УСТОЗИМ РАУФ ПАРФИ – ОРА- СИРА ГАПЛАР

Рауф Парфи

 

Рауф акада туғма ҳозиржавоблик истеъдоди бор эди. Бу фазилатни тарбиялаш қийин бўлса керак. Ҳар қандай қалтис ҳолатда ҳам фавқулодда бир сўз айтардилар – нақ нишонга урардилар. Ҳайрон қолардик. Ёзувчилар Уюшмаси иккига бўлиниб кетган йили  иккала уюшмага ҳам бораверардилар. Шунда адиблар Иттифоқидаги айрим шоирлар:

-Рауф ака, сиз биз тарафда бўлсангиз, Ёзувчилар Уюшмасида нима қилиб юрибсиз? –деб сўрашса парво қилмай:

-И-е,ҳали сиз билмайсизми? Ахир мен Адиблар Иттифоқининг Ёзувчилар уюшмасидаги жосусиман-ку! –дерканлар.

-А? Шунақами?

-Ҳа!

Ёзувчилар Уюшмасидагилар айнан шу саволни беришганда эса:

-Мен Ёзувчилар уюшмасининг Адиблар Иттифоқидаги жосусиман, -деб жавоб берарканлар.

Бир гал таксига чиққанларида таксичи:

-Ака, қаёққа борасиз? Лекин билиб қўйинг истаган жойингизга, хохласангиз ернинг а ….. га ҳам олиб бораман, – деса, Рауф ака:

-Ука, топдингиз мен худди ўша ерга боряпман, – деб метрони назарда тутган эканлар.

Бир йили Рауф аканинг гемоглабинлари пастлаб кетиб, врачлар кагор ичимлигини истеъмол қилишни тавсия этишган экан. Ўзларига мени ҳам шерик қилиб:

-Биз Чоршамъ билан Рабиндранад Кагор ичамиз, -дердилар.

Топқирликлари акс этган бу каби воқеаларни бошқа кўплаб шоиру-ёзувчилар, хусусан, Шодмон Отабоев кўп ёзганлари учун уларни такрорлаб ўтирмайман. Баъзи бир бошқа хусусиятлари ҳам бор эди. Шахмат, қарта каби  ўйинларга умуман қизиқмасдилар. Шахмат ўйнаб вақтини беҳуда ўтказаётганларни кўрсалар:

-Шақиллатяпсизларми? – деб ачинганнамо қараб қўярдилар. Қарта ўйнаётганларни эса  “қартабонлар” деб таърифлардилар.

Эзма кишилар  учраб қолса  “Шу-шу” деб унинг гапини маъқуллагандай бўлар, аслида ундан қочишга ҳаракат қилардилар. Янги чиққан китобларидан бизга бераётганда ”Тобуткашларим (олдинни кўра билганлар -Ч) Зулхумор ва Чоршамъга” деган сўзлар бўларди. Зулхумор хафа бўлгандай :

– Ака, нега ундай дейсиз? Сиз ҳали узоқ яшайсиз, -деса, қатъий қилиб: -Менинг сизлардан бошқа ишонган кишим йўқ. Билиб қўйинглар деяпман-да,  ҳар эҳтимолга қарши, – дердилар.

Рауф ака ўз камчиликларини, бизга қоронғу лекин ўзларига аён қусурларини яхши билардилар. Шуларни назарда тутиб:

-Қани,  мени биров фош этса!-дердилар.

Иссиқ ёз кунлари Рауф ака бировникига боришдан олдин у ердаги шароитни инобатга олар эдилар. Буни бир гапларидан сезганман.

  • Рауф ака, нега бизникига кам келасиз?- деб сўраганимда:

-Э, менга бошимдан оқиб турадиган сув бўлиши керак. Шунга ўрганиб қолганман, сувсиз туролмайман. Чайинмасам бўлмайди,- дегандилар.

У пайтларда эса биз (1990-йиллар) пастқам уйларда яшар, ундай шароитимиз йўқ эди.  Рауф ака беҳад истиҳолали инсон эдилар. Ёш шоирларнинг китоби нашр этилишидан олдин аввал Ёзувчилар уюшмасида муҳокамадан ўтарди. 1980 йиллар боши эди.  Менинг “Маҳактош” номли шеърий тўпламим муҳокамаси бўлганди. Мен учун бу биринчи катта воқеа бўлгани учун қишлоқдан ота-онамни ҳам таклиф этгандим. Одатга кўра муҳокамада  ёш шоир 4-5 та тўпламга киритилаётган шеърини ўқирди. Мен шеърларимдан ўқигач отам қўлимга гул тутқазгандилар.  Кейин асосий таҳлилчи Рауф акага сўз берилганди. Устоз фақат яхши томонларини айтиб, тўпламни нашриётга тавсия этиш кераклигини айтгандилар.

