УСТОЗИМ РАУФ ПАРФИ – “ЭНДИ ҲЕЧ КИМ ШЕЪР ЎҚИМАЙДИ”

Рауф Парфи

Рауф Парфи хонадони там маънода Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг филиали эди дейиш мумкин. Трактор заводи яқинидаги уйнинг биринчи қаватида жойлашган тўрт хонали бу хонадон доимо шоир ва ёзувчилар, рассому санъаткорлар билан гавжум бўларди. Қизғин баҳс мунозаралар,назм ва наво кечалари гоҳо тонггача давом этарди.

Даврада Рауф аканинг ўрни бирибир бўлакча эди. Кўпинча кимдан нима эшитишни у киши сўрар эдилар:

-Қани, Хумийдан (Жамол Сирожиддин) битта янгисини эшитайлик

Ёки:

-Ғуломжон (Ғулом Фатхиддин), бир ўқинг-чи.

-Дадахон (Дадахон Ҳасанов), деразаларни синдирмайдиган даражадаги овозда битта қўшиқ айтинг!,– дердилар

 

 

Гоҳо уйда аёллар бўлмаса:

-Озодлик, аёллар йўқ! Бемалол яйраб ўтириш мумкин, -деб айтардилар. Ичкилик албатта бўларди. Лекин у суҳбат қизиши, хушчақчақлик учун хизмат қиларди, холос. Рауф ака, ўзлари айтганларидек, сал сархушлик даражасига етгач яна дарров асл ҳолларига  қайтардилар.

У давралар биз ёшлар учун, албатта, мактаб эди. Назар Шукур, Аъзам Ўктам, Чори Аваз, Яҳё Тоға, Рауф Субҳон, Баҳодир Ёқубжон, Мухтор Комил, Зебо Мирзаева, Ҳалима Аҳмедова, Фароғат Камол, Аъзам Исмоил, Нурилло Остон ва яна қанчадан-қанча, ҳозир номлари ёдимга келмаётган ёш шоирлар бўларди.

Ёши биздан катта Усмон Азим, Хуршид Даврон, Азим Суюн, Йўлдош Эшбек, Шароф Бошбеков Тоғай Мурод, Эркин Аъзам, Миразиз Аъзам, Азиз Абдураззоқ, Аҳмад Аъзам, Бахтиёр Назаров, Бахтиёр Исабек, Иброҳим Ҳаққул (у киши қўшни яшардилар), Шукур Холмирзаев, Исфандиёр Ҳайдар, Рўзи Чориев, Алишер Мирзаев, Омон Азиз, Азиза Маматова, Нўъмон Раҳимжон  каби кўпдан-кўп шоир, ёзувчи, олим ва рассомлар ташриф буюришиб турарди.Эшик тақилласа ёки қўнғироқ чалинса Рауф ака:

-Яна бир яхши одам келди,-деб пешвоз чиқардилар.

Кўпинча “Қуролланганмисиз” (ичкилик олиб келдингизми демоқчилар-Ч) деб сўрардилар. Дадахон Ҳасанга ўхшаш санъаткорлар келса:

-Ура, раҳбар (харажат қилувчи демоқчилар–Ч) ўз оёғи билан келди,–дердилар.Уйнинг орқа томонидан кичикроқ ариқ оқиб ўтар, атрофлари кўкаламзор эди.   Хонадон ёнидан ўша ариқ бўйига  чиқиладиган оралиқ бор эди. Ёз кунлари ўша ариқ бўйида жой ҳозирлаб ўтирардик. Айниқса, полвон акамиз Турсун Али Муҳаммад қозон осиб, турли хил тансиқ таомлар тайёрлаб берардилар.

Ҳамма шоирлар янги ёзган шеърини Рауф ака олдиларида ўқиб, фикр ва олқиш олишни истардик. Биз ёшлар янги шеър ёзмаган бўлсак устоз олдиларига бормасдик. Чунки ҳамма янги шеър ўқиганда эски шеърни ўқишга рухсат бермасдилар. Албатта, янги шеър ҳақида ўз фикрларини айтар ва ҳатто матнини сўраб олиб,  ишлаб берган пайтлари ҳам бўларди.

