УСТОЗИМ РАУФ ПАРФИ – ЎРТАКАШ ИЗЛАБ

Рауф  ака билан юз берган ҳаддан кўп воқеаларнинг гувоҳи бўлганман. Агар уларни ёзаверсам, бир неча китоб бўлса керак. Бир йилда 10 тасини ёдга олсам ҳам жами 250 та воқеа бўлади.Аммо уларнинг ҳаммасини ёзиш шартми деган истиҳолага бораман. Бу воқеалар ҳар бир “оддий инсон билан содир бўлиши мумкин бўлган воқеалар” – да деб ўйлайман. Адабиёт билан боғлиқ бўлганларини танлашни эп кўраман.

Аҳмад Аъзам ва Рауф Парфи

Аммо бошқа бир томони борки, вақт ўтиши билан бу воқеа-ҳодисалар қадри ортиб бораётгандек туюлади.Уларда Рауф ака айтган битта сўз ёки ҳаракат ҳам маълум маъно касб этади. Қолаверса,бу воқеалар Рауф ака ҳаётларининг бир қирраси.Шу сабабли айрим ҳодисаларни қайд этмоқчиман.

1980-85 йиллар оралиғида Ўзбекистон Радиосининг хорижда яшаётган юртдошлар учун бериладиган “Ватандош” радиостанциясида ишлагандим. Бу  жойда биздан сал олдин Тоғай Мурод ишлаб кетганди. Мен билан бирга Шарифа Салимова, Жамол Сирожиддин, Ғулом Фатҳиддин каби шоирлар, Хондамир Қодирий (Абдулла Қодирий невараси), Мирвали Аъзам (Миразиз Аъзам укаси), Пўлат Носиров (артист-сухандон) сингари дилкаш инсонлар ишларди.Биз имкон қадар адабиётга диор асарлар,шоирларнинг шеърларини радио орқали беришга ҳаракат қилардик.

Шарифа Салимова машҳур мумтоз  шоирларимиз қаламига мансуб ғазаллар таҳлил этилган гўзал эшиттиришлар тайёрлар эдилар. Эркин Воҳидов шу эшиттиришга масъул эдилар. У киши бирор ғазални шарҳлаб матн ёзгач,  ўзларини чақириб студияда ёзиб олардик. Кейин ўша ғазалга басталанган куй оҳангида ғазал ўқиларди, қўшиқ янграрди. Шу тариқа ярим соатлик мусиқий эшиттириш  тайёрланарди.

Мен Рауф Парфи каби шоирларнинг Ватан, юрт ҳақидаги шеърларини танлаб, ўзларини студияда ёзиб олардим. Ўша пайтларда хориждаги ватандошлар фақатгина шу эшиттириш орқали ўзбекистондаги воқеа-ҳодисалардан хабардор бўлардилар.

Ўшанда ўқилган шеърга яхшигина қалам ҳақи ёзиларди. Рауф ака шеърлари эфирга узатилгач,  анчагина гонорар ёзилганини айтгандим, хурсанд бўлгандилар.

Одатда гонарар ой охирида бериларди. Рауф ака (ўшанда анча мухтожликда яшаганларини кейин билганман) ўша  вақтдан сал  олдинроқ келиб,  ички телефондан қўнғироқ қилгандилар:

-Чоршамъ , мен келиб эдим!

-Рауф ака,  ҳозир чиқаман!

Бизнинг радиостанция 5 қаватда жойлашган эди. То ташқарига чиққунча қандай қилиб Рауф акага гонарарни олиб беришни ўйлардим. Яхшиям гонарар бўлимида адабиётни жуда севадиган Боймурод   деган йигит ишларди. Рауф ака паспортларини олиб, ўша йигит олдига бордим ва аҳволни тушунтирдим.У эса эшиттириш папкасини топтириб, тезда ҳисоблатиб кассага ёзиб берди.

Рауф ака беҳад шод бўлган эдилар:

  • Сизларга кўпроқ келиб туришим керак экан,-деб ҳазиллашгандилар.

Ўша йиллари содир бўлган иккинчи воқеа ўртакаш билан боғлиқ.

Рауф ака бир куни :

-Бир яқин дўстимиз тўй қилаяпти.Шунга ўртакаш керак ,-деб қолдилар.

-Рауф ака, кўнглингиз тўқ бўлсин, топаман.Пўлат Носиров деган артист бўладими.

-Бўлади.Ўртани чиройли олиб борса бўлди-да.

Мен тўй бўладиган кун ва жойини ёзиб олдим. Пўлат Носиров (жойлари жаннатда бўлсин – ўша пайтлар театрдагилардан аразлаб, келиб қолган эдилар). мен билан битта стол-стулда ўтирардилар. Иккаламиз келишиб ишлардик. Мен муҳаррир бўлганим учун ишга эрталаб келардим. У киши пешиндан кейин келиб, кўпинча студияда бўлар ва  эшиттириш матнини ўқирдилар. Ажойиб инсон эдилар. Қизиқ-қизиқ ҳангомалар айтиб бизни сира зериктирмасдилар. Пўлат акага тўй ҳақида айтсам жон деб рози бўлдилар. Мен ҳам кўнглим тўқ бўлиб, бу ҳақда Рауф акага айтдим.

