Юлдузли тунлар-22

1

Тун қоронғиси устига осмонни қуюқ булут қоплади-ю, қалъа ичини зулмат босиб кетди. Андижон кўчалари таҳликали бир сукутга чўмган. Жимжит кечада арк дарвозасининг ғийқиллаб очилгани узоқларга эшитилди. Дарвозахонадан тушган хира ёруғда аркдан чиқиб келаётган бир тўп қуролли отлиқлар кўринди. Олдинда эркакча тўн ва бўрк кийган, белига камар боғлаб, ханжар осган Хонзода бегим. Унинг навкарлари орасида келаётган мавлоно Фазлиддин ҳам тўнининг устидан ҳарбийча камар боғлаб, белига қилич тақиб олган.


Самарқанддан қайтган чопар Бобурнинг ҳаёт билан ўлим орасида беҳуш бўлиб ётганини айтиб бергандан кейин қалъа ҳимоячиларининг бир қисми фитначилар томонга қочиб ўтиб кетди. Қўрғон деворларининг ҳар бир газини қўриқлаб туришга одам етишмай қолди. Қоронғи тунда душманнинг деворга нарвон қўйиб, ошиб тушиш хавфи кучайди. Ўн олти ёшида шўхлик билан йигитча кийиниб, чавгон ўйнаб юрган Хонзода бегим энди чинакамига қуролланиб, ҳаёт-мамотлари қил устида турган қалъа ҳимоячиларига кўмакка боряпти.
Қуюқ қоронғиликда отларнинг тақалари кўча тошларига урилиб учқун чиқаради. Ҳаводан ёмғир ҳиди келади, майин шабада эсади. Мавлоно Фазлиддин баҳор кирганини, қалъа ичидаги боғчаларда ўрик ва бодом гуллаганини эслади ва атрофига синчиклаб қаради, аммо биронта оқарган нарса кўзига чалинмади. Тун бутун борлиққа қоп-қора парда тортиб қўйган эди.

