Ўзбекистонлик ногиронларнинг арз-додларини ким эшитади? 

Яқинда хотинимни қариндошларим билан Россияга жўнатдим.
– Яхши бор хотин! – дедим кетиш олдидан. – Асло биздан хавотир олма. Ойма ой доллар юбор. Яна уч йилгача қайтма: икки қизнинг контракти, уйнинг ипотекаси…
Тўғрисини айтсам, хотиним ёнимда эканига тилим бурро, еб-ичишим жойида, кийимларим озода ҳамда ҳар доим дазмолланган бўлган экан…
Гапни қисқаси, энди-энди ногирон эканимни ҳис қиляпман…
Хотинни Россияга жўнатгач, ота-онамникига кўчиб ўтишга мажбур бўлдим.
Уйдан ташқарига чиқсам, ҳамма қўлини бигиз қилиб “бола-чақасини боқолмай қайтиб келибди, хотини кетиб қолганмиш” деяётгандек туюлаверди-туюлаверди. Шунга аввалига кўчага чиқишга ҳам ор қилиб, ФБдаги Ангренлик дўстим юборган бинойидек аравачани бир нотаниш қизга совға қилиб юбордим.
Кейин ўйланиб қолдим. Бундай ётишдан фойда йўқ. Ҳокимятга борай, менгаям бирор ёрдам берилар, ахир телевизорда тинмай кўрсатиб ётибди-ку…
Кўчага чиқай десам аравачам зўрға турибди, таниш ногирон яқинда аравача сотиб олганмиш деб эшитувдим, сўрадим ва янги аравачада ўғлим билан ҳокимятга жўнадик.
Бўстон ҳовучдек шаҳарча, шунгами кўпчилик бир-бирини танийди. Қолаверса, ўзим ҳам анча “машҳур” одамман: аввалига олти йил мактабда муаллимлик, кейин суратчилик қилдим. Деҳқон бозорининг энг гавжум жойидаги пайнетни ёпганимга энди икки йил бўлди.


