Чингиз Айтматов:ҚИЁМАТ 4-қисм

 

Тонгга яқин чўлга салқин тушди. Ер ючида неки қимирлаган жон-зот бор, бари енгил нафас олди. Ўтиб бораётган дим, таффот тун билан шўр босган тала-тузни ўртаб, офтобнинг оппоқ алангасида  ёндириб  юборадиган  кундуз  ўртасидаги  энг  роҳатижон  пайт  шу  эди.  Ерга  кўк сурмаранг шуълаларини сочиб, Мўйинқум узра сариқ тўлин ой чиқди. Қаеридан қараманг, бу ернинг  боши  ҳам,  охири  ҳам  кўринмасди.  Чор  атроф  олис-олисларгача  қорайиб  борар  ва серюлдуз  осмон  билан  қўшилиб  кетар  эди.  Тунги  ўлик  сукунатга  жон  кирди,  илондан  бўлак барча  жониворлар  тонг  палласидан  баҳра  олиш  учун  ғимирлаб  қолди.  Чангал-чангал  бўлиб ўсган  жилғин  буталари  тагларида  полапонлари  чийиллаб  қушлар  уйғонди.  Типратиканлар  ер искаб югургилади. Туни бўйи тинмай чириллаган чирилдоқлар яна бошқатдан хуружга кирди.

Уйқудан  уйғонган  суғурлар  инларидан  бошларини  чиқариб,  ҳар  томонга  аланг-жаланг боқишиб,  саксовул  тагига  тўкилган  уруғларни  терсакмикин,  термасакмикин,  дегандай уйқусираб  туришарди.  Каттакон  япалоққуш  бешта  бўз  учирмаси  билан  бирга  ўзаро чақчақлашиб, чақиришиб, бир-бирларидан айрилмай дам учиб, дам қўнишар эди. Бошқа турли-туман жониворлару маҳлуқлар оқариб келаётган чўл тонгида бири олиб бири қўйиб уларга жўр бўлишарди…

 

Кўккўз  Акбара  билан  Тошчайнарнинг  бошлари  қовушган  биринчи  ёз  кунлари  эди.  Улар энди  ўзларини  катта  овларда  чопиб  чарчамас  зўрабор  бўри  эканликларини  кўрсатишган  ва Мўйинқум бўрилари орасида таниқли эдилар. Икковининг бахтига — чўл жониворлари орасида ҳам бахтли ҳамда бахтсизлари бўлса керакким — табиат Акбарага ҳам, Тошчайнарга ҳам чўл жондорларига  ўта  зарур  бўлган  муҳим  сифатларни  мўл-кўл  берган,  иккови  ҳам  жуда  сезгир, овни олдиндан яхши ҳис қилишар ва кўзлашар, кучлари таналарига сиғмас, чопағон ва босағон, шиддаткор  эдилар.  Ҳаммаси  келажакда  бу  икки  бўрининг  ови  бароридан  келишидан,  уларга тирикликнинг барча азоблари-ю роҳатлари ҳам тўла ёр бўлишидан, қисматларида неки ёзилган бўлса,  баридан  қочиб  қутулолмасликларидан  дарак  берарди.  Ҳозирча  Мўйинқум  чўлларида ёлғиз  ҳукмрон  бўлишга  уларга  ҳеч  қандай  куч  тўсқинлик  қилолмасди.  Ҳали  одамлар  бу чўлларга  кўпда  қадам  босмаган  ва  бўрилар  ҳам  улар  билан  сира  тўқнашмаган  эдилар.

