Давлат тили масаласи – серқирра ҳодиса

21 октябрь – Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун

 

Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши, тил таълими, унинг хусусиятлари, матбуотда, китобларда тилнинг аҳволи, расмий идораларда ҳужжатларнинг давлат тилидаги ижроси, она тили йўналишида олиб борилаётган илмий ишлар хусусида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА мухбирига филология фанлари доктори, профессор Бахтиёр МЕНГЛИЕВ қуйидагиларни сўзлаб берди.

 

– Давлат тили масаласи – серқирра ҳодиса, – дейди Б.Менглиев. – Унга маънавий, маданий, мафкуравий, сиёсий, ҳуқуқий, фалсафий томонлардан ёндашиш мумкин. Ўзбек тилига давлат тили мақоми асосан сиёсий эҳтиёж (давлат мустақиллиги) асосида берилган эди. У давлат мустақиллигининг сиёсий рамзи сифатида намоён бўлган эди. Шунинг учун қонунда унинг моддаларига риоя қилмаслик учун жазо чоралари белгиланмаган, қонун ости меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлари яратилмаган. Йиллар оша давлатимиз мустақиллиги янги ҳодиса бўлмай қолгач, давлат тилига ҳам эътибор сусайиб кета бошлади. Демак, давлат тили ҳақидаги қонун ўша даврда қўйилган асосий вазифасини бажариб бўлди, мамлакатимиз ва дунё миқёсида у давлатимизнинг сиёсий белгиси сифатида ўрнашиб бўлди.

 

Тилнинг хавфсизлигини таъминлаш учун уларнинг ёзувларига, кўп сонли сўзлашувчиларга (100 мингдан ортиқ), давлат тили мақомига ва ахборот-коммуникация, Интернет тизимида қўлланиш хусусиятига ҳамда сўзлашувчиларнинг муҳаббатига эгалигидан ташқари, зиёлиларнинг тилларни сақлаб қолиш ва ривожлантириш ҳақида қайғуришлари, мутасаддиларнинг эса бир ёқадан бош чиқариб ташкилий йўл билан курашишлари жуда ҳам зарур.

 

Шубҳасиз, она тилимизнинг ҳам ўз ёзувига, давлат тили мақомига эгалиги, 30 миллиондан ортиқ сўзлашувчиси борлиги кишини хушнуд қилади. Бироқ аччиқ бўлса-да, таъкидлаш керакки, унинг ахборот-коммуникация технологиялари, Интернет тили даражасига кўтарилмаётгани, айниқса, бу борада тегишли илмий-тадқиқот муассасалари ва марказларда концептуал характердаги на назарий, на амалий, на ташкилий ишлар олиб борилаётганлиги унинг ҳам йўқолиш хавфидан буткул холи эмаслигини, дунё тиллари рўйхатида эса йўқолишдан эҳтиёт қилиш лозим бўлган тиллар қаторида қолиб кетаётганлигини кўрсатади.

 

Муаммо ечими учун энди давлат тилининг маънавий, маданий, ҳуқуқий, фалсафий жиҳатларига жиддий эътибор қаратиш зарур. У тўла маънода миллатнинг маънавий мулкига, маданий хусусиятига айланмоғи учун курашилмоғи лозим. Давлат тилининг қайси жиҳатларига ижтимоий эҳтиёж ва давр талаби кучли бўлса, ўша жиҳатларига эътиборни кучайтириш керак.

 

Матбуотда, китобларда тилнинг аянчли аҳволи ўзбек тилининг ахборот-коммуникация соҳалари тилига айланолмаётганлиги билан боғлиқ. Дунё миқёсида ёзма матнлардаги саводсизликни бартараф этишда ахборот технологиялари инсоннинг энг яқин кўмакдошига айланиб улгурди. Биз эса ҳануз эски ҳаммомлардаги эски тослардан фойдаланамиз.

 

Глобаллашув асрида тилларнинг яшаб қолиши кўпроқ ахборот-коммуникациялари соҳасида, интернет тизимида қўлланиш даражаси билан боғлиқ. Қайси тил интернет тили эмас экан, бу тилларнинг рўпарасида ўлим хавфи тураверади.

 

Интернет компьютер технологияларига таянади. Компьютер лингвистикасида “компьютернинг тилни таниши” деган тушунча бор. Агар компьютер тилни “танир” экан, тилнинг компьютер тили, интернет тили эканлиги ҳақида сўз юритиш тўғри бўлади.

 

Компьютер тилни “таниши” учун у бу тилни билиши, ўзлаштирган бўлиши зарур. Компьютернинг матндаги хатоларни тузатиши, матнни қайта ишлаши, таржима қилиши, аннотациялаши, тилни ўргатиши, транслитерация қилиши, тил ифодаларини таснифлаши, тартиблаши, бирор тилда гапириши, ёзиши унинг тилни таниши асосида амалга оширилади. Умуман олганда, сунъий интеллектнинг муайян тил асосида иш кўриши, тилнинг сунъий интеллектнинг тўла маънодаги мулоқот воситасига айланиши унинг тилни “билиши” ва “таниши” асосида содир бўлади. Ҳали сунъий интеллект ўзбек тилини танимайди.

 

Хуллас, энди шахс билан бирга, компьютернинг ҳам ўзбек тилидан саводини чиқармас эканмиз, муаммомиз кучайиб бораверади.

 

Бугунги кунда расмий идораларда ўзбек тилида иш юритиш ўз ҳолига ташлаб қўйилган.

