ЖУРНАЛИСТЛАРИМИЗ ТЎРТИНЧИ ҲОКИМИЯТМИ ЁКИ ТЎРТИНЧИ ДАРАЖАЛИ ОДАМЛАР?

Айни кунларда Хитойда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) давлатларидаги  муҳим ОАВларининг халқаро бўлимининг масъуллари учун семинар ўтказилмоқда. Унда Ўзбекистондан ҳам 14 вакил қатнашяпти. Оббо, энди барча ОАВ, сайтлар, ижтимоий тармоқлар Хитой ҳақидаги маълумотлару мақолаларга тўлиб кетаркан-да, дейсизми? Асло! Ҳеч ҳам ундай бўлмайди! Нима учунлигини эса мақоламиздан билиб оласиз.

Хитой ёнимизда, унга бормаган одам йўқдек гўё. Лекин шундай бўлса-да, бу менинг неча йиллик узоқ танаффусдан кейин биринчи ҳорижий сафарим бўлди. Сафар олди ҳаяжонланганим рост. Кетишга бир-икки кун қолганида эса, негадир, кайфиятим ҳам тушиб кетди. Худди биров мени мажбурлаб жўнатаётгандек. Одам ўзига ўзи қуриб олган қулайлик чегарасидан чиқиши қийинлигидандир балки.

 

Бу мамлакат ҳақида дадамдан жуда кўп яхши гаплар эшиганман. Ҳали-ҳануз “Дунёнинг анча-мунча мамлакатида бўлдим. Агар у мамлакатларнинг қайсидирига қайта бориш имкони бўлганида, Хитойни танлардим” дейдилар. Дадам Хитойга 1989 йили, айни собиқ иттиффоқ мамлакатлари мустақилликни орзулаб юрган пайтлари борганлар. Ўша пайтдаги давлат раҳбари Михаил Горбачёвнинг Чинга расмий ташрифи олдида иттифоқ республикаларининг ёш ёзувчи-шоирлари делегацияси аъзоси бўлган эканлар.

 

Мен эса Хитойга Инновация вазирлигининг матбуот хизмати раҳбари сифатида “Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) давлатларидаги  муҳим ОАВларининг халқаро бўлимининг масъуллари учун семинар” деб аталадиган узундан-узун номли тадбирга келдим. Вазирлик ОАВ эмаску деб ўйлайдиганларга шу ерда тушунтириш берақолай. Вазирлик ОАВ эмас, лекин идорамизнинг нима билан шуғулланаётганию шуғулланмоқчи бўлаётганини тинмай жамоатчиликни бохабар этиб турибмиз. Бунинг устига вазирликнинг иккита нашри – журналлари бор. Бири илмий, иккинчиси илмий-оммабоп.

 

Хитойга учишимдан бир кун олдин Хитойнинг Тижорат вазирлигининг Тошкентдаги канцеляриясиданхужжатларимни оларканман, Чинга бир ўзим учишим маълум бўлди. Вазирлигимизга юборилган хатда 6 та ташкилотнинг номи ҳам кўрсатилгани учун бироз таажжубландим, аммо на илож? Паспортимни олиб чиқиб берган йигит бу ташкилотларнинг ходимлари ҳужжат тайёрлашга улгуришмагандир, деди.

 

Пекинда кутиб олган таржимон қиз – Геля, семинар дастурини бераркан, очилиш маросимида сўзга чиқишим кераклигини айтди. Семинарга қўшни давлатлар – Беларусь ва Қирғизистондан 5 нафардан, Тожикистондан 2 нафар вакил келган экан. Демак, ҳар бир давлатдан биттадан вакил нутқ қилади.

 

Эртасига эрталаб  очилиш маросими бўладиган хонага кириб, думалоқ стол устига қўйилган иштирокчиларнинг фамилия-исмларини ичидан ўзимникини қидирарканман, менга минбарда жой кўрсатишди. Жуда ҳайратландим.  Бу Хитой томоннинг Ўзбекистонга ўзгача муносабатидан дарак бўлди мен учун. Барча семинар иштирокчилари номидан чиқиш қилиб, юртимиздаги ўзгаришлар ҳақида ҳам гапирдим. Оммавий ахборот воситаларига кўрсатилаётган алоҳида эътибор, юртимизда юз бераётган ислоҳотлар туфайли журналистлар танқидий материаллар ёзаётгани, аҳолининг авваллари ёритиш мумкин бўлмаган муаммоларини кўтариш имкониятига эга бўлганимизни гапирдим. Ўз навбатида республикамизда мана шу муаммоларни ҳал қилиш учун кенг кўламли ишлар олиб борилаётганига ҳам алоҳида урғу бердим.