Табиатнинг уларга ато этган яна бир инъоми шунда эдики, бошқа барча жониворлар каби бу йиртқичлар  ҳам  эртага  нима  бўлади,  деб  ташвишланмай,  қўрқмай,  қалтирамай  кун кечирардилар. Одил табиат азалдан маҳлуқларни тирикликнинг бу қарғиш теккан ташвишидан халос этган экан. Гарчи табиатнинг худди мана шу инъомида жамийки Мўйинқум жониворлари бошига қора кун, хунбийрон қирғин солган бир куч ҳам яширин эди. Лекин жониворларнинг ҳеч  бири  буни  фаҳмламасди.  Бош-кети  йўқ  Мўйинқум  қанчалар  чексиз  ва  ҳудудсиз  бўлиб кўринмасин, Осиё қитъасининг харитасидан нимсирғиш тусга бўялган бармоқ изича бир жой эканлигини англамасдилар. Йилдан йилга боқиладиган мол кўпайяпти, янги қудуқлар қазишиб, ўтлоқ  жойлар  излашиб,  Мўйинқумни  тўрт  томондан  қисиб  келишяпти.  Каналлар  қазиляпти, йўллар ўтяпти. Мўйинқум атрофларида дунёда энг йирик газ қувури ётқизилиб техника билан қаттиқ қуролланган одамлар машина, моторларга ўтириб, ёнларига сув ғамлаб олиб, радиоалоқа ёрдамида  ҳар  қандай  дашту  саҳро  ичига,  шу  жумладан,  Мўйинқумга  шитоб  билан  кириб боряпти.  Лекин,  булар  келажакда  насллар  фахрланиб  юришига  арзийдиган  кашфиётлар қиладиган фидокор олимлар эмас, ҳар кимнинг қўлидан ҳам келаверадиган ишни бажарадиган оддий кишилар. Чек-интиҳоси кўринмаган, ҳеч қандай бало-қазо йўлай олмайдигандек туюлган Мўйинқум саҳросини мана шу жўнгина одамлар тўрт тарафдан қисиб кела бошлашди. Бироқ инсон ҳаётининг жуда ҳам одми ва жўн кўринган ишларида яхшилик билан ёмонлик қўшилиб кетганлигини Мўйинқум жониворлари қаердан билсинлар. Бу ерда ҳамма нарса одамларнинг ўзларига  боғлиқ  эди — улар  инсон  жамоатчилиги  учун  одатий  бўлиб  қолган  бу  нарсаларни нималарга йўналтирар эканлар: яхшиликками ё ёмонликка, тузишгами ё бузишга — буни саҳро маҳлуқлари  қаёқдан  билсинлар.  Одамлар  ақл-идрок  билан  иш  юрита  бошлаган  замонлардан бери  ўзларини  ўзлари  билишга  уриниб  келаётганликлари,  ўз  чигал  ишларидан  сира  қутулиб кетолмаётганликлари ва азал-азалдан нима учун ёмонлик доим яхшилик устидан ғолиб чиқади деган  муаммони,  бошларини  қотириб  келаётган  жумбоқни  ечолмаётганликларини  забонсиз махлуқлар қаердан билсинлар…

 

Одам боласининг мана шу каби ишлари, йўл-йўриқлари Мўйинқум жониворларига мутлақо қоронғу  эди.  Бинобарин,  бу  нарсалар  уларнинг  сезимлари,  тажрибалари  ва  умуман, табиатларида  йўқ  эди.  Хулласи  калом,  ҳозирги  кунларгачайин  Осиёнинг  шу  буюк  ярим  чўл, ярим саҳро жазирамаларида дарахт бўлиб дарахтмас, чўп бўлиб чўпмас, аммо тошдай қаттиқ, метиндай  мустаҳкам,  темир  арқон  каби  чийралган,  қурғоқчиликка  чидамли  жинғилзорлари, қумлоқ саксовулзорлари, какра ўтлари ва ҳаммасидан ҳам ой шуълаларида, кун ёруғида олтин тусли шаффоф ўрмон каби ловуллаб ёнадиган, ичига кирган ҳар қандай зот бошини кўтарган заҳоти тўрт томондан баравар кўзга ташланадиган чий қамишзорлари бўлган шу даштлардаги жонзотларнинг яшашига ҳеч нарса тўсқинлик бермай келарди.

