КЕКСАЙГАНДА ХОТИРА СУСАЯДИ, ВИЖДОНЧИ?..


Надоматлар бўлсин, афсуслар бўлсин…
Виждоннинг сусайиб қолганига бугун гувоҳ бўлдим.
Эрталаб соат ўнлар атрофида берилиб бир қўлёзма таҳрири билан банд бўлиб турсам, баланд бўйли, истарали йигит эшикдан мўралади.

– Кечирасиз, “Тафаккур” нашриёти шу ердами?

Унинг саволига ҳафсаласизлик билан бош ирғаб жавоб қилдим.

– Абдухамид ака шу ерда ўтирадими? – яна саволга тутди нотаниш меҳмон.

Яна бош ирғаб қўя қолдим. Таҳриридан чалғигим келмаётганди, рости.

– Гаплашадиган гапим бор эди, – деди у.

Қўлим билан “келинг, ўтиринг” ишорасини қилдиму, барибир ишдан чалғитганига пешонам тиришиб ўрнимдан туриб қўл ҳам узатмадим ҳатто.

Йигит “фб”да дўст эканлигимизни айтиб, исмини маълум қилди. Биринчи бор эшитишим эди бу исмни.

Отасининг исмини маълум қилди. У кишини танирдим. Сўрашган бўлдик. Ниҳоят меҳмон муддаога кўчди.

– Ака мен фалон китобнинг ҳаммуаллифиман.

(Китоб, йигит ва отанинг номини атай тутмадим. Қуйида яна бир исмни ҳам келтирмаймиз).

Бу гап янгилик бўлди.

Келинг, батафсилроқ ҳикоя қиламан.

2016 йили нашриётимизга катта олимлардан бири кириб келди. Ниҳоятда катта асар устида ишлаган, ўзбек тилига табдил қилган экан. Қутладик. Нашриётимизни танлагани учун раҳматлар айтдик. Лекин айнан шу асарни нашр этиш борасида ишимиз “ўхшамади”. Асарда Қуръон оятлари ва ҳадислар жуда кўп қўлланилгани боис, Дин ишлари бўйича қўмитанинг экспертиза гуруҳига жўнатдик. Орадан анча, ярим йиллар ўтиб ижобий жавоб чиқди. Бироқ салкам олти миллион сўм экспертиза харажатлари учун тўлаш керак экан. Олимимиз билан келишувда бу харажат у киши томонидан тўланиши кўзда тутилган эди. Аммо харажатни эшитиб у кишининг капалаги учиб кетди.

Хуллас, шу асарни биз нашр этолмадик. Олимимиз ҳам хайр-мазурни насия қилиб кетди. Йил бошида бу китобнинг бошқа нашриёт томонидан нашр этилганини эшитган эдим. “Бечора, ҳар тугул чиқарибди”, деб у киши учун хурсанд ҳам бўлгандим.

Энди эса мана бу йигит “ҳаммуаллифман”, деб турибди.  Энг қизиғи, китоб нашр этилган аммо у ерда нашрга тайёрловчи сифатида унинг номи зикр қилинмаган. Кекса олимимиз эса бу ҳолни шундай изоҳлабди: “дадангни Абдухамид Ватан хоини деб сенинг номингни ўчириб ташлади, дин ишлари бўйича Қўмита ҳам шуни талаб қилди”.

Бу сўнги пайтларда мен эшитган энг ахмақона гап бўлди.

Йигит эса менинг олдимга шунинг учун келибди: “шу гап ростми”, деб.

Ёлғон. Ёлғон ва яна бир марта ёлғон эди, бу гап.

Унинг саволларни эшитибоқ, гап нимадалигини англаб бўлдим. “Агар меҳнатнинг ярмини Сиз қилган бўлсангиз ва китоб нашр этилаётган чоғларда мамлакатда бўлмаган бўлсангиз (Туркияда ишлабми ўқибми юрган экан) камига отангиз билан нохуш гаплар болалаган бўлса, билинг-ки, кекса олим хомтаъма бўлган, биринчи ўринда Сизни ватанга қайтмайди, деб ўйлаган. Шу боис, “бу ерда тирранча қуён нима қилиб турибди”, қабилида иш тутган. Қайтганингиздан сўнг, айбни каминага ағдариб қутилишга ҳаракат қилган”, деган гаплар зувиллаб ўтди хаёлимдан.

Ва бу гаплар тилимга ҳам кўчди. Хайрлашдик.

Орадан кўп ўтмай укамиз телефон қилди. “Домла билан олдингизга бормоқчимиз, илтимос, бўлиб туринг”, деб.

Келишди. Яъни юзлаштирилдик.

Домла бир боғдан бир тоғдан кела бошлади.

Юзимга тик қараб “ука сен айтганинг учун бунинг фамилиясини олиб ташлаганман”, деёлмади.

Қайси юз билан айтсин?

Иккови анча тортишишди, охири домла, “мен саксон бирга кирган одамман. Қаерда ким олдирганини қаердан биламан? Кексайганда хотира сусаяди, ахир”, деб юборди.

Шукур, шу тариқа туҳматдан енгилладик.

Лекин бир савол туғилди менда (албатта юзи иссиқ деб у кишига бермадим бу саволни): Кексайганда хотира сусайиши бор гап, аммо виждон ҳам сусаядими?

Меҳнатнинг ярмини қилган одамни бир четга индамасдан улоқтириб, ўз номидан китобни эълон қилиш қайси виждонга тўғри келади?

Қилибсан, ундан қутилиш учун бировларга туҳмат қилиш нимаси?

Улар тортиша-тортиша кетишди.

Бироқ, кўнглим ғижимлаб ташланган қоғоздай бўлиб қолди.

Абдулҳамид Мухторов

Манба: Муаллифнинг “Фейсбук”даги саҳифаси

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Тошкент ҳокимияти шаҳарни сув босишида оддий одамларни айблади

Пойтахт ҳокимиятининг ахборот хизмати чиқарган хабарда айтилишича, шаҳарнинг сув остида қолишига ҳокимият тизимига кирмайдиган ташкилотлар ва фуқаролар айбдор. (more…)

Россия таркибидаги халқлар ундан ажралиб чиқиш учун ақшдан ёрдам сўрашди

Россия Федерацияси таркибидаги халқ вакилларидан ташкил топган - Эркин Миллатлар Лигаси (Лига Свободных Наций) ҳаракатининг фаоллари Москвадан мустақил бўлиш учун АҚШдан ...

“бечора ўқитувчи”

Кейинги пайтларда “ўқитувчи” деган сўзга “бечора” сўзи эргашадиган бўлиб қолди. Бунга албатта жиддий сабаблар мавжуд ва бу сабаблар журналистлару блогерлар томонидан ОАВ ...