Мавлоно Фазлиддин мана шу шаҳарда қурмоқчи бўлган мадраса ва сарой тарҳини Хонзода бегимга кўрсатиб, унинг мақтовини эшитган ёруғ кунларини эслади-ю, юрагини армон ғижимлаб ўтди. Бобур Самарқандни олгани ҳақида хабар келгандан кейин мавлоно Фазлиддин орзуси энди амалга ошишига астойдил ишонган эди. Хонзода бегим ҳам уни бир неча марта ўз ҳузурига чақириб, бўлажак қурилишларга қаердан ўрин танлаш ва тайёргарлик ишларини қандай бошлаш ҳақида узоқ-узоқ гаплашган эди.
Аркдан чиққан отлиқлар қоронғида тусмол билан қалъанинг Мирзо дарвозаси томонга борар эканлар, мавлоно Фазлиддин олдинда хомуш кетаётган Хонзода бегимнинг ўша суҳбатлар пайтидаги маъсум ва шод қиёфасини эслай бошлади.
Одатда Хонзода бегим уни канизлари билан истиқомат қиладиган олти хоналик сиркор уйнинг ташқи бўлмасида қабул қилар эди. Бегим эркаклар билан гаплашганда махсус ишланган ипак парданинг ортида ўлтиради. Лойиҳанинг баъзи жойларини сўз билан изоҳлаш мушкул бўлиб қолса, Хонзода бегим орадаги пардани очиб:
— Қани, гумбаз билан миноралар орасида нелар бўлур? — деб сўрайди.
Улар иккови икки томондан қоғоз устига энгашганларида гоҳ нафаслари бир-бирлариникига қўшилиб кетгандай бўлади. Мавлоно Фазлиддин Ўшда, қоятош устида би-ринчи марта бошдан кечирган ажойиб туйғу яна борлиғини маст қилади. У ишдан бошқа нарса ҳақида гап очишга қўрқади, атрофларида юрадиган канизларга ҳаяжонини сездирмасликка тиришади. Қутлуғ Нигор хоним дуч келиб қолса, эгилиб таъзим қилиш билан кўзини ундан яширади. Бироқ сўнгги марта учрашганларида Хонзода бегимнинг ўзи тўсатдан:
— Мавлоно, нечун шу ёшгача уйланмагансиз?— деб сўраб қолди.
Қиз асилзодаларга хос бир назокат билан ўзини эркин тутиб кулимсираётган бўлса ҳам, кўзининг ҳаёдан ялтиллаб кетганини мавлоно Фазлиддин пайқади. Мавлоно сири очилиб қолишидан қўрқиб, ҳазил билан қутулмоқчи бўлди:
— Бегим, фақир дунёдан тоқ ўтмоқчимен.
— Менга ўхшабми?
— Йўқ, бегимнинг тоқ ўтишларига ақлим бовар қилмайдир.
— Не сабабдан?
— Ахир сиз… бу дунёда… не-не шаҳзодалар, асилзодалар бор.
— Бўлса бордир. Аммо мавлоно ўзлари билган шаҳзодаю асилзодаларнинг қайси бирига… мени муносиб кўрурлар?
— Агар бўлса, фақат Фарҳодни сизга муносиб кўрур эдим.
— Нечун фақат Фарҳодни?
Мавлоно жавоб тополмай тараддудланган эди, Хонзода бегим яна савол берди:
— Фарҳод ҳам сиздек меъмору бинокор бўлгани учундир?
— Бундай дейишга фақирнинг ҳаддим сиғмайдир.
Мавлоно маъюс бўлиб айтган бу сўзлар Хонзода бегимни ҳам маъюслантириб қўйди. У оғир тин олди-да:
— Худойим мени нега шоҳ қизи қилиб яратди экан?— деди. — Мен ҳам фақир бир қиз бўлсам, бахтимни топишим балки осонроқ бўлур эди…
Мавлоно Фазлиддин бегимнинг бу сўзларини ҳар эслаганда кўнгли бир даража кўтарилади.
Демак, Хонзода бегим унинг муҳаббат дардини билади. Биладигина эмас, балки ўз қалбида унга ҳамдардлик ҳам сезади. Шоҳ қизи билан оддий меъмор орасидаги тоғдай фарқлар бегимни ҳам эзади. Агар Хонзода бегим унга астойдил кўнгил берса, мавлоно бу тўсиқларни енгиб ўтиши мумкин эмасмикан? Ўшда қурган кичик бир ҳужраси учун Бобур мирзо уни шунчалик эъзозлаган эди. Энди агар бу водийда катта обидалар қурса, мавлононинг обрўси баъзи асилзодаларникидан кам бўлмаслиги мумкин. Бобур танти йигит, опасини яхши кўради.
Балки уларга марҳамат кўрсатар. Бундан қатъи назар, мавлононинг меҳрига Хонзода бегимнинг қарши эмаслиги, у билан учрашиб туришга майли борлиги — мана шунинг ўзи ҳам мавлононинг қалбини ҳароратли, ёруғ туйғуларга тўлдириб юрар эди.
