Юлдузли тунлар-12

2

Бобур мирзонинг опаси Хонзода бегим мулла Фазлиддинни кўпдан бери ҳайратга солиб келади. Бундан тўрт йил муқаддам мулла Фазлиддин Ҳиротдан келиб Умаршайх мирзонинг Андижондаги чорбоғида кўшк қура бошлаган кезларида Хонзода бегим ўн олти ёшда эди. Асилзода қизлар орасида энг кўҳлиги бўлган Хонзода бегим бир марта эркакча кийиниб от миниб, инисининг ўсмир мулозимлари билан чавгон* ўйнаган. Мулла Фазлиддин буни кўриб бир ҳайратга тушган эди. Орадан икки йил ўтгач, мулла Фазлиддин Андижон аркидаги тўрхонанинг баъзи нақшларини янгилаш учун чақирилди. Шунда ўн саккиз ёшли Хонзода бегимни равонда канизлар орасида сетор чалиб ўтирган пайтида яна бир кўрди-ю, ўз кўзларига зўрға ишонди. Чунки бир вақтлар йигитча кийиниб чавгон ўйнаган ўша қиз энди сеторда шунчалик нафис, шунчалик майин куй чалар, унинг ўзи ҳам шу қадар нафосатга тўлиб ўтирар эдики, мулла Фазлиддин беихтиёр унинг сеҳрига берилиб, ғалати бўлиб кетди. Кейин мулла Фазлиддин деворга хомаки нақш чизаётганда Хонзода бегим унинг олдига келиб, ишини қизиқиб томоша қила бошлади. Мулла Фазлиддиннинг қўлидаги паргор* ҳаяжонидан ерга тушиб кетди.
— Ажойиб нақш чизган эдингиз, кўзим тегдими, мавлоно? — деди Хонзода бегим айбни ўзига олгандай бўлиб.
Мулла Фазлиддин паргорни ердан кўтарар экан:
— Йўқ, аксинча, бегим, сизнинг назарингиз тушган нақш янада яхшироқ чизилгай!
— Мен эшитдимки, мавлоно мусаввир ҳам эмишлар.
— Аслида меъморлар мусаввирлик санъатидан хабардор бўлмоқлари даркор.
— Ундоқ бўлса менинг суратимни чизиб кўринг!
Кутилмаган бу таклифдан чўчиган мулла Фазлиддин атрофга аланглаб қаради. Тўрхонада бошқа ҳеч ким йўқ. Шундай бўлса ҳам овозини пасайтириб деди:
— Бажонидил чизар эдим… Фақат…
— Хавотир олманг, мавлоно, мен сир сақлашга қодирмен!
— Агар мен чизган сурат нариги дунёда жон талаб қилса, қайдан топурмен, бегим?
Мулла Фазлиддин бу сўзлар билан шариат сурат чизишни ман этганини, агар қўлга тушса жони хавф остида қолишини айтмоқчи эди. Хонзода бегим унинг очиқ айтолмаган фикрини тушунди-ю, жилмайди:
— Агар суратим учун сиздан жон талаб қилсалар, менга айтинг, мен ўз жонимни бергаймен!
…Мулла Фазлиддин пўлат сандиқда яшириб юрган суратни мана шу гаплардан кейин чизишга журъат этган эди. Шундан кейинги тўполонларда у Хонзода бегимни узоқ вақт учратолмай юрди.
Ниҳоят, бултур кузда мана шу Буратоққа Хонзода бегимнинг ўзи келиб қолди. Бобур Самарқандга кетишда ўз онаси ва эгачисига «Ўшдаги ҳужрадан хабар олурсизлар», деб тайинлаб қўйган экан. Мезон ойида Ўшга меҳмон бўлиб келган Хонзода бегим битта канизи билан Буратоққа чиқди. Мулла Фазлиддин ўша пайтда ёлғиз шогирди билан ишламоқда эди. Ҳар битта ғиштни, ёғочни, ҳар бир кўза сувни пастдан олиб чиққунларича тинкалари қуриб кетарди. Мармар йўниб сангкорлик қилишга сангтарош йўқ. Сирланган кошин олиш-га пул йўқ. Бу ҳаммаси мулла Фазлиддинни жуда қийнаб қўйган. Лекин бу мушкулотларни Хонзода бегимга қандоқ айтади? Бегимнинг марварид қадалган ипак тоқиси*дан тортиб учи қайрилган қизил этикчасигача бутун борлиғи шундай нафис кўринар, бу самовий гўзаллик олдида тош ва ғиштдан гап очиш жуда эриш туюларди. Бироқ Хонзода бегим мулла Фазлиддиндан бўлажак ҳужранинг режаси чизилган тарҳни сўраб олди. Қоғозга қараб туриб:
— Гумбазини кошин билан безатмоқчи бўлибсиз, кошинингиз етарликми? — деди.
Мулла Фазлиддин энди дардини айтишга мажбур бўлди. Бу қиз меъморлик санъатидан ҳам хабардор бўлиб, анчагина китоб мутолаа қилган экан.
— Бобур мирзо зафар билан қайтсалар, худо раҳмати отамнинг ўша орзуларини рўёбга чиқарурлар, — деди. Ўшанда яна ўзингиз бош бўлурсиз, мавлоно!
Дунёда ҳали ҳеч бир товуш мулла Фазлиддинга бунчалик ёқимли туюлмаган эди. Хонзода бегим ҳар гал уни «мавлоно», деб улуғлаш билан гўё порлоқ бир истиқбол ваъда қилгандай бўларди. Подшоҳ оиласидан меъморчилик санъатини шунчалик биладиган, қадрлайдиган иттифоқдош топилгани мулла Фазлиддиннинг кўнглини кўтарибгина қолмай, қалбида ғалати бир завқ ва дадиллик уйғотди.
У сирпанчиқ қоятошга кўтарилишдан кўра тушиш қийинлигини билар эди. Шунинг учун Хонзода бегимни пастга кузатиб туша бошлади. Халқ «қилкўприк» деб ном қўйган тор ва хатарли тош сўқмоқдан ўтаётганларида Хонзода бегимнинг оёғидаги таги силлиқ чармдан тикилган этиги тойиб кетди. Хонзода бегим мувозанатини йўқотиб, ёнида бораётган канизига қўл чўзди. Аммо каниз ҳам зўрға келаётган эди, иккови баробар чайқалиб кетди. Каниз қўрқиб чинқириб юборди. Улар пастдаги чақир тошларга йиқилиб тушадиган бўлганда мулла Фазлиддин олдинга сакраб ўтиб, икковини икки қўли билан қучоқлаб тутиб қолди. Ёшгина каниз қўрққанидан мулла Фазлиддиннинг елкасига ёпишиб олди. Кийикдай чаққон Хонзода бегим йигитнинг елкасидан тутиб, ўзини тез ўнглади ва унга секин раҳмат айтди. Шу пайт мулла Фазлиддин ўз юзида Хонзода бегимнинг илиқ нафасини ҳис қилди. Қизнинг юзидами, лабларидами, гул атрига ўхшамайдиган, аммо ундан ҳам ёқимлироқ, сирлироқ бир ҳид бор эди. Мулла Фазлиддин шу ҳидни олди-ю, Хонзода бегимнинг шоҳ қизи эканлигини гўё унутди. Қизнинг салқин, юмшоқ қўлидан ушлаб нарёғи текис кетган сўқмоққа чиққунларича қўйиб юбормади. Беш-ўн қадамлик масофада оддий меъмор билан малика орасидаги фарқ гўё йўқолиб кетди, улар бир-бирларига фақат забардаст йигиту гўзал қиз бўлиб туюлдилар. Лекин ундан нарида яна канизлар, жиловдорлар, савдарлар орага тушиб, Хонзода бегимни қуршаб олиб кетдилар. Мулла Фазлиддин ғалати бир туш кўриб уйғонган одамдай ҳайратланиб қолаверди.
Эртаси куни Хонзода бегим ёрдамга юборган иккита норғул йигит мулла Фазлиддинга керакли юкларни пастдан ташиб чиқа бошлади. Орадан бир ҳафта ўтгач, туяга ортилган кошинлар ҳам етиб келди. Хонзода бегим юбортирган ҳар бир нарсада мулла Фазлиддин унинг ўзини кўргандай бўларди. Пўлат сандиқдаги суратни оқшомлари ёлғиз қолганда қўлига олиб узоқ-узоқ тикилади. Қиз сирғаниб кетган мана шу тоғнинг тошларидан Хонзода бегимнинг ўшандаги илиқ нафаси ва сирли ҳиди ҳамон келиб турганга ўхшарди. «Наҳотки бу муҳаббат бўлса? — дерди мулла Фазлиддин ўзига-ўзи. — Йўқ, зинҳор! Мендаги туйғу — беғараз илоҳий бир меҳрнинг нишонаси, холос. Бошқача бўлиши мумкин эмас!»
Ҳозир яна Хонзода бегим яқинлашиб келаётганини кўриб, саросимага тушиб қолган мулла Фазлиддин ўзининг мана шу эътиқодида маҳкам туришга тиришар ва аёллар томондан нигоҳини олиб қочарди.

