75 миллион евролик паспорт…

Қўлимдаги Ўзбекистон биометрик паспорти. У 2010 йил амалга киритилган. Дунёдаги энг илғор микропроцессорли чип билан жихозланган биометрик паспорт.

Фото:Nodir Zakirov

 

Уни 2014 йил, маҳалладан, военкоматдан ва яна алламбало органлардан “справка”лар олиб, ундан кейин яна Қўқон паспорт столида бир неча кун ур-тўполон навбатларда туриб, терлаб-чарчаб расмга тушиб, бармоқ изларимни топшириб олганман. Бошқача қилиб айтганда, жуда қадрли хужжат.

Бу паспортимни бир армони бор. Бутун дунё уни замонавий биометрик паспорт, деб тан оладида, ўзиникилар тан олмайди. Паспортим ҳақиқитданам паспорт эканлигини – яъни французчадан “портдан ўтиб” хорижга чиқишга яроқли хужжат эканлигини – ўша паспортни берганларга ҳар икки йилда исботлашим керак.

Бунинг учун яна ўша маҳалла, военкомат, ишхонамдан “справка” оламан. Устига яна СПИД марказига бориб қон топшираман. Ишқилиб, 1 ҳафта сарсон бўлиб “справка”лар йиққанимдан кейин, паспорт столига бораман.

Паспорт столини ўзи бир машмаша. Ҳамма хонада “жонли” тартиб. Қабул хонаси. Бошлиқ хонаси. Бир хонадан иккинчи хонага. Яна қайтиб қандайдир майор, капитан ва хоказо идорасида ҳамма қатори умидвор бўлиб тураман. Уддабурро “танишлар” майор хузурига навбатсиз кириб чиқишаверади. Навбатда соатлаб турган холалар бундан хуноб бўлади. Ишқилиб, терлаб-пишиб, тиқилиб, охири навбатим келганда хужжат топшираман.

Паспорт столидан йўлланма беришади. Терроризмга қарши курашиш ходимлари билан сухбатдан ўтиш учун. Ички ишлар бошқармаси биносини қалин панжарали қават-қават эшикларидан, қоронғу коридорлардан ўтиб, бепарво сузилиб ўтирган терговчилар хонасига кираман. Уларга террорист ёки давлат душмани эмаслигимни исботлашим керак. Бир неча кундан кейин улар хулоса беришади. Уни олиб яна паспорт столига бораман…

Хуллас, юқоридаги чиғириқлардан ўтгандан кейин, яна 6 ҳафта кутсам, омадим келса стикер беришади. Қанча одам уни ололмай эркин харакатланишдек ўз конституциявий ҳуқуқидан фойдаланолмай юради.

Аслида бу ярамас ОВИР чеклови Шимолий Корея каби ўта репрессив давлатлардан ташқари ҳеч қаерда йўқ. Биздаям шу совет давридан қолган чеклов. Бутун дунё жамоат учун ҳавфли ёки жиноий жавобгарликдан қочаётган фуқароларни компютерларидаги маълумотлар базаси орқали назорат қилса, биз уларни стикер билан тутамиз. Компютерлар бугунги қидирувдаги одамни хозироқ кўрсатса, биз “справка”лар билан ишлаймиз. Тўғрида, справкалар неча ўн йиллар ишлаган қоида. Ахир бу қоида 20-аср бошида НКВД томонидан ўйлаб топилганку!

Шу қурғур стикерини йўқ қилишса, деб кўп жон куйдирардим. Имкон бўлганда ҳукумат вакиллари билан мулоқотларгаям фикримни олиб чиққандим.

Энди 2019 йил 1 январьдан ўша палакат стикер бекор қилинаркан. “Э, яшанг! Бўларкану!” демоқчи эдим, лекин… Лекин бир аммоси бор экан. Стикер ўрнига ҳозиргисиданам биометрикроқ, 10 йиллик (хозиргисиям 10 йиллик), хорижий биометрик паспорт бериларкан. Давлат ичида янгича ID карта, хорижга чиқадиганларга эса янги биометрик паспорт бериларкан.

