Юлдузли тунлар-4

2

Тонг энди отган, ҳали офтоб чиқмаган бўлса ҳам кўпчилик беклар ва мулозимлар девониомда ҳозир эрдилар. Ҳаммалари Мирзони таъзим билан қарши олдилар. Зарбоф тўн кийган, белига тилла камар боғлаган серсоқол эшик оға биринчи вазир даражасидаги энг катта бек эди. Мирзо унга юзланиб, қаердан чопар борлигини сўради.
— Ҳазрати олийлари, Исфарадан.
Eшик оға икки букилиб таъзим қилар экан, юзи тунд кўринди.
— Қандай хабар, бек?
— Ҳазратим, қулингизнинг бир қошиқ қонидан ўтинг…
Демак, Исфара ҳам ёв қўлида! Мирзо ички бир титроқ билан Марғилон чопарини сўради.
— Ҳазратим, Марғилон чопарига интизормиз.
Наҳотки Марғилон ҳам таслим бўлган? Унда Андижон ҳам хавф остида қолади! Ёки чопарлар ёв қўлига тушганмикин? Балки бирортаси хиёнат қилиб, нариги ёққа ўтиб кетгандир?
— Ҳазрати олийлари, яна чопар юборишга фармон берурларми?
— Чопар юбориб яна неча кун йўлига қарайлик?!
Eшик оға узр сўрагандек, таъзим қилиб, орқага чекинди.
Ахси қалъасининг қамалда қолиши Мирзога энди муқаррардек туюлди. У эшик оғага олти ойлик захира тайёрлатишни буюрди. Қалъа баланд тепаликда тургани учун унга сув чиқмас, сувни мешкобчилар ташиб келтиришар эди. Мирзо ўттиз ёшлик, хушқомат Қосимбекка қалъа ичида бир тошҳовуз қурдириш ва уни сув билан тўлдиртириш амрини берди.
Мирзонинг авзойи ёмонлигини сезиб турган беклар дарҳол унинг фармонини бажаришга киришдилар. Мирзонинг ўзи эса отланиб аркдан чиқди. Мулозимлар ва қўрчилар ҳам отланиб, одатдагидай, унга эргашдилар.
Умаршайх мирзо қалъанинг бир четида, дарёнинг баланд қирғоғи устида, жар лабида турган кабутархонага қараб йўл олди. Отлиқ чопарлар дом-дараксиз кетганликлари учун Мирзо энди қанотлик «чопар»ларини ишга солмоқчи эди.
Кабутарларнинг дон ва сувларига қараётган кабутарбонлар подшоҳни яқин келиб қолганда кўрдилару шоша-пиша таъзимга чиқдилар. Мирзо отини тўхтатди. Орқадаги мулозимлардан иккитаси — рикобдор* билан жиловдор тез отдан тушдилар. Бири Мирзо минган қора қашқа отнинг олтин жиловидан, иккинчиси кумуш узангисидан тутди. Мирзо каттагина қорин қўйган семиз одам эди, отдан эҳтиёт билан секин тушди.
Марғилон ва Қўқонга учадиган махсус кабутарлар келтирилди. Найча қилинган қисқа хатлар уларнинг қанотлари тагига маҳкамланди. Умаршайх мирзо кабутарларни ўз қўли билан учиришни яхши кўрар эди. У ҳаворанг чиний кабутарни қўлига олиб, ёғоч зина билан кабутархонанинг томига чиқди.
Томдан атроф жуда яхши кўринар эди. Узоқдаги тоғ ортидан қуёш жимгина кўтарилиб келар,
пастда шовуллаётган дарёнинг тўлқинлари нафис жилоланиб турар, ғир-ғир эсаётган эрталабки шабада ипакдай майин туюлар эди. Умаршайх мирзо том тепасида туриб, ўзи мустаҳкамлатган ва пойтахтга айлантирган Ахсига кўз югуртириб чиқди. Қўрғоннинг қўл етмас баландликка қурилганидан ва атрофи чуқур ўнгирлар билан иҳота қилинганидан алоҳида бир мамнуният сезди. «Ҳали бу жарларга қанчадан-қанча ёғийларим қулагай», деган ўй кўнглини шод қилди.
