АҚШнинг Туркиядаги элчихонаси ўққа тутилди. Бу ҳақда 20 августда CNN Türk телеканали маълум қилди.
Маълумотларга кўра, воқеа 20 август маҳаллий вақт билан тахминан соат 05.00да содир бўлган. Анқарадаги элчихона оқ рангдаги енгил автомобилдаги номаълум шахслар томондан ўққа тутилган. Элчихона томон 4-5 ўқ узилган. Ҳужум оқибатида ҳеч ким жабрланмаган.
Босқинчилар воқеа жойидан яширинишган. Айни вақтда улар полиция томонидан қидирилмоқда.
«Биз АҚШ элчихонасида хавфсизлик қоидалари бузилиши билан боғлиқ ҳолат рўй берганини тасдиқлаймиз. Бизда ҳозирча кимдир жароҳатлангани ҳақида маълумот йўқ. Ҳодиса тафсилотларини ўрганамиз. Биз Туркия миллий полициясининг бу ҳолатга тезкор муносабатидан миннатдормиз», деган элчихона вакили Дэвид Гейнер.
Элчихона шу ҳафтада Қурбон ҳайити муносабати билан ёпиб қўйилганди.
Қайд этиш керакки, ушбу ҳужум Туркия ва АҚШ муносабатлари ёмонлашуви фонида рўй бермоқда.