УСТОЗИМ РАУФ ПАРФИ – УСТОЗГА ШЕЪРИЙ ЭҲТИРОМ

Бошқа шоирларда қандоқ, билмадим, аммо мен ёзган шеърларимни ўз танқидимдан бир неча бор ўтказмагунча эълон қилишни истамайман. Баъзи шеърлар эса  умуман нашр этилишига қаршиман. Улар, шунчаки ўзим учун ёзилган. Афсуски, улардан воз кеча олмайман ҳам. Рауф акага бағишлаб битилган шундай шеърлар ҳам анчагина. Шеър дафтарларимни қайта-қайта варақлаб улардан айримларини ушбу китобга киритишни маъқул кўрдим.

Айрим шеър-ғазаллар борки, улар бевосита Рауф акага бағишланган бўлмаса-да, шоир исми зикр этилган. Жумладан, “Яратиб яшар” радифли ғазалда қуйидаги байт бор:

 

 Кимдир кескир сўзини айтур Рауф Парфидек,

Кимдир ижодда Хумий, Гулмат яратиб яшар.

 

 

Ёки  “Юрган шоирлар”  радифли ғазалда ушбу байт Рауф Парфи назарда тутилиб битилган:

 

Яна мағрур туриб элу-юрт ҳақида

 Битади гўзал ашъор юрган шоирлар.

 

“Мен доимо дилимнинг дардкашиман” деган мисра билан бошланувчи ғазал шундай байт билан хотималанган:

 

  Фахр этиб яшаб юрибман  Чоршамъ,

 Рауф Парфи қабри жорубкашиман.

 

Яна шуниси борки, баъзи шеърларимга Рауф ака шеърларидан эпиграф келтирганман. Жумладан, “Келдим яна” шеъримда Рауф аканинг ўша машҳур:

 

Яна келдим, ўша чанг тўзган

Йўлимизни соғиндим,она.

 

мисралари эпиграф бўлган.

 

Рауф ака вафотларидан сўнг “устозни асраб қолиш мумкин эди, авайлансалар ҳали кўп яшардилар”  деган армон мени кўп ўртаган. Ўзимча, у киши сўнгги кунларини яшаган ошхонадаги шароит, хусусан, газ ғубори ва тўйиб овқатланмаслик ўлимларини тезлатган деган хаёлга борганман. Бизга даволатиш учун беришмагани, Рауф ака ҳам сеҳрлангандай бизнинг эмас, уларнинг гапига кирганлари алам қилган. Қуйидаги ғазал 2005 йил 11 октябрь куни ўша хотира таъсирида битилган.

 

Очлик ва газ ғубори адо этди устозни,

Оқибати қаддини дуто этди устозни.

 

 Билмадики кўп зотлар, карам айлаб худойим

Элу-юртнинг бахтига ато этди устозни.

 

 Эътимодин нур этди, эътиқодин ҳур этди,

 Туронзамин кўксида расо этди устозни.

 

Сўз деб ёнди туну-кун, сўз уйғонди-зар, учқун,

Рауф Парфи Турк деган сиймо этди устозни.

 

 Мероси буюк қолди, иймони суюк қолди,

Дунё ичинда улуғ дунё этди устозни.

 

Чоршамъ, бир кун топарсан интилсанг охир, абад

 Ажабмас, Ҳақ руҳини фано этди устозни.

 

2008 йил 25 феврал куни битилган ушбу ғазалда сал муболағага йўл қўйган бўлсам маъзур тутасизлар.

 

Сўз бобида элда бўлса жаҳонгир,

Ўша Рауф Парфи Ўзтурк бўладир.

 

Туркистон деб жонин берса бир ботир

 Ўша Рауф Парфи Ўзтурк бўладир.

 

Ҳотам Тайдан ўтиб тушса ахий зўр

Ўша Рауф Парфи Ўзтурк бўладир.

 

Умар Ҳайёмга бас келса бир майхўр

Ўша Рауф Парфи Ўзтурк бўладир.

 

Машрабга ҳам эш бўлса бир дарвиш ҳур

Ўша Рауф Парфи Ўзтурк бўладир.

 

Юртда қадр топмас бўлса бир шоир

Ўша Рауф Парфи Ўзтурк бўладир.

 

Чоршамъ, сенга устоз бўлса бир моҳир

 Ўша Рауф Парфи Ўзтурк бўладир.

 

Рауф ака портретлари доимо кутубхонамизда осиғлиқ туради. Соқолли, ўта жиддий, шу билан бирга сермаъно нигоҳ бир қараган  кишини яна ва яна қарашга мажбур этади назаримда. Мен ҳам портретга қайта–қайта қараб, ундаги маънони англашга уринаман.

