Юлдузли тунлар-24

3

Устма-уст ёққан баҳор ёмғирлари йўлларини балчиқ қилиб юборган. Андижонда юз берган даҳшатлар хабарини тезроқ Самарқандга етказиш учун лой сачратиб, от чоптириб бораётган Тоҳир энди Қувага яқинлашди. Агар Бобур мирзо тузалган бўлса-ю, Андижонга ишониб, Самарқандни ташлаб чиқса, аҳвол ҳозиргидан баттар бўлиши мумкин. Тоҳир шуни ўйлаб, тагидаги бедовни қистайди. Аммо от қанчалик зўр ва чопқир бўлмасин, тиззага чиқадиган лой унинг йўлини боғлайди, тинкасини қуритади. Чопиб келаётган от балчиққа йиқилиб тушади-ю, қайтиб туролмасдан, бурнидан қон келиб, жон беради. Тоҳир уни йўл устида қолдириб, эгар-юганларини олади-ю, Қувадан бошқа от топади. Аммо бир кун юрмасдан бу от ҳам ҳолдан кетиб йиқилади. Нарёқда Хўжанд, Жиззах — яна ўн кунлик йўл… Тоҳир осмонда учиб бораётган қушларга ҳавас ва армон билан қарайди.

* * *

Бироқ Тоҳир қуш бўлиб учганда ҳам энди Бобурни Самарқанддан тополмас эди. Бобур хасталик тўшагидан турган заҳоти онаси ва устозини қутқаришга шошилиб, Самарқандни аллақачон ташлаб чиққан эди. Унга келган ахборотларга биноан, Андижон қамали ҳали узоқ давом этиши керак бўлиб, бир йилга етарли захира бор эди. Шунчалик абгорлиги билан Самарқанд етти ойлик қамалга чидаганда ўн икки минг қўйи бор Андижон қўрғони Хўжа Абдулладай довюрак одам раҳбарлигида ҳали беш-олти ой «қилт» этмай туриши шубҳасиз туюларди. Шу туйғу билан мингга яқин одамларнинг ҳаммасини Самарқанддан олиб келаётган Бобур Булунғур ва Халилия* қишлоқларидан ўтиб, Сангзор дарёсига яқинлашиб қолган эди.
Оғир хасталикдан яқинда турган Бобур яна узликиб қолмаслиги учун уни тўрт отлиқ маҳофага ўтказганлар, тагига юмшоқ парқулар солганлар. Маҳофанинг эшик ва деразаларига осилган қизғиш ипак пардалар йўлнинг ўнқир-чўнқирларида аланга тилларидай муттасил силкиниб ўйнаб боради. Пар ёстиққа ёнбошлаб ўтирган Бобур ҳар замонда бир ўрнидан қўзғалиб, маҳофанинг орқа томонидаги пардани кўтаради-ю, узоқларга тикилиб қарайди.
Унинг қўшинидан беш-олти чақирим орқада яна бир маҳофа келмоқда эди. Бир талай отлиқлар қўриқлаб бораётган бу кўркам маҳофада Бобурнинг холаси Меҳр Нигор хоним ва қаллиғи Ойиша бегим сафар қилмоқдалар. Бобур Самарқандни ташлаб кетмоқчи эканидан Бухородаги Султон Али мирзо аллақачон хабар топган ва пойтахтни дарҳол эгаллаш учун Шаҳрисабзга келиб шайланиб турар эди. Бобур ўз рақиби Султон Али мирзодан яхшилик кутмас ва қаллиғини унинг қўли остида қолдиргиси келмас эди. Бир вақтлар Бойсунқур мирзодан қаттиқ жабр кўрган Меҳр Нигор хоним ва Ойиша бегимлар ҳам эндиги хавф-хатарлардан тезроқ қутулгилари келар эди. Ҳозир улар учун энг бехатар жой — Тошкент эди. Тошкент хони Маҳмудхон — Меҳр Нигор хонимнинг акаси, Ойиша бегимнинг опаси Розия Султон бегим ҳам Тошкентга, Маҳмудхонга тушган. Тошкент йўли Жиззахгача Андижон йўли билан бир. Мана шу сабабларга кўра Бобур холаси ва қаллиғини бутун одамларию кўч-кўронлари билан бирга қўриқлаб олиб кетмоқда эди. Фақат урф-одатни бузмаслик учун куёв билан қаллиқ орасида беш-олти чақиримлик масофа қолдириб, икки тўп бўлиб бормоқда эдилар. Кечқурун Сангзордан ўтиб, кўм-кўк адирларда тунаш учун тўхтаганларида ҳам ўша масофани сақлаб, икки жойга чодир ва ўтов тикдилар.
