Устозим Рауф Парфи – Илк учрашув

ИЛК   УЧРАШУВ

1970-йилларнинг охири эди. Ўшанда мен ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультети кечки бўлимида таҳсил олардим. Кундуз кунлари эса Қора Қамиш даҳасидаги уй-жойларга коммунал хизмат кўрсатиш идорасида ишлар ва 26-сонли ишчилар ётоқхонасида истиқомат қилардим. Ётоқхонада яхшигина адабий муҳит бор эди. Унда Нусрат Жумаев (Нусрат Карим), Муҳаммад Ҳайдар, Рустам Ғаниев сингари кўплаб шоирлар яшашар, Йўлдош Эшбек,  Шукур Қурбон каби шоирлар эса тез-тез меҳмон бўлиб туришарди.

Ётоқхонада “Бугун Рауф Парфи Турсун Алининг квартирасига келармиш” деган  хабар тарқалди. Ҳамма қатори мен ҳам беҳад шодландим. Ахир машҳур шоир билан кўришиш ва суҳбатидан баҳраманд  бўлиш имкони туғилган эди-да. Тўғри, бунгача ҳам у кишини Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасидаги учрашув ва мушоираларда, университетдаги анжуманларда кўргандим. Аммо яқин бориб сўрашишга журъат қайда дейсиз! Энди эса…

Кечқурун Йўлдош Эшбек, курсдош дўстларим Баҳодир Мурод Али, Ҳакимжон Ўроқов, Эшқўзи Исмоилов билан бирга  шоир Турсун Алининг Чуқурсой яқинидаги ижара уйига бордик. Рауф Парфи мен ўйлагандан кўра  анча содда ва ҳазилкаш инсон эканлар. Тезда суҳбатга киришиб кетдик. Ҳар биримиз ўзимизни таништиргач менга қараб:

  • Сиз жуда керакли инсон экансиз ,-дедилар.

Мен бу сўзлардан беҳад шодландим. Кеча давомида шоирлар шеърларимиздан, Баҳодир Мурод Али эса янги ёзган ҳикояларидан бирини (адашмасам “Оқтўш”ни) ўқиб бердилар. Рауф ака шеър ва ҳикоянинг ютуқ ва камчиликларини айтиб, биз учун жуда зарур маслаҳатларни бердилар. У кишининг қуйидаги сўзлари ёдимда қолганди:

  -Кўпроқ миллат, тил,  юрт ҳақида ёзиш керак. Тарихни чуқурроқ ўрганиш, билиш зарур. Бусиз адабиётни яратиб бўлмайди!

ЧИЛАНГАРЛИК САБАБ

Орадан сал ўтиб шоир Рауф Субҳон :

– Рауф Парфи сочларини олишга боргандим. Сизни сўрадилар. Уйларида кран ишламаётган экан,-деб қолди.

Рауф Парфи билан яна учрашиш имкони туғилганди. Шунда “керакли одам экансиз”  деб айтган сўзлари маъносини ҳам тушундим. Назаримда, биринчи учрашувда хизмат борлигини айтишга ийманган бўлсалар керак.Ахир мен чилангар бўлиб ишлардим-да.

Асбоб-анжомларни олиб Рауф Субҳон билан бирга устоз шоирнинг Тошкент трактор заводи яқинидаги уйларига етиб бордик. Бизни Рауф ака илиқ чеҳра билан кутиб олдилар ва баралла:

-Дилором, мана уста келди!-дедилар.

Ичкаридан Рауф аканинг рафиқалари шоира Дилором Исҳоқова чиқиб, биз билан сўрашгач:

-Ҳой, Чоршамъ сизмисиз? Қани бу ёққа юринг! Хўш, мана бу кран ишламайди, унитазнинг суви тўхтамайди,  ванна таги ҳам доимо ҳўл. Бизни қутқаринг!

Мен тезда ишга киришиб кетдим. Хайрлашаётганимизда Рауф ака:

-Чоршамъ, фавқулодда ҳолат юз берса сизни чақирамиз. Келиб бизни халос этасиз,- дедилар.