Ташқарига чиққач кимдир:

– Рауф ака, бирорта ҳам танқидий фикр айтмадингиз-а?- деса, Рауф ака:

-Ахир Чоршамънинг ота-оналари олдида қандай айта оламан. Улар

“ўғлимизда камчилик кўп экан” деб оғир хаёлларга борадилар-ку”,- деган гапларни айтгандилар.

 

Рауф ака ана шунақа феълли одам эдилар.

 

Сафарларда Рауф ака фазилатлари янада кўпроқ номоён бўларди. 1994-йил бўлса керак,  у киши Ўлмас Алихўжаев каби бир қатор санъаткорлар билан Бухорога боргандилар. Баҳром акамникида, шифокор акамиз Сафар Комилов хонадонларида  меҳмон бўлганларида роса мириққандилар. Мусиқа янграганда рақсга тушгандилар.

Умуман Рауф ака рақсга тушиб, яйраб ўйнаган пайтларини кўп кўрганман. 1990- йил эди шекилли,  ўғиллари Шуҳратни Фарғонадан – шоира Малика Мирзаева қизига уйлантиргандилар. Ресторанда базм бўлганди. Биз бир қатор шоирлар – Мирзо Кенжабек, Ғулом Фатҳиддин, Яҳё Тоға, Баҳодир Исо ва бошқалар боргандик. Дадахон Ҳасанов хизматда эди. Шўх қўшиқлар ижро этилганда Рауф ака қўлларини  тепага кўтариб, айланиб ўйнардилар. Кўзойнак таққанлари учун  ажабтовур кўринардилар.

Худди шундай ҳолни 1993 йил 21 август куни Лабзакдаги ҳовлимизда кузатгандим. Ўшанда ўғлим Отабек ва Дурбекка суннат тўйи қилгандик. Жуда кўп шоир ва ёзувчилар келишганди. Маъруф Жалил, Миразиз Аъзам, Шукур Қурбон, Назар Эшонқул, Нормурод Норқобилов, Аъзам Исмоил, Муҳаммад Ҳайдар, Нурулло Остон, Очил Тоҳир…..

Рауф акага сўз берилганда (даврани Жамол Сирожиддин Хумий олиб борганди)  у киши илиқ гаплар айтиб,  Чўлпон ғазалига боғлаган мухаммасларини ўқигандилар. Кейин эса самарқандлик хонанда укамиз Баҳодир Танбур шўх қўшиқлар айтганда (хусусан “Саман отим” номли қўшиқ янграганда) сакраб-сакраб рақсга тушгандилар. Гоҳо ўша тўй тасвирлари туширилган видеотасмани тамоша қилиб,  юрагим орзиқиб кетади.

Қандай хуш дамлар эди-я!

Айтгуликми, айтгулик эмасми, билмадим. Аммо тарих учун барибир ёзиб қолдириш керак деб ўйлайман.

Рауф аканинг  оталари рус тилини яхши билганлар. Четдан келган, русча сўзлашувчи кишиларга тилмочлик қилганлар. Шунинг орқасида бир украинка аёлга уйланганларини қайонамдан эшитганман. У аёлдан бир қиз фарзанд ҳам кўрганлар. Улар кейинчалик Украинага кўчиб кетишган. Бир гал Рауф ака шуни назарда тутиб:

-Украинада менинг опам бор,-деб айтгандилар.

Кўп шоирлар томонидан айтилган бўлса ҳам айтиб ўтмоқчиман. Шоирлар жам бўлишганда кетиш ё ётиш олдидан Рауф ака “Бирор сатрдан бериб, кейин ётинглар, ё кетинглар” дердилар. Бу-у кишининг бу кеча шеър ёзиш кайфиятида  эканликларини  билдирарди. У киши тонггача ухламасдилар.

Дарҳақиқат, ана шундай “Сатр олиш” орқали Рауф ака анчагина шеърларни битганлари маълум. Бу сатрлар аслида Рауф ака дилларида йиғилиб қолган ҳис- туйғуларни битиш учун очқич вазифасини ўтарди назаримда. Худо берган истеъдод бўлгач, шоир оддий сўзларга ҳам жон киритиб, гўзал шеърлар ярата олади-да!

Рауф ака шогирдлари ҳолини билиб турардилар. Айниқса, уст-бошига эътибор қаратардилар. Бунга кўп гувоҳ  бўлганман. Янги кийимларини юпун ё ночорроқ кийинган шогирдларига берардилар. Аввал:

-Тўхтанг-чи,  ана шу кийим сизга лойиқ келармикин. Менда ортиқча эди, – деб кийдирардилар, кейин эса:

-Лойиқ  келди. Энди бу сизники, кийиб юринг,-дердилар.