 

Сўнгра семинарнинг бошқа иштирокчилари ҳам ўзларини таништиришди. Уларнинг бари етакчи журналистлар, ахборот агентликлари, телеканаллар бошлиқлари ва давлат органларининг матбуот хизматлари  раҳбарлари эканлиги маълум бўлди. Шунингдек, Геля яқин кунларда Ўзбекистондан яна 13 киши етиб келишини айтди. Ана шунда мен нима учун бизнинг юртимиз делегациясига ўзгача эътибор берилганини тушундим. Энг катта делегациянинг аъзоси эканман-да! Якка ўтирганимдан ўксиган кўнглим яйради. Демак, Хитойни кўриш, билиш баробарида ҳамкасбларим билан ҳам мулоқот қиламан, фикр алмашамиз, тажриба ўртоқлашамиз.

 

Энди семинар дастури ва яратилган шароитлар ҳақида.  Семинар 1 сентябрь куни бошланиб, 20 сентябргача давом этади. Шанба ва якшанба кунлари Хитой университетларининг профессор-ўқитувчилари тушликкача бир мавзуда, тушликдан кейин иккинчи мавзуда маъруза ўқишади. Қолган кунлари бизни турли ОАВ таҳририятларига, ташкилотларга, музейларга,  ҳатто, заводларга олиб боришади. Бугунга қадар семинар доирасида,  1950 йилда ҳозирги хитой давлатининг асосчисиси Мао Цзэдун томонидан ташкил этилган  China Pictorial(хитойча – Renmin Huabao, русча – Дыхание Китая) журналига, Халқаро Хитой радиосига, Пекиндаги ШҲТ котибиятига, Пекин шаҳарсозлик идорасининг кўргазма залига, “Синьхуа” ахборот агентлигига, Хитой Марказий телевидененисига, Хитой илм-фан ва техника музейига, автомобиль ишлаб чиқарадиган Beijing Motor Co., Ltd компаниясига бордик. Шунингдек, Буюк Хитой деворини кўриш бахтига ҳам муяссар бўлдик.

 

China Pictorial, “Синьхуа”, радио ва телевидение таҳририятларида давра суҳбатлари ўтказилиб, журналистлар билан қизиқарли мулоқотлар бўлди, турли саволларига жавоб олдик, улар билан ҳамкорлик ришталарини янада мустаҳкамлаш ҳақида фикрлар билдирилди. Жумладан, мазкур ОАВнинг Ўзбекистонга қизиқишини сезмай иложи йўқ. Дейлик, China Pictorial Ўзбекистонда китоб чоп этиш масаласини кўриб чиқаётганларини ва бу ишга маблағ ажртилганини айтишди.  Шанхай ҳамкорлик ташкилоти идорасидаги “Тошкент” зали алоҳида эътиборимизни тотди. Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Владимир Норовнинг  2019 йил 1 январдан 2021 йил 31 декабргача Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Бош котиблигига тасдиқланганлиги Ўзбекистоннинг ташкилот фаолиятидаги роли янада кенгайишини англатади.

 

Семинар жуда ҳам юқори мавқеда ташкил этилган. Пекиннинг марказидаги меҳмонхонага жойлашганмиз. Ҳар бир семинар иштирокчисини автомобилда кутиб олиниши, барча шароитларга эга меҳмонхонанинг алоҳида номерларда яшашимиз, уч маҳал оқатланишимизу, кун-кунора ресторанларга боршимиз, Хитойга бориб-келиш чипталаримиз, экскурсиялар, семинар давомида кутилмаган касалликлар учун тиббий тўловларнинг ҳаммасини Хитой томони қоплаган. Бунинг устига ҳар бир иштирокчига кунлик пул ҳам берилди. 13 сентябрдан эса Хитойнинг жанубида жойлашган Гуанси-Чжуан автоном районидаги бир нечта шаҳарларга боришимиз режалаштирилган.

 

