Австралия Иттифоқи

АВСТРАЛИЯ, Австралия Иттифоқи (Commonwealth of Australia)— Жануби ярим шардаги давлат, Австралия материги, Тасмания ороли ва бошқа оролларда жойлашган. Майдони 7,682 млн. км2. Ахолиси 19 млн. киши (1999). Пойтахти — Канберра шаҳри.

Давлат тузуми:

Австралия— Буюк Британия бошчилигидаги Ҳамдўстлик таркибига кирувчи федерал давлат. Австралиянинг амалдаги Конституцияси 1901 йилда қабул қилинган.

Давлат тузилиши шакли жиҳатидан — федерация.

Давлат бошлиғи — Буюк Британия қироли (қироличаси), генерал-губернатор унинг вакили ҳисобланади.

Конун чиқарувчи ҳокимият икки палата-ли (вакиллар палатаси ва сенат) федерал парламент. Вакиллар палатаси (қуйи палата) 3 йил муддатга, сенат (юқори палата) депутатлари ҳар бир штатдан 6 йил муддатга сайланади. Сенат таркибининг ярми ҳар 3 йилда янгиланади. Генерал-губернатор ва бош вазир бошчилик қиладиган ҳукумат ижроия ҳокимиятни амалга оширади. Австралиянинг ҳар бир штати ўз конституцияси, парламенти ва ҳукуматига эга; штатларнинг ҳуқуқлари чекланган.

Австралия материги ҳақида ўқинг

Аҳолиси:

Австралия ҳозирги аҳолисининг асосий қисми — Британия оролларидан кўчиб келганларнинг авлодлари — инглизлар, ирландлар, шотландлар бўлиб, улар австралияликлар миллатини ташкил этади. Туб жой аҳоли ва дурагайлар Австралия аҳолисининг 1,5% ни ташкил этади; украинлар, итальянлар, немислар, греклар, голландлар ва бошқа ҳам яшайди. Бир неча юз ўзбек бор. Расмий тили — инглиз тили. Аҳолининг ўртача зичлиги — 1 км2 га салкам 2 киши. Аҳолининг 80% га яқини материкнинг шарқий ва жануби-шарқий соҳилида истиқомат қилади; аҳолининг — 2/3 қисми йирик шаҳарларда яшайди. Энг йирик шаҳарлари: Сидней, Мельбурн, Брисбен, Аделаида, Перт.

Тарихи:

18-асргача Австралия аборигенлари ибтидоий жамоа тузуми шароитида яшаган. Европаликлардан биринчи бўлиб материкка голланд денгиз сайёҳлари В. Янсзон (1606) ва Абель Тасман (1642) келганлар. Янги қитъани ўрганиш учун Англия бир неча экспедиция, жумладан Ж. Кук раҳбарлигидаги экспедицияни юборди (1770). 1788 йилда Австралия Англия ҳудуди деб эълон қилинди. 19-асрнинг 20-йилларидан бошлаб Австралияда қўйчилик ривожланди, 30-йилларда дастлабки саноат корхоналари пайдо бўлди.

19-асрнинг 2-ярмидаги «олтин талвасаси» (1851—61) муносабати билан кўчиб келувчилар анча кўпайди. Англия ҳукумати Австралиядаги мустамлакаларда бошланган кенг халқ ҳаракати (олтин изловчиларнинг 1854 йилдаги Эврика қўзғолони ва бошқа исёнлар) тазйиқи остида 1855 йилда уларнинг кўпчилигига ўзини ўзи бошқариш хуқуқини беришга мажбур бўлди. 1901 йил Австралиядаги мустамлакалар 6 штатдан иборат федерацияга — Австралия Иттифоқига бирлаштирилди ва у доминион мақомини одди. 1906 йилда унга Британиянинг Папуа мустамлакаси (Янги Гвинея оролининг жануби-шарқий қисми), 1-жаҳон урушидан кейин эса (бу урушда Австралия қўшинлари Британия армияси таркибида жанг қилди) Германиянинг собиқ Янги Гвинея мустамлакаси (Янги Гвинея оролининг шимолий-шарқий қисми) ва Науру ороли (Миллатлар Иттифоқи мандати остидаги ҳудуд сифатида) берилди. 2-жаҳон уруши вақтида Австралия гитлерчиларга қарши коалиция тарафида ҳаракат қилди. 1945 йилдан Австралия— БМТ аъзоси. Урушдан кейин Австралия Буюк Британия бошчилигидаги Ҳамдўстлик таркибида қолган ҳолда мустақил давлатга айланди.