Бироқ бу баҳайбат ўнгирлар оёқ остидаги заминни ичдан ҳилвиратиб қўйганини, кабутархона ортидаги жарнинг тагини сув ўйиб кетганини, ер ўпирилгудек бўлиб турганини Мирзо ҳам, унинг атрофидаги мулозимлар ҳам мутлақо сезмас эдилар. Тупроғи тўкилиб, қулашга баҳона тополмай турган жарнинг қаърида хатарли бир шарпа борлигини ҳозир фақат кабутарлар сезаётган бўлса эҳтимол. Чиройли тўрлар ва озода катаклар ичида ўтирган бу жониворлар бугун кечаси негадир жуда безовталаниб, патир-патир қилиб чиқишди. Ҳозир ҳам улар дон-сувга қарамай, нуқул ташқарига интилишар, катак чи-виқларини асабий чўқишар эди.
Кабутарбонлар бунинг сабабини тушунмай ҳайрон эдилар.
Фақат Умаршайх мирзонинг қўлидаги чиний кабутар катакдаги хатардан қутулгандай осойишта бўлиб қолган эди. Ҳозир бутун олам Умаршайх мирзога мана шу кабутардай маъсум ва осуда туюлди. У том ўртасига бориб, кабутарнинг майин қанотини юзига босди. Уни учиришдан олдин:
— Марғилонга уч, қанотли чопарим! — деб шивирлади.
Тагидан нураб турган жар шу аснода бирдан ўпирилди.
Кабутарлар қўнадиган айри ёғоч «шақ» этиб пастга учиб кетди. Одамлар нима бўлаётганини тушуниб улгурмасларидан кабутархонанинг нариги девори жар билан бирга ўнгирга қулаб, томни ҳам тортиб кетди. Томнинг ўртасида турган Умаршайх мирзо чанг-тўзон ичида қаттиқ бир чайқалди-ю, гандираклаб йиқилди. Унинг жон аччиғи билан қичқиргани ваҳимали қарсиллаш ва гурсиллашларга қўшилиб эшитилди. У йиқилиб тушаётганда қўлидаги кабутарни қўйиб юборган эди. Чиний кабутар чанг-тўзон орасидан юлқиниб чиқиб, осмонга қараб отилди. Мирзонинг ўзи эса том ёғочларига, сомон су-воқларига, жар тупроқларига аралашиб, уч терак бўйи пастга қулаб кетди.
Мирзонинг кетидан томга энди чиққан кабутарбон зинапоядан ўзини ерга отди. Мулозимлар ва қўрчилар кутилмаган фалокатдан ваҳимага тушиб орқага қочдилар. Отлар ҳуркиб, нўхталарини узгудек силтанишар ва кишнашарди.
Ҳазрати олийни хавф-хатардан асраймиз, деб юрган қўрчилар аввал нима бўлганини фаҳмлай олмай эсанкираб қолдилар. Кейин улар жар ўпирилганини фаҳмладилар, лекин Мирзонинг олдига тезда етиб бора олмадилар. Чунки бош айланадиган баландликдан пастга тушиб бўлмас, нураб турган жарнинг лабига одам борса яна ўпирилиши мумкин эди. Қўрчилар ва мулозимлар қалъадан от чоптириб чиқиб, Мирзо қулаб кетган жар этагига етиб боргунларича, сўнг уйилиб ётган тупроқ, кесак ва ёғочлар орасидан уни топиб, кавлаб олгунларича ўн жонидан бири ҳам қолмаган эди.
Унинг жасадини аркка киритиб ювдилар. Мажақланиб, таниб бўлмас ҳолатга келган юзини оқ шоҳи билан ёпиб қўйдилар.
Бугун эрталаб Умаршайх мирзо саҳарлик еган танобийда Қоракўз бегим Қутлуғ Нигор хонимни қучоқлаб уввос тортиб йиғлар эди.
— Мен сабаб бўлдим, хоним ая! Ҳазратимни мен нечун уйғотдим?! Уйғотмасам ўша жойга кечроқ борар эдилар-ку! Мен юзи қора сабаб бўлдим бу ўлимга! Мен!
Бугун саҳарлик пайтида Мирзо худди ўлишини билгандай васият қилганини эслаб, Қутлуғ Нигор хоним ҳам ўзини йиғидан тутолмас эди.
— Э, воҳ, раҳматлик куни битганини қандай билган экан-а?! Шундай гапларни айтдилар…
Қоракўз бегим хонимнинг қучоғидан чиқиб, кичкина мушти билан чаккасига урди.
— Мен ҳали туғилмаган фарзандимни отасидан жудо қилдим, хоним ая! — деб ўртаниб
шивирлади: — Бўйимда бўлганини шу кеча билиб эдилар! «Ўғил бўлсин!» — деб орзу қилиб эдилар! Энди бу болага отасини қайдан топамиз?! Қайдан топамиз?! Мен ҳазратимни нечун уйғотдим, хоним ая? У кишига келган ажал мени олса бўлмасмиди? Ўша жардан мен қуласам бўлмасмиди?
