Чингиз Айтматов:ҚИЁМАТ 1-қисм

 

Биринчи қисм I-боб

Қишнинг қисқа куни нораста нафасидай бирпасгина илиб турди-ю, тоғларнинг кунгай бетларида кўп ўтмай ҳавонинг авзойи бузилди, музликлардан совуқ шамол изғиди, дара-ўнгирларга эрта тушган хуфтон қоронғилиги шитоб билан ёйилди, қор-қуюнли кечанинг изғирин совуғи турди.

Теваракка қалин қор тушган. Табиатнинг бебош хоҳишига кўра, худди тўрт томонга ўт кетгандай бундан икки кун бурун тўсиндан қаттиқ қорбўрон қутуриб ўтган, Иссиқкўл тоғ тизмалари қор кўрпалари билан қопланиб ётарди. Тоғлар қора қуюн ичра ғойиб бўлди, осмон кўздан йўқолди, атроф-жавониб кўринмай қолди. Сўнг сукунат чўкди, ҳавонинг ранг-рўйи очилди. Ўшандан буён қиш бўрони тиниб, ўнгу сўли жами қор забтида қолган тоғлар ётсираб, жимжит аёзда хўмрайганча қотиб турардилар.

 

Фақат ўша кунботар чоғида Узун Чот дараси бўйлаб осмоннинг узоқ шамолгоҳида, салладор булутлар қўйнида тутаб ётган Ола Мўнгу муз довони сари ўтиб бораётган оғир вертолётнинг гулдираган овози дам сайин яқинлашиб, кучайгандан кучайиб борар ва ниҳоят, атроф-тумонат, товуш ҳамда ёруғликдан бўлак ҳеч нарса етиб боролмайдиган чўққилар, тизмалар, мангу кўк музликларни тамом ўз ҳукмига олди. Тоғу тошларга урилиб, аввалгисидан яна бешбадтар зўрайгандан зўрайган қалдироқ бошлар узра шунчалар аёвсиз даҳшат солар эдики, гўё яна озгина шундай давом этса, яна ўша ер қимирлаганидай… қиёмат-қойим қўпадигандай эди.

 

Ўзи шунга яқинлашиб ҳам қолди — вертолёт учиб ўтаркан, йўл устидаги шамоллар ялаб кетган тик қоя бағридан гулдуроснинг зўри туфайли тош уюмлари кўчиб ўрнидан қўзғалди-да, сўнг яна шу заҳоти худди қон қуюлгандай айланиб тўхтади. Худди шуни кутиб тургандай беқарор, муаллақ тошлар, бир неча оғир харсанг баланд учурумдан йўл-йўлакай чанг-тўзон кўтариб, шиддат ва сурон солиб қулади. Тоғ ёнбағрига етганда, улар худди замбаракнинг ўқидай қарсиллаб тушиб, ёрилиб, қизил тол ва қорағат буталарини ўпириб ўтиб, қор тўзонларини кўкка совурганча юксакдан осилиб турган қоя тагида, қуюқ бутазорлар билан тўсилган ўнгирда, икки қирғоғи яхлаган жилға бўйидаги бўри ини оғзида тўхтадилар.

 

Урғочи бўри Акбара тепадан қулаган тошлар ва қор уюмларидан чўчиб ўзини орқага олди, қоронғи ўнгир сари тисарилди, елкасидаги ёллари тиккайиб, кўзлари ғира-ширада ваҳшиёна ўт сочиб, қандай бало келмасин, унга қарши сапчишга ҳозирланиб турди. Лекин, у бекорга хавотирланган эди. Очиқ дашт ёмон. Унда тепангда қувалаётган вертолётдан ҳеч қаерга қочиб қутулолмайсан, у тинмай, орқангдан қолмай, изма-из таъқиб қилиб келаверади, вертолёт парракларининг касирғаси, автоматдан дўлдай ёғилган ўқларнинг чийиллаши юрагингни азоб ва қўрқинч билан тўлдиради, ёруғ дунёда вертолётдан омонлик йўқ, қочиб қутуладиган, шўрлик бошингни пана қиладиган тешик-туйнук ҳам йўқ — шундай пайтда ер ҳам ёрилмайди, қувиб келаётганлардан жонингни қутқариб, ерга кириб кетаман десанг.

