу пайтда русча адабиётларни бемалол ўқир, тушунмаган сўзларни устозлардан сўраб билиб олар ёки луғатлардан излаб топарди. Устози Абдураҳмон Водилий уни тобора шеъриятга, араб тили ва адабиётини ўрганишга ҳаваслантиради.

Ота вафотидан кейин оилада иқтисодий аҳвол анча оғирлашади. Она ва бола Янгийўл шаҳридаги ҳовлиларига кўчиб ўтишади. Бу ҳовлида, дарвозадан кирганда чап томонда иккита ва ўнг томонда иккита хона бор эди. Ижарада яшаётган доктор Исмоилов уларга чап томондаги иккита хонани бўшатиб беради. Турсунали шаҳардаги Алишер Навоий номли мактабга ўқишга қатнай бошлайди. Бир муддат кундузи, кейин эса кечки,  ишчи ёшлар синфида ўқийди. Кундузи иқтисодни яхшилаш мақсадида 2-босмахонада ишлайди. Бу ерда у кассали ҳарф териш, ленотипда ишлаш, муқовачилик касб-ҳунарларини эгаллайди. Шаҳардаги бош кутубхонага аъзо бўлади.

1959 йил “Янгийўл” газетасида ишлайдиган Ҳасан Али ака ёш шоирни Тошкентга  олиб боради. Бир даста шеърларини қўлтиқлаб олган шоирни у Низомий номидаги педагогика институтининг охирги курсида ўқиётган ва анча таниқли бўлган шоир Хайриддин Салоҳга таништиради. Ўзи юмушлари билан кетади. Хайриддин Салоҳ ёш шоирни бир ҳовлига олиб боради. Бу ерда у Анвар Исроил, Анвар Юсуфий каби шоирлар билан танишади. Юсуф Шомансур, Миразиз Аъзам, Раззоқ Абдурашид каби шоирлар билан дўстлашади. 1960 йил ёш шоир Тошкент Давлат университетининг (ҳозирги Ўзбекистон Миллий Университетининг) филология факултетига ўқишга киради. Шу билан пойтахтдаги ҳаёти бошланади. Шеърлари тагига даставвал “Т. Парпиев”, “М. Парпиев”, “Турсун Парпий”, “Чақмоқ” каби номларни қўяди. 1964 йилдан бошлаб эса “Рауф Парфи” тахаллусини танлайди.

Тошкентда кечган қирқ беш йиллик ҳаёти давомида шоир кенг ижодий ва ижтимоий фаолият олиб борди (ушбу китоб хотимасида шоир ҳаёти ва фаолиятининг тадрижий саналари илова қилинмоқда).

Абдураҳмон Водилийдан сўнг Асқад Мухтор ва Шукруллони устоз деб билади. Болтиқ бўйи, Озарбайжон, Туркия давлатларида ижодий сафарларда бўлади. “Ўзбекистон халқ шоири” деган юксак унвонга эришади.

Қолган баъзи маълумотларни китобни ўқиш жараёнида билиб оласиз деган умиддаман.

Муаллиф: Чоршамъ (Рўзиев)

(Давомини ўқинг)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Эрта қайтган турналар (қисса)-18

Ўн биринчи боб Улар югуриб боришар, шафқатсиз бир нигоҳ эса милтиқнинг мўлжал нуқтасидан мушкани уларнинг биридан иккинчиси, учинчисига тўғрилаб таъқиб этарди. Бу нигоҳ ...

Мичиган университети профессори: “чўлпон ёзган ўзбек тилига қайтиш лозим”

Мичиган университети профессори Темур Хўжаўғли Minbar билан суҳбатда ўзбек жамияти, хусусан, адабиёти, маданияти ва илм-фан соҳасига ташхис қўйди, лотин алифбосини ислоҳ ...

Юлдузли тунлар-11

ЎШ НАЖОТ ҚАЙДА? 1 Баланд қоятошлар билан текис воҳалар бир-бирига ғалати тарзда киришиб кетган Ўш атрофлари бир неча кундан бери жуда серҳаракат. Андижондан туяларга ортиб ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400