Ёнбағирларда лолалар очилган. Ҳаво ниҳоятда ёқимли. Бобур майин кўкат устига қадам қўйганда ўзини хийла енгил сезди.
Самарқанддан чиқаётганда вужудини зилдай босиб ётган ғам-ғуссалар энди аста-секин тарқаб кетаётгандай туюлди. Пойтахтни шунча машаққатлар билан олиб, охири ўз ихтиёри билан бошқага қолдириб кетиши унга сўнгги йилларда қилган барча ҳаракатларини беҳуда кўрсатиб, таъбини тирриқ қилган эди. Ҳозир мана бу кўклам адирларда яйраб нафас олар экан, у онаси ва устозини қутқариш ниятида кетаётганини, бунда бир олижаноблик борлигини, қаллиғини асоратдан қўриқлаб олиб бораётгани ҳам мардликдан эканини ўйлади-ю, кўнгли бир қадар
таскин топди.
Темур дарвозаси деб аталган улуғвор тангидан ўтганларидан кейин Бобур маҳофанинг эшигини очиб, мирохўр*ни чақиртирди.
Мирохўр маҳофага жипс келганда:
— Б-б-бўз о-о-отимни кел-т-т-тиринг, — деб буюрди.
У соғайиб кетгандай кўринса ҳам, аммо ҳали тилида ўша оғир хасталикнинг асорати бор эди.
Унинг дудуқланиб гапиришидан хавотирланган Қосимбек:
— Амирзодам, от нечук керак? — деди. — Минмоқчиларми?
Бобур яна тили тутилиши мумкинлигини сезиб, тасдиқ маъносида сўзсиз бош ирғади-ю, мирохўрга: «Айтганимни қилинг!» дегандек қаради.
Маҳофа юриб бормоқда эди. Мирохўр:
— Бош устига! — деб отга кетди.
Қосимбек орқароқда келаётган табибни чақиртирди. Калта оқ соқолли ўша жиккак табиб маҳофага ёндашиб, Бобурдан ҳали яна уч-тўрт кун от минмасликни илтимос қилди. Аммо Бобур ўзини яхши ҳис қилмоқда эди:
— Б-бир-пас отл-лиқ юрай!
— Тилингиздан калолат кетмагунча сабр қилинг, амирзодам!
Eгар-жабдуқларидаги олтин безаклари қуёш нурида ялт-ялт қилаётган бўз отни жиловдор етаклаб келди.
Қосимбек унга:
— Қайт! — деди-ю, Бобурга маҳофада тинчгина кетаверишни маслаҳат берди.
У билан табиб Бобурнинг яна узликиб қолишидан астойдил қўрқмоқда эдилар. Аммо Бобур отни орқага етаклаб кетаётган жиловдорга кулиб қаради-ю:
— Йў-йўқ, отни к-келл-тиринг! — деди.
Сўнг Қосимбекка ҳам кулимсираб гапирди:
— Х-ха-во-отир олм-мангиз!
Жиловдор отни яна маҳофа олдига етаклаб келди. Маҳофа тўхтади. Бобур унинг зинасига оёқ қўйиб, бўз отнинг эгаридан олди-ю, бир сакраб отга минди. Жиловдор бундан завқи келиб жилмайди ва жиловнинг учини Бобурнинг қўлига тутқазди.
Қосимбек Бобурни ортдан синчиклаб кузатиб боради, агар унинг беҳол бўлгани сезилса, дарҳол ёрдамга етмоқчи бўлади.
Аммо Жиззахга етиб бордилар ҳамки, от устидаги Бобурнинг беҳол бўлгани сезилмади.
Кичиклигидан от миниб суяги қотган чавандоз сўнгги кунларда сувориликни жуда соғинган эди. Маҳофанинг юмшоқ парқуллари унга хасталик тўшагини эслатарди. Тагидаги бўз отнинг шўх қадам олиши ва соғлом бир қудрат билан ўйноқлаши эса Бобурнинг аъзоларида анчадан бери мудраб ётган ёшлик кучларини уйғотгандай бўларди. У отлиқ юрган сари бадани яйраб, баҳри-дили очилиб борарди.