— Ундоқ деманг, жоним! Биз ҳам энди жар лабида қолдик! Бутун атрофимиз таҳликали жар!
Қутлуғ Нигор хоним эрининг кутилмаган ўлимида қандайдир сирли бир маъно борлигини ҳозир тилига келган шу сўзлардан сезди. Умаршайх мирзодек жанговар одам қонли урушларда қилич чопиб юрганда ўлмасдан, жардан қулаб ўлгани тасодифмикин? Мирзонинг ота-боболари барпо этиб кетган давлат мана шундай баланд жарлар лабига қурилган биноларга ўхшамасмикин? Парча-парча бўлиб кетган ва ўзаро урушларда емирилаётган улкан давлат Қутлуғ Нигор хонимнинг тасаввурида жарга қулаб тушаётган ўша биноларга ўхшаб кўринди-ю, вужудини сескантириб юборди. Ахир унинг ёлғиз ўғли, суюкли фарзанди Бобур ҳам мана шу биноларнинг бирида истиқомат қилмаяптими? Отасини олиб кетган ўпирилишлар Бобурнинг бошига ҳам тушмасмикин?!
— Йўқ, йўқ! Тангрим уни паноҳида асрасин! Мен борай, бегим, Андижонга чопар юборай! Бобур мирзони бу фалокатлардан огоҳ қилай!
Қутлуғ Нигор хоним кўз ёшларини артиб, ўз хонасига чиқди ва энг ишонган амирларидан Қосимбекни чақиртирди. Уни топиб келгунларича Андижон чорбоғида Бобур билан бирга турган онаси Эсон Давлат бегимнинг номига мактуб ёзди.
Фотима Султон бегимнинг топшириғи билан Андижонга яширинча жўнаган Аҳмад Танбал бу орада Сирдарё кўпригидан ўтиб, Банди Солор йўли билан анча жойга бориб қолган эди. Кўзга ташланмаслик учун биттагина навкар эргаштириб кетаётган Аҳмад Танбал кеча Андижондан олтмишта навкар билан келган эди. Бугун Фотима Султон унга катта ваъдалар берди. Агар Аҳмад Танбал Андижондаги содиқ бекларнинг бошини қовуштириб, Бобурни четлатса-ю, тахтга Жаҳонгир мирзони ўтқазса, марра уники. Аҳмад танбал Умаршайх мирзо саройида иккинчи даражали беклар қаторида шунча йил кўнгли чўкиб юрди. Энди бас! Жаҳонгир мирзо подшоҳ бўлса, Аҳмад Танбал унинг энг биринчи вазирига айланади. Норасида подшоҳга вазир бўлиш эса подшоҳ бўлиш билан баробар! Ана унда қаёқдаги мусаввирдан Хонзода бегимнинг суратини сўраб юрмайди. У Хонзода бегимнинг ўзини олади! Мана шу орзу билан Андижонга от суриб бораётган Аҳмад Танбал орқага ўғринча ўгирилиб қараб қўйди.
Банди Солор йўлида бошқа ҳеч ким кўринмас эди. Орадан бир неча соатлар ўтиб, Аҳмад Танбал кўзга кўринмай кетганидан кейин Ахсидан Қосимбек қавчин тўртта навкари билан от чоптириб чиқди. У ҳам тезроқ Андижонга етиб боришга интилар, Бобур мирзонинг тарафдорларини йиғиб, уни тахтга ўтқазиш иштиёқи билан ёнар эди.

Пиримқул Қодиров

Юлдузли Тунлар

___________
* Р и к о б д о р — узангичи.

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

От кишнаган оқшом (қисса) 2-қисм

2 Одамлар мени кал дейдиган бўлди! Зиёдулла кал эмиш! Э, тавба-е, тавба-е! Аввал-аввал уятдан қулоқларимгача ловуллаб ёндим. Кўнглим ўксиди. Кейин-кейин ботмайдиган бўлди. ...

Мeҳробдан чаён-бахмалбофда фақир бир оила

Анвар 1267-нчи ҳижрия миёналарида Қўқоннинг Бахмалбоф маҳалласида1 фақир бир оилада дуёға келди. Оналар туққан болаларини сизга “тилаб-тилаб олған фалоним” деб, оталар “худой ...

Эрта қайтган турналар (қисса)-22

Ўн бешинчи боб Шамолда иссиқ қон ҳидини тобора аниқроқ искаб бораётган бўри борган сари иштаҳасини карнай қилиб юборган ўша ис анқиётган жой томонга думини қисганича чопиб ...