-Албатта, Рауф ака,- дедим яна учрашишга умид қилиб.

Шу   воқеалар сабаб мен шоир ва шоира хонадонларига анча яқинлашиб қолдим. Уларникига борадиган шоиру – ёзувчилар, ҳофизу – рассомлар билан таниша бошладим. Адабий суҳбатлар, баҳсу-мунозаралардан баҳраманд бўлдим. Рауф Парфи туфайли том маънода ҳаётимда янги давр бошланди. Адабиёт, Миллат, Ватан, Тил, Тарих ҳақида олган билимларим чилпарчин бўлди. Ҳақиқат оламига кираётган соқов, гунг одамдек тасаввур этдим ўзимни. Ёзаётган шеърларим ҳам ўта бўш, ғализ бўлиб туюлди. Ирсий кўникмалар, феълимдаги қусурлар қаршилигига қарамай Рауф Парфини устоз тутиш,  у кишининг насиҳат ва маслаҳатларига амал қилишни дилимга тугдим. Чунки руҳимдан келаётган овоз шунга даъват этар эди.

ОИЛАВИЙ ЯҚИНЛИК.

1982 йил Рауф аканинг Водилда яшайдиган аммалари Зебихон ая қизлари Зулхумор Тешабоева Тошкент Давлат Маданият институтининг кутубхонашунослик факультетига ўқишга кириб, уларникида яшай бошлади. Шерали Жўраев қўшиқлари таъсирида улғайган қишлоқнинг содда, қувноқ қизи бу оилага илиқ ҳаво олиб кирди. Ўшанда Водиллик Гўзал, самарқандлик Роҳат исмли талаба қизлар ҳам Рауф ака хонадонларида яшарди. Рауф ака уларнинг ҳар бирига ўзига хос муносабатда бўлардилар. Роҳат анча шўх эди. Айб иш қилганда Рауф ака  “Падарингга Роҳат” деб кўнглини оғритмасликка уринар эдилар. Зулхуморни Зуля деб, Гўзални  эса Гуля деб чақирардилар.

Баъзан Рауф ака менга:

-Учта қиздан истаганингизни танланг, олиб берамиз,- дердилар.

Мен ёшим 27 да бўлишига қарамай уйланишни истамас, Москвадаги  Адабиёт институтига бориб ўқишни орзу қилар эдим. Аммо Зулхуморни биринчи кўрган кунимданоқ кўнглимга  аллақандай илиқлик югурган,  меҳрим жўшганди. Орадан икки йил ўтиб бу меҳр муҳаббатга айланди. Бу ҳақда устозга ботиниб айта олмасдим. Дилором опанинг  сезгирликлари ва ташаббуслари туфайли ички сирлар юзага чиқди. Шунда

Рауф ака менга:

-Зуля тез-тез касал бўлиб туради-ку, сизга қийин бўлади,-дегандилар.

Дарҳақиқат, Зулхуморнинг ички буқоғи бўлиб, баъзан хуруж қилиб қоларди. Юраги ҳам оғриб, “Тез ёрдам” чақиришимизга тўғри келарди. Бир неча бор Академиклар шаҳарчасидаги эндокринология касалхонасида ётиб даволанганди.

Мен Рауф акага қарорим қатъийлигини айтдим. Кейин Зулхумор томондагиларнинг розилигини олиш учун улар, хусусан, Дилором опа кўп уринишларига тўғри келди. 1984 йилнинг август ойида тўйимиз бўлди. 15 августда Зулхумор Рауф ака хонадонларидан келин либосида чиқиб никоҳдан ўтишга боргандик. Аммо Водилда бўладиган тўйимиздан бир кун олдин Дилором опанинг оталари оламдан ўтиб, улар Фарғонага  (18 август) ва Бухородаги  (21 август)  базмларда қатнаша олмадилар. Биз оилавий ришталар билан боғлангандик.  Чорак асрлик ҳаётим давомида Рауф ака билан жуда кўплаб воқеа-ҳодисалар рўй берди. Уларнинг айримларини айтиб ўтишни маъқул топдим.