Яна айтиб ўтишим жоизки, ушбу портретни ажойиб фотограф, Рауф ака дўсти ва мухлиси Абдуғани Жума бизга тайёрлаб бергандилар. Уни Рауф аканинг йигирма кунлик маракалари куни, 2005 йил апрел ойи ўрталарида Ўрдадаги “Анҳор” ресторанида ош берилганда эшик олдидаги дарахтга кўринарли қилиб осиб қўйгандик. 2009  йил 29 сентябрь куни битилган ушбу ғазални шу портретни англаш йўлидаги уринишлардан бири дейиш мумкин.

 

Рауф Парфи нигоҳи тешиб ўтар кўзларни,

Кўнгилларда уйғотар энг муқаддас сўзларни.

 

Турон, Туркистон ичра оқладингми дегандай

Еб ичган нон-тузларни, туйган туйғу-ҳисларни.

 

Тикилиб қаролмайман номуносиб кимсадай

Босмадим-да устозим босган ўтли изларни.

 

Бу сурат, бу тафаккур англатур беихтиёр

Ўзларга ўзгаларни, ўзгаларга ўзларни.

 

Кеча-кундуз юммайин,  қароқлари тинмайин

Қандай ютиб тураркин уммон қадар бўзларни.

 

Тафту-оташи баланд кўк тоқига етгудек

Эритиб борар барча юракдаги музларни.

 

Бутун умр ёнма-ён яшайди руҳи-равон

Гуноҳлардан авайлаб- асраб  Чоршамъ Рўзларни

 

Дўстим Ғулом Фатҳиддин кўпинча :

  • Чоршамъ, сиз бахтлисиз, чунки устозни соғинган пайтингизда қабрларига бориб, бор дардингизни у кишига айта оласиз. Менда эса бундай имконият йўқ,–дейди.

Дарҳақиқат, бу телба дунё ташвишларидан тўйиб кетганимда, дунёга сиғмай қолганимда секин “Минор” қабристони томон йўл оламан. Рауф ака ва у киши қабрларидан сал нарироқдаги, ёзувчи ва шоир акамиз Омон Мухтор қабрлари узра туриб Қуръондан бирор оят тиловат қиламан, улар ижодидан элу-юртимиз узоқ йиллар баҳраманд бўлишини тилаб дуо ўқийман. Гул экиш ё уларни суғориш, тагини юмшатиш, қабр атрофини супириш каби юмушлар билан банд бўлиш баробарида хаёлан устозлар билан суҳбатлашаман, кўнглимдаги дард ва орзуларни айтаман. Ҳар гал руҳим енгил тортиб, ҳаётга қайта меҳр уйғониб қайтаман.

2015 йил 6 феврал куни битилган   “Рауф Парфи суҳбати” номли шеърда шу ҳолатим акс этган.

 

Тўйиб кетсам бу бевафо дунёдан,

Дардларимга тополмайин чора ман.

Қўлим силтаб ҳаммасига даъфатан

Рауф Парфи суҳбатига бораман.

 

“Минор” ичра мўъжазгина қабрда

Мени кутиб ётгандайин сабр-ла,

Гоҳи саҳар, гоҳи пешин, асрда

Рауф Парфи суҳбатига бораман.

 

Асли суҳбат деб бўлмас бу суҳбатни,

Сукут сақлаб ўтказарман фурсатни,

Руҳлар сўраб олар керак ҳар гапни

Рауф Парфи суҳбатига бораман.

 

Мавзу қадим–жонажон юрт ҳақида,

Хуш келмайди бизга ўзга ақида,

Шеъриятни ялов билиб фахр–ла

Рауф Парфи суҳбатига бораман.

 

Ва қайтаман тозариб гард, ғубордан,

Оёқларим айлангандай қанотга.

Шитоб айлаб бораман кенг шаҳарда

Парфиёна назар ташлаб ҳаётга.

 

 

(Охирги қисмини ўқинг )

(Аввалги қисмини ўқинг)

Муаллиф: ЧОРШАМЪ

                                    

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Устозим рауф парфи –“феълим заиф”

1994 йилнинг 22 май куни кечга яқин Рауф ака бизникига ташриф буюрдилар. -Тўғри қишлоғимдан келаяпман.Онажоним касал бўлиб қолдилар.Қиш бўйи қарадим.Энди сал оёққа ...

Мeҳробдан чаён-янги “ҳунар”

Ичкаридан  чиқиб  келган  махдум  мирзобошини  кутиб  ўлтурғучилар  ичида  мулла Абдураҳмонни ҳам кўриб қолди. — Бахайр, мулла Абдураҳмон, бахайр... Ваалайкум ассалом. Солиҳ ...

Ўзи зўр адабиёт қанақа бўлади?

Собир ЎНАР: “Баъзан маънавиятни, адабиётни бутунлай бегона соҳа деб яшаётган раҳбарларни ҳам кўраяпмиз” Таниқли адиб, “Ёшлик” журнали бош муҳаррири Собир Ўнарнинг ёзишича, ...