Янги  бўри  хонадони — Тошчайнар  билан  Акбаранинг  қисматлари  мана  шу  ерларда кечадиган эди. Бу орада махлуқлар ҳаётида жуда муҳим бир воқеа ҳам бўлиб ўтган, Ақбара учта туққан эди. Бу унутилмас воқеа Мўйинқумда ўша кўклам чоғи жинғил чангалзор орасида, кекса саксовул  тагидаги  ўнгирда  рўй  берган  эди.  Бу  уя  бўри  болаларини  сайрга  олиб  чиқиш  учун жуда қулай эди. Бўричалар анча тиккайиб қолишган, қулоқларини диккайтириб туришар, лекин бир-бирлари  билан  ўйнаган,  думалашган  чоғларида  қулоқларининг  шалпайиб  тушгани  билан ишлари йўқ эди. Улар энди оёқда анча маҳкам турадиган бўлиб қолган, ҳар бирлари ўзларига яраша  феъли  ҳўй  орттирмоқда  эди.  Катта  бўрилар  овга  чиқадиган  пайтлари  улардан  қолмай эргашардилар.

Яқинда бўрилар бир кеча-кундуз овда бўлишди. Ов кутилмаган фалокат билан тугашига оз қолди.

Ўшанда Акбара тонг қоронғусида бўриваччаларни эргаштирганча Мўйинқумнинг овлоқ бир чеккасига йўл олди. Ўша ерларда, бепоён даштларда, айниқса, нимқоронғи сойлар, ўйдим-чуқур жарликларда  ҳушни  ажабтовур  элитиб,  бошни  айлантирадиган  ғалати  ўт-ўланлар  кўп  ўсиб ётарди. Бўйи бардан урадиган, қорайиб ётган, бўғриққан мана шу ўтлар ичида уларнинг турфа ўткир  чанг-ҳидларини  бирпас  димоғингга  тортиб  кезсанг,  бирдан  ўзингни  осмонда  учиб кетаётган-дек, ҳавода сузаётгандек енгил ва хушкайф сезасан, кейин беҳол уйқу босади. Акбара бу ерларни бўриваччалигидан бери билар, банг ўт гуллайдиган кезлар бир келиб кетган эди. У йўл-йўлакай чўлнинг майда жониворларини чангалидан ўтказиб, қуюқ ўтлар орасида айланиб юришни, улар устида ағанаб ётиш, ўткир исларни ичига тортиш, сўнг қанот чиқаргандай бўлиб учиш ва ниҳоят, хуморланиб ухлаб қолишни яхши кўрар эди.

Ҳозир эса улар Тошчайнар билан ёлғиз ўзлари эмас, орқаларидан оёқлари беўхшов ва узун бўричалар ҳам эргашиб келар эди. Бундай сафарлар пайтида бўри болалари иложи борича кўп нарсаларни  билиб,  ўз  мулқатларини  кичикликдан  яхшилаб  ўзлаштириб  олишлари  керак  эди.

Урғочи  бўри  эргаштириб  бораётган  мулк  чеккасидаги  хушбўй  ўтлоқларга  ҳам  шу  бўрилар эгалик қиладилар. Ундан у ёғи бегона маконлар эди, у томонларда одамларга дуч келиб қолиш ҳеч  гап  эмасди.  Ўша  кўз  илғамас  ёқлардан  гоҳо  куз  шамолларининг  увиллашидай  паровоз товушлари  қулоққа  чалинар,  у  ёқлар  бўриларга  мутлақо  ёт  эди.  Улар  Акбара  етагида  ўз мулкларининг энг чекка ёқаси томон кетиб борардилар.

Акбаранинг орқасидан Тошчайнар лўкиллаб боряпти. Бўричалар эса жонлари ичига сиғмай, дам  сайин  шўхлик  қилишади.  Ўйнашиб  олдинга  ўтиб  кетишади.  Лекин  Акбара  уларнинг бебошлик қилишларига изн бермайди. Ҳеч бир маҳлуқ унинг олдига тушмаслиги керак.

