Кўрдик, бор кўргулик ўтди юракдан

Дунё бир уммон мисоли шиддатли ўзгаришлар домида қолаётган айни пайтларда кишилик жамиятларида содир бўлаётган ҳар бир хоҳ у эътиборга молик, хоҳ номолик бўлсин шарҳланишга, жамоатга етказилишга муҳтож. Бу муҳтожликдан қутқарувчилар эса журналистлар ҳисобланади, улар турли даврларда турлича аталгандир ёки фаолият юритишгандир, аммо мақсадлари якдил бўлгани, жамиятнинг юзига ойна тутиш бўлгани аниқ. Лекин ойна тутишлик, “ойначилик” қилган журналистларга бўлган муносабат ҳар доим ҳам бир хил бўлавермас экан, ойналари чил-чил синдирилиши мумкин экан. “Эрк” газетасининг собиқ мухбири, журналист Юсуф Рўзимурод ана шундай “синдирилишни” бошидан кечирган маҳкум журналистлардан биридир. Қилинган ва кутилган ислоҳотларнинг самараси ўлароқ Юсуф Рўзимурод озодликка чиқарилди. Биз ҳам Юсуф Рўзимуродни озодлик ва адолат тантанаси билан қутлаб у киши билан суҳбатда бўлдик. 

Ассалому алайкум, Юсуф ака интервью беришга розилик билдирганингиз учун ташаккур изҳор этамиз. Биз сизни ўз сўзида собит турадиган, ҳақ сўзни айтишдан оғзи куймайдиган бир журналист сифатида биламиз. Ҳаётингизда қора излар қолдирган ўша машъум йиллар ҳақида гапириб берсангиз.

Ваалуйкум ассалом, раҳмат. Менга қарши фитна уюштирилган, туҳматлар ёғдирилган, қамоққа олинган йилимни дилда ҳасрат билан хотирлайман. Киевда яшаб ижод қилиб юрганимда кутилмаганда қамоққа олиниб Ўзбекистонга олиб кетилдим. Бу менга қарши тайёрланган фитна эканлигини сездим. Турмуш ўртоғим мен билан бирга қамоққа олинган Муҳаммад Бекжоннинг оиласи билан Киевда қолиб кетди. Кейинчалик улар бизни озодликка чиқариш учун халқаро ташкилотларга мурожаат қилишга қулайроқ деб ҳисоблаб, АҚШга кўчиб бориб яшаб туришди. Озодликка чиқарилишим борасидаги саъй-ҳаракатлар, айбсизлигимни исботлаш йўлидаги уринишлар, курашлар ўз самарасини бера бошлади, инсон ҳуқуқ ва эркинлигини ҳимоя қилувчи ташкилотлар турмуш ўртоғимнинг мени озод қилиш борасидаги позициясини қўллаб қувватлашди, лекин бу курашлар ҳукуматга ёқмади, агар бир ўзи қолса енгиш осон кечади деб, турмуш ўртоғимнинг мени ва яқинларини кўриш учун Ватанга келиб кетиши қасддан мушкуллаштирилди, бу инсонийликка хос бўлмаган руҳий тазйиқ эди, бу тазйиқни йўқотиш учун эса мен ўз демократик эътиқодимдан воз кечишим, М.Солиҳ акани танқид қилиб мақола ёзиш таклифини қабул қилишим керак эди, лекин мен эътиқодимда собит турдим. Шундан сўнг биз келишган ҳолда  2009 йил мартида расман  ажрашишга қарор қилдик. Собиқ турмуш ўртоғим ҳозирда ҳам Америкада яшаяпти. Билишимча турмуш қурмаган. Яқинларим: ота-онам мен қамоқдалигимда оламдан ўтишган, оилада опам ва беш ака укамиз. Мен ўртанчасиман. Мени 19 йил давомида қўллаб-қувватлаб турган, қалб ҳароратини ҳибсда бўлсам ҳам ҳис эттирган, сиз билан биргамиз деган яқинларим, ҳамкасб ва маслакдош дўстларимдан миннатдорман. Оллоҳ уларни кам қилмасин.

Ҳибсга олиниб, Ўзбекистонга олиб келинганингиздан сўнг суриштирув ва тергов жараёни қай тариқа ўтган эди, ҳуқуқий инсонпарвар принципларга ақалли бўлса ҳам амал қилинганмиди?

