Юлдузли тунлар-6

Кун қиёмига келиб, пешин намози ўқилгандан кейин кўшкнинг ич-таши жимжит бўлиб қолди. Рўзанинг азоби энди билина бошлаган, ёз кунида чанқаб ҳолсизланган одамлар кунни қандай кеч қилишни билмай бетоқат бўлишар эди. Кошона эгалари салқин хоналарда жимгина ётиб, уйқу билан жон сақлашни одат қилганлар.
Бобур ҳам бугунги сабоқларини тугатиб, ўз хонасида ёнбошлаб ётибди. Бироқ бояги ширин орзулар ҳамон хаёлини тўлқинлантириб, кўзига уйқу қўндирмайди. У қоғоз-қалам олиб, шеър ёзмоқчи бўлди. Лекин ҳозир унинг хаёлига ёд бўлиб қолган машҳур байтлардан бошқа шеър келмас эди. Шунда у иккинчи бир дафтарни олди-ю, Фарғона водийси ҳақида билганларини оддий наср тариқасида ёза бошлади: «Гирдо-гирди тоғлар, ови қуши кўп. Оқ кийикни Ахси чўлида кўрганбиз. Марғилон ёвуғида ҳам бор». Бобур Фарғона водийсида нимаики гўзаллик кўрган бўлса, ҳаммасини ёзгиси келар эди. Кейин Ҳиротга Амир Алишернинг ҳузурига борганда бу ёзувлари жуда керак бўладиганга ўхшарди.
У ёзувга берилиб кетиб, кўшк олдигача чопиб келган отнинг дупурини эшитмади. Бирдан жимжит кўшкнинг аллақайси хонасида аёл кишининг ўртаниб йиғлагани эшитилди. Бобур чўчиб бошини кўтарди. Йиғи товуши Эсон Давлат бегимнинг хоналари томондан келмоқда эди. Бобур ўрнидан сакраб турди, такрор эшитилган аламли йиғидан эти жунжикиб, бувисининг хонасига қараб югурди.
Eшик ланг очиқ. Эсон Давлат бегимнинг рўмоли бошидан тушиб кетган. У қизи Қутлуғ Нигор хоним юборган хатни очиб ўқимоқчи бўлади, аммо ёшли кўзлари ҳеч нарсани кўрмайди. Ахсидан ўлим хабарини олиб келган Қосимбек деворга елкаси билан мажолсиз суяниб, оёқларида зўрға турибди. У саксон чақиримлик йўлни отда дам олмай босиб ўтган ва киприкларигача чангга ботган эди.
Ҳозиргина гулдай нафис туйғулар ичида юрган Бобурга ўлим хабари шу гул орасидан чиққан илон бўлиб туюлди. У Қосимбекдан сескангандай ранги ўчиб, бирдан орқага тисарилди.
Қосимбек эса унга интилди. Бобур қаршисида тиз чўкиб, бўғиқ ва илтимоскорона овоз билан гапира бошлади:
— Мирзом!.. Тангри сизга қувват берсин! Энди бизнинг пушти-паноҳимиз ўзингизсиз! Икки тарафимизни ёғий босган. Волидангиз тайинлаб юбордилар. Дарҳол Андижон қўрғонига бориб, бекларни тўпламоқ керак!
Eсон Давлат бегим қайғуга берилиб, йиғлаб ўтирадиган пайт эмаслигини энди сезди.
Қосимбекни оёққа турғизди-да:
— Садоқатингиздан миннатдормиз, — деди. — Сиз Бобур мирзо билан бирга отланинг! Биз ҳам энди чорбоғдан қўрғонга кўчамиз.
Мудҳиш хабар Бобурни жимжит қилиб қўйди. У карахт бир аҳволда кийинди, отига минди. Шу пайт унинг кўзига яшнаб турган дарахтлар, суви тўла мармар ҳовуз алланечук мунғайиб тургандай кўринди. Буларнинг ҳаммасини отаси бино қилган эди. Энди у одам бу жойларга ҳеч қачон келмайди. Ана у нашватиларнинг кўчатини Умаршайх мирзонинг ўзи ўтқаздирган эди. Ҳозир шулар мева солган, ҳадемай пишади. Аммо уларни эктирган одам энди ҳеч вақт бу мевалардан татиб кўролмайди.
Чорбоғдан чиқиб, тош йўлдан бораётганларида Бобур яна отасини эслади. Бу йўлга отаси
тўшатган тошлар ҳам турибди. Узоқда кўринган баланд қўрғонни ҳам отаси қурдирган эди.
Ҳаммаси бутун, ҳаммаси бор. Фақат унинг ўзи йўқ. Бобур энди отасини умрбод кўролмаслигини бутун вужуди билан ҳис қилди-ю, аччиқ жудолик туйғуси бирдан унинг борлиғини тўлдириб, кўзларидан ёқасига ёш бўлиб томди.
Олдинда сув тўлдирилган чоҳ ва ўн бир пахсалик баланд девор билан ўралган Андижон қўрғони кўринди. Улар Мирзо дарвозасига яқинлашганларида ичкаридан беш-олти киши от чоптириб чиқди. Олдинда саман от миниб келаётган қисиқ кўзли мўғултахлит бек — Бобурнинг онасига қариндошчилиги бўлган Шерим тоғойи эди. У Бобурнинг юзида оғир мусибат аломатини кўрди-ю, отдан сакраб тушди, кўзига ёш келмаса ҳам ҳўнграб:
— Мен ишонмаган эдим, амирзодам! — деди. — Пушти-паноҳимиздан айрилганимиз ростми? Оҳ, бевафо дунё!
— Кимдан эшитдингиз? — сўради Қосимбек. — Бу хабар ҳозирча сир тутилмоғи керак эди!
Шеримбек ёқасини ушлаб:
— Тангрининг қудратини қарангки, — деди, — бир алоқачи кабутарим осмонда учиб юриб бирдан йўқ бўлиб қолди. «Ким уни тушириб олди?» — деб том устига чиқдим. Анчадан кейин кабутар олдимга келиб қўнди. Қанотининг тагида бир қоғоз кўринди. Олиб қарасам — мана шу қайғули хабар! Ким ёзган? Осмонда фаришталар ёзиб юбордими, билмадим!
Шеримбек Бобурнинг эгарига бир қўлини қўйиб, юзини унга яқинлаштирди-да, паст товуш билан.
— Мирзом, қўрғонга кирмангиз, хатарли, — деди.
Бу сўзларни Қосимбек ҳам эшитди. Умаршайх мирзо тириклигида дурустроқ лавозим ололмай кўнгли чўкиб юрган Шеримбек энди Бобур мирзога бошқалардан олдинроқ меҳру оқибат кўрсатиб, унинг ишончини қозонмоқчи ва каттароқ мартабага эришмоқчи эди. Қосимбек буни сезиб Бобурга осойишта гапирди:
— Амирзодам, ортиқча таҳликага ўрин йўқ. Тезроқ қўрғонга кириб, содиқ бекларни тўплайлик. Шеримбек от устидаги Қосимбек билан ерда туриб сўзлашишни ўзига эп кўрмади. Шошиб отига минди-да, шиддат билан деди:
— Сиз ҳали аҳволни билмайсиз, жаноб Қосимбек! Содиқ бекларингиз Хўжандни ёғийга топширди! Исфарани топширди! Марғилонни топширди!
— Марғилонни?! — сесканиб сўради Бобур. — Қачон?
— Ҳозир хабар келди! ?ғий мўри малахдай ёпирилиб Қувага яқинлашди! Энди навбат Андижонга. Содиқ беклар Андижонга қўшиб Мирзомни ҳам ёғийга берсинларми? Йўқ! Мен тирик бўлсам, бунга йўл қўймаймен!
Оғир мусибат устига қўшилган бу шум хабарлар Бобурни жуда эсанкиратиб қўйди. Ўзи куни билан рўза тутиб, дармони кетиб борар, ниҳоятда қаттиқ чанқаганлигидан тили танглайига ёпишиб қолгандек туюлар эди. Унинг ташна кўзлари қўрғон девори тагидаги хан-даққа тўлдирилган қорамтир сувга тушди. Туриб қолган шу қора сув ҳам унга алланечук жозибали кўринди. У қуруқлашган лабларини намсиз тили билан ялаб қўйди.
Шеримбек дадил бориб, Бобур минган бўз отнинг олтин безакли юганидан олди:
— Мен содиқ тоғойингизмен, Мирзом, ижозат беринг, сизни бу хатарлардан узоққа олиб кетай!
Бобур Шеримбек айтаётган хатарларни ҳозир унча ўйламас ва аниқ ҳис қилмас эди. Аммо унинг қайғудан эзилган кўнгли ҳам, ташналикдан қийналаётган тани ҳам кўз олдидаги бекик ва дим қўрғондан кўра, узоқдаги дарахтзорларни, кенг, очиқ жойларни афзал кўрарди. Шунинг учун Шеримбек унинг отини орқага бураётганда Бобур қаршилик қилмади. Қосимбек саросима бўлиб:
— Мирзом, волидангизнинг тайинлаганлари бошқа эди!— деди.
— Волидалари бу ердаги аҳволни билмаганлар! — деб Бобурнинг ўрнига Шеримбек жавоб қилди. Аммо Қосимбек унинг гапига қулоқ солмай Бобурга ёндашди:
— Хоним ҳазратлари бугун дафн маросимини ўтказиб эртага Андижонга келурлар. Улуғ онангиз ҳам чорбоғдан қўрғонга кўчмоқчи эдилар. Улар сизни қаердан топурлар?
Бобур энди сал хаёлини йиғиб, Шеримбекдан сўради:
— Қаёққа бормоқчимиз?
Шеримбек Қосимбекка эшиттирмасликка тиришиб, Бобурнинг қулоғига шивирлади:
— Олатоғ томонларга. Ўшга. Балки Ўзганга. Бобур буни Қосимбекдан сир тутишни истамай, секин унга айтди:
— Ўш йўлида бўлурмиз. Онамга хабар беринг.
— Мен аввал қўрғондаги беклар билан сўзлашай, амирзодам! Уларнинг кайфиятини билай!
— Ундан кўра, Хўжа Абдуллага учранг.
— Бу амрингизни дарҳол бажо келтирурмен!
Қосимбек отини қўрғон дарвозаси томонга бурди. Бобур эса ёнидаги элликка яқин отлиқ билан қўрғондан узоқлашиб кета бошлади.

Пиримқул Қодиров

Юлдузли Тунлар

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Жодугар ҳинди

4. ЖОДУГАР ҲИНДИ Қайин отасининг оғриған касалидан тузала олмай ва ё тезроқ ўлиб тирикларни қутултирмай «чарлар» балоси билан ўзини ипсиз боғланғани учун сўнг чекда ...

Мeҳробдан чаён-ўпка ва ҳазил

Истиқболнинг ширин хаёллариға кўмилган ҳолда махдум аср намози учун таҳорат олар эди. Таҳоратда тартибни риоя қилиш шуннат, аммо махдум тарки суннат қилмоқда. Ҳатто ...

Юлдузли тунлар-69

* * * Жамна дарёсининг чап томонидан чиққан офтоб найза бўйи кўтарилганда ёв қўшинининг тиғиз сафлари аниқ кўрина бошлади. Охири уфққа бориб тақалган беҳисоб кўп қўшиннинг ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400