Франция президенти жаноб Эммануэль Макронга Очиқ Мактуб

Лойиҳа

(Ўзбекистон президентининг Францияга расмий ташрифи муносабати билан).

 

Ўзбекистонда демократияни қайта тиклаш ва мустаҳкамлаш ҳақидаги умидлар чироғи ўчмасин!

2018й. 1 октябрь.

Жаноб Президент!
Расмий хабарларга қараганда октябрь ойида Ўзбекистон пезиденти жаноб Шавкат Мирзиёевнинг Францияга илк расмий ташрифи белгиланган.

                                                                                                    Эммануэль Макрон

Биз, Ўзбекистоннинг ҳозирги кундаги ва собиқ фуқаролари , бу ташрифдан хурсандмиз.
Давлат раҳбарларининг айнан ана шунақа учрашувлари нафақат икки давлат ва халқ ўртасидаги муносабатларни тиклаш ва ривожлантиришга балки демократия ва инсон ҳуқуқлари масалаларини ҳам яхшилашга ёрдам беради.

Бизларнинг бир қисмимиз Ўзбекистоннинг собиқ фуқароларимиз, чунки Каримов раҳбарлиги даврида бирларимиз демократик мухолифат сафларида, бошқаларимиз инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси, учинчиларимиз мустақил фикрловчи инсонлар ва журналистлар бўлганимиз учун ҳокимиятнинг қатағонига дучор бўлганмиз.

Ўша қатағон йилларида мухолифатнинг бир қатор фаоллари қийноқлар остида ўлдирилдилар, кўпчилиги асоссиз равишда қамоқларга ҳукм қилиндилар. Қамоқдан чиққач бизлар қайта қамоққа тушмаслик ҳавфи остида она Ватанимизни тарк этишга мажбур бўлдик.

 

Каримов вафотидан сўнг ҳокимиятга жаноб Шавкат Мирзиёев келди.
Ўзини президентлик даврининг илк ойларида жаноб Мирзиёев халқ ва мамлакат учун кўп яхши ишларни амалга оширди,илк маротаба қийноқлар очиқ қораланди, куч ишлатар тизимларнинг айрим зўравон вакиллари ҳибсга олиндилар, уларнинг раҳбарлари ўзгартирилди.

Жаноб Мирзиёев кўп маротаба халқ олдида минбарга чиқиб қийноқлар, порахўрлик, таъмагирлик, турли ҳокимият органларининг кучсизлиги ва фаолиятсизлигини танқид қилди.

 

Аммо шунга қарамай бугун ҳам ҳокимият тизимлари тарафидан инсон ҳуқуқларини поймол қилиш ҳоллари, коррупция аввалгидек кенг кўламда давом этмоқда.

Буларнинг барчасига совет империясидан мерос қолган ва тепадан пастга йўналтирилган Буйруқбозлик ила Административ бошқарув сабабчи бўлиб қолмоқда.

 

Биз бу эскидан қолган ҳокимиятни бошқарув тизимини ўзгартириш қийин эканлигини ва унга сабаб бугунги бошқарув органларида ҳали ҳам советлар даврининг кадрлари ишлаётганини ва улар ўзларининг эски услубларига содиқлигини тушунамиз.

 

Бизнинг ёдимизда қолган бир тарихий воқеа бор. Бу СССРнинг сўнгги президенти Михаил Горбачев билан АҚШнинг ўша пайтдаги президенти жаноб Рональд Рейган ва Буюк Британиянинг бош вазири Маргарет Тэтчер хонимнинг учрашувларидир.

Ана ўшанда жаноб Рейган ва Тэтчер хоним совет президенти жаноб Горбачевга кучли таъсир ўтказган эдилар. Айнан ана ўша учрашувларнинг натижаси ўлароқ СССРда Қайта қуриш ва Ошкоралик сиёсати эълон қилинган эди.

 

Ана ўшанда СССРда илк бора демократик мухолифат ташкилотлари тузила бошланди. Уларнинг қалдирғочлари Болтиқ бўйи республикаларида, Россия, Украина, Ўзбекистон, Озарбайжон, Грузия ва бошқа жойларда қанот қоқа бошладилар.