Бошида  саксовулзорлар  ва  чўл  шувоқлари  босган  қумлоқ  ерлардан  боришди.  Кун  тобора юқорига кўтарилиб, ҳаво одатдагидай очиқ ва иссиқ бўлишидан дарак берди. Оқшомга тортиб бўри  тўдаси  чўлнинг  чеккасига  етиб  келди.  Ҳали  кун  ёруғ  эди.  Ўтлар  бу  йил  баланд  бўлиб ўсган,  улар  ичида  юрган  бўриларнинг  ёлларигина  кўринарди.  Банг  ўтнинг  кун  бўйи  офтоб тиғида  қизиб  ётган  тук  босган  шохчаларидаги  кўзга  унчалик  ташланавермайдиган  гуллари кучли ҳид таратарди, айниқса, ўт қалин ўсган жойлардан ҳид ғоятда ўткир ва қуюқ эди. Узоқ йўл босиб келган бўрилар кичикроқ бир сой ичида дам олишди. Тинмағур бўри болалари чарчоқ нималигини билмай атрофда ўмбалоқ ошишар, ер искашар, ҳид олишар, ҳар нарса уларга қизиқ кўринарди.  Бўриларнинг  қоринлари  тўқ,  бинобарин,  кечаси  шу  ернинг  ўзида  тунаб  қолсалар ҳам  бўлаверарди.  Йўл-йўлакай  бир  неча  семиз-семиз  суғур  билан  битта  қуён  тутиб  ейишган, бир қанча қуш уяларини тинтишган, сўнг йўлда учраган жарликдаги булоқдан тўйиб-тўйиб сув ичишганди. Лекин ўртада кутилмаган бир воқеа юз бердиким, шундан сўнг бўрилар бу ерларни жадаллик билан тарк этишга, орқага, саҳро ичкарисидаги уяларига қайтишга мажбур бўлдилар. Улар тун бўйи йўл босдилар.

Воқеа  бундай  бўлди.  Кун  ботиб  борарди,  Акбара  билан  Тошчайнар  банг  ўтнинг  ҳидидан маст, хумор ҳолда ўт-ўланлар узра чўзилишган эди. Шу пайт яқин атрофдан қулоқларига одам саси  эшитилди.  Одамни  бошқалардан  бурун  жар  ёкасидан  ўйнаб,  қувалашиб  юрган  бўри болалари  кўрдилар.  Улар  баногоҳ  пайдо  бўлган  ушбу  ғалати  хилқат  одам  эканлигини  ҳатто, ҳаёлларига ҳам келтирганлари йўқ. Япроқдай иштон, яланг оёғига кеди, бошига янгилигида оқ, ҳозир эса бутунлай яғирлашиб кетган панама кийган махлуқ яланғоч ҳолда банг ўтлар орасида телба  каби  чопиб  юрарди.  У  ўт  қалин  ўсган  жойларни  танлаб  дам  у  ёққа,  дам  бу  ёққа лўкилларди, бундан маза қилаётганга ўхшарди. Бунақасини умрларида биринчи маротаба кўриб турган бўри болалари андак чўчиб, андак ажабланиб писиб-нетиб қараб қолишди. Анави маҳлуқ эса,  худди  жин  теккандек,  нари  бориб,  бери  чопиб  келишини  қўймасди.  Бўри  болалари қўрқувдан ўзларини ўнглаб, юраклари қизиди. Лўкиллаб чопиб юрган, баданида туки йўқ, икки оёқли  ғаройиб  маҳлуқ  билан  ўйнагилари  келди.  Шу  пайт  қип-яланғоч  одамнинг  ўзи  ҳам бўричаларни  кўриб  қолди.  Ҳайрон  қоладиган  ери  шундаки,  бу  ерда  қашқир  болалари  нима қилиб  юрибди,  деб  ўйламай,  ҳушёр  тортмай,  бу  эси  йўқ  қўлларини  олдинга  чўзиб;  бўри болаларини эркалай бошлади.

—  Вой,  булар  нима?—  дер  эди  у  юзларидан  оқиб  тушаётган  терларни  сидириб.—  Бўри болалари эмасми? Ё бошим айланиб, кўзимга шундоқ кўриняптими? Йўғ-эй, учаласи ҳам катта-катта  бўлиб  қолган  бўри  болалари-ку!  Вой,  менинг  бўривойларим!  Йўл  бўлсин?  Қайдан келдингиз? Қайга борасиз? Бу ерларда нима қилиб юрибсиз? Мени-ку, ёмонлигим бу ерларга ҳайдаб  келди,  сизлар-чи!  Бу  чўлларда,  қарғиш  теккан  бу  банг  ўтнинг  ичида  нима  қиляпсиз?

