Чингиз Айтматов:ҚИЁМАТ 6-қисм

III

Мўйинқумга  қиш  тушди.  Бир  марта  қор  ҳам  ёғиб  ўтди.  Хийла  қалин  ёғди,  аммо  узоқ турмади.  Эрталаб  жамики  чўлу  саҳрони  худди  тўлқинлари  югуриб  кета  туриб  бирдан  қотиб қолган оппоқ уммонга айлантириб юборди. Оқ муҳитда қамғоқларни тирқиратиб қувиб юрган шамолгина  ҳоким  бўлиб  қолди.  Қумлоқларга  нам  сингиди.  Баданига  ҳўл  теккан  қатқалоқ тақирнинг  бағри  юмшади.  Чўлга  коинот — беҳудуд  осмоннинг  жимлиги  чўкди…  Бундан  сал илгарироқ  саҳро  тепасидан  ғозлар  ғағиллаб  учиб  ўтдилар.  Улар  Мўйинқум  узра  жуда юксакларда  баланд  овоза  солишиб,  Ҳимолай  томонларга  боришарди. Шимолнинг  дарё  ҳамда денгизларидаги  ёзги  қароргоҳларидан  Ҳинд  ва  Брахмапутранинг  азалдан  ҳам  азал  сувларини мўлжал қилиб учишарди. Чўл жониворларининг қанотлари бўлсайди, улар, албатта, ғозларнинг ҳазин  чорловларига  жавобан  ҳавога  кўтарилар  эдилар.  Бироқ  ҳар  маҳлуқнинг  пешонасига  ўз жаннати  ёзиб  қўйилган…  Ҳатто,  юксак  парвозларга  ўрганган  чўл  калхатлари  ҳам  ўз  учар жойларидан узоққа кетмайдилар…

 

Акбаранинг  болалари  қиш  бошланишида  вояга  етиб,  кўзга  ташланиб  қолишди.  Ҳар бирининг ўзига етгунча феъли бор. Рост, Акбара уларга исм, атов қўйгани йўқ. Худонинг ўзи буюрмагандан  кейин,  йўриғидан  чиқиб  қаёққа  ҳам  борарди.  Лекин  Акбара  одамлар билмайдиган ҳид-бўйларидан ва бошқа ўзига таниқ белгилардан болаларини яхши ажратиб олар ва  ҳар  бирини  адашмай  аниқ  чақирарди.  Бўричаларнинг  энг  каттаси  худди  Тошчайнарга ўхшаган  калладор  эди.  Шунинг  учун  уни  Хумкалла  деб  фарқлайди.  Ўртанчаси  ҳам  бўла  ва йирик. Унинг оёқлари узун ва кучли эди. Вақти соати келиб у овда ҳайдовчиларга бош бўлади. Шунинг  учун  уни  Илдам  деб  билади.  Учинчи  бўрича  эса  Акбаранинг  худди  ўзи — кўккўз, човида  оқ  ямоғи  бор,  энасининг  суюкли  ўйинқароғи.  Акбара  уни  ўз  назарида  Суйгиной  деб атаган.  Ҳали  унинг  бўйи  етсин,  эҳ-ҳэ,  не-не  умидвор  ошиқлар  уни  деб  бир-бирларига  қирон соладилар…

 

Кечаси билинтирмай ёғиб чиққан қор ҳамманинг баҳри-дилини очиб юборди. Бўри болалари аввал уяларининг теварак-атрофини бутунлай бошқача қилиб юборган ўзларига номаълум бу ғалати  нарсани  кўриб,  димоқларига  унинг  ҳидини  чуқур-чуқур  тортиб,  андак  ҳуркиброқ туришди.  Кейин  қорнинг  роҳатбахш  муздек  салқини  қонларини  жўштириб  юборди,  бир-бирларини  қувлашиб,  хириллашиб,  қорга  думалатишиб,  босишиб,  азбаройи  жонлари кирганидан  инграшиб,  акиллай  кетишди.  Ўша  қиш  бўрининг  тўнғич  болалари  учун  мана шундай бошланди. Қиш оёқлаганда, улар бир-бирларидан, ота-оналаридан ажралиб чиқадилар, ҳар бирлари мустақил ҳаётга қадам қўйишлари керак бўлади.

