Ўзбекистон: Ҳокимиятни танқид қилган наманганлик депутат қамоққа олинди

Facebookда танқидий чиқишлари билан машҳур Наманган вилоят кенгаши депутати Олимжон Тўхтаназаровга жиноий иш очилди. У 22 сентябр куни “фирибгарлик” ва “пора бериш” айби билан ушланди. Яқинлари бу айбларга ишонмаяпти.

Олимжон Тухтаназаров

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Би-би-сига маълум қилишича, “депутат Наманган вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари ходимлари томонидан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда 500 доллар билан ушланган”.

Бош прокуратура матбуот котиби Сурайё Раҳмонованинг айтишича, депутатнинг қўлга олинишига муқаддам Поп туманида мактаб директори бўлиб ишлаган, суд қарори билан ишдан олинган фуқаро И. М.нинг аризаси сабаб бўлган.

Би-би-сига маълум бўлишича, депутатни қўлга олиш тадбирини Давлат хавфсизлик хизмати ташкиллаштирган. Олимжон Тўхтаназаров шу вақтгача уйдагиларга кўрсатилмаган. Уни давлат томонидан тайинланган адвокат ҳимоя қилмоқда.

Собиқ мактаб директори “Олимжон Тўхтаназаровга мурожаат қилганида, у давлат органларидаги юқори мансабдор шахсларга пора бериш орқали суд хукмини бекор қилиб, оқлов хукми чиқартириб беришини ҳамда мактаб директори лавозимига ишга тиклаб беришини айтиб, эвазига 500 АҚШ доллари миқдорида пул талаб қилаётганлигини, унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган”, дейилади Бош прокуратура хабарида.

Депутатни қўлга олишда ўша куни вилоят халқ депутатлари Кенгаши розилиги олинган. Ҳозир унинг қаерда сақланаётгани тергов сири доирасида бўлганлиги учун Би-би-сига маълум қилинмади.

Олимжон Тўхтаназаровга Жиноят кодексининг икки моддаси Фирибгарлик ва Пора бериш бўйича жиноий иш очилган.

“Олимжон Тўхтаназаровга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми «в» банди, 28, 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, шу куни вилоят халқ депутатлари Кенгаши розилиги олинган ҳолда О.А.Тўхтаназаров ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланди”, дейилади Бош прокуратура хабарида.

“Тошкент” телеканалида режиссёр бўлиб ишловчи Олимжон Тўхтаназаров Поп туманидан Наманган вилоят кенгашига депутат этиб сайланган.

ЎзЛиДеП партияси аъзоси Олимжон Тўхтаназаров халқ муаммоларини депутатлик ваколатидан келиб чиқиб кўтарувчи фаол сифатида таниқли эди.

У Facebook да ўзининг кескин чиқишлари билан машҳур бўлган.

Олимжон Тўхтаназаров Наманган вилоятидан сенатда бўшаб қолган 3 ўрин учун бўлиб ўтган сайловни “депутатлар кўз ўнгида саҳналаштирилган спектакл”, деб баҳо берган.

Шу йилнинг май ойида Шавкат Мирзиёевнинг вилоятга ташрифи чоғида Президент билан учрашувга қўйилмаганидан шикоят қилган.

Депутатнинг сўзларига кўра, маҳаллий ҳокимият мулозимларининг эскича иш услуби сабаб Мирзиёев ижтимоий-иқтисодий соҳада эълон қилган ислоҳотлар жойларда олдинга силжимаяпти, оддий одамлар турмушида сезиларли ўзгаришлар содир бўлмаётир.

“Пора олганига ишонмайман”

Депутатнинг турмуш ўртоғи Сайёра Ҳалимова унинг пора билан ушланганлиги тўғрисидаги хабарга ишонмаслигини айтмоқда.

“Шунча йил битта уйда яшаганингиздан кейин биласиз. Уйда уч киши мен, қизим ва турмуш ўртоғим ишлаб рўзғор тебратамиз. Бир фарзандимиз болаликдан ногирон. Турмуш ўртоғим ҳар доим уйга ҳаром кирмаслик кераклигини таъкидлаб келган”, дейди Сайёра Ҳалимова.

Фаол депутатларга босимми?

Ўзбекистонда 25 августдан бошлаб Facebookда фаол бўлган блоггерлар 15 суткага маъмурий жавобгарликка тортила бошланди.

8 нафар блоггер турли айблар билан маъмурий жазога тортилган бўлса-да, кузатувчилар улар айнан ҳукумат позицияга терс фикрларни билдиргани учун қамалганлигини билдиришди.

Шундан сўнг Ўзбекистонда икки марта бир ҳафталик муддатга Facebook очилмай қолди.

Facebookда фаол бўлган Олий мажлис депутати Расул Кушербаев 18 сентябр куни кимгадир туҳмат қилгани учун жазоланиш билан огоҳлантирилганига шаъма қилиб пост қўйди.

“Facebook инсульт даврини бошдан кечираяпти Бу орада кимларгадир туҳмат қилиб қўйганмишман. Камига бунга жазо бормиш. Мдаа жуда қолипга туширишибди ўзиям: фикр билдирсанг жазо, дардга қулоқ тутсанг жазо, ёнсанг жазо, куйсанг жазо, бефарқ бўлсанг жазо… Ишқилиб жазо борлигини эслатишдан бошқаси йўқ.”, деб ёзган Расул Кушербаев.

Бу гаплардан 4 кун ўтиб Наманганда яна бир фаол депутат Олимжон Тўхтаназаров қамоққа олинди.

Кушербаевнинг ушбу пости эса Facebookдан ғойиб бўлди.

 

Манба:BBCUZBEK.COM

 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Бош кесмоқ бор, тил кесмоқ йўқ

Жорий йилнинг август ойида Mulkdor сайтида, Фейсбукдаги машҳур блоггер Нодир Зокировнинг «75 миллион евролик паспорт» номли постини мақола сифатида берган эдик. Мақолада ...

Россиядаги меҳнат муҳожирларига ётоқхоналар қуриш таклифи бўлмоқда

Қирғизистон парламентининг депутати Ўмурбек Бакиров Россияда меҳнат қилаётган Қирғизистон фуқаролари учун ётоқхоналар қуришни таклиф қилди. Бу ҳақда депутат қирғиз ...

Сохта абитуриентлар аниқланди, аммо улар аллақачон талаба

2017 йили Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев имзолаган қарор билан олий таълим муассасаларида педагогика йўналишида махсус сиртқи бўлимлар ташкил этилди. Янги ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400