Тўғрисини айтсам, ўша пайтдаги тергов энг азоблиси эди, соатлаб сўроқ қилишлар, пойлаб туриб оч биқинга солишлар, суякка пичоқ урадиган ҳақоратлар, бу азоблаш ва таҳқирлашлардан кўзланган ягона мақсад 1999 йилда содир бўлган Тошкент портлашларида айблаш, қамоқ ҳиди анқиб турган “дело”га имзо чектириш эди. “Портлашни кимлар билан режалаштирдинглар, олдиндан тайёргарлик қилганмидинглар, мақсадларинг инқилоб, президентга суиқасдмиди? М.Солиҳ раҳнамолик қилганмиди, ёзган мақолаларингизда ҳам доим шунга даъват қилгансиз”.. Қийноқлар роппа-роса 15 кун давом этди, лекин бир иш чиқара олишмагач бошқа бир антиқа усулни қўллашди: “Озодлик радиосидан туриб ҳукуматни ёмонладингми, нега президентни ҳақорат қилдинг, ё бундан ҳам тонасанми?” Шу тариқа сохта айблов ҳам бичишди. Товба, ёсин товба, шу даражалик ҳам бўладими, Озодликдай обрўли радио ўз минбарида ҳақоратли сўзларни ёғдиришга йўл қўядими?! Ёзган мақолаларимни ўзимга қарши қурол қилиб ишлатишди, мақолаларимдан лупа билан “фикр жинояти” изларини ҳафсала билан излашди. Бўлмади туҳмат ёрилди.

Суд жараёнида ҳам шу туҳмат айбловни қўллашдими, ёзган мақолаларингизга сиёсий тус беришга ҳаракатлар бўлдими?

Терговдан наф етмаган мақолаларимни суд жараёнида яна бир бора ковлаб кўришди. Ўша суд жараёнида раислик қилган Норхўнаев менга: “Мана бу мақолангизда  Ўзбекистонда давлат бюджетини қабул қилишда шаффофлик бўлиши керак дебсиз, буни асослаб берасизми?”-деди. Ҳа, дарҳақиқат мана мустақил бўлганимизга 7 йил бўлган бўлса ҳам ҳали бирор марта давлат бюджети очиқ муҳокама билан қабул қилинмаган, деб жавоб бердим. Судъя: “Хўш қайси мамлакатда очиқ қабул қилинади?” деб яна савол берди, мен “Барча тараққий этган мамлакатларда, жумладан Америкада ҳам. Мана масалан, 1998 йилги Америка (Америка Қўшма Штатлари назарда тутиляпти – муаллиф изоҳи) иқтисодиётида 72 миллиард профицит кузатилган бўлсада, бу йил, яъни 1999 йилги бюджет лойиҳаси конгрессда 3 ой муҳокама қилиниб, ҳам қабул қилинмади. Оқибатда ҳукумат маош тўлай олмай элчиларини чақириб олишгача бориб етди”- деб асослаб бердим. Совуқ қараш қилиб ўтирган айбловчи мен томонга қўлини бигиз қилиб: “Булар демократия исташади. Агар демократия берилса мамлакатда бош-бошдоқлик бошланиб кетади”-деб иддао қилганида мен: “Ҳа биз демократияни истаймиз. Ўзбекистон демократик ва ҳуқуқий давлат деб конститутсияга ёзиб қўйилган. Биз шунга ишониб демократик эътиқодни қабул қилдик. Агар буни жиноий эътиқод деб ҳисобласангиз, бунга бизни ундаган шахслар олдимизга келиб жавоб беришсин”-деб жавоб берган эдим. Буларнинг барчаси, хусусан суд ҳам шунчаки бир сиёсийлик касб этганди холос.

Ўша суд жараёни ҳақида яна қандай фикр билдира оласиз?

Суддаги музокаралар асосан менинг мақолаларим юзасидан бўлди. Хатшунос эксперт эса таклиф қилинмади. Бу қисқача тафсилотлар билан суднинг сиёсий сабабга кўра бўлганлигини яна бир бор исботлаб бермоқчиман холос. Ўзи суд бошланмасданоқ судни сиёсий деб ўзлари тан олишган. Америка элчихонасидан ва бошқа халқаро ташкилотлардан вакиллар келиб судда кузатувчи сифатида қатнашиш истагини билдиришганида “Бу сиёсий суд, шунинг учун сизларни киритолмаймиз”-деган жавоб берилганлиги ҳақида 1999 йил 20 август куни “Америка овози”дан гапирилди. Бундай сиёсий судлар неча-неча “сиёсийлар”нинг бошига етганига, демократик қадриятлар оёқ ости қилинганлигига тарих гувоҳ.

