Хорижий сармоядорнинг мулки тортиб олинди

Зиддиятлар марказида хорижий сармоядор, Британия Виргин оролларига қарашли компаниянинг пайдо бўлиши ислоҳотлар учун қилинаётган бир мунча ҳаракатни чиппакка чиқармоқда. Масалан, хорижий сармоядорнинг ҳуқуқлари, ҳаттоки, суд залларида ҳам тикланмагани масаланинг жиддий эканидан дарак беради.

Фото:Кун.Уз

Масала нимадан бошланди? 

Британия Виргин оролларига қарашли Iktolet Industries Ltd., компанияси Тошкент шаҳридаги «Шодлик»меҳмонхонасининг 98,80 фоиз акцияларига эгалик қилган.

2017 йил 5 апрел куни Ўзбекистон Республикаси фуқароси Азамат Файзуллаев Iktolet Industries Ltd.,​нинг Ўзбекистондаги акцияларини бошқариш ҳуқуқига эга ишончли вакили этиб тайинланади. Қонун талабига кўра, Файзуллаев «Шодлик» АЖ акционерлари йиғилишида иштирок этиш, Iktolet Industries Ltd., номидан йиғилишларда овоз бериш, йиғилиш ўтказилишидан хабардор қилиниш, шунингдек, йиғилиш баённомасига имзо қўйиш ҳуқуқига эга эди. Файзуллаевга тақдим этилган ишончномада 5 апрелдан сўнг, Iktolet Industries Ltd. номидан муқаддам берилган ҳар қандай ишонч ёрлиғи ҳақиқий эмас, деб топилиши аниқ қилиб кўрсатилган.

Шу боис, Азамат Файзуллаев «Шодлик» АЖ акционерларининг 2017 йил 24 апрел куни ўтказилиши назарда тутилган йиғилишида Iktolet Industries Ltd. номидан расмий вакил сифатида иштирок этиш учун жамият бошқарув раиси Денис Лукоциевскийга хат билан мурожаат қилган (ушбу хат Лукоциевский имзоси билан қабул қилиб олинган).

Аммо, лекин бироқ… 

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб,  «Шодлик» АЖга нисбатан Давлат мулк қўмитасининг 1994 йил 26 июлдаги буйруғи ва қўмита томонидан берилган мулк ҳуқуқини тасдиқловчи давлат орденини ҳақиқий эмас, деб топиш ва ҳақиқий эмаслик оқибатини қўллашни сўраган.

Биринчидан, «Шодлик» АЖ вакили суд мажлисида даъво муддатини қўллаб, аризани кўриб чиқишни бекор қилиш ҳақида илтимоснома киритди. Бироқ, суд,  Фуқаролик кодекси 163-моддасига кўра, даъво муддати мулкдорнинг ёки бошқа эгалик қилувчининг ўз ҳуқуқини ҳар қандай бузишларни бартараф этиш ҳақидаги талабларига жорий этилмайди, дея илтимосномани қаноатлантирмади.

Тошкент шаҳар Хўжалик судининг 2017 йил 31 майдаги ҳал қилув қарорига кўра, қўмитанинг даъво аризаси қаноатлантирилиб, Давлат мулк қўмитасининг 1994 йил 26 июлдаги буйруғи ва шу йили 26 октябрь куни тақдим этилган мулк ҳуқуқини тасдиқловчи давлат ордери ҳақиқий эмас, деб топилган.

Бунга асос қилиб, кўчмас мулк кадастрининг 1994 йилдаги текшириш далолатномаси бўйича «Ёшлик» (кейинчалик «Шодлик» ОАЖга айлантирилган) ташқи иқтисодий сайёҳлик ишлаб чиқариш мажмуаси ҳудудида 8та  объект иморатлари кўрсатилган. Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган тегишли низомга кўра, «Ёшлик» ТИСИЧМ ҳузурида тузилган Комиссия хатловдан ўтказиш ва баҳолаш далолатномаларига 3та объектни киритмаган.

Ушбу ҳолатда, давлат тасарруфидан чиқариш жараёнида корхонанинг баҳолаш қийматининг кескин равишда пасайиб кетишига сабаб бўлган ва бунда жамият ижро органи ҳамда Ишчи комиссия томонидан юқорида қайд этилган қонунчилик талаблари қўпол равишда бузилган, деб топилган.  Лекин, нега орадан 13 йил ўтиб, қўмита бундай даъво билан судга мурожаат қилмоқда? Ахир, бу вақт орасида меҳмонхона бир неча «қўл»дан ўтиб, унинг янги хўжайинлари иш бошлаган эди-ку. Масалага шундай ёндашиб қаралса, ҳар кимда шубҳа пайдо бўлади.