“ОҚ ЙЎЛ ” ЁЗИШЛАРИ

1984 йил бошида “Ёшлик” журналига бир талай шеърларимни олиб боргандим. Бош муҳаррир Эркин Воҳидовга шеърларим маъқул келиб икки саҳифа қилиб беришларини ва бирор шоир ёки адабиётшунос олимдан “оқ йўл” ёздириб келишимни маслаҳат бердилар. Мен бу хабардан ўзимда йўқ даражада қувондим. Чунки шу пайтгача шеърларим ҳар қаерда чиқиб юрар, лекин бунчалик кенг жой берилмаган эди. Қолаверса,ўша пайтда “оқ йўл” билан шеър чиқиши бу – шоирнинг тан олинишидан ва устоз уни шогирдликка қабул қилганидан дарак берарди.

Рауф ака олдиларига югурдим. Бу хабардан у киши ҳам шод бўлиб, албатта ёзиб беришларини айтдилар. Аммо …ёзиб тугатишлари қийин бўлди.

Журналнинг 7-сони ёпилишига, яъни босмахонага топширишга мўжалланган вақтга оз қолаётганди. Устозга бу ҳақда айтсам  “ёзаяпман, улгурамиз” дердилар. Орадан анча вақт ўтиб, ниҳоят:

-Сизга оқ йўл ёздим. Фақат баъзи жойларини яна бир ўйлаб кўришим керак, эртага кўрсатаман,- дедилар. Яна қувончим ичимга сиғмай, “Ёшлик” журналидагиларга бу хабарни етказдим. Эртаси кун борсам Рауф ака:

-Ёзган  “оқ йўл”им йўқолиб қолибди. Билмадим ким олган. Кабинетимдаги столнинг устида турганди. Жуда хижолатдаман. Яна вақт чўзиладиган бўляпти. Балки бошқа бирор кишидан зудлик билан ёздириб оларсиз?.- дедилар.

Мен нима  дейишимни билмай қолдим. Бошқа бировдан ёздириб олиш хаёлимга ҳам келмаганди. Журнал ходимларига нима дейман? Ана шуни ўйлаб эзила бошладим. Ишхонамда -Ўзбекистон радиосининг бешинчи қаватидаги файеда хомуш ўтирганимни кўрган ҳамкасб дўстим  Ғулом Фатҳиддин:

-Ҳа, Чоршамъ дўстим?  Нега кайфиятингиз йўқ, -деб сўради.

Мен бўлган воқеани айтиб бердим. Ғулом мийиғида кулиб:

-Ҳеч ҳам хафа бўлманг. Буни қадимдан “ҳийлаи шаърий” дейдилар. Устоз ўз шогирдини турли йўллар билан синаб кўради. Менимча, Рауф ака сизни синаяптилар. “Қани,  бошқа бировнинг олдига югуриб борадими ёки менга бўлган садоқатини сақлайдими” деган хаёлда  шундай  йўл  тутяптилар,-деди.

-Оқ йўл йўқолибди-ку?!

-Йўқ, менимча, йўқолмаган бўлиши керак. Йўқолган тақдирда ҳам Рауф ака кеча ёзган сўзларини бугуноқ эсдан чиқарадиларми? Керак бўлса кечагидан ҳам яхши қилиб ёзадилар. Бардам бўлинг!

Мен бир неча кун Рауф аканикига боришга ийманиб юрдим. Кейин эса ҳаммаси Ғуломжон айтгандек бўлиб чиқди. “Оқ йўл” топилди. Рауф ака уни менга бердилар. Ўша пайтдаги ҳолатимни тасвирлаш қийин. Ҳар бир шогирдда ҳам шу ҳол рўй берса керак. Гўё бутун тақдиринг шу бир қоғозда битилгандек туюлади. Бу “оқ йўл” шеърларим билан бирга “Ёшлик” журналининг 7-сонида чоп этилди. Рауф аканинг шеърият ҳақидаги кўплаб фикрлари борлиги учун уни шу ерда келтиряпман.