Ўғлимга тушинтирдим:
– Болам, учинчи қаватга чиқ. Хатлар бўлимига бор. Фалончи ака борми, сизни дадам пастда кутяпти де.
Хатлар админстратори дарров пастга тушди. Шундай сўрашади-ки – жавоб тополмай хижолат бўламан денг!
– Келганимнинг боиси, – деб муддаога ўтдим. – Уйим ипотека, икки қизим контракт. Менга бирор имтиёз йўқми, шуни билай деб келдим.
– Хозир бирор гап айтолмайман. Туман ҳоким номига ариза ташланг. Баҳоли қудрат ёрдам берамиз…
– Бундай гапни қўйсанг-чи! – дедим унга. – Китоб чиқаришда ёрдам сўраб неча марта хат ёзганимни ўзинг биласан. Ҳокимятда ўнлаб жамғармалар бормиш деб эшитувдим, балки улардан ёрдам сўраб кўрармиз?
– Эй, Қадамбой оға! – деди маъмур укам. – Нимаб-бало ойдан тушганмисиз? Бу ташкилотлар нодавлат нотижорат ташкилотлар деб аталгани билан давлат бюджетидан тўйинади! Хукумат ҳисоб рақамига пул ташлаб беради, шунда улар ойлик олишади, бўлмаса йўқ! Яхшиям ҳокимят хона бериб қўйибди: свет-гази текин. Агар ҳокимят уларни кўчага қувсин қани, бу жамғармалар бир кунда ёпилиб қолиши аниқ! Сиз улардан ёрдам кутманг…
– Тўхта-тўхта шогирд! – дедим дарров тақдирга тан бергим келмай. – Қадим замонларда “Ногиронлар жамияти” деган ташкилот бўлгувчи эди. Балки унга…
– Ўша жамиятни бир фронтовик бошқарарди. Вафотидан кейин, печат-штампи бизда. Олиб берайми, ишлатасизми?
– Бюджетми ё хозрачёт?
– Э-э, Қадамбой оға-я! – кулди у. – Бюджет бўлганида аллақачон биров олиб ишлатган бўларди…
Уйга келибоқ интернетга ёпишдим. Ногиронлар жамияти деб, ногиронлар жамғармаси, хатто ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамияти, ташкилоти, жамғармаси деб ёзиб, излаб кўрдим. Афсуски, бундай ташкилотнинг сайти йўқ экан.
Мен қаердадир дунё аҳолисининг 15 фоизини ногирон (лиги бор шахс) лар ташкил қилади деб ўқиган эдим, лекин юртимизда ногирон (лиги бор шахс) лар хуқуқини ҳимоя қиладиган, уларнинг арз-додини эшитадиган бирор маҳкама йўқлигини кўриб ўзимга ўзим ачиниб кетдим.
Милиция ва харбийларнинг фарзандларига олий ўқув юртларига киришда “лигота”лар бор, буни тушиниш мумкин, сабаби улар ойликчи, энг асосийси – улар хукумат хизматчилари.
Ногирон (лиги бор шахс) ларнинг аксари имконияти чегараланган шахслар – уларнинг кўпи меҳнат қилишга лаёқатсиз, пенсиядан бошқа “туширими йўқ”. Уларнинг атрофи расмана чизилган. Аммо биз ҳам фарзандларимиз олий маълумотли бўлишини хоҳлаймиз. Истагимиз – фарзандларимиз биздан кўра соғлом ва бахтли бўлсин.
Бизда 8-9 миллион пул йўқ, шунинг учун фарзандларимиз олий маълумотли бўлмаслиги керакми? Шундоғам ота-онаси ногирон бўлгани учун болаларимизнинг қалби кемтик. Ногирон эрини уйида қўйиб, хотини чет элда юрса, шу тўғрими?
Ҳа майли, китобимни чиқартириб олай, кейин президентга хат ёзмоқчиман.
Жаноб президент! Агар Тошкентдаги “Ногиронлар жамияти” бошлиғи ҳам ўлган бўлса-ю, печат-штампи сизда турган бўлса, менга беринг – ишлатай?
Ё Тошкентга борсам, мен ҳам мудраб қолармикинман?
Яхшиси, бундай деб ёзаман.
Жаноб президент! Агар Тошкентдаги “Ногиронлар жамияти” бошлиғи ҳам ўлган бўлса-ю, печат-штампи сизда турган бўлса, бу ташкилотга ўзингизга ўхшаган ўт-олов раҳбар тайинланг? У ногиронларнинг арзини эшитсин, уни селекторма селектор юришдан озод қилинг, у бизга ростдан ҳам ёрдам берсин!
Агар БМТ нинг Ўзбекистондаги ваколатхонасининг расмий сайти маълумотларига қарайдиган бўлсак – юртимизда салкам беш миллион ногирон (лиги бор шахс) бор! Демак, у Ўзбекистон аҳолисининг 7/1и муаммоларига ечим оладиган чақмоқдек тезкор шахс бўлсин…
Нима деяман ўзи? Ногирон (лиги бор шахс) бўлади-ю, ўт-олов бўладими – бир “мудроқ” бўлади-да!?
Хеч бўлмаса, шунча одамнинг ичидан бирор “фронтовик”-отахон топилиб қолар?

Муаллиф:Қадамбой Отабоев

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Туркия қозоғистондан турк лицейлари ўқитувчиларини ватанга чиқариб юборишни талаб қилмоқда

Туркия Қозоғистондаги турк лицейларида ишловчи ўқитувчиларни диний уламо Фатхуллоҳ Гулен билан алоқадорликда айбламоқда, уларнинг паспортлари муддатини узайтиришни истамаяти ...

8 март – бу кун  онажонлар байрами!

Ҳеч эсимдан чиқмайдиган ҳаяжон, ҳеч қачон эсимдан чиқмайдиган қувонч!!! Онажонимни қанчалик яхши кўришимни, Унинг учун  нималарга қодир эканлигимни исботлашга илк  интилган  ...

Ўзбекистонда расман 1 миллион 391 минг киши ишга муҳтож бўлмоқда

2019 йил 22 май Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400