Қани, маҳ-маҳ, бери келинглар, қўрқма, қўрқма, маҳ-маҳ! Вой, тентак бўривойларим-эй!

Эсипаст бўри болалари одамнинг эркалатганига чиндан ишониб, қуйруқларини ликиллатиб, букилиб-букилиб бағирларини ерга теккизиб қувлашмачоқ ўйнаш иштиёқида яқинлашиб бора бошладилар.  Лекин  шунда  жар  ичидан  Акбара  отилиб  чиқди.  У  вазият  қанчалар  хатарли эканлигини  кўз  очиб-юмгунчалик  вақт  ичида  англаб  етди.  Акбара  босиқ  ириллаб,  чўл қуёшининг  қизғиш  шафақларига  беланган  яланғоч  одамга  ташланди.  Шу  сакраганда  унинг қорнини ёриб ташлаши ёки кекирдагини узиб олиши ҳеч гап эмасди. Ҳалиги киши эса ўқдай отилиб  келаётган  бўрини  кўрган  заҳоти  қўрқувдан  кўзлари  ола-кула  бўлиб  кетди,  эс-ҳушини йўқотиб, бошини қўллари билан пана қилганча чўккалаб ўтириб қолди. Ана шу уни қутқарди. Ўқдай учиб келаётган Акбаранинг фикри яшин тезлигида ўзгарди. У яланғоч ва ҳимоясиз, бир зарбалик  ҳоли  йўқ  одамнинг  устидан  қуюндай  ўтиб  кетди.  Шунда  одамнинг  чеҳрасини, қўрқувдан қотиб қолган кўзларини кўрди. Акбара одам танасининг ҳидларини сезди. У яна бир ирғиб ўзини одам устидан орқага отди ва болалари ёнида пайдо бўлди, уларни думчаларидан оғритиб  тишлаб,  шиддат  билан  жар  ёқасига  суриб  ҳайдаркан,  Тошчайнарнинг  рўпарасидан чиқди. Тошчайнар одамни кўрган, унинг баҳайбат ёллари қўрқинчли ҳурпайган эди. Акбара уни ҳам  нари  суриб,  бир  тишлаб  олди  ва  орқасига  қайирди.  Сўнгра  ҳаммалари  жар  ичига  тушиб кетдилар ва кўз очиб-юмгунча ғойиб бўлдилар…

Шундан  кейингина  бояги  одамнинг  эси  жойига  келди,  у  ўрнидан  дик  этиб  туриб  қоча бошлади… Орқасига қарамай, нафас чиқармай чўлда анча ергача чопиб борди…

Акбара галасининг одам билан тўқнашуви биринчи маротаба мана шундай юз берган эди… Бунинг оқибати нима билан тугашини ким билибди дейсиз…

 

Чингиз Айтматов

 

Аввалги қисмини ўқинг

Давоми 👉

 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Чол ва денгиз (3)

— Ана холос,— деди у.— Айтмовдимми!—ва қайиқни безовта қилмасликка ҳаракат қилиб, эшкакларни сувдан тортиб олди. Чол чилвирга томон энкайиб, уни ўнг қўлининг бош ва кўрсаткич ...

Мeҳробдан чаён-ғариб кўнгли

Анвар  бошқалар  каби  югурмаса  ҳам  елиб  келар  эди.  Хишткўпрукка  етканда,  катта  сув ёнидаги  ҳужра  эшигида  қўсқи1  пўстунга  ўралиб  турған  қоровул  унинг  олдиға  ...

Юлдузли тунлар-67

ЛАХЎР. ПАНИПАТ. ДEҲЛИ ЯНГИ ҚИРҒОҚЛАР 1 Қўшин илгарилаган сари ўрмон қалинлашиб борар эди. Чинордай баланд банъян дарахтларининг очиқ илдизлари шохларидан пастга осилиб ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400