 Кечаги ислоҳотлар бугунгисидан тубдан фарқ қилади, бугун олиб борилаётган ислоҳотлар самарасида эски режим “сиёсийлари” озодликка чиқарилаяпти, бу ислоҳотларнинг бардавомлигини таъминлаш қанчалар муҳим деб ўйлайсиз?

Ислоҳот ислоҳот учун эмас, ислоҳот халқ учун деган пурмаъно сўзлар Президент томонидан такрор-такрор айтилмоқда. Лекин бу улуғ ишларни амалга оширишга келганда эса хўжа кўрсинга, қалбаки ишлаётган кимсалар учраб турибди. Ҳаттоки онда-сонда бўлсада ислоҳотларни саботаж қилиш ҳоллари ҳам учраб турибди. Менинг озодликка чиқишимга Худонинг хоҳиши билан, Мирзиёев сабабчи бўлди. Мен ҳам профессионал журналист ўлароқ олиб борилаётган ислоҳотларнинг нақадар муҳим ва тақдиршумул эканлигини холисона тарғиб қилишдек хизматим билан ҳиссамни қўшяпман. Мана шу йўналишда ҳар қандай ташкилот билан ҳамкорлик қилишга тайёрман. Зотан ҳали ислоҳотларга ўзининг сезиларли ҳиссасини қўшиши мумкин бўлган инсонлар қамоқда ёки тақдир тақозоси билан Ватандан ташқарида яшаб, Ватанга қайтиш илинжида. Ислоҳотларнинг адолат шамолидан уларнинг ҳам ҳақли улуши бор. Шу ўринда мусулмон дунёсининг бир пурмаъно нақлини келтиришни жоиз деб билдим: “Яхшиликка яхшилик яхшиларнинг ишидур, ёмонликка яхшилик валиларнинг ишидур”. Яъни магар уларнинг орасида ростдан ҳам хатолик қилганлари бўлса ҳам либерал сиёсатнинг мевасидан улушлари бор, қачонки олиб борилаётган демократик ислоҳотларга чин қалбдан қайишсалар.

Бир шахсий савол берсам бўладими, болалик ва ёшлик йилларингизда нималарга қизиққансиз, хоббингиз бўлганми?

Ёшликдан хоббим футбол ва бадиий адабиёт бўлган. Бадиий адабиётда номлар, йиллар эмас, асарнинг ғоявий йўналиши кўпроқ қизиқтирган мени. Масалан, “Қизил ва қора”ни илк марта 15 ёшимда ўқиганман. Асарнинг ёзилган йилини билмаслигим мумкин, лекин ўшандаёқ асарнинг ғоявий таҳлилидан келиб чиқиб Жюленнинг кураш услубига “Якка отнинг чанги чиқмас, чанги чиқса ҳам донғи чиқмас” деган мақол ўринли тушишини юрагимга тугиб олганман.

Озодликка чиққанингиздан расман даъво қилиш истаги пайдо бўлдими, соғлигингиздан шикоятингиз борми?

Расман йўқ ҳозирча. Соғлигим масаласига келсак, ёшим билан боғлиқ баъзи муаммолар бор. Имконият бўлганда муолажа олиш ниятим бор.

Сизнингча бугунги оммавий ахборот воситалари, яъни тўртинчи ҳокимият ўзини оқлаяптими, яна қандай қадамлар ташланиши зарур деб ўйлайсиз?

Даставвал 4-ҳокимиятни, яъни мукаммал эркин матбуотни шакллантириш, унинг ҳуқуқий базасини яратиш зарур. Тараққий топиш истаги бўлган давлат асосан эркин матбуотга таянган ҳолда сиёсат юргизади. Чунки эркин матбуот мухолифат тарафда ҳам, ҳокимият тарафда ҳам турмай, фақат халқ билан бўлиб, воқеъликларни холис ёритади. Шундай ҳолатлар юз берадики, уни халқ фақат матбуот орқали жамоатчиликка маълум қилишни хоҳлайди. Унда ҳам тўғри келган матбуот турига эмас, айнан эркин ва холислиги билан халқ ишончини қозона олган матбуот турига дардини айтади. Мана айтайлик, Каттақўрғондаги шармандали воқелик нега айнан озодлик радиосига етказилди. Чунки озодлик радиоси холислиги билан аллақачон халқнинг ишончини қозониб, унинг ишончли дўсти сифатида юрагидан жой олиб бўлган. Мен хоҳлар эдимки, ўзимизнинг маҳаллий матбуот ҳам шу каби халқнинг ишончли дўстига айланса.

