ОНАМ РЎМОЛИДЕК АЗИЗ БАЙРОҒИМ!

Кечадан буён “Фейсбук” ижтимоий тармоғидаги Халқ билан мулоқот гуруҳида Vakhid Qurbonov томонидан жойланган Ўзбекистон байроғи акси туширилган пайпоқ расми қизғин баҳс-мунозара қилинмоқда.

Фойдаланувчи расмга “Бозорларимизда пайдо бўлган янгича дизайндаги пайпоқ… Калла ишламаса ҳам қийин экан” дея изоҳ ҳам қолдирган. Албатта, фойдаланувчиларнинг жудаям аксариятига бу пайпоқ маъқул келмагани шарҳлардан билиниб турибди. Кўпчилик бу маҳсулотни ишлаб чиқарганларни фаросатсизликда, ахмоқликда айблаган бўлса, ҳиссиётига эрк берганлар ҳатто бу ишни миллат шаънини ерга уриш сифатида жиноятгача тенглаштирган.

“Байроғимиз оёқ остида эмас, баландларда ҳилпираши керак. Байроққа нисбатан бундай муносабат учун жавобгарлик бор” деб ёзса Муҳайё Ҳакимова, Самандар Музаффаров “Миллий ғурури йўқлар сотишяпти. Аҳмоқларнинг оёғида ҳам кўришимиз мумкин, худди дипломни оёқ ости қилишганидек.

Бу бўйича албатта чора кўриш лозим” деб фикр билдирган. Zebu Zarнинг фикри янада қатъий: “Байроғимиз бизнинг фахримиз, ғуруримиз. Уни баланд чўққиларга кўтариш ўрнига оёқости қилиб моддий манфаат кўрганларни Ўзбекистон фуқаролигидан бутунлай чиқариб ташлаш керак”, – дейди у.

Мустақил юртимиз байроғи, унинг шаъни учун куюнчаклик билан изоҳлар қолдирилгани одамни хурсанд қилади албатта. Демак, юртдошларимиз, айниқса, ёшлар давлатимиз рамзларига эътиборсиз эмас, уларни кўз қорачиғидек асрашни жуда яхши билишади. Демак, миллий ғуруримиз мустаҳкамланиб боряпти. Аммо, шундай изоҳлар ҳам борки, одамни ўйлантириб қўяди.

Тўғри, турли одамдан турфа фикр чиқади ва маълум бир воқеа-ҳодисага ҳар ким ўз қарашидан келиб чиқиб муносабат билдиришга ҳақли. Бироқ гап миллат шаъни, қадр-қиммати ҳақида гап кетганда, кўпчиликнинг фикрига қарши бориш, билиб-билмай маҳмадоналик қилиш яхши эмас.

Бу ҳолат “Пайпоқ” масаласида ҳам кузатилди. B.R. исм-фамилияли фойдаланувчининг фикри бунга мисол. У шундай изоҳ қолдирган: “Чунмадим бу нимаси ёмон, патриотизм, патриотла олиб кияди. Носки кийиш оёқ ости қилинди деганимасу. Одамлага тема боса болди бир бирини отин соъйворишга тайёр. Балки шу наскини олиб киймас, деворга осиб қўяр сувенир қилиб. Товба”.

Унинг шарҳига O.U. жавоб ёзган: “Шунақа тупойча ойлидиган одамлар кўпде! Ман ҳам этдим нимаси ёмонлигини лекин бу тупойлар барбир тушунмаяпти :D”.

B.R: “Байро турсулаям бору ниме уни тема қилишмаяпти унда”.

O.U. “тшунмаса қийин экан, лекин шуни чиқариб сотвотган тадбиркорга 5 баҳо! Қўлидан келса қолганлар ҳам шунақа қилиб сотсадее кўп гапирмасдан…”

Бу икки йигитнинг ўзаро ёзишмаларини кирилчага ўгирдиму хатоларини тўғрилашни лозим топмадим. Хатолар ўз йўлига, аммо уларнинг фикрлашлари одамни ўйлашга мажбур қилади. Уларнинг қарашича бу фидойилик.