“Чоршамънинг ўз тимсоллари, ўз аслияти ва муҳими, ўз Сўзи бор. Шеърият унинг тақдирига айланса, бу Сўз ўзлигини номоён қилади.  Бу сўз қандай намоён бўлади?  Албатта, олдиндан башорат қилиш оғир. Унинг самимияти, юракдаги гапларини борича, яширмасдан ифода қилиши Чоршамъ ҳақида  ичкин умидлар уйғотади. Шеърхоннинг унга ишонгиси келади. Шу ишончни Чоршамъ умр бўйи зиммасида олиб юриши зарур. Зеро, бу ишонч замирида Ватан ва Халқ-Ватанпарварлик ва Ватандошлик туйғуси ётади. Бундай юксак сўзларни ҳозир қийналиб ёзмоқдаман; ватанпарварлик, менимча, икки хил кўринишдадир; қоровул ватанпарварлик ва Чин ватанпарварлик. Биринчиси бор нарсаларни аяшда кўринса, иккинчиси ўзликни аямасликда кўринади…

Бугунги ўзбек шеъриятининг ҳаракатида бир қатор узгун ёшларнинг ҳам ҳиссалари бор. Чоршамъ  мана шундай шоирлардандир. У ўн йилдан буён шеър ёзади. Бу тийрак, сарин шеърлар ўқувчини ўзича тўлқинлантиради, ҳаяжонлантиради.

Чоршамъ сўзнинг ҳали ҳеч ким айтмаган маъноларини кашф этишга интилмоқда. Дафъатан, хотирангизга айрим сатрлар,  парчалар санчилиб қолади:

 Мен сени кун бўйи соғиндим жуда,

 Соғиндим,тоқатим толиқди тамом.

Ёки:

Армонлар кўзимда сўнади энди

Энди мен кулгумни йиғлай бошлайман.

Оламнинг манзаралар талошини мусаввир каби чизаркан, табиат ва Инсон тийнатининг абадий боғлиқлигини унутмайди. Яхши шеър ҳамиша ҳам таҳлилга бўйсунавермайди. Унга узоқ вақт ўқиш-уқиш билан эришиш лозим. Чунки у сизнинг шеър ҳақидаги тушунчангиз чегарасини бузган бўлади.

Чоршамънинг бир туркум шеърлари ингичка нафосати, ўйчан тахайюли билан ром этади. Сўзнинг таърихини билади, таъмини туяди ёш санъаткор. Бир туркум шеърлари эса ҳали заҳматталаб манзумалардир. Маълумки, илҳом билан ёзилган шеъргина ўқувчи руҳиятига кириб боради, маънавий бойликка айланади…

Мен шеъриятнинг оддий бир ишчиси сифатида Чоршамъга ўзига нисбатан аёвсиз бўлишини тилардим .

                                                                                                                                                       Рауф Парфи, 1984 йил.”

Аввалги қисмлар: 

УСТОЗИМ РАУФ ПАРФИ – МУҚАДДИМА

УСТОЗИМ РАУФ ПАРФИ – “ЛАЙЛО”НИ  КУЙЛАБ”

(Давоми бор)

Муаллиф: ЧОРШАМЪ

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

От кишнаган оқшом (қисса) 51-қисм

51 Шу вақт, бозор дарвозаси тарафдан овозлар келди. — Ушла, ўғрини, ушла! — деди овозлар. Ғуж-ғуж одамлар орасидан бир бола чопиб чиқди. Кетидан бир беқасам чопонлик одам ...

Устозим рауф парфи – қабристон мажороси

Рауф ака вафот этганларида барча фарзандлари бошлари устида эди. Йиғи-сиғи тингач, ақлни жойга қўйиб иш тутиш керак эди. Бу борада катта таржирибага эга полвон Турсун Али ...

Юлдузли тунлар-70

3 Деҳлига отасидан олдин кириб келган Ҳумоюн Жамна дарёсининг ўнг қирғоғидаги қизил деворли улкан қалъани жангсиз эгаллади. Иброҳим Лодининг қалъадаги хазинала-рини муҳрлаб, ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400