 

Секин аста ана шу мухолифат ташкилотларининг саъйи ҳаракатлари сабаб СССРдек қудратли империя ағдарилди.

Аммо Ўзбекистон мустақилликни қўлга киритгач ўша пайтда Москва томонидан ҳокимиятга келган Каримов тезда ўзини президент деб эълон қилди ва мухолифатга қарши кескин кураш бошлади. 2..3 йил ичида эндигина оёққа тураётган навқирон ўзбек мухолифати диктатор Каримов томонидан яксон қилинди.

 

Жаноб Мирзиёев ҳокимиятга келгач бизда янги умидлар уйғонди, биз “ниҳоят ҳокимият демократия ҳақида гапира бошлайди, чет эллардаги мухолифат вакилларига она Ватанга қайтишга ва уларнинг фуқароликлари ва ҳуқуқларини тиклашга ёрдам беради, мамлакатда сиёсий ислоҳотлар бошлайди” деб умид қилдик.

 

Афсуски бизнинг умидларимиз амалга ошмади.
Жаноб Мирзиёев 2 йилдан ошиқ давр мобайнида мамлакатни бошқарар экан, у ҳали бирор марта ҳам демократия, мухолифат ва инсон ҳуқуқлари деган сўзларни тилга олмади.

У адолат ҳақида қайта – қайта гапиришни яхши кўради, аммо энг аввало адолатни тиклаш лозимлигини, ундан кейин уни мустаҳкамлаш мумкинлигини ё тушунмайди, ё бу ҳақиқатни тан олмайди.

Ўзбекистон президентининг кўзга яққол кўриниб турган хатолари шундаки, у ўзи ваъда қилаётган нарсаларни, яъни коррупцияни йўқ қилиш, адолатни тиклаш каби нарсаларни амалда таъминлай олмаётганлигидир.э

Тил суяксиз, одам ўз имкониятларини ҳисобга олмаган ҳолда жуда кўп нарсаларни ваъда қилиши мумкин, ҳокимиятнинг олий раҳбари эса ўзининг ва мавжуд ҳокимият тизимларининг имкониятларини ҳисобга олмаган ҳолда кўп нарсаларни ваъда қилмоқда, кейин эса уларни бажара олмай, сабаб ва айбдорларни қидирмоқда.

 

Президентнинг қайсидир фармони ёки қайсидир қонунни бажарилмагани учун ҳамиша бирор ёки бир неча айбдорларни топиш осон, аммо ана ўша фармонлар ва қонунларни амалда НИМА УЧУН БАЖАРИБ БЎЛМАЯПТИ деган саволлар устида ишлаш, ўша қонунлар ва фармонларни бажариш учун қандай жиддий ҳаракатлар қилиш зарурлигини, бу учун эса энг аввало сиёсий ислоҳотларни бошлаш кераклигини тушунмоқ лозим.

 

Афсуски жаноб Мирзиёев мамлакатни совет услубида бошқармоқда, бу услуб у диктатор Каримов даврида ўн йил Бош вазир бўлиб ишлаган пайтларда унинг қон қонига сингиб кетган.

Бу услуб раҳбарнинг халқ олдига чиқиши билан унга фаровонлик, адолат, тенглик, бахту саодат каби нарсаларни қайта-қайта ваъда қилишини ўз ичига олади.

 

Совет раҳбарларининг халққа берган ваъдаларини бажариш ҳақидаги сўзлари ҳеч қачон уларнинг техник ва иқтисодий имкониятларига ҳамда миллионларча бюрократ амалдорларнинг статус квосига, яьни интеллектуал имкониятларига мос келмас эди.

 

Жаноб Мирзиёевнинг фаолиятида биз бугун ана ўша совет раҳбарларига хос бўлган ҳолатларни кузатмоқдамиз.

Бизни энг кўп ташвишга солаётган нарса жаноб Мирзиёевнинг ўжарлик билан Мухолифат, Демократия, Инсон Ҳуқуқлари, Мустақил жамоат ташкилотлари, Мустақил Матбуот, Мустақил Суд, Мустақил Парламент, Мустақил, шахсий фикр каби сўзларни айтишни истамаслигидир.