 

Кечга  томон  яна  қор  сепалаб  ёғди.  Эртасига  эрталаб,  ҳали  қуёш  чиқмасданоқ,  чўл  тиниқ ёришиб  кетди.  Ҳаммаёққа  осуда  сукунат  чўкди.  Қиш  совуғи  иштаҳаларини  очиб  юборди.

Бўрилар галаси қулоқларини динг қила атрофга аланглашди — ўлжа қидириб чиқадиган вақт етганди.  Акбара  бошқа  бўри  галаларидан  сайғоқ  овини  бошлаш  ҳақида  хабар  қутмоқда  эди.

Ҳозирча ҳеч қандай ишора йўқ. Лекин ҳамма шунга маҳтал турарди. Хумкалланинг ўтиришини кўринг.  Қулоқлари  дикрайган,  кўзларида  сабрсизлик.  Лекин,  овнинг  қанчалик  машаққатлари борлигини  ҳали  билмайди.  Ана,  Илдам  ҳам  ҳозиру  нозир;  мана,  Суйгиной — онасининг кўзларига  тик  ва  садоқат  билан  боқади;  уларнинг  ёнида  Тошчайнар,  нари  бориб-бери  келиб турибди.  Ҳаммалари  Акбаранинг  амрига  мунтазир.  Лекин  буларнинг  бари  устидан  яна  бир буюк ҳоким — Очлик, нафс ҳукмрон.

Акбара вақт етди дегандай ўрнидан қўзғалди, йўртиб йўлга тушди. Ортиқ кутиб бўлмасди.

Бошқалар ҳам унга эргашдилар.

Акбара,  болалари  ҳали  кичкина  экан,  овни  қандай  орзу  қилган  бўлса,  худди  шундай бошлайди. Гала-гала бўрилар бир жойга йиғилиб, чўлда катта ов бошлаб юборадиган пайт. Яна жиндак вақт ўтсин, қора совуқлар туради, ўшанда ёлғиз дайдиган бўрилар жамоага бирлашади ва то қиш охирларига қадар биргаликда ов қилади.

Акбара  ва  Тошчайнар  унгача  тўнғич  фарзандларини  синаб  кўргани  биринчи  катта  сайғоқ овига олиб бормоқда эдилар.

Бўрилар  бирда  одимлаб,  бирда  йўртиб  чўлга  қараб  ичкарилар,  уларнинг  излари  теп-текис момиқ қорга худди ягона куч ва ирода рамзидай чуқур ботар, йиртқичлар йўлларида бута келса, эгилиб  ўтишар,  лозим  бўлса,  худди  соядай  овоз  чиқармай  сакрашар  эди.  Энди  ҳаммаси уларнинг ўзларига боғлиқ, омадларига ҳавола…

Бир  ерга  етганда,  Акбара  атрофга  кўз  ташлаб  қўйиш  учун  тепалик  устига  югуриб  чиқди. Кўккўзларини чўлнинг олис-олисларига қадаганча тек қолди. У димоғи билан шамол келтирган ҳидларни сараларди. Улуғ саҳро уйғониб келарди. Кўз илғагулик енгил, ҳарир туманлар ичра сайғоқ  суруклари  ўтлаб  юрарди,  суруклар  жуда  катта  эди;  уларга  бир  ёшга  тўлган  тўқли подалари ҳам аралаш эди; лекин, кўп ўтмай улар ўзлари алоҳида сурук бўлиб чиқадилар. Ўша йили сайғоқлар мўл болалаган эдилар. Бу — бўриларга ҳам барака демак…

Акбара  чий  ўсган  тепада  бир  оз  туриб  қолди:  мўлжални  расо  олиш,  шамолнинг  эсишига кўра овни қайси томондан бошлашни аниқ билиш керак эди.