Бироқ Андижон қамалда қолгандан кейин мавлононинг орзу-умидларини мана шу тун каби қоронғи зулмат ўз қаърига тортиб кетди. Барча лойиҳалари кераксиз қоғозга айланди. Мавлоно Фазлиддин урушни ҳам, навкарликни ҳам бутун вужуди билан ёмон кўрар эди. Бироқ бугун аркка бориб Самарқанддан келган ёмон хабарни эшитди ва Хонзода бегимнинг қуролланиб чиқаётганини кўрди-ю, лоқайд қараб туролмади. Бу мушкул вазиятда титраб-қалтираб, тақдир зарбасини кутиб ўтиргандан кўра, қурол билан ҳимояга чиқиш яхшироқ эканини сезиб, умрида биринчи марта белига қилич тақди. Мана, ҳозир ваҳимали қоронғиликда сув қуйгандай жимиб ётган шаҳарни оралаб борар экан, бир неча қадам олдинда Хонзода бегим ҳам кетаётгани, мавлоно уни шу навкарлар қатори ҳимоя қилиши мумкинлиги кўнглига бир қадар таскин берарди.
Улар Мирзо дарвозасига яқинлашганларида қалъа ташқарисида бирдан карнай ва нақора чалингани, юзлаб навкарларнинг қичқириқлари эшитилди. Хонзода бегим орқага ўгирилиб:
— Ёғий дарвозани очмоқчи! — деди-ю, отининг бошини қўйди. Бошқалар унинг кетидан от чоптиришди.
Ёвнинг бир қисм кучлари Мирзо дарвозаси қаршисида ғавғо кўтариб, қалъага ёниб турган ўқлар отаёт-ган пайтда бошқа бир гуруҳ навкарлар қалъанинг пана томонига нарвон қўйиб, секин чиқиб келмоқда эдилар. Девор шинакларидан бирида ўтирган қоровул йигит буни сезиб қолди-ю, дарвозахона тепасида машъала ёруғида одамларга иш буюриб турган Хўжа Абдуллага қичқирди:
— Пирим, ёғийлар бу ёқда нарвон қўйиб чиқмоқдалар! Нарвон!!
Хонзода бегим навкарлари билан ўша қоровул турган жойга бориб отдан тушди. Навкарлардан бири машъала ёқди. Унинг ёруғида деворга чиқиладиган зинапоя кўринди. Мавлоно Фазлиддин девор тепасидаги хатарга Хонзода бегим ҳаммадан аввал рўбарў бўлишидан қўрқди-ю, зинапояга биринчи бўлиб қадам қўйди. Шинакка етганларида бегимнинг қўлидаги машъаласини олди:
— Эҳтиёт бўлинг, бегим, ёғийга кўринманг!
Деворга ташқаридан қўйилган кенг нарвонларнинг учлари хиёл чиқиб турар эди. Ёрдамчилар етиб келганидан дадилланган бояги қоровул йигит нарвонлардан бирини икки қўллаб итариб, ағдариб ташлаётган пайтда пастдан зарб билан отилган ёй ўқи унинг кўкрагига қадалди.
Бечора йигитни ушлаб қолишга улгуролмадилар— нарвон билан бирга қалъадан ташқарига учиб кетди.
Шинак атрофига қиррали тошлар тайёрлаб қўйилган эди. Хонзода бегим шу тошлардан бирини икки қўллаб олди-ю, пастга отди. Бошқа навкарлар ҳам нарвон қўйилган жойнинг пастини мўлжаллаб тош ота бошлади. Пастда эшитилган дод-войлар ва инграшларга қараганда, бу тошлар мўлжалга тегмоқда эди.
Шу пайт қалъанинг нариги четида — Хакан дарвозаси томонда қўшкарнайларнинг ғат-ғати, табл ва нақора товушлари, аллакимларнинг ғолибона қичқириқлари эшитилди. Мавлоно Фазлиддин шовқин келаётган томонга қулоқ солиб туриб қўрқиб кетди. Бу галги ғавғо шаҳар ичида кўтарилмоқда эди.
— Бегим, қулоқ солинг! Ёғий қалъага кирганми?
Шаҳар ичидан бу томонга ёпирилиб келаётган шовқиндан Хонзода бегим ҳам сесканиб кетди.
Пастдан Нўён Кўкалдош жон-жаҳди билан қичқирди:
— Бегим, хиёнатчилар Хакан дарвозасини ёғийга очиб бермишлар. Тезроқ аркка қайтинг! Аркка!
Нўён от чоптирганча Мирзо дарвозаси томонга ўтиб кетди. Хонзода бегим зинапоядан пастга чопиб тушар экан, мавлоно Фазлиддин қўлидаги машъала билан унинг изидан югурди. Отга минганларидан кейин Хонзода бегим:
— Машъалани ташланг! — деб буюрди.