 

Сиз жаноб Президент, шуни яхши биласизки, бу сўзлар ҳар қандай демократик жамиятнинг тамал тошларидир, ривожланган давлатнинг қудратли ва қалин деворларидир.

Франция ва унинг фуқаролари ана шу сўзларга асосланган эркин жамиятда, ўз фуқароларига истаган фикрни истаган жойда очиқ билдириш, истаган одамни- у мухолифат ёки мавжуд ҳокимият вакилими, бундан қатьий назар ҳокимиятга сайлаш, ёки унинг истеъфосини талаб қилиш, барча соҳаларда адолат тантанаси учун қонунлар ва мустақил суд ва журналистлар ёрдамида кураш имконларига эга жамиятда юз йиллардан бери яшамоқдалар.

 

Аммо Ўзбекистон президенти мухолифатни душман деб ҳисоблайди. Бу сўзларни унинг номидан янги тузилган Давлат Хавфсизлик хизматининг янги раиси Ихтиёр Абдуллаев ошкора айтди.

Ҳаттоки ана шу хизматнинг номиёқ унинг халқни эмас балки ҳокимият вакилларини ҳимоя қилишг учун тузилганлигини очиқ кўрсатмоқда. Чунки Ўзбекистонда кўпчилик давлат деганда ҳокимиятни тушунади. Улар давлат дегани бу ўз ичига фуқаролар жамиятини ва унинг барча тизимларини олган бир қурилма эканлигини ҳатто билишмайди ҳам.

Шунинг учун Ўзбекистон президентлигига сайловлар мухолифат иштирокисиз ўтганлигини тушуниш қийин эмас. Келаси йил бўладиган Парламент сайловлари ҳам яна мухолифат иштирокисиз ўтадиганга ўхшаяпти.

 

Бугунги Ўзбекистон парламенти ҳокимиятни қўллаб қувватловчи партиялардан ташкил топган бир қўғирчоқ парламентдир. Чунки у партияларни бир пайтлар диктатор Каримовнинг ўзи Ғарбга Ўзбекистонда ҳам кўппартиявийлик бор деб кўрсатиш учун тузган эди.

Шунинг учун депутатларнинг бор ёки йўқлиги халққа сезилмайди ҳам, уларнинг ҳеч овози умуман эшитилмайди.

 

Кеча буни Сенат раиси Нигматилла Йўлдошев ошкора тан олди, “сенаторларимиз бирор ташаббус кўрсатишмайди, жойлардаги муаммолар ҳақида лом мим дейишмайди” деб.

 

27 йилдан бери Ўзбекистонда на мустақил матбуот, на мухолифат ва жамоат ташкилотлари, на мустақил адвокатлар, на мустақил суд бор.

Президент барча туман, шаҳар ва вилоят ҳокимларини ўз паноҳига олган. Бирор масала бўйича прокурор томонидан сўроққа чақирилган ҳокимларни ҳимоя қилар экан президент: “Ҳокимларни тинч қўйинглар! Уларнинг устидан шикоятингиз бўлса мана менга айтинглар. Ҳокимлар президентнинг жойлардаги вакилларидир!” деб дўқ қилди.

Энди 2018 йил биргина август ойида инсон ҳуқуқлари поймол қилиниши бўйича бир неча фактларни келтиришга ижозат беринг:

  1. 16 августда етти милиционер Вобкента шаҳрида фуқаро Шуҳрат Сирожевни уриб ўлдиришди.
  2. 17 августда кечаси Марҳамат туманида ёш йигитлар Йўлдошев Нодирбек ва Султонмуродов Толибжонлар милиция биносини ичида милиция томонидан қаттиқ калтакландилар.
  3. 26 августда Тошкентда судья Зафар Бобонов томонидан тадбиркор Жаҳонгир Умаров ҳеч бир асоссиз равишда, айби исбот бўлмасада, қийноққа солингани фош бўлсада 5 йилга озодликдан маҳрум этилди.
  4. 27 ва 28 август кунлари блогерлар #Мусанниф_Адҳам#Отабек_Усмонов#Зиёвуддин_Раҳимларҳибсга олиндилар.
  5. Президент қароргоҳига шикоят қилиб келган кўплаб фуқаролар милиция томонидан ушланиб турли бўлимларга олиб кетилганлар.
  6. Қорақалпоғистондаги оғир ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий вазият ҳам бизни қаттиқ ташвишга солмоқда. Қуриб қолган Орол денгизи у ерда яшовчи фуқароларга жуда кўп офатлар олиб келмоқда.