Худди мана шу пайт аллақайлардан, осмон тарафдан ғалати қалдираган товуш чиқди. Чўлни шу гулдурос босди. Лекин у сира момақалдироқ сасига ўхшамасди. Нотаниш шовқин дам сайин кучайиб келарди. Тошчайнар ҳам жойида туролмай сакраб Акбаранинг ёнига кўтарилди, шунда ҳар икковлари ҳам қўрқиб орқаларига тисарилдилар — осмонда нимадир бўлмоқда эди. Узоқда қулоқларни  батанг  қилиб  қалдираган  қандайдир  темир  қуш  пайдо  бўлди.  У  худди  қумга тумшуғини тиқиб олай деб, пастлаб, энкайиб, қийшайиб учарди. Ундан пича нарироқда яна бир худди шундай қуш учиб келарди. Кейин улар кўздан йироқлаб кетдилар. Шовқин-сурон аста-секин тинди. Булар вертолётлар эди.

Шундай  қилиб,  мисоли  сувда  из  қолдирмайдиган  балиқлардек  икки  вертолёт  Мўйинқум осмонини  тилиб  ўтди.  Бироқ  на  кўк  ва  на  ерда  бирон  нарса  ўзгарди.  Бу  ҳаводан  қилинган азмойиш эди. Ҳозир учувчилар қаерда, хаританинг қайси бўлагидан қанча, нима кўрганликлари ҳақида радио орқали тегишли жойга хабар бермоқда. Мўйинқумга кирадиган вездеходлар, юк прицепларига қулай йўлларни кўрсатмоқда эдилар…

Бўриларми, уларни нима ҳам деб бўларди, бирпаслик саросимадан сўнг, улар вертолётларни эсларидан чиқариб, сайғоқлар макони сари лўкиллаб жўнашди. Уларнинг ҳаммалари, барча чўл жониворлари  ва  йиртқичлари  энди  дафтарга  тушганликлари  ҳамда  ёппасига  қирғин  қилишга маҳкум  этилганликларини  қаердан  билсинлар,  ахир.  Бу  уларнинг  етти  ухлаб  тушларига  ҳам кирмаган,  буларни  билиш,  англашдан  маҳрум  ҳам  эдилар.  Ҳолбуки,  уларни  қириш режалаштирилган,  кўп  жойларда  келишилган,  мана,  ҳозир,  шу  тобда  қанча-қанчалаб  мотор-машиналарга миниб бу ёқларга қараб йўлга тушишганди…

Чўл  бўрилари  ўзларининг  азал  емишлари — сайғоқлар — одамларга  гўшт  топшириш планини  бажариш  учун  керак  бўлиб  қолганлигини  қаердан  билишсин,  ахир, «Ҳал  қилувчи» йилнинг охирги кварталида областнинг аҳволи ниҳоятда чатоқ, юқори доираларда асабий ҳолат ҳукмрон  эди. «Беш  йиллик  плани»  тўлмай  турарди.  Шунда  область  бошқармасидаги  ақлли устаси фаранглардан бири Мўйинқум гўшт заҳираларини «ҳаракатга келтиришни» таклиф этди.

 

Чингиз Айтматов

 

Аввалги қисмини ўқинг

Давоми 👉

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Чингиз айтматов:қиёмат 32-қисм

V Обер-Кандалов  Мўйинқумда  кийик  қирғинига  одам  қидириб  вокзални  айланиб  юрганида Авдий Каллистратовга дуч келди. Бу  юмушни  Обер-Кандаловга  топширган  одам  ...

Ота-она орзуси

Иккинчи бўлим Азизбек Тошканддан жўнатилди. Унинг ерига Қўқондан Нормуҳаммад қушбеги белгуланиб келди. Азизбекни қўлға тушуриб бериш билан қипчоқлар наздида ҳам Юсуфбек ...

Ғамгин қўшиқ (шеър)

Аям Офтоб Мамажон карвон қизига Гўзаллашиб кетарди борлиқ Шаҳрихондан ўтганда Офтоб, тўкиларди кулган чоғи дур, нур уйнарди кўзларида соф. Уни кўриб тўхтарди сувлар, ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400