Машъала мавлонони ёв ўқига нишон қилиб бериши мумкин эди. Мавлоно Фазлиддин ёниб турган машъалани ерга ташлади-ю, бегим билан бирга аркка қараб от чоптириб кетди.
Аммо улар аркка яқинлашганларида бир неча юз отлиқлар олдиларидан қирқиб чиқдилар ва дарвоза йўлини тўсиб қўйдилар. Қуролли отлиқлар орасида машъала кўтарган навкарлар ҳам бор эди. Машъала ёруғида белига олтин камар боғлаган, дубулға ва жиба кийган Аҳмад Танбал кўринди-ю, мавлоно Фазлиддиннинг борлиғи музлаб кетгандай бўлди. Танбалнинг қўшини Хонзода бегимни ва унинг навкарларини дарҳол қуршовга олди. Аҳмад Танбал ёнидаги навкарга шўх товуш билан гапирди:
— Машъалани яқинроқ тут! Ие, Хонзода бегиммилар? Кўзларимга ишонмаймен! Бегим, бу не ҳол? Нечун мардона кийим кийибсиз?
— Номардлар кўпайиб кетгани учун мардона ки-йиндим!
Танбал бу истеҳзони ўзига олгиси келмай кулди:
— Қўрғонда мардлар қолмаган бўлса, мана, биз келдик, бегим!
Танбалнинг кетида турган Узун Ҳасан бу гапни ёқтириб хахолади. Машъала ёруғи беклар орасида аянчли кулимсираб турган кўсанамо Али Дўстбекка тушди. Бобур Андижонни мана шу одамга ишониб топшириб кетган эди. Али Дўстбек эса Бобурни ўлим тўшагида ётипти, деб эшитиб ундан умидини узган эди. Боя Танбалнинг қўшини Мирзо дарвозасининг олдида жўрттага ғавғо кўтарган, деворга нарвон қўйиб чиқмоқчи бўлганлар ҳам ҳимоячиларни атайлаб чал-ғитган эди. Аҳмад Танбал билан тил бириктирган Али Дўстбек бугун мана шу тўполон пайтида қалъанинг нариги четидаги Хакан дарвозасини ёвга секингина очиб берган эди. Хонзода бегим буни энди фаҳмладию, Дўстбек билан Аҳмад Танбалга нафрати ошиб, жирканиб кўз ташлади:
— Сизларми мардлар?! Сизлар учун мардлик билан хоинликнинг фарқи қолмадими?! Кечагина Бобур мирзога содиқмиз, деб қасамёд этганлар бугун унга шунчалар ёмонлик қилмоқдасиз!
Мен аминмен: эртага сиз Жаҳонгир мирзога ҳам хиёнат қилурсиз!
Аҳмад Танбал қиличининг сопини чангаллаб:
— Ҳаддингиздан ошманг, бегим! — деди. — Бобур мирзо адолатсизлик қилди. Самарқанд олингандан кейин Андижон Жаҳонгир мирзога берилмоғи керак эди. Бобур мирзо бермади! Биз адолат учун жанг қилиб, мана бугун ғалабага эришдик! Аммо сиз шарму ҳаёни унутиб, нечун бизни бунчалик ҳақорат қилмоқдасиз? Шоҳ қизига ярашмайдиган бу қилиқни сизга ким ўргатди? Ёнингиздаги муллоча ўргатдими?!
Аҳмад Танбалнинг ғазабли кўзлари мавлоно Фазлиддинга қадалди. Мавлоно Фазлиддин ҳам унинг кўзларига кўзини қадаб гапирди:
— Бегим шарму ҳаёдан сизу бизга сабоқ беришга қодирлар! Бегимнинг ҳақ сўзларини фақат қаллоблар ҳақорат деб тушунурлар!
— Ким қаллоб? — деб Аҳмад Танбал қиличини суғуриб, мавлонога қараб от чоптирди. Шунда Хонзода бегим отини ниқтаб унинг йўлини тўсиб чиқди:
— Илму ҳунар аҳлига тиғ тортиш уят!
Икковининг отлари бир-бирига урилиб, айқашиб кетди. Аҳмад Танбал қиличини ҳавода ўйнатар экан:
— Бегим, бу муллочани маъшуқалардек ҳимоя қилишлари уят эмасми? — деди. — Биз махфийлардан эшитган эдик, аммо лойиҳа чизиш баҳонаси билан бу муллоча бегимни нечоғлик ром қилганини билмас эканмиз!
Кўпчилик олдида Аҳмад Танбал Хонзода бегимнинг номига доғ туширмоқчи бўлгани Хонзода бегимни шунчалик ғазаблантирдики, у белидан ханжарини суғурди:
— Мени бадном қилолмайсен, аламзада хоин! — деб, бор кучи билан Танбалнинг кўкрагига тиғ урди. Ханжар Аҳмад Танбалнинг тўни тагидан кийган зирҳли жибасига тегдида, жаранглаб, сирғаниб кетди. Аҳмад Танбал қиличини Хонзода бегимнинг тепасида сермади. Қилич зарбидан Хонзода бегимнинг бошидаги бўрки учиб кетди-ю, узун сочлари ёйилиб елкасига тушди.