Жиззахдан наридаги кўкалам адирларга ўтиб тунаш учун тўхтадилар ва икки жойга чодир тикдилар. Бобурнинг бугун отлиқ юргани ва ўзини жуда соғлом сезаётгани ҳақидаги хабар холаси билан қаллиғига ҳам етиб борган эди.
Меҳр Нигор хонимнинг куёвга хола, айни чоқда, қизга она экани совға-салом юбориш ва борди-келди қилиш учун қулай эди. Намозшом пайтида Меҳр Нигор хонимнинг эшик оғаси Бобур мирзога совға олиб келди: чиройли зарбоф тўн, олтин камар, кумуш дастали қимматбаҳо қамчи. Тўн — Бобурнинг тузалиш шодиёнаси. Камар — «куёвнинг бели яна ҳам бақувват бўлсин», деган тилакни билдиради. Қамчи — бугун Бобур отлиқ юргани туфайлимикин? Ёки «Подшоҳ отини қамчилаб, тезроқ Андижонга етсину ёғийларни саваласин!» деган маъноси ҳам бормикин? Нима бўлганда ҳам Бобур бу совғалардан жуда таъсирланиб кетди.
Eртага улар хайрлашишлари керак. Тошкент йўли шимолга бурилиб кетади. Бобур томонидан ҳам совға юборилиши лозим. Бироқ аёлларга ёқадиган қимматбаҳо матолару тақинчоқларни улар қаердан топишади? Ҳаммалари эркаклар. Қўнган жойлари ҳам чўл. Қосимбек шуни Бобурга айтиб:
— Кумуш лаганларда олтин пул юбора қолсакмикин?— деди.
Бобур эса шу лаган ва олтинларни бугун бўш қолган маҳофага солиб юборишни таклиф қилди.
— Маҳофа ҳам совға бўлсинми? Балки эртага ўзингиз маҳофада юрурсиз, амирзодам?
— Ху-худо хоҳл-ласа, юр-масмен. 3-заифалар юрс-синлар.
Сўнгги гапни Бобур буйруқ оҳангида айтди, шунинг учун Қосимбек бошқа эътироз қилолмади.
Eртаси куни эрталаб икки муҳташам маҳофа кўч ортилган туялару аравалари билан бирга шимол томонга бурилиб, Мирзачўл орқали Тошкентга йўл олди.
Бобур ўз қўшинидан юз кишини қўриқчиликка ажратган эди улар ҳам маҳофалар билан бирга узоқлашиб кета бошладилар.
Андижон йўлидан четроқда катта бир қоровултепа кўринди. Бобур ёлғиз ўзи шу тепанинг устига от қўйиб чиқди-да, эгардан тушди. Отининг жиловидан тутганича чексиз чўлда тобора кичрайиб бораётган маҳофаларга анча вақт тикилиб турди. Гўё у шу туришда қаллиғи билан хайрлашди, унга ўз эҳтиромини билдириб, оқ йўл тилаган бўлди.
Бобур юз кун Самарқандда туриб Ойиша бегим билан бирор марта юзма-юз кўришган эмас.
Бунга урф-одат ҳам йўл бермади, ёшлик ҳаёси ҳам монелик қилди. Кўксаройда ёза бошлаган ғазалининг «Не кун бўлғай висолингга мени дил хаста етгаймен» деган сатри эсига тушди. Сўнг от устида кун бўйи йўл юриб бораётиб хаёлан ўша ғазалини давом эттирди:
Муяссар бўлмаса бошимни қўймоқлик оёғига, Бошимни олиб, эй Бобур, оёқ етгунча кетгаймен.
Кечқурун тунаш учун Қўштегирмон деган жойда тўхтаганларида Бобур бу сатрларни қоғозга ёзиб қўйди. Ғазал — шу сатрлар билан тугалланиши керак. Лекин ўртада яна уч-тўртта байт бўлиши керак. Уларни кейинчалик, хотиржамроқ пайтда топмоқчи бўлди.