Ие! Қадрли яшил паспортим ўзи яқиндагина алмаштирилган бўлса… Бутун дунё давлатлари томонидан тан олинган бўлса… Халқаро фуқаролик авиацияси ташкилоти (ИКАО) талабларига тўлалигича жавоб берса… Ичида энг замонавий микропрцессорли чип ўрнатилган биометрик паспорт бўлса… 10 йилга берилиб, хорижга чиқиш учун виза сахифалари бўлса… Янгисидан фарқи йўқ бўлса… Нима кераги бор хозиргисидан воз кечиб, яна янги худди шунга ўхшаш паспортга алмаштиришни?

Устига устак бу жиддий харажат.

Ҳа, айтганча. Хозирги биометрик паспортимиз сизу бизга неча пулга тушганини биласизми?

Қадрдон биометрик паспортимиз 2010 йил амалга киритилган. Биометрик паспортларни йўлга қўйиш учун Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Давлат персоналлаштириш маркази Франциянинг Oberthur Technologies компаниясига 75 миллион евролик контракт берган. Энг қизиғи Oberthur Technologies айрим давлатларда паспорт тизимини такомиллаштириш контрактларини ютиш учун мулозимларга пора берганлигини тан олиб, қатор халқаро ташкилотлар санкцияларига дуч келган. Ўзингиз хулоса қилинг…

Хўш, қўлимизда атиги 8 йил аввал бизга 75 миллион еврога тушган, бутун дунё тан олган, замонавий биометрик паспорт турган бўлса, хозир яна бюджетдан шунча ўринсиз харажат керакми? Президентга бу борада маслахат берганлар бу томонини ўйлашганмикан?

Мақсад чекловни олиб ташлаш бўлса, ОВИР стикеридан воз кечилсин. Тамом. Уни ўрнига яна бир хорижий биометрик паспорт жорий қилиш ва у орқали яна чекловни давом эттириш керак эмас.

Ҳар бир Ўзбекистон фуқароси паспортга эга бўлиш ва хорижга чиқиб-келиш ҳуқуқига эга. Ундай хуқуқи бўлмаса, суд хукми билан исботланг, жазоланг. Суд хукми бўлмаса эса, ўзбошимчалик билан ким чет элга чиқа олади, ким чиқа олмайди, дейишга хуқуқ тартибот органларининг ваколати бўлмасин.

Давлат ичида янгича ID карта киритилишини эса қўллаб-қувватлайман. Оддийгина хамёнга сиғадиган пластик карта. Ресурсларни ўшанга йўналтиришсин. Лекин янги биометрик паспорт керак эмас. У бизда бор. Нақ 75 миллион евролик қадрли паспорт!

Фикр-мулохазаларингизни билдиринг. Қизиққанлар билан бўлишинг.

 

Муаллиф: Nodir Zakirov
Манба: facebook

 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Нафақадаги аёлни автобусдан ҳайдаган ҳайдовчи ва чиптачи жазога тортилди

«Тошшаҳартрансхизмат» ташкилоти жамоат транспорти билан боғлиқ можаро акс этган видеода акс этган ҳолат бўйича расмий маълумот берди, деб ёзади «UzNews.uz» сайти. ...

Оловга айланган кўчалар ёки «қон чиқмаса ҳисобмас»(ми?)

Бугунги куннинг трендга айланган мавзуси, шубҳасиз – кундузи чироғини ёндираман, деб машинаси ёнаётганлар бўлмоқда. Кечанинг ўзида олов ичида қолган машиналар ҳақида шунчалар ...

Ҳокимлар номига сўралган узр билан қутулиб қолмаслиги керак

Ҳокимлар узр сўраш билан қутулиб қолмаслиги керак. Улар қурилишлар ва ободонлаштириш учун ажратилган пуллар қаерга кетгани бўйича ҳисобот бериши шарт. Бу ҳақда президентнинг ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400