Энди шунча шароит яратилгандан кейин Ўзбкистондан борган 14та иштирокчи сайтлару, ижтимоий тармоқларни, газетаю журналларни, телевидениею радиони Хитой ҳақидаги маълумотлар билан тўлдириб юборади, деб ўйлаётгандирсиз! Асло! Ундай бўлмайди! Нима учун, дейсизми? Чунки бу ерга келган ўзбекистонликлар ичида журанлистлар ё битта, ё иккита. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасидан битта ходим, Сирдарё телевидениесидан битта оператор йигит ҳамда семинар бошланганидан кейин бир ҳафта ўтиб Пекинга келган “Фарғона ҳақиқати” газетасининг яна бир ходими  ва журналистика факультетининг битта талабасидан бошқа бирорта бизнинг соҳа вакили йўқ! Кимлиги ноаниқ 9та иштирокчи! Улар менинг журналистлигимни билишгач, қаердан келдингиз, деган саволимга ҳаммаси бир оғиздан “биз ҳам журналистмиз” дея гап бошлашашади, редакторини, нашрининг ададини сўрашим ҳамон уларнинг ҳеч қанақа журналист эмаслиги аниқ бўлади-қўяди. Шу билан бирга конспирация шунақанги йўлга қўйилганки, уларнинг бейжикка ёзилган исму шарифларидан бошқа маълумотни билиб олиш амри маҳол. Қандай қилиб келиб қолдинглар бу семинарга, деган саволга бири мужмалроқ жавоб берса, бошқалари “бирор иш қилиб, қотириб қўймаганимизда бу ерга бизни жўнатишмаган бўларди” деб ўдағайлашади ҳам. Учрашувларда улар қабул қилувчи томонга на бирор мавзу бўйича савол бера олишади, на саволларга жавоб. Хитойга саёҳатимиз қанчалик зўр ташкил этилган бўлмасин, ҳамроҳларимнинг  савиясидан портлаб кетай деяпман, десам ҳеч нарса демаган бўламан.

 

Наҳотки, Ўзбекистонда шундай нуфузли тадбирга жўнатиш учун арзийдиган журналистлар топилмаган бўлса? Бу савол мени мендан кейин келган биринчи учта иштирокчилар билан танишганимдан бери қийнайди. Айтганча, айнан мана шу уч нафари менга ҳам, таржимонимиз Геляга ҳам ўзларини тадбиркормиз деб таништиришди. Менга номаълум, ўзлари ҳам номини тилга олмаган хитой корхонасининг маҳсулотларини сотиш билан шуғулланишаркан. Аммо келишган кунинг эртасигаёқ, уларни жўнатган одамлар билан алоқага чиқишгач, бир айланиб “журналист” бўлиб олишди. Қолганлари эса огоҳлантирилгани учун таржимонимизга ўзларини журналистмиз деб таништиришибди. Бироқ ҳар сафар уларга берган иккинчи саволимдаёқ ундай эмаслиги кундай равшан бўлади-ю, менинг юрагим қоп-қора бўлади.

 

Назаримда, шу сафарларга жўнатишга масъул шахслар барча ҳаражатлар ҳамкор томон томонидан тўланаётгани боис масъулиятни ҳам, жавобгарликни ҳам ҳис қилмаслик йўлиги ўтволишган. Текин бўлса, уриб қол нақлига амал қилишяпти. Мазкур семинарлар юртимизга қилинаётган инвестиция, бу ҳам пул ва унинг уволи бор, деган гаплар уларнинг ҳаёлига ҳам келмайди. Балки семинарга келганларнинг ҳар бири алоҳида хизматлари учун катта қўлловларга лойиқдир (буниси менга энди қоронғу), зўр тадбиркорлардир, лекин улар учун алоҳида бошқа семинарлар ташкил қилинса ва улар ўша ерда иштирок этишса, ўзларига ҳам, юртимизга ҳам кўпроқ фойда бўларди.

 

Якшанба куни(кеча) Иккинчи Пекин Университетининг  рус тили факультети профессори Чжан Дунмэй хоним “Хитой ва рус тилида гаплашувчи мамлакатлар ўртасидаги маданиятлараро алоқалар” мавзусида маъруза ўқиди. Хитойликларнинг бошқа халқлардан фарқли жиҳатлари, алоҳида характери ҳақида сўз бораркан, мисоллар билан ўзларининг у ёки бу нарсаларга муносабатларини тушунтирди. Профессор хоним “Тасввур қилинг, дўстингиз сиз билан кинога тушишга келишди-ю, аммо ярим соат қолганида мазам бўлмаяпти, боролмайман, деб айтди. Сиз режаларингиз ўзгарганидан хафа бўлиб, дискотекага бордингиз. Дискотекада эса “касал” бўлиб қолган дўстингизни учратдингиз. Шу вазиятда сиз қандай ҳолатга тушасиз, дўстингизга қандай муносабатда бўласиз?” деб семинар иштирокчиларига мурожаат қилди. … Саволга нималар деб жавоб берганимизни ўзингиз ўйлаб, айтарсиз, ахир ҳаммамиз бир маконнинг одамларимиз. “Бизда шундай вазиятга тушиб қолган одам, дўстининг олдига бориб, уни хижолат қилмаслик учун “аҳволинг яхшими? Балки дори-пори олиб келиб берайми?” деб сўраб, хафа бўлганини билдирмайди” деб гапини давом эттирлди маърузачимиз. Мен ҳайратландим: “Нима учун?” “Чунки у шундай дўстидан айрилиб қолишни истамайди-да. Қандайдир сабаби бордирки, алдаган, деб уни тушунишга ҳаракат қилади”. “Ахир бундай қилса, бу дўсти бечорагинани ҳамиша алдаб юраверадику?!!” деб сўрадим янада масалани ойдинлаштириш учун. “Агар яна бир неча бор алдаса, унда муносабатларни узул кесил узади ва бошқа бу одам билан умуман мулоқотга киришмайди!” Ана бўлмаса! Мана шунинг учун ҳам таржимонимиз Геля ва бошқалар делегациямизнинг аксарияти ОАВ ходими эканини фаҳмлаб турган бўлса ҳам, ҳаммамизга бирдек чиройли муомамала қилиб юрган экан-да! Демак, семинар ташкилотчилари ҳам бизни хафа қилиб қўйгиси йўқ, лекин ҳолат такрорланаверса… Бу ҳақиқий шарқона маданият! Мен эса уларнинг тили билан айтганда “рус тилида гаплашувчи мамлакатлар”дан бирининг вакили сифатида шерикларимга қовоқ солиб юрибман…