* * *

Андижонда бўлган воқеалар даҳшати Тоҳир қиёфасига кириб Бобурга тобора яқинлашиб келмоқда эди.
Бобур одамлари билан Новдан ўтганда Тоҳир Қўқондан ўтиб, Ходарвиш чўлига кирди. Бобур чўлларда олти марта тунаб, еттинчи куни кечки пайт Хўжандга етганда қора оти лойга беланган, ўзи таниб бўлмас даражада қорайиб, озиб кетган Тоҳир унинг қаршисидан чиқди.
Бобур ҳамма бек ва навкарлари билан келаётганини кўрган Тоҳир отдан ўзини ерга ташлаб, дод солиб йиғлаб гапирди:
— Нечун Самарқандни ташлаб келдингиз, амирзодам?!
Бобур Андижон қўлдан кетганини эшитди-ю, назарида, бутун борлиқ зилзила ичида қолди, еру кўк чайқалиб силкиниб кетди. Чапда ялтираб кўринган Сирдарё қирғоқларидан тошиб чиқа бошлагандай туюлди.
Дарёдан нарида Хўжанд тоғлари. Бу ердан Андижон нақадар узоқ! Самарқанд нақадар узоқ!
Ўгай тақдир Бобурни бу ерга гўё алдаб олиб келгану бирваракайига Самарқанддан ҳам, Андижондан ҳам маҳрум қилган! Энди унинг ора йўлда муаллақ бўлиб қолганини Андижондаги Аҳмад Танбал ҳам, Самарқанддаги Султон Али мирзо ҳам, Туркистондаги Шайбонийхон ҳам гўё узоқдан кўриб турар эдилару «Боладай алданибди!» деб қаҳ-қаҳ уриб кулар эдилар. Уларнинг кулгилари атрофдаги тоғлардан акс садо бўлиб қайтаётгандай туюлар эди.
Тоҳир Али Дўстбекнинг хиёнат қилиб, дарвозани кечаси очиб берганини, Хўжа Абдулла эса Бобурга садоқати туфайли шу дарвозахонага осиб ўлдирилганини айтганда Бобур ортиқ
бардош қилолмай отига қамчи босди. Қаёққа кетаётганини ўзи ҳам билмас эди. Чанқаган от уни дарёнинг жар бўлиб ётган баланд қирғоғига олиб келди. Бирдан Бобур Ахсида жар қулашидан ҳалок бўлган отасини эслади. Назарида у турган замин ҳам ҳозир қулаб тушмоқда эди. Бобур отини орқага бурди. Лекин орқадаги пасту баланд ерлар ҳам жаҳаннам қаърига қулаб тушаётгандай лопиллаб кўринди.
Бобур отининг бўйнидан қучоқлади-ю, елкалари силкина-силкина йиғлаб юборди.
Қосимбек билан табиб чол унинг ёнига келдилар. Қосимбек қайғу тўла товуш билан йиғламсираб гапирди:
— Амирзодам, ҳаммамиз ҳам хонавайрон бўлдик. Менинг молу мулкимни талатибдилар. Ўғлим оғир ярадор эмиш…
Бобур бошини кўтарди. Кўз ёшидан юзи нам. Табиб унинг елкасини силади.
— Амирзодам, шукур, онангиз, эгачингиз саломат эканлар. Кўп куюнманг, бошингиз омон бўлса, давлат топилур… Ўзингизни эҳтиёт қилинг, яна хасталаниб қолманг!
Бобур дарвозахонага осилган устозини эслади-ю, кўзига яна ёш қуйилиб келди:
— Пирим, мени кимларга ташлаб кетдингиз? Шундай одамни осиб ўлдирсалар?! Мен устозим учун қасос олмоғим керак! Қасос!
Ўртаниб гапираётган Бобурнинг тили тутилмаётганидан табиб чол ҳайратга тушиб, унга тикилиб қолди.
— Охирги нафасим қолгунча олишурмен!
Бобурнинг юзи қаҳру ғазабдан бир оқариб, бир қизариб кетаётган бўлса ҳам сўзлари равон эди. Самарқандда Бобурни тилдан қолдирган касаллик — ғоят кучли бир руҳий ларзанинг оқибати эди. Энди ундан ҳам кучлироқ руҳий ларза Бобурнинг тилида қолган дудуқликни бирдан йўқ қилиб юборди. Душманларига қарши чексиз бир нафрат ва ғазаб унга куч-қувват бермоқда эди.
— Хоинлар жазосини олур! Чекиниш йўқ! Одамларни тўпланг! Ҳаммага айтинг! Андижонга борурмиз!
Бобур отини кескин бурди-ю, паришон бўлиб тарқаётган одамларга қараб кетди.

Пиримқул Қодиров

Юлдузли Тунлар

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

_________________
* Ҳозирги Ғаллаорол яқинидаги қадимий қишлоқ.
* Мирохўр «амири охур» дегани. М и р о х ў р — подшоҳ отбоқарларининг бошлиғи.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

От кишнаган оқшом (қисса) 13-қисм

13 Обширга йигирма отлиқ бўлиб бордик. Сурнай навоси чиқаётган, осмонга қуюқ тутун ўрлаётган тўйхона остонасида оёқ илдим. Бизга Турди подачиникидан жой тегди. Телпаги ...

Юсуфбeк ҳожи

17. ЮСУФБEК ҲОЖИ Райимбек додхоҳнинг ёнидаги бизга таниш олабай-роқ тўнлик киши Ҳасаналини кўриши ҳамоно: — Ҳа-а-а, бизнинг Ҳасанали-ку! — деди, — кел, Ҳасан кўришайлик, ...

От кишнаган оқшом (қисса) 44-45-қисм

44 Биродарлар, шукур-шукур, аризабозларнинг борига шукур! Аризабозлар ноҳақликка йўл қўймайди. Ҳаром-томоқларга кун бермайди. Элнинг ҳақини бировга едирмайди. Аризабозлар ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400