Урушдан кейин деярли доимо ҳокимият тепасида буржуа партиялари — либерал ва аграр (1975 йилдан миллий аграр) партиялари коалицияси бўлди. Фақат 1949 йилгача, 1972-75 йилларда ва 1983 йилда ҳукуматни лейбористлар тузди. Бу партия ташқи ва ички сиёсатда мустақил йўлдан бориш учун бир қанча тадбирларни амалга оширди. Австралия ҳукумати Науру (1968) ва Папуа Янги Гвинея (1975) га мустақиллик беришга мажбур бўлди.

1991 йилда Австралия билан Ўзбекистон Республикаси ўртасида дипломатия муносабатлари ўрнатилган.

Миллий байрами — Австралия куни (26 январь).

Сиёсий партия ва касаба уюшмалари. Австралия миллий партияси, 1916 йилда ташкил этилган;

Австралия либерал партияси, 1944 йилда тузилган; Австралия лейбористлар партияси, 1891 йилда ташкил этилган;

Австралия демократ-лари партияси, 1977 йилда ташкил этилган.

Австралия касаба уюшмалари кенгаши 1927 йилда тузилган. Халқаро эркин касаба уюшмалари конфедерациясига киради.

 

Хўжалиги:

Австралия— юксак даражада ривожланган индустриал аграр мамлакат. Иқтисодиётда йирик монополиялар ҳукмрон, хорижий сармоя, асосан АҚШ ва Буюк Британия сармояси катта мавқега эга  Австралия темир руда, боксит, рутил, қўрғошин, жун, шакарқамиш маҳсулоти экспорт қилиш соҳасида етакчи ўринда, 106 кўмир, рух, мис, марганец, буғдой, гўшт экспорт қилишда олдинги ўринлардан бирида туради.

Саноати: Австралия саноати ялпи миллий маҳсулотнинг 30% ни беради. Унинг асосий тармоқлари: кончилик, металлургия, кимё, машинасозлик, озиқ-овқат, енгил саноат. Асосий энергетика ресурслари — кўмир ва табиий газ Иссиқлик электр станциялари электр энергиянинг 80% га яқинини ҳосил қилиб беради. 1994—95 йил 155 млрд. кВт-с электр энергияси ҳосил қилинган. Энг катта темир руда ҳавзаси — Ғарбий Австралиядаги Пилбара кони, рангли металл рудалари, асосан Брокен-Хилл (Янги Жануби Уэльс) ва Маунт-Айза (Квинсленд), бокситлар Уэйпа кони (Квинсленд) ва Гов (Шимолий ҳудуд)дан қазиб олинади. 1994—95 йил 111 млн. тонна темир рудаси, 202 млн. тонна тошкўмир, 32,9 млн. тонна нефть, 20,7 млрд. куб-метр табиий газ, 256 тонна олтин қазиб олинган.

Саноатда машинасозлик, металлургия, кимё, нефть кимёси (олтин-гугурт кислотаси, минерал ўғитлар) ва нефтни қайта ишлаш тармоқлари устунлик қилади. 1994—95 йил 6,2 млн. тонна пўлат, 237 минг тонна мис, 211 минг тонна қалай, 1,2 млн. тонна алюминий ва 360 мингга яқин автомобиль ишлаб чиқарилган. Озиқ-овқат саноати кўпроқ экспортга (гўшт, ун, қанд-шакар, сариёғ-пишлоқ, пиво, вино) мосланган.

Тўқимачилик, тикувчилик, пойабзал корхоналари бор. Асосий саноат марказлари: Сидней, Мельбурн, Брисбен, Аделаида, Перт. Вуллогонг — Порт-Кембла, Ньюкасл, Жилонг, Куинана порт-саноат мажмуалари шаклланган.

Қишлоқ хўжалиги: Австралия — йирик ер эгалиги мамлакати. Фойдаланиладиган ер-ларнинг 80% дан ортиғи йирик ер эгалари қўлида. Фермалар сертоварлиги, механизациялашуви ва ихтисослашуви билан ажралиб туради. Қишлоқ ҳўжалиги маҳсулоти қийматининг 60% дан кўпроғини чорвачилик беради.

Қўйлар 174 млн., қорамол — 24,1 млн. бошни ташкил этади. Қўйчиликнинг асосий районлари — жануби-шарқий ва жануби-ғарбий соҳил; сут етиштирувчи район жануби-шарқий соҳил, гўшт етиштирувчи район мамлакат шарқи ва шимоли. Салкам 15 млн. гектарга экин экилади, шундан 1,5 млн. гектари суғорилади. Асосий экинлар — буғдой (ҳосили йил ига ўртача 14,3 млн. тонна) ва шакарқамиш, шунингдек арпа, сули, супурги, жўхори, шоли, маккажўхори, картошка, пахта, тамаки, узум, мевали дарахтлар. Бир йилда ўртача 3,7 млн. тонна шакар хом ашёси, 3,7 млн. тонна гўшт, 720 минг тонна жун етиштиради.