Иккинчидан, Iktolet Industries Ltd., ва унинг мулкдори Seaton Solutions LP компаниялари гўёки, Тошкент шаҳридаги бино ва иншоотлардан самарали фойдаланиш мақсадида ариза билан мурожаат қилиб, (бунинг устига «Шодлик» АЖ ҳам бир пайтда ариза билан мурожаат қилган) меҳмонхона комплекси тегишли ҳудуди билан бирга Тошкент шаҳар ҳокимлигига давлат мулки сифатида Бинолардан фойдаланиш департаменти балансига қабул қилинган.

Агар тўғри англаган бўлсак, Iktolet Industries Ltd., номидан Ўзбекистонда Азамат Файзуллаевга қадар (2017 йил 5 апрелгача) иш олиб борган ишончли вакил Денис Лукоциевский ваколатли бўлмаса-да, мол-мулкни шаҳар ҳокимлиги балансига қайтариб олишни сўраб, 2017 йил 3 май куни ариза ёзган. Мақсад эса жуда содда баён қилинмоқда: Тошкент шаҳридаги бино ва иншоотлардан самарали фойдаланиш керак. 

Шундай қилиб вазият қуйидагича ривожланди: компаниянинг ишончли вакили ўзгарди, бирдан Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси даъво киритди, гарчи ишончли вакил энди Азамат Файзуллаев бўлса-да, уни «Шодлик» АЖ акционерлар йиғилишига киритишмади, собиқ ишончли вакил эса ўзбошимчалик билан ариза тайёрлаб, Тошкент шаҳар ҳокимлигига мурожаат қилди. Қисқа ва «силиққина» ўтган ишдан сўнг, меҳмонхона Тошкент шаҳар ҳокимлиги балансига ўтиб қолди. Хорижий сармоядорнинг айни пайтда суд, ҳуқуқ-тартибот органларига йўллаган мурожаатлари натижасиз қолмоқда.

Энг қизиғи, Файзуллаев шаҳар ҳокимлигига ёзма мурожаат орқали вазиятни тушунтирган, компаниянинг ҳақиқий вакили энди у эканлиги билдирилган.

Ваҳоланки, «Ўзбекистон Республикаси Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонунининг 24-моддасида Давлат мулкини хусусийлаштириш жараёнида вужудга келган хусусий мулк дахлсиз экани, хусусийлаштириш натижалари қайта кўриб чиқилмаслиги ва бекор қилинмаслиги аниқ баён этилган. Қолаверса, қонун билан хусусийлаштириш натижаларини, шу жумладан объектларнинг қийматини баҳолаш натижаларини қайта кўриб чиқиш ва бекор қилиш масалалари юзасидан давлат органлари, шу жумладан назорат, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва судлар томонидан ташаббус билан чиқиш тақиқланади.

Ушбу жараёнларни кузатиб айтиш мумкинки, суд ва маҳаллий ҳокимлик қонунда назарда тутилган барча меъёрларга амал қилса, бундай зиддият ҳеч қачон келиб чиқмайди. Мулкий можаро-ку, майли, агар шундай юз бермаганда, Ўзбекистоннинг хорижий сармоядор олдидаги, у орқали чет элдаги обрўсига путур етмасди. Буларнинг бари Тошкент шаҳар собиқ ҳокими Раҳмонбек Усмонов даврида юз берди, аммо амалдаги тадбиркор-ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаев сармоядорнинг ноласига қулоқ тутадими? Туркия ё Жанубий Кореядан сармоядорларни кутишдан аввал, мамлакатга кириб келган меҳмоннинг ҳуқуқлари тикланадими?

Манба:Кун.Уз

 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Ўзбекистонни қарздор қилган лукойлнинг лойиҳаларига saudi aramco қизиқмоқда

Саудия Арабистони ҳукуматига тегишли бўлган Saudi Aramco нефт компанияси Лукойл билан Ўзбекистонда ҳамкорликни йўлга қўйиш истиқболлари билан қизиқмоқда, деб "Соф.уз" сайти ...

Миллий банк хитойдан 500 миллион юан кредит олади

Ўзбекистон Миллий банки Хитой Давлат ривожланишг банки (ХДРБ) билан 500 миллион юан (69,8 млн. доллар) миқдорида кредит линияси очиш ҳақида келишиб олишди, деб  РИА Новости ...

Nike компанияси россияни бутунлай тарк этганини эълон қилди

Американинг кийим-кечак ва пояфзал ишлаб чиқарувчи Nike компанияси 23-июнда Россия бозоридан бутунлай чиқиб кетганини эълон қилди. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар берди. ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400