Хитой расмий Қобул билан террорчиликка қарши курашда ҳамкорлик қилиш доирасида Афғонистондаги биринчи ҳарбий машғулот базасини қуришни бошлади. База мамлакатнинг шимоли-шарқидаги Бадахшон вилоятида қуриляпти. Бу ҳақда “South China Morning Post” нашрига асосланиб qalampir uz хабар бермоқда.
“База қурилиши бошланди. Хитой бу ерга камида битта қуролланган ва техникалар билан таъминланган батальон жойлаштиради. Улар афғонистонлик ҳарбийларни тайёрлашда иштирок этади”, дейилади хабарда.
База Афғонистонни уч давлат – шимолда Тожикистон, жанубда Покистон ва шарқда Хитойнинг Уйғур автоном Республикаси билан боғловчи Воҳан йўлагида қуриляпти.
Газетанинг ёзишича, бу Хитойнинг қўшни Афғонистонга илк бор ҳарбий қисм киритиши бўлади. Ҳарбий лагерни қуришдан мақсад ИШИД ва бошқа террорчилик гуруҳлари таркибида ҳарбий таълим олган жангариларнинг Хитой ҳудудига, хусусан, Уйғур автономиясига ўтиб кетишининг олдини олиш. Шу билан бирга, Хитой “Бир макон, бир йўл” лойиҳасига кирувчи, чегарадаги муҳим савдо-транспорт йўлагининг хавфсизлигини таъминлайди.