Фото:kommersant.uz

Ўзбекистонлик таниқли иқтисодчи Юлий Юсупов мамлакатда узоқ кутилган маъмурий ислоҳотларни амалга ошириш вақти келганини айтган. Бу ҳақда у ўзининг Фэйсбукдаги саҳифасида ёзган.

Экспертнинг фикрича, давлат бошқаруви идораларининг барча вазифа ва ваколатларини тубдан қайта кўриб чиқиш керак.

“Биринчи навбатда, ижро ҳокимиятининг”, деб ёзади у

Юлий Юсуповга кўра, бош вазир ўринбосарлари институти анохранизм (эскидан қолган, давр талабига жавоб бермайдиган-таҳр.) сифатида йўқотилиши керак.

“Бош вазир йўқлигида унинг вазифасини бажариб туриш учун битта ўринбосар етарли. Децентрализация керак: маҳаллий ҳокимиятларнинг ваколатлари жамоатчилик назорати ва сайловларга тобеъ ҳолда кенгайтирилиши керак”, – дейди эксперт.

Унинг фикрича, вазирлар ўз дастурларини ҳаётга тадбиқ қилиш ва кадрларни танлашда йирик ваколатларга эга бўлган “сиёсий фигуралар” бўлмоғи лозим.

“Бундай вазирларнни шахсига қараб эмас, балки дастур асосида танлаб олиш зарур”, – деб ёзади иқтисодчи.

Унинг фикрича, Ўзбекистондаги амалдорларнинг бир курсидан иккинчи бир курсига ўтказилишидан бош айланиб кетади.

“Эндигина тайинланган, энди ишни ўргана бошлаган, қолаверса, бу соҳада олдин ишламаган, аммо энди уни бошқа соҳага ташлашяпти”, дея таассуф билдиради эксперт.

Президент Мирзиёев ўз чиқишларида мамлакатда кадрлар етишмаслигини айтиб, икки йил ичида ҳукуматни янгилаш, эски кадрлар ўрнига ёш ва “ватанпарвар” кадрларни тайинлашга ваъда берган.

Талаба ёшидаги уч шахсга ҳукуматда вазир ўринбосари лавозимлари берилган.

Юлий Юсуповга кўра, ҳозирда тизимли маъмурий ислоҳотлар ўтказиш ўрнига кардлар пала-партишлик билан алмаштириб ётилибди.

“Ислоҳотлар ўтказишни қачон бошлаймиз?” дея савол қўйган ислоҳотларга доир қатор чиқишлари билан танилган эксперт.

Манба:BBCuzbek