 

Транспорти:1996 йилда автомобиль йўллари 900 минг км, жумладан қаттиқ қопламали йўллар — 420 минг км, темир йўл— 40,6 минг км ни ташкил қилди. Асосий денгиз портлари — Сидней, Мельбурн, ихтисослаштирилган портлар — Порт-Хедленд, Дампир (темир руда жўнатиш).

Халқаро аэропортлари: Сидней, Мель-бурн, Перт, Дарвин. Ташқи савдоси. Экспортда қишлоқ хҳжалиги маҳсулотининг улуши 30%, минерал хом ашё 27,8% ва тайёр саноат маҳсулотлари 20% ни ташкил этади. Тайёр истеъмол моллари, асбоб-ускуналар, нефть чет элдан келтирилади. Асосан Япония, АҚШ, Буюк Британия билан савдо-сотиқ қилади.

Пул бирлиги — Австралия доллари.

Тиббий хизмати: Давлат касалхона-ларидан ташқари тиббий хизмат асосан хусусий шифокорлар томонидан кўрсатилади. Шифокорлар сони 18 минг (721 кишига 1 шифокор). Шифокорларни университетларнинг 8 тиббиёт факультети тайёрлайди.

Маорифи, илмий ва маданий-маърифий муассасалари. Австралияда болаларга 6 ёшдан 15 ёки 16 ёшгача (ҳар бир штатда ҳар хил) мажбурий таълим берилади. Туб жой аҳолининг 40% саводсиз. Давлатга ва хусусий шахсларга карашли мактаблар бор. Олий таълим — пулли. Австралияда 26 университет, 35 коллеж бор. Энг йирик олий ўқув юртлари: Сидней, Аделаида, Мельбурн университетлари, Аделаида, Мельбурн техника институтлари. Бир қанча академиялар, шу жумладан Австралия ФА, и.т. институтлари ва илмий жамиятлар бор. Энг йирик кутубхоналар: Канберрадаги Миллий кутубхона, Сидней университети кутубхонаси ва бошқа

Музейлар: Австралия музейи (Сидней), Виктория штатининг Миллий галереяси (Мельбурн) ва бошқалар.

Матбуоти, радиоэшиттириши, телекўрсатуви. Австралияда 70 дан кўпроқ кундалик газета (10 асосий газетанинг тиражи — 5 млн. нусхадан зиёд) ва 592 бошқа даврий нашрлар чиқади. Кундалик «Геральдсан ньюс пикториал» («Хабарнома — Қуёш», 1990 йилдан), «Сидней морнинг геральд» («Сидней тонг хабарномаси», 1831 йилдан) энг салмоқли газеталар ҳисобланади. Асосий ахборот агентлиги — Острэлиан ассошиэйтед пресс (1935 йилда асос солинган). 100 радиостанция ва 85 телемарказ ишлайди. «Эй-биси» ва «Эй-би-эс» умуммиллий телерадио-эшиттириш компанияси мавжуд. Радио-эшиттиришлар 1923 йилда, телекўрсатувлар 1956 йилдан йўлга қўйилган.

Адабиёти:

Австралия адабиёти инглиз тилида (аборигенларнинг ўз ёзуви йўқ). 19-асрнинг 1-ярмида метрополия адабиёти таъсирида ривожланди. Миллий реалистик адабиёт 90-йиллардаги ижтимоий-сиёсий юксалиш муҳитида юзага келди. Унга Т. Коллинз, X. Лоусон ва бошқалар асос солди. 1-жаҳон уруши воқеалари Австралия адабиётининг янада равнақ топишига кўмаклашди. Бу давр асарларида жабр-зулм фош қилинди, аборигенларнинг фожиаси акс эттирилди (К. С. Причард, X. X. Ричардсон, Э. В. Палмер, К. Тен-нант, Б. Пентон ва бошқалар). А. Маршалл, Ж. Моррисон прозасида, Б. Адамсон, М. Гилмор поэзиясида жамият нуқсонлари танқид қилинди, миллий мустақиллик ғоялари тараннум этилди. Ирқий камситиш адибларнинг муҳим мавзуидир. Бунга Ф. Б. Викерснинг «Сароб» (1955), Д. Кьюзекнинг «Қувғиндаги қуёш» (1955) ва «Қора чақмоқ» (1964), Г. Кейсининг «Сноубол» (1958), Д. Стюартнинг «Йен-ди» (1959), М. Дьюрекнинг «Уни сақла, она юртим» (1955) асарлари ва бошқа асарлар мисол бўлади. Драматургияда ҳозирги замон муаммоларига мурожаат этилган: Австралия Тернер, С. Локк-Эллиот, К. Данкан, Д. Кьюзек, О. Грей, Р. Лоулер, М. Брэнд пьесалари. Меъморлиги. Австралияда меъморлик 18-аср охирларида инглиз классицизми ва янги готикаси руҳида ривожлана бошлади.