 

Тоғларда йўриғ бошқа. Бу ерда доим қочиб қутулиш мумкин. То хавф-хатар ўтиб кетгунча писиб ётадиган бир жой албатта, топилади. Бу ерларда вертолёт қўрқинчли эмас,вертолётларнинг ўзи қўрқади тоғлардан. Бироқ қўрққанга қўшалоқ кўринади, деган гап бор. Бунинг устига бир марта юрагингни олдиргансан. Вертолёт яқинлашиб келаркан, Акбара қаттиқ ғингший бошлади, бошини ичига тортиб, ғужанак бўлиб олди, лекин барибир дош беролмади, ожиз, аянчли, ғайришуурий бир қўрқувга тушиб, бирдан бор овозини қўйиб увлаб юборди: тишларини алам-аччиқ устида ғижирлатиб, шу ернинг ўзидаёқ қаттол олишувга чоғланиб, қорни билан ғор оғзи томон судралди, гўё назарида шундай қилса, темир ялмоғиз Узун Чотдан қочиб кетадигандай, тоғу тошлар тинчийдигандай, зилзилалар тўхтайдигандай эди.

 

Акбара қўрқиб увлаб, ғингшийвергандан кейин ғор ичига унинг жуфти Тошчайнар бошини суқди. Акбара оғироёқли бўлиб қолгандан бери Тошчайнар кўп вақтини инида эмас, ўнгирдан узоқ кетмай қалин ва тинч қорағат бутазорлар орасида ўтказарди. Тишлари ханжардай ўткир бу бўри ҳар қандай нарсани ғажиб ташлашга тайёр бўлгани учун шу атрофдаги чўпонлар унга Тошчайнар деб ном берган эдилар. Тошчайнар жуфтининг ёнига судралиб келди-да, уни бало-қазолардан ҳимоя қилгандай гавдаси билан тўсиб, таскин бергандай ириллади. Акбара унинг пинжига маҳкамроқ тиқилди, адолатсиз осмонданми ё бошқа бировданми ёхуд шўрпешона қисматиданми нола-фарёд қилгандай ғингшиди. Вертолёт Ола Мўнгунинг оқ қорли, кўк музли довонидан ошиб ўтиб, булутлар ортида кўздан ғойиб бўлгандан кейин ҳам Акбара яна анчаганча ўзига келолмай, қалт-қалт титраб турди.

 

Коинотни босган сукут каби тоғларга бирдан жимжитлик чўкди. Акбара кутилмаганда ичидан нимадир қимирлаётган, туртинаётганлигини аниқ ҳис қилди. Бир куни Акбара, унда овга энди-энди чиқаётган пайтлари эди, бир сакраб каттакон қуённи босиб олганлигини эслади. Ўшанда қуённинг қорнида қандайдир кўзга кўринмас маҳлуқчалар қимирлаганлигини сезгандай бўлган ва бу нарса ёш урғочи бўрини эсайрон қилиб, қизиқтириб қўйган, қулоқларини диккайтирганча, ўлжасига анграйиб тикилиб қолган эди. Бунга шунчалар тонг қолиб қизиқиб кетган эдики, худди мушук чала ўлик сичқонни ўйнагандай, у ҳам ўша ўзи кўринмай қимирлаётган маҳлуқлар билан ўйнашмоқчи эди. Мана энди ўз қорнида ҳам кутилмаганда тириклик ҳомиласини ҳис килиб турибди. Эсончилик бўлса, бир ярим-икки ҳафтадан сўнг дунёга келадиганлар ўзларидан хабар бераётган эдилар. Лекин, ҳозирча, ҳали туғилмаган қип-қизил обжиш болалар она қурсоғидан ажралмаган, у билан бир жон, бир вужуд бўлиб туришар, шунинг учун онани кўрқитиб юборган, таҳлика ва талвасага солган бояги ҳолларни улар ҳам қоринда ётган кўйи сезган, бошдан кечирган эдилар. Улар ташқи олам борлигини, унда ёвуз муҳит мавжудлигини шу тариқа илк маротаба туйган эдилар. Онанинг қийналганлигини сезиб, улар қурсоқда ҳаракатга келдилар. Улар ҳам қўрқиб кетдилар, қўрқинч уларга она қони билан ўтди.

 

 

Чингиз Айтматов

 

Давоми 👉

 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Юлдузли тунлар-53

2 Шафтоли гулли ипак қабоси ингичка белига, назокатли қадди-қоматига жуда ярашган бир жувон шаҳзодаларча ясантирилган уч яшар болани қўлидан етаклаб, эшикдан оҳиста кириб ...

Мeҳробдан чаён-жиловхонада бир жанжал

Аср  намози  учун  масжид  жиловхонасиға  энди  уч  киши  йиғилған  эди.  Жиловхонанинг тўрида  ўлтурган  қора  тўнлик,  ўттуз  ёшлар  чамасида  рангсиз  ва  ёшлиғига  ...

Мeҳробдан чаён-хайр энди, раъно!

Хотин-қизлар  жинсидан  иродаси  кучлик,  ҳатто  эрлардан  ҳам  жассурроқ  шахсларни  кўб учратамиз.  Шунинг  билан  бирга,  уларни  нақадар  кучлик  иродага  молик  ...