У пайтда ўртакашларга ҳам закалат бериш зарурлигини, дафтарларига ёздириш кераклигини билмасдим. Пўлат акага оғзаки айтганим етарли деб ўйлагандим. Кейин билсам,  у киши оилаларини асосан ўртакашлик қилиб боқарканлар.

Хуллас, тўйга бир кун қолганда Пўлат акага эслатдим:

-Пўлат ака, эртага ҳалиги тўй бўлади. Сизни машинада олиб борамиз.

-Э, Чоршамъ, нималар деяпсиз, эртага менинг  Чинозда (у киши асли Чинозлик эдилар) тўйим бор, закалат олганман.

-Ахир, сизга айтгандим-ку?

-Бунақа ишлар оғзаки ҳал бўлмайди. Нархи келишилади…

Мен ҳанг-манг бўлиб қолгандим. Нима қилишимни билмасдим. Кейин,  сал ўзимга келгач,  Пўлат акага:

  • Ўзингиз боролмасангиз бошқа бирор артистни гаплашиб беринг,-дедим.
  • Чоршамъ, бундай масалалар ҳеч бўлмаса бир ҳафта олдин ҳал қилинади. Ҳамма артистлар аллақачон тўй олиб қўйган. Ҳозир тўйлар энг авж олган палла-ку?!

Танг аҳволдан чиқиш йўлларини излай бошладим. У пайтларда қўл телефонлари қаёқда дейсиз. Рауф ака уйларида телефон йўқ эди. Зарур бўлганда улар иккинчи қаватдаги дўстларникидан қўнғироқ қилардилар. Тезда ўша ёққа отландим. Яхшиям уйда эканлар. Аҳволни тушунтирдим. Рауф ака бундай ҳолатларни кўравериб пишиб кетганлар шекилли,  менга:

-Парво қилманг, ўртакашни топамиз,-дедилар.

Кун  анча кеч бўлиб қолганди. Шунга қарамай ўйлаб, эслаб Фарҳод Бобожон ва Темурмалик Юнусовнинг уйларини излаб кетдик. Топдик ҳам. Аммо …минг афсуски,  иккалаларининг ҳам зарур юмушлари (эҳтимол тўйлари) бор экан. Сира кўндиролмадик. Шунда ҳам Рауф ака:

-Эртага бир иложи топилар,-дедилар.

Мен туни билан кимдан нажот топиш мумкинлигини ўйлардим. Ва ўша кишини топгандай бўлдим. Лутфулла Саъдуллаев! Бу киши ва рафиқалари Гулчеҳра опа мен ташкил қилган “Истиқбол эгалари”  номли ёшларга бағишланган радиожурнални олиб борардилар. Шу воқеа сабаб биз анча яқинлашиб қолган, радиожурнал матнини бир неча марта Ҳувайдо маҳалласидаги уйларига ҳам олиб бориб бергандим.

Эрталаб Республика  ёш томошабинлар театрига  (у пайтларда театр биноси Эски Жувада,  ҳозирги Абдулла Қодирий боғида жойлашганди, кейин у бузиб ташланганди) бордим. Лутфулло акани топиб, ёрдам сўрадим.Ўзлари бормасликларини айтсалар-да, менга керакли артистни шу театрдан топиб бердилар ва :

-Даврани жуда яхши олиб боради, уялтирмайди. Тўйчига айтинг,  хизмат ҳақига 50 сўм берсин. Машинаси бор, овора бўлиб келиб юрманг, ўзи боради,– дедилар.

Елкамдан тоғ ағдарилгандек бўлди.Тезда Рауф ака уйларига бориб хушхабарни айтдим.

Рауф ака ҳам шу масалани ўйлаб  қийналганлари маълум бўлди:

-Уф ! Артист бўлмаган эканмиз–да. Шунча овора бўлдик-а!,– дедилар.

Кейин Қора Қамиш массивидаги ўша дўстлари уйига-тўйхонага  бордик. Ўртакаш ўз вақтида келиб даврани яхши олиб борди. Бизнинг юзимиз ёруғ бўлди.

(Давомини ўқинг)

(Аввалги қисмини ўқинг)

Муаллиф: ЧОРШАМЪ

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Юлдузли тунлар-1

АРОСАТ Биринчи қисм ҚУВА ҚИЛ УСТИДА ТУРГАН ТАҚДИРЛАР 1 Милодий 1494-йилнинг ёзи. Саратон иссиғида Фар-ғона водийсининг осмонига чиққан қуюқ булутлар куни бўйи ҳавони дим ...

Эрта қайтган турналар (қисса)-18

Ўн биринчи боб Улар югуриб боришар, шафқатсиз бир нигоҳ эса милтиқнинг мўлжал нуқтасидан мушкани уларнинг биридан иккинчиси, учинчисига тўғрилаб таъқиб этарди. Бу нигоҳ ...

Ота  номи  нақадар  улуғ,  ота  номи буюк  жаранглайди!!!..

Мутолаа эҳтиёжи!..  Бунинг нима эканлигини шу дардга йўлиққан одамларгина  янаям  яхшироқ тушунишади... (more…)


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400