Хитойдаги масжидни бузиш режаси мусулмонлар ғазабига сабаб бўлмоқда

Фото:WEIBO
Вейжу Масжиди Ўрта асрлар Яқиш Шарқ меъморчилиги услубида қурилган.

Шимоли-ғарбий Хитойда жойлашган Нинся Хуэй автоном районидаги юзлаб мусулмонлар ўз масжидларини бузилишдан сақлаб қолиш учун унинг майдонидан кетмай, тинч норозилик намойиши ўтказмоқдалар.

Расмийлар яқинда қурилиши якунланган Вейжу Масжидини қуриш учун зарурий рухсатномалар олинмаганини иддао қилмоқда.

Бироқ маҳаллий аҳоли бўш келмоқчи эмас. “Ҳукуматнинг масжидга қўл теккизишига йўл қўймайман,” дейди уларнинг бири.

Хитойда 23 миллионга яқин мусулмонлар истиқомат қилиб келади. Нинся ҳудудида Ислом динининг обрўси асрлардан бери юқорилигича сақланиб қолмоқда.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари расмий Пекиннинг мусулмонларга нисбатан босими ошиб бораётганини таъкидлайди.

Вейжу Масжиди Яқин Шарқ услубида бунёд этилган.

Норозилик намойиши қандай бошланди?

3 август куни расмийлар масжидга «бинонинг қоидаларга мос режалаштирилмаганлиги ва қурилиш учун керакли рухсатномалар олинмагани» сабабли «куч билан» бузилиши таъкидланган огоҳлантириш илиб кетадилар.

Шундан сўнг ушбу огоҳлантиришнинг сурати ижтимоий тармоқлардаги Хуэй мусулмонлари орасида тарқала бошлайди.

Аксарият одамлар нега керакли рухсатномалар олинмаган бўлса, ҳукумат икки йилга чўзилган қурилиш ишлари давомида ўз эътирозини билдирмади, деган саволни ўртага ташламоқда.

Тинч намойиш кеча – пайшанба куни бошланган. Хитой ижтимоий тармоқларида айланаётган суратларда каттакон бино атрофини ўраб олган кўп сонли оломонни кўриш мумкин.

Намойиш иштирокчиларидан бири Хуэй мусулмон жамоати ва ҳукумат ўртасидаги музокаралар боши берк кўчага кириб қолганини айтади.

“Бу масалада ҳеч кимнинг қўли баланд келмаяпти. Оломон ҳукуматнинг бинога қўл теккизишига йўл қўймайди,” дейди у.

Ҳозирча ҳукумат, огоҳлантириш хатида таъкидлангандек, бинони куч билан бузиб ташлайдими ёки мусулмонлар билан муроса қиладими, деган саволга ҳеч кимда жавоб йўқ.

Маҳаллий Ислом Ассоциациясининг вакили Reuters агентлигига масжиднинг тўлиқ бузилмаслигини маълум қилган. Унга кўра, ҳукумат фақатгина ‘қайта қуриш йўли орқали бинонинг ўлчамини кичрайтириш’ни хоҳлайди, холос.

Ҳозирга қадар Хитой расмий матбуотида масалага нисбатан бирор муносабат эълон қилинмаган.

 

Фото:GETTY IMAGES
Хуэйлар Хитойдаги энг йирик мусулмон гуруҳлардан ҳисобланади.

Хитойдаги диний эркинлик қай даражада?

Назарий жиҳатдан, Хитой конституцияси диний эркинликни кафолатлайди, аммо амалда диний фаоллар ҳамон ҳукумат томонидан қаттиқ назорат қилинади.

Мисол учун, яқин ўтмишда христиан черковлари томига ўрнатилган хочлар ҳукумат томонидан мажбуран олиб ташланган.

Яқин йилларда эса Хитой Коммунистик Партияси хориждан кириб келган динларга нисбатан янада хушёрроқ муносабатда бўлиб, “динни синлаштириш”, яъни янада хитойлаштириш кампаниясини олиб бормоқда.

Бу кампания давомида миллионлаб хитойлик христианлар ибодат қиладиган норасмий «уй черковлари» нишонга олинган.

Хуэй мусулмонлари ўз динига эътиқод қилишда у қадар қийинчиликка юз тутмасада, Шинжоннинг мусулмон уйғурлари узоқ йиллардан буён ҳукуматнинг босимига учраб келади.

Инсон ҳуқуқлари фаоллари ҳукумат Шинжонда диний эркинликка қарши турли усулларни тобора кенг қўллаётганини айтади.

Фото:GETTY IMAGES

Минглаб уйғурлар эса ўзига хос «тарбиявий лагерлар»га мажбуран жўнатилаётгани тахмин қилинади. Human Rights Watch ташкилотига кўра, бундай лагерларда маҳкумлар ўзининг этник ва диний ўзлигидан воз кечишга мажбурланади.

Нинсядаги жорий ҳолат ҳукуматнинг мусулмон озчилиги устидан назоратни янада кенгайтиришга уринаётганлиги далолатидир, дея маълум қилади Amnesty International ташкилоти.

Жорий йилнинг бошида Нинсяга қўшни Гансу провинциясининг Линся ҳудудидаги 16 ёшдан кичик болаларнинг диний маросимларда иштирок этиш тақиқланган эди.

«Хитой ҳукуматининг мусулмонларга нисбатан душманлиги фақат уйғурлар билан чекланиб қолмагани яққол кўриниб турибди,» дейди тадқиқотчи Патрик Пун Би-би-сига.

“Шу вақтга қадар Хуэй мусулмонлари деярли босимга учрамаган эди, лекин масжид можароси Хитой ҳукумати мамлакатдаги барча мусулмон жамоатларига нисбатан қаттиққўл муносабатда бўлишга қарор қилганидан далолат бермоқда.”

Манба:BBCUZBEK.COM 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Ўзбекистонда йил бошидан бери 13 та янги жомеъ масжиди очилди

Ўзбекистонда йил бошидан буён 13 та янги жомеъ масжиди очилди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов Қозоғистонда кеча куни бўлиб ўтган ...

Олий суд 8 мамлакат фуқароларини ақшга кириш тақиқини маъқуллади

Душанба, 4 декабрь куни, АҚШ Олий суди президент Трампнинг иммиграцияни бутунлай тақиқлаш ва 8та мамлакат, шундан олтитаси мусулмон давлатлари, фуқароларини АҚШга киришини ...

Ўзбекистонда масжид бош имом-хатиби ва масжид мутавалласи жиноят устида қўлга олинди!

Тошкент яқинида Бош имом-хатиб ва масжид мутавалласи ўзаро жиноий тил бириктириб, эҳсон қутисидаги пулларни ўзлаштириш билан шуғулланиб келишгани аниқланди, деб ёзади ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400