 

Ҳамксбларим… Ҳамксбларим эса Тошкентда менга оқ йўл тилаганча, бизга ҳам сизнинг йўлингизни берсин, деб мен билан ҳайрлашганларича йиллар давомида ҳорижга чиқолмай ўтиришибди. Ҳа, ўзим ҳам 10 йилдан ошиқ газета-журналларга раҳбарлик қилиб, биринчи марта журналист сифатида хорижга чиқишим…

 

Кечалари билан мақолалар ёзадиган, катта-кичик тадбирларни ёритадиган, интервью оламан деб, мутахассислару машхурларнинг ортидан югурадиган, кўз нурини ҳарф териб ўтказаётган ҳамкасбларим бу ерда йўқ! Улар тиним билмай янгилик қидиришади, муаммоларни ёритишади, барча соҳа вакилларининг фаолияти ҳақида жамоатчиликка маълумот беришади, кечалари мақола ёзишади, кўрсатувларни монтажини қилишади, кечасию кундузи катта-кичик сайтларни тўлдиришади, битта ҳарф нотўғри кетиб қолса, гап эшитишади, аммо айнан улар учун ташкил этилган ажойиб саёҳатларга бора олишмайди! Ҳа, нега боришсин? Ахир шунча “арзирли” одамлар турган экан, уларга нима бор саёҳатда? Ишларини қилишсин-да!

 

Хуллас, мен Ўзбекистонда журналистларнинг бағрига шамол тегди, деб осмонларда учиб юрган эканман. Хитойга келиб, коррупция нима эканини тушундим! Билдим, кўрдим, англадим! Ерга шалп этиб тушдим!

 

Ва сўнгги сўз ўрнида. Дадам қарийб 20 йил аввал Хитойга борганларида делегация сафида битта бегона одам – КГБ ходими ҳам бўлган экан. Болтиқбўйилик шоир ёзувчилар билан мустақиллик, озодлик ҳақида гапириб, машъум идора вакилининг жонига тегишганини кулиб айтиб берадилар. Мен эса бизнинг сафарларимизга ҳам битта шунақа “махсус” одам керакми деб ўйлаб қолдим. Ҳар ҳолда, балки шунда семинарларга бегоналарнинг келишини олдини олармидик-а? Ҳар ҳолда, дейман-да… Қаранг, мендан қандай ”ажойиб” таклифлар чиқяпти! Шу даражага етиб келдим!

 

Ҳозирча шу. Хитой ҳақида, у ерда кўрганларим ҳақида, албатта, яна ёзаман. Ҳамкасбларимни соғиниб ёзаман.

 

Пекин.

Муаллиф: Назокат Азим Абдуқундузова

Манба: ЎзА

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Қозоғистонда ёниб кетган автобус ҳайдовчилари қўлга олинди

Қозоғистонда 18 январда ёниб кетиши оқибатида 52 ўзбекистонликнинг ўлимига олиб келган автобуснинг ҳайдовчилари ушландилар. Бу ҳақда фожиа юз берган Ақтўбе вилояти ...

Ўзбекистон аҳолисининг 62 фоизи 1,90 долларга кун кечиради

"Togri.uz" сайтининг ёзишича, Африка давлатлари қаторида Ўзбекистоннинг 62 фоиз аҳолиси қарийб 2 долларга кун кечириши таъкидланмоқда. Жаҳон банки тайёрлаган докладга ...

Мексика “лазейкаси”

Россиянинг Мехикодаги элчихонаси хабарига кўра, 14 нафар Россия паспортига эга (шу жумладан, асли ўзбекистонликлар ҳам) фуқаролар Мексиканинг Канкун шаҳар аэропортида ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400