Пиримқул Қодиров

Юлдузли Тунлар

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

_______________
* Ч а в г о н — ҳозирги хоккей ўйинига ўхшайди. Фақат очиқ майдонда от миниб ўйналади.
* П а р г о р — сиркул.
* Т о қ и — чўққисимон заифона бош кийим.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

«бир ғариби бeчора»

22. «БИР ҒАРИБИ БEЧОРА» Бу тарихдаги хон ўрдаси Қўқоннинг бу кунда Хода бозор аталған ўрнида эди. Рўмоннинг ўн учунчи фаслида Марғилон ўрдасининг таърифи ёзилғанлиқдан ва бу ...

Мeҳробдан чаён-ўпка ва ҳазил

Истиқболнинг ширин хаёллариға кўмилган ҳолда махдум аср намози учун таҳорат олар эди. Таҳоратда тартибни риоя қилиш шуннат, аммо махдум тарки суннат қилмоқда. Ҳатто ...

Чингиз айтматов:қиёмат 23-қисм

Понтий Пилат Арк айвонидан қандай шаҳдам чиқиб кетган бўлса, шундай шаҳдам қадамлар ташлаб қайтиб келди. Посбонлар дарҳол кўздан ғойиб бўлдилар ва икковлари яна айвонда ёлғиз ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400