 

Биз умид қиламизки, Сиз жаноб Президент, Ўзбекистон Президенти жаноб Мирзиёев билан Ўзбекистонда демократияни тиклаш ва инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ҳақида очиқ гаплашасиз.

 

Биз Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги дўстона алоқаларимиз умуминсоний, демократик қадриятларни ҳурмат қилган ҳолда ривожланишини истаймиз.

 

Бизнинг истагимиз – Ўзбекистон халқи ҳам Франция халқи каби озодлик, эркинлик, адолат тантанасини ҳис қилсинлар, ана шу қадриятлар асосида жамиятимиз ривожлансин.

Биз узоқ кутиб чарчадик ва ортиқ кута олмаймиз, бизнинг халқимиз эрк ва озодликни узоқ йиллар кутди, ушбу кунларда халқнинг бир қисми ўзга давлатларда ишлаш, пул топиш ва бахтли яшаш учун сарсон саргардон бўлмоқдалар.

 

Бугун барча ўзбеклар ўз она Ватанларида яшаб, фаровон ва бахтли ҳаёт кечиришга тўла ҳақлидирлар!

 

Биз ўзимизнинг гўзал ва жонажон юртимизда яшашни, уни ривожлантириш ва юксалтиришни, барча халқлар билан дўстона яшашни истаймиз!

 

Бу мақсадларга эришишда Франция биз учун кучли намунали давлат бўлсин, давлат раҳбарлари ва халқимиз бир бирларидан яхшилик, адолат, бахту саодат ва умуминсоний , демократик қадриятларни ўргансинлар!

 

Ҳурмат ила

Ҳазратқул ХудойбердиШвеция (saturnus04@yahoo.se )
Сафар Бекжон, hicral@hotmail.com 
Мурад Патуллаев
Muhriddin Kamol, kamoluzb55@gmail.com
Умар Мухтар, ramzhakimov8@gmail.com 
Зебодоно Якубова, zeboyokubova@gmail.com
Саид Камол, Kamolsaid2007@gmail.com

(Марҳамат,барча истаганлар Франция Президентига ёзилган бу Очиқ Мактубга имзо қўйишлари мумкин. Агар Текстга қўшимчалар киритиш таклифингиз бўлса уни ёзиб юборинг. Бу мактуб ҳозирча ЛОЙИҲА ва у 2..3 кундан сўнг жўнатилади.
Илтимос ўз исми шарифингизни ёзгач емайл адресингизни ёзишни ҳам унутманг. Ўзбекистонда бўлган биродарлар. Агар хавфсизлик нўқтаи назаридан сизлар ўз исмингизни очиқ ёзишни истамасангиз у ҳолда уни менга эмайл ёки Фейсбук орқали билдиринг. Мен сизларнинг исмларингизни мактубда N.N. ёки Х.Х. деб (сизнинг истагингизга қараб)белгилайман).
Мактуб 3 Октябрда Франция Президентига жўнатилади.

 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Ўзбекистон: россия мудофаа вазирини тошкентга нима етаклаган бўлиши мумкин?

Россия Мудофаа вазири Тошкентда. Расмий хабарларга кўра, Сергей Шойгу аллақачон Ўзбекистон Мудофаа вазири Абдусалом Азизов билан музокаралар олиб борган. Сергей Шойгу икки ...

Суд санъат умаровга 6 йил  қамоқ жазосини берди

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят судида Каттақўрғон шаҳар ИИБнинг собиқ ходими Санъат Умаров устидан ҳукм ўқилди. Бу ҳақда Кун.Уз хабар берди. 19 октябрь ...

Малком ирқчилик туфайли январдаёқ “зенит”дан кетиши мумкин

Жорий трансферлар ойнасида «Барселона»дан «Зенит»га ўтган ярим ҳимоячи Малком январь ойидаёқ янги жамоасини тарк этиши мумкин, деб ёзади “CHAMPIONAT.asia” сайти. Гап шундаки, ...