Демак, патриотизм ниқоби остида байроқни пайпоқ қилиб кийиш мумкин. Киймасангиз деворга осиб қўйингмиш. Ўйлашимча, бу йигитлар ўзбекчиликдан, ўзбекона урф-одатлардан тамомила бехабар. Улар ўзбеклар ўз уйлари деворига пайпоқ осиб (ҳатто у сувенир бўлса ҳам) қўймасликларини билишмайди. Ўзбекнинг уйи деворида дўппи, чопон, чакмон сингари кийимлар осилиши мумкин, ҳатто шим ёки иштон ҳам илинмайди деворга – маданиятимиз шунақа!

Энг ёмони улар бошқаларни (изоҳ ёзган минглаб катта-кичик инсонларни) “тупойлар” дея ҳақорат қилишдан уялишмаяпти. Ўзларини ўзгалардан ақлли ҳисоблаган бу шоввозлар ҳақорат жиноят эканлигини билишмаса наҳотки?

Буларнинг “тарбиячилари” ким экан-а?! Кейинроқ эса ўз фикрларига ўзлари терс жавобга ўтишади. Яъни, ҳозиргина бу ишни “патриотизм” сифатида баҳолаётганлар энди бу бир бизнес эканлигини айтишиб, тадбиркорга 5 баҳо қўйишади. Бу энди иккиюзламачиликдан бошқа нарса эмас. Тўғри, улар ёзганидек байроқ акси туширилган шортикларда рингга чиқаётган боксчиларимиз ҳам бор. Барибир, бу ҳам чиройли эмас.

Жаҳон ареналарида ғолиб бўлиб, Ватан байроғини юксакларга кўтараётган спортчиларга таҳсин айтган ҳолда, байроқ-шортиклар масаласи билан шуғулланишни спорт мутасаддилари ҳукмига ҳавола қилайлик. Байроғимиз белдан пастга тушгани яхши эмасда назаримда. Farruh Abdullaev Чет элга чикиб кеган одам бошкача фикрлиди! …хорошие носочки. Бу укамиз ўз фикрига ўзи бош бармоқ белгисини қўйиб қойил қилдимми, дегандек бўлади.

Бу билан у хорижда, масалан, Америкада одамлар АҚШ байроғини калта иштон, майка, пайпоқ ва ҳоказо кийимлар сифатида кийиб юришлари оддий хол эканлигини айтмоқчи. Бу ўринда у ҳақ. Лекин биз Америкада эмас Ўзбекистонда яшаяпмиз. Бизнинг давлат рамзларига муносабатимиз тамомила бошқача.

Чет элга чиқиб келган одам ўша жойга ўзбекона урф-одатни, фаҳм-фаросатни ташлаб келса, бунақа “фикрлайдиганлар” бизнинг жамиятга умуман кераги йўқ. Ўзбекистон – Ватанимиз, жонимиз, боримиз. Ватан биз учун Она каби муқаддас, улуғ. Бежизга она Ватан демаймиз.

Ватан байроғини пайпоқ сифатида кийиш мумкин, дегувчиларга жавобим шу: Ватан Онамиз экан, демак, Ватан байроғи Онамиз рўмоли сингари азиздир.Биз – ўзбеклар оналаримиз рўмолини ҳеч қачон оёқларимиз остига ташламаймиз. Балки кўзларимизга суртиб, бошимиз қадар баланд тутиб юрамиз. Оналаримиз омон бўлсин, Ўзбек миллати байроғи доим юксакларда ҳилпираб турсин!

Усмонжон ЙЎЛДОШЕВ, журналист

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Дунёни ларзага келтираётган хабар

Айтишларича, инсон қалбида забт этилмаган ва ҳис қилинмаган гўзал туйғуларни фарзанд қувончи ҳадя қилар экан. Чиндан ҳам, болалар бизга ҳаётнинг энг гўзал туйғуларидан ...

Тожикистон афғонистон билан чегарани ёпиб қўйиши ортида нима бор?

Охирги бир ҳафта – ўн кун давомида Тожикистон Ҳукумати Афғонистон билан ўтиш текширув нуқталарини ёпиб қўйди. Бундан асосий мақсад, хавфсизлик эканлиги таъкидланмоқда. ...

Миб: «қарзингиз бўлса нохуш вазиятга тайёр туринг…»

МТРК телеканалларида ҳар куни кўраётганимиз — бир «ақлли» рекламага куйиб кетяпти одам. Четга иш биланми, бошқа бирорта юмуш биланми кетаётган бир бечорани э йўқ, бе йўқ, ...