Шу пайт орқадан ўн тўрт ёшли Жаҳонгир мирзо бир тўп мулозимлари билан келиб қолди. Буни кўрган Дўстбек Аҳмад Танбални огоҳлантирди:
— Аҳмадбек жаноблари, бас, бўлди!
Хонзода бегим ўгай бўлса ҳам ҳар қалай, Жаҳонгир мирзонинг опаси эди, шоҳ қизини кўпчиликнинг олдида сазойи қилишга йўл қўймас эди. Аҳмад Танбал Жаҳонгир мирзо томонга отини бурди ва ўзини оқламоқчи бўлиб гапирди:
— Бу қандай ҳол, амирзодам? Наҳотки эгачингиз сизга қарши қурол кўтариб чиқса? Ёнларидаги фитначи меъмор эгачингизни йўлдан урмиш, амирзодам!
— Мавлоно Фазлиддин сиздек хиёнатчи бекдан минг ҳисса софдил, минг ҳисса олижаноб! — деди Хонзода бегим.— Мавлононинг меъморлик санъати Андижоннинг ифтихори бўлиши мумкин эди. Аммо сиздек қонхўрлар унинг орзуларини увол қилдингиз! Илоҳим шу орзуларнинг уволи тутсин сизни!
Хонзода бегим сўнгги сўзларини йиғлаб айтди-ю, отини қамчилаб, арк дарвозасига қараб интилди. Бироқ дарвозани девордек тўсиб турган навкарлар унга йўл бермадилар. Бегим ёшли кўзлар билан орқага — мавлоно Фазлиддинга ўгирилиб қаради.
Мавлоно Фазлиддин белини пайпаслаб, қиличининг сопини топди-да, уни қинидан уқувсизлик билан суғуриб олиб, Хонзода бегимнинг йўлини тўсган навкарларга қараб ин-тилди. Аммо Аҳмад Танбалнинг отлиқ навкарлари мавлоно Фазлиддиннинг йўлини тўсиб чиқдилар.
Иккитаси мавлоно минган отни жиловидан ушлаб тўхтатди. Бири оғир чўқмор билан мавлононинг билагига уриб, қиличини қўлидан тушириб юборди.
Бу орада Жаҳонгир мирзонинг ишораси билан нариги навкарлар Хонзода бегимга йўл берган эдилар. Бегим ёлғиз ўзи арк дарвозасидан от қўйиб ўтар экан, яна орқага ўгирилиб қаради.
Навкарлар яна девордек бўлиб, дарвоза йўлини тўсиб олган эдилар. Мавлоно Фазлиддин ёв қўлида қолганини сезган бегим ўкириб йиғлади.
Унинг йиғисига фақат дарвозахона шифти бўғиқ бир нидо билан жавоб берди, холос.
Танбалнинг одамлари мавлоно Фазлиддинни отдан тортиб туширдилар ва қўлини орқасига боғлаб, пиёда ҳайдаб кетдилар.

Пиримқул Қодиров

Юлдузли Тунлар

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

От кишнаган оқшом (қисса) 32-қисм

32 Ҳа-е, дедим, пешонада борини кўрамизда-е, дедим. Ҳофиз қассобдан икки кило қўй гўшт олдим. Белбоққинамга тугиб, уйга келдим. Супада чордана қуриб, гўшт нимталадим. Лаҳимни ...

Мeҳробдан чаён-оғача ойим

Гулшан  эшикка  юриб  келиб,  рўймол-лачагини  тузатти  ва  ичкарига  қадам  бости.  Эшик ичкарисида қўл қовиштириб ўлтурган каниз ўрнидан туриб букилди. — Сафо келдилар1. ...

Жодугар ҳинди

4. ЖОДУГАР ҲИНДИ Қайин отасининг оғриған касалидан тузала олмай ва ё тезроқ ўлиб тирикларни қутултирмай «чарлар» балоси билан ўзини ипсиз боғланғани учун сўнг чекда ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400