19-асрнинг 2-ярмидан Сидней, Мельбурн, Брисбен, Аделаида шаҳарларида тўғри бурчакли кўп қаватли уйлар қурилди. 20-асрнинг 20-йилларидан Австралия меъморлигида янги оқимлар, асосан конструктивизм ёйила бошлади (пойтахт Канберра, 1913— 1927, меъмор У. Гриффин). Замонавий иншоотлар орасида Сиднейдаги опера театри (меъмор Г. Зайдлер), Мельбурндаги олимпиада стадиони (1956) ва бошқа диққатга сазовор. Тасвирий санъати. Австралия бадиий маданияти икки илк асосга эгавстралия Уларнинг бири аборигенлар санъати (ўймакорлик, бумерангларга нақш солиш, ғорлардаги қоя тошларда инсон қиёфасини тасвирлаш), иккинчиси — европача маданият.

18-асрнинг охири — 19-асрнинг бошларида Австралия табиатининг айнан аниқ тасвири, ҳажвий графика (С.Т.Хилл) пайдо бўлди. 19-асрохири — 20-асрнинг бошларида ҳаётий рангтасвир миллий мактаби ривожланди (рассомлар Ж. У. Ламберт, Ф. Мак-Кабин, Н. Кунихон, ҳайкалтарош П. Дадсуэль). 20-асрнинг 40-йилларида аборигенларнинг янги санъати вужудга келди (Наматжир ва Парерулья оилалари).

Мусиқаси: Австралия туб жой аҳолисининг мусиқий халқ ижодиёти оддий усуллар жўрлигида рақсга тушиб, қўшиқ айтишдан иборат: чолғу асбоблари — қайроқ, довул, дижериду ва ш.к. 18-аср охирларидан европача мусиқа расм бўла бош-лади. 1847 йилда Сиднейда Австралия Натаннинг «Австрия Дон Жони» деган биринчи Австралия операси саҳналаштирилди. Аделаида, Мельбурн, Сидней, Брисбен, Канберра, Хобартда консерваториялар бор. Австралия мусиқа арбоблари — композиторлардан А. Хилл, Ж. Антил, А. Бенжамин, дирижёр Б. Хейнце, скрипкачи Б. Кимбер, хо-нандалар Н. Мелба, X. Блейр ва бошқалар.

Театри: Австралияда дастлабки спектакллар 18-асрнинг 80-йилларида кўчиб келган европаликлар томонидан қўйилган. 19-асрнинг 30—40-йилларида Сидней ва бошқа шаҳарларда доимий ишловчи театрлар барпо этилди. Миллий театрнинг шаклланишида 20-асрнинг 10—30-йилларида адабий-театр бирлашмалари кўмак берди, улар асосан мамлакатда яратилган пьесаларни саҳналаштирдилар (К. С. Причард, Л. Эссон, У. Мур, К. Уотсон). Австралиянинг «Одд тоут», «Индепендент тиэтр» етакчи миллий театрлари тижорат театрларига («Тивали» ва бошқа) қарама-қарши туради. Янги театрлар деб аталган ярим профессионал театрлар ҳам ишлаб турибди.

Киноси: Мамлакатда кино ишлаб чиқариш 1900-йилда бошланди. 70-йилларда Австралия кинони ривожлантириш федерацияси тузидди. Ҳужжатли кино оммалашган. Мельбурндаги Давлат илмий ва саноат тадқиқотлари ташкилоти илмий фильмлар чиқаради.

Манба:ЎзМЭ

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Швеция суди гулнора каримовадан айбловни олиб ташлади

Швеция суди бугун Telia Company телекоммуникация оператори собиқ раҳбари Ларс Нибергни компаниянинг Ўзбекистон бозорига киришдаги коррупция ҳолатига алоқаси йўқ деб топди. Бу ...

Ўзбекистонда “muslim тv” интернет телеканали иш бошлади

Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан муборак Рамазон ойида "Muslim ТV" интернет телеканали йўлга қўйилди. Бу ҳақда диний идора матбуот хизмати хабар берди. (more…)

Уруш бошланганидан бери украинага хорижий кемалар илк марта келди

Россия Украинага бостириб кирганидан бери биринчи марта хориж кемалари дон маҳсулотларини юклаб кетиш учун Украина портларига келди. Бу ҳақда Украинанинг ҳарбий-денгиз ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400