19 август куни Индонезиянинг Жакарта шаҳрида 18-Осиё ўйинларининг асосий спорт мусобақаларига старт берилди.

Спортнинг 7 турида иштирок этган Ўзбекистон вакиллари якунда 3 медалга, 1 олтин ва 2 бронзага эга бўлишди. Бу медалларнинг барчаси эркин кураш жамоаси аъзолари томонидан келтирилди: Бекзод Абдураҳмонов (74 кг) олтин медални қўлга киритган бўлса, Магомед Ибрагимов (97 кг) ва Сирожиддин Ҳасанов (65 кг) бронза медалларга сазовор бўлишди.
Академик эшкак эшиш, сузиш ва қиличбозлик турларида шу куни ўзбекистонлик спортчилар медалларни қўлга кирита олишмади.
Теннисчилар эса биринчи раунддан ўтишди – Оқгул Омонмуродова ва Санжар Файзиев жуфтлиги мусобақани ғалаба билан бошлади. Ўзбекистонлик теннисчилар жуфтлиги Шри-Ланка терма жамоаси аъзолари Диссанаяки/Кирерага қарши кортга чиқиб, 6:4, 6:3 ҳисобида зафар қучишди.
Ирода Тўлаганова ва Фаррух Дўстовдан таркиб топган аралаш жуфтлик эса Хитой Тайпейи теннисчилари Чанг/Хсиех тандемига мағлуб бўлишди – 1:6, 4:6.
Футбол бўйича олимпия терма жамоаси эса гуруҳ баҳсининг учинчи турида Таиланд термасини 1:0 ҳисобида мағлуб этди ва гуруҳда 100 фоизлик натижа қайд этган ҳолда нимчорак финалга йўл олди.