Хўп айтайлик шундай матбуот ҳам шаклланди дейлик, у ўз позициясида ҳукумат ва халқ ўртасидаги мувозанатни таъминлай оладими, лўнда қилиб айтганда матбуотга мухолифлик керакми, нима деб ўйлайсиз?

Жуда тўғри фикрни ўртага ташладингиз, айни кунларда давлат сиёсатидаги мувозанат ўзгармоқда, аввалгидек шахсий томонга қараб эмас, балки давлат ва халқ ўртасидаги ишончни оширадиган, давлатнинг сиёсий репутациясини мустаҳкамлайдиган ўзга бир томонга қараб янгича мувозанат тикланяпти. Бу мувозанатни таъминлаётган шахслар эса ҳукуматнинг халқпарвар юзини халққа қаратишлари зарур деб ўйлайман, бу “юз”даги борки ютуқ ва камчиликларни кўрсата оладиган, кези келганда тўғри йўлни кўрсатадиган воситалар эса матбуот ва мухолифат ҳисобланади. Кўплаб ривожланган мамлакатларда, хусусан АҚШ ва Европада бу икки воситанинг ўзаро уйғунлиги аллақачон таъминланиб бўлинган, яъни иккисининг ҳам мақсади бир – ҳукуматни халққа хизмат қилдиришдир. Сизга яна шуни айтишим мумкинки, Ўзбекистонда ҳам матбуотнинг тўла эркинлиги ва ўз позициясида собит тура олиши вужудга келтирилиши, ҳа айнан вужудга келтирилиши сиёсий майдонга демократик мухолиф кучларнинг келиши сари илк қадам бўлади. Кўз тегмасин деб айтаман, юртимизда ҳам бу борада илк қадамлар ташланяпти.

Бугун қайси  ташкилотлар билан ҳамкоролигингиз бор.Умуман сизни сўрашаяптими?

Human rights watch, org. Protection of журналист ва бошқа нуфузли халқаро ташкилотлардан тез- тезхабарлашиб, ҳол·аҳвол сўрашиб туришибди. Бу ҳамкорлик учун улардан бенихоя миннатдорман.

19 йил қамоқда мени  Озодлик радиоси билан ҳамкорлик қилганлигимни рўкач қилиб мунтазам равишда менга нисбатан руҳий ва жисмоний таъзиқ қилиб келишди.

Худонинг ҳоҳиш- иродаси билан барча азобларга муносиб туриб бердим. Бу ҳам ўзига хос меҳнат.

Мен меҳнатим синган матбуот органи билан ҳомкорликда ижод қилишни жуда ҳоҳлар эдим.

Мазмунли суҳбатингиз учун сизга миннатдорлик билдирамиз.

Ташаккур, сизларга ҳам миннатдорлик билдириб қоламан.

Суҳбатни Гулзамон Акбар ва Шавкат Қодиров олиб борди.  

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Ўзбекистонга яна 20 мамлакат фуқаролари визасиз кира олади

2020 йил 1 январдан бошлаб 20та мамлакат фуқаролари учун 30 кун муддатга визасиз режим жорий этилади. Бу ҳақда сешанба куни Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов иштирокида ...

Туркманистон президентининг онаси «хизмат кўрсатган гиламчи» унвони билан тақдирланди

Туркманистонда президент Сердар Бердимуҳамедовнинг онаси «Хизмат кўрсатган гиламчи» фахрий унвони билан тақдирланди. “Нейтрал Туркманистон” давлат газетасининг ёзишича, бу ...

75% киракашлар лицензиясиз ишлаётир

Қашқадарё вилояти Китоб туманида лицензиясиз йӯловчиларни ташиётган такси ҳайдовчилари ишига оид профилактик текширув ишлари олиб борилди. (more…)


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400