Менга ҳам кўп кийимларини шу тариқа бергандилар. Жумладан “Цебо” деб номланган Чехославакияда ишлаб чиқарилган пошнаси баланд туфлиларини узоқ йиллар кийиб юргандим.

Трактор заводидаги 4 хонали уйдан “Ғунча” кинотеатри орқасидаги 2 хонали уйга кўчганларида эса кўп нарсалари уйга сиғмай қолганди. Шунда кўплаб нарсалар, кийимлар қатори ҳатто китоб жавонларини ҳам бизга бергандилар. Ана шундай сахий инсон эдилар. Рауф ака бир умр китоб йиққандилар. У китоблар  ичига  “RП” деб ёзиб қўярдилар. Менинг китобларим ичида шундай имзо қўйилган китоблар анчагина. Улар Рауф акадан қолган мерос.

У киши ҳақиқий китобхон эдилар.  Бўш вақтларини асосан китоб ўқишга бағишлардилар. Жаҳон  адабиётининг барча машҳур асарларини ўқиб чиққандилар назаримда. Чунки исталган шоир ё ёзувчи ҳақида сўраганингизда узоқ гапира олардилар. Кўплаб жаҳон халқлари адабиётидан, шеъриятидан қилган таржималари ҳам бунга асос бўла олади.

Ўша – болаликдаги китоб ўқишга бўлган  чанқоқлик фазилати умрларининг охиригача сақланиб қолганди. Ҳатто ўзлари қўлда гўзал китоблар яратардилар. Уларни дафтар деб  бўлмасди. Чунки қўлда ёзилган шеър варақлари орасига шеър руҳига мос сурат, манзара қўйиб чиқардилар. Ёшликда тутган шеър дафтарлари ичига чизган суратларига (табиат ва қизлар акс этган) қараб, рассомликка ҳам мойилликлари бўлган,  дейиш мумкин.

“Мен муқаввосман” дердилар Рауф ака фахр билан. Янгийўлда босмахонада ўрганган ҳунарлари у кишини умр бўйи тарк этмаганди. Ҳатто чоп этилган китоблари ва ўзлари севган шоирларнинг китоблари варақлари орасига суратлар қўйиб,  янада гўзаллаштирардилар. Бу ишдан завқ олардилар.

Йиққан китоблари турли-туман мавзуларда эди. Сиёсатдонлар,давлат раҳбарлари китобларини ҳам йиққанларига ҳайрон қолганман. У киши эса:

-Шоир ҳамма соҳани билиши керак, сиёсатни ҳам. Баъзан улар асарларини ўқиб шеърдан ҳам яхшироқ завқ олиш мумкин,- дегандилар.

-Михаил Горбачевнинг бир неча томлик асарларини эринмай варақлаб, ора-сира кўп жойларини ўқиб чиққандилар.

Захдаги уйга кўчиб ўтгач (квартиралари биринчи қаватда эди)  жой торлиги учун китобларни ертўлада сақлардилар. Бир куни Дилором опа ваҳима ичра қўнғироқ қилдилар. :

-Чоршамъ тез етиб келинг. Подвални сув босибди. Китобларни қутқариш керак.

Мен ертўлага тушиб аянчли аҳволни кўргандим.Кўп китоб яроқсиз ҳолга келганди. Фақат тепа қисмдагилардан айримларини  авайлаб олиб, қуритиб асраб қолгандик. Рауф ака неча йиллар йиққан кўп ноёб китоблардан эса айрилгандик. Афсус-надомат чекардик. Бу хабарни эшитгач Рауф ака қандай аҳволга тушганларини энди тасаввур этаверинг.

Рауф ака шеър ёзадиган кун жудаям сокин бўлиб қолардилар.Биз ва оила-аъзолари раъйига қарамай, ўзлари супургини қўлга олардилар.Хоналар ва йўлакни эринмай супириб чиқардилар.Хоналарини (уни биз кабинет дердик) обдан кўздан кечириб чиқардилар.Китоб-дафтарлар, ёзғич ва қоғозлар ўз ўрнида турганига эътибор қаратардилар. Китоб жавонини ҳам кўздан кечирардилар. Қалам билан ёзадиган пайт унинг  учини ингичка  қилиб йўнардилар.

Бу кайфият ҳаммамизга таниш эди.Қизлари Муножат билан Севинч ҳам “бугун дадам шеър ёзадилар” дерди. Рауф ака кайфиятидан хабардор меҳмонлар ҳам эртароқ кетиш пайида бўлардик. Кетмаган тақдирда ҳам у кишига халақит бермасликка уринардик.