Биз Рауф аканинг ўзларидан ҳам янги шеърларини ўқиб беришни сўрардик. У киши ўқигач,  ўз навбатида, биздан фикримизни сўрардилар. Эсимда, “Эй, сиз тўйганлар” деб бошланувчи шеърларини ёзганларида “юзингизга сўзларимни  сепаман” ми  ёки “юзингизга сўзларимни  сочаман”  дейиш тўғрими”  деб ҳаммадан сўраб чиққандилар. Охири “сепаман” сўзини тўғри деб топгандилар. Ҳар бир сўз, ибора, образ устида қаттиқ тортишувлар бўларди. Албатта сиёсат ҳақида  ҳам гапириларди. СССР деган давлат бир кунда парчаланиб кетиши мумкинлиги ҳақида ишонч билан гапирардилар.

Ўзбекистон Мустақил давлатга айланиши, Давлат тили ўзбек тили бўлиши, дин эркинлиги қарор топиши каби мавзуларда гапириб,  бизнинг тасаввуримизни парчалаб ташлардилар. Давлат идораларида ишлайдиган баъзи дўстлар бу гаплардан  кейин у хонадондан оёғини узган пайтлар ҳам бўлганди.

Рауф ака туғилган 27 сентябрь куни эса хонага одам сиғмай кетарди. Ҳамма совға-салом кўтариб келиб, Рауф акани қутларди. Рауф ака табрикларни қабул қилиб чуқур таъзим қилардилар  ёки “Елпесе” (Бобомурод Ҳамдамов айтган қўшиқдаги шу сўзни кўп ишлатардилар), ёки “Кўргилик, нима қиламиз энди,  онажонимиз туққан экан”, “чидаймиз мақтовларга” қабилидаги гапларни айтардилар.Табриклаётган одамга “яхшиси  битта шеър ўқинг, мен учун энг катта табрик шу бўлади” дердилар.

Ана шундай туғилган кунларнинг  бирида, 1980 йил эди чамамда. Ҳамма бир бошдан табрик сўзлари айтди. Навбат ажойиб шоир Йўлдош Эшбекка келганда “Ёнаётган аёл” деган янги ёзилган шеърларини ўқидилар.Ўша пайтда Мустақиллик олди кўп ўзбек аёллари турмуш қийинчиликлари,пахта сиёсатига бардош бера олмай ўзига ўт қўя бошлаган эди. Бу ҳаммамизнинг  дардимиз эди. Йўлдош ака ўзларига хос бахшиёна жарангдор овозда шеърни ёддан берилиб ўқидилар.Ҳамма жим қолди. Шеър ҳам каттагина эди. Охирги сатрлари шундай тугарди:

Ёнаётган аёл ёндир дунёни!

Шеър ўқиб бўлингач ҳамма сукут сақларди. Барча ўз ўй-хаёлларига берилган, ичида ўзбек аёллари тақдирига ачиниш ҳисси туғён қилганди. Шунда Рауф ака:

-Бўлди! Энди бошқа ҳеч ким бугун шеър ўқимайди. Шу шеърни ҳазм қилиб олайлик,- дедилар.

Шоирларнинг бу гапга кўнишдан бошқа иложлари қолмаганди.

Менимча Рауф ака тўғри йўл тутгандилар. Ўша кун даврадаги шоирларнинг бирортаси бу шеърдан ўтказиб шеър ёзиб келмаганди. Бу- ўша   шоирларнинг кейинги сафар Рауф ака хонадонларига келиб, ўз шеърларини ўқиганида маълум бўлганди.

(Давомини ўқинг)

(Аввалги қисмини ўқинг)

 

Муаллиф: ЧОРШАМЪ

 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Мeҳробдан чаён-“фотиҳа — муҳри худодир”

Махдум чувирлашиб ўқуб ётқан болаларға тўхталиш ишоратини бериб, ўзи ирғиб ўрнидан турди  ва  шошқанча  мактабхонадан  чиқиб,  саҳн  ўртасида  турған  икки  нафар  машҳур  ...

Жонсўз бир хабар ва қўрқунч бир кeч

12. ЖОНСЎЗ БИР ХАБАР ВА ҚЎРҚУНЧ БИР КEЧ Агар олған ҳисобимиз тўғри чиқса, бу гал унинг Марғилонға қуруқ қатнаб юришининг еттинчи қайтаси эди. 1267-инчи йилнинг кузи — бу ...

Ҳайбаракалла! (ҳажвия)

Муаллиф: Бахтиёр Темур Қойил эмасман лекин шу Зиё Шокирга ҳам! Шеърингизнинг ярми гап деб, муҳокамага қўймади асаримни. Ҳой, инсон, ахир бу янги жанр - “Ҳайбаракалла”! Ҳали ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400