Рауф ака хоналарига кириб кетдиларми-тамом. Жуда узоқ вақт чиқмасдилар. Бу ҳол кўпроқ кечки овқат пайтидан кейин бўларди. Лекин баъзи кундуз кунлари ҳам бу ҳолнинг гувоҳи бўлганмиз. Рауф ака шеър ёзаётганларини ҳеч ким кўрмасди. Баъзи бир шоирларга ўхшаб намойишкорона шеър битмасдилар. Ҳатто Дилором опа ҳам ўша пайт кабинетга кирмасдилар. Жуда-жуда узоқ вақт чиқмай, ўта зарур гап чиқиб қолса, эшик олдига бориб секингина:

-Рауф ака, Рауф ака, узр, бир дақиқага эшикни очинг, фақат бир дақиқага,-дердилар.

Ичкаридан бўладиган жавобга қараб шеър ёзилган-ёзилмаганини ва у  қандай  чиқаётганини билса бўларди.

-Парка, кейин, -дейилса, демак, билардикки,  шеър ҳали ёзиб бўлинмаган.

-Ҳозир, ҳозир!- дейилса – шеър ёзиб бўлинган ва у яхши чиққанини англардик.

Садо бўлмаган пайт эса илҳом оғушида эканликларини билардик. Шеър битгач уни биринчи бўлиб Дилором опа ўқир ва баҳо берардилар.Ўзи ажойиб шоира бўлган опамиз ва янгамиз шеърни тўғри талқин қилардилар. Кейин биз ҳам ўқиб ёки Рауф акадан ўқиб беришни сўраб фикримизни айтардик. Рауф ака ҳамманинг фикрини эшитардилар.Инобатга олсалар, шеърнинг ўша жойини тузатардилар ёки қайта ишлардилар.

Шеърни қайта ишлашдан ҳеч чарчамасдилар. Бизга ҳам тинмай шеър устида ишлашни маслаҳат берардилар. Бу ўта машаққатли меҳнат.Шеър руҳига кириш,уни қайтадан ҳис этиш ва туйғулар шодасини тўлдириш осонмас.Лекин шоир киши бу заҳматни чекиши керак.Бир ўтиришда ёзиб, кейин умуман қалам тегизилмайдиган шеърлар ҳам бўлади.Шеърга сайқал берилса,сўзлар сараланса ,образлар бойитилса шеър яна ҳам гўзал бўлади.Оддий ўқувчи шеърни ўқиб,ундан роҳатланганда ёки ҳофизлар куйга солиб, мазза қилиб ижро этганда бу шеър шу даражага етгунча бошидан қандай кечинмалар ўтганини тасаввур ҳам қилишмайди. Буни биргина шоир билади. Шу ҳолатни бир шеъримда ифода этишга ҳаракат қилганман.

*  * *

Рауф Парфи шеър битиш олди

Бирам сокин бўлиб қолади.

Кулбасида оҳиста юриб

Ҳамма ёққа назар солади.

 

Жой-жойини топар китоблар

Кийим-кечак,идишу-тавоқ.

Остона-ю йўлакларгача

“Ўзим” дея супирар узоқ.

 

Сўнг биқиниб тор хонасига

Курсисига чўкади ёлғиз.

Гарддан холос бўлган гўшада

Гардли юрт-ла келар юзма-юз.

 

Ёзғич ила қоғозни олиб

Силаб-сийпаб кўради бир-бир

Сиқиб келган безовта туйғу

Кўкси бўйлаб ўрмалар оғир

 

Ва Туркистон дардини туйиб

Туни билан балқиб турада

Покланган руҳ,покланган қалбга

Сўзлар озод оқиб киради.

(Давомини ўқинг)

(Аввалги қисмини ўқинг)

 Муаллиф: ЧОРШАМЪ

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Душанба кун кeчаси

15. ДУШАНБА КУН КEЧАСИ Бу кунги кеч Отабек билан Ҳомиднинг ҳаёт ва мамот масалаларини ўзининг қора қучоғиға олған қоронғи бир тун эди ва булардан қайси бирларининг сўнг ...

Юлдузли тунлар-71

* * * Деҳлида тўп-тўп бўлиб айланиб юрган ғолиблар орасида ёғли ўлжа излаётганлари ҳам бор эди. Синд дарёсининг бўйидан Бобур аскарларига қўшилиб келган Ёр Ҳусайнбек илгари ...

Юлдузли тунлар-7

3 Қўрғон ичидан дарвозахонанинг томига чиқиб олган япасқи бир навкар девор кунгураси орасидан уларни кузатиб турган эди. Қосимбек Мирзо дарвозасидан шитоб билан кираётганда ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400