 

Айниқса, вазирлик ва ундан юқори органларда зарурат бўлмаса ҳам (зарурат деганда, халқаро муносабатлар назарда тутилади), рус тилида иш юритиш урфдан қолмаган. Бу давлат тили ҳақидаги қонун ижтимоий муносабатларни тартибга солиш вазифасининг ноль даражада эканлиги билан боғлиқ.

 

Маълумки, қонун у тартибга соладиган ҳодиса ва муносабатлардаги бузилишларнинг олдини олиш учун ишлаб чиқилади. Қонуннинг ижтимоий аҳамиятини ошириш жазо чораларини қўлловчи қонун ости ҳужжатлари билан мустаҳкамланади. Ана шу ҳужжатлар бўлмаганлиги сабабли давлат тили ҳақидаги қонунга амал қилинмайди. У ҳеч кимга ҳеч қандай зиён етказмайдиган қилиб яратилган.

 

Хуллас, қонун ости ҳужжатлари қонуннинг ғилдираклари ҳисобланади. Ғилдираклар йўқ экан, қонун “юрмайди”. Давлат тили ҳақидаги қонунимиз ана шундай ғилдиракларсиз автомобилга ўхшайди.

 

Ўзбек тилининг фақат ёзма меъёрлари мавжуд ва у ҳам ўтган асрнинг 50-йилларида яратилган ва жонли ҳаётдан узилиб қолган. Натижада бу меъёрларга амал қилиш жуда суст даражада. Тил меъёрлари бўйича амалий тавсия берадиган тадқиқот олиб бориш масаласи тилшуносликнинг аллақачонлар “эсидан чиқиб кетган”.

 

Эътибор қилинса, бошланғич синф партасидан то лицей ва коллежни тугатгунча ўқувчиларимиз асосан тил қурилиши бўйича, яъни тилшуносликдан билим олади. Масалан, жорий она тили дарсликларидан бирида жами 79 та мавзу берилган. Бундан 71 таси тил қурилишига, 8 таси матн тузишга доир мавзулар. Демак, мавзуларнинг тахминан 10 фоизи матн тузиш малакасини ўстиришга, 90 фоизи тил қурилиши бўйича билим беришга мўлжалланган. Мақсад нима? Лисоний тафаккурни ўстиришми ёки лисоншунослик тафаккурини ўстириш? Тилдан фойдаланиш малакасини ўстиришми ёки тилшунос тайёрлаш? Шу синфда ўқувчи янги 78 та лингвистик қоидани, 61 термин маъносини ўзлаштириши керак.

 

Янги давр масалага янгича ёндашувни талаб қилмоқда. Маълумки, ҳар қандай молиялаш унинг қандай самара беришини мўлжал қилган ҳолда амалга оширилади. Хўш, бугунги кунда она тили таълимининг самараси ўқувчининг олган лингвистик билимими ёки она тили имкониятларини эгаллаш ва мустақил тафаккурининг ўсиш даражасими?

 

Она тили таълими жараёнида асосий диққатни ўқувчининг сўз бойлигини ошириш, сўзларнинг маъно нозикликлари, фарқ ва ўхшашликларини ҳис қилиш ва англаб етиш, бехато талаффуз қилиш ва ёзиш, сўзларни боғлаб гап, гаплардан эса матн туза олиш, бирикмалардаги маъновий ва грамматик, матндаги мантиқий хатоликларни топиш ва тузатиш, ўзгалар фикрини тўғри англаш, бир фикрни турли шаклда ифодалаш, узилган фикрнинг давомини тиклаш каби қатор мантиқий операцияларни бажариш, нутқ вазиятини тўғри баҳолаш ва тил имкониятларидан унга мос равишда фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш ва малакасини ўстиришга қаратиш зарур. Ўқувчига мана шу амалиёт учун керак бўлган айрим фонетик, лексик ва грамматик қоидаларнигина бериш, фикрни ифодалаш ва англашнинг турли механизм ва усулларини, уларни турли нутқ шароитига мос равишда қўллаш йўлларини тавсия этиш, бунга асосланган машқ ва топшириқлар тизимини ишлаб чиқиш, нотиқлик ва маданий нутқ машғулотларига эътиборни кучайтириш зарур. Демак, том маънодаги замонавий таълимда тилшуносликнинг илмий масалаларига доир қоидалар кескин қисқартирилиб, унча чуқурлаштирилмаган лингвистик маълумотлар тафаккур ва нутқ ўстириш амалиёти “сояси”да бўлиши ва унга хизмат қилиши, ўқувчининг мияси зинҳор самарасиз лингвистик қоида ва идроки тил қурилишига доир машқлар билан банд қилиб қўйилмаслиги мақсадга мувофиқ.

 

Хуллас, давр она тили дарсликларидан ёшларимизга тил қурилиши ҳақидаги билимни эмас, балки том маънода она тили имкониятини эгаллаш механизм ва усулларини беришини тақозо қилмоқда.

 

Тиллараро нотенглик тилларнинг моддий фойда бериш даражаси билан белгиланади. Қайсидир тил муҳимроқ, обрўлироқ, қулайроқ бўлса, унга муайян бир жамият ёки дунё миқёсида кўпроқ эътибор қаратилади. Табиийки, одамлар ўзи ва фарзандлари учун ижтимоий устуворлик берадиган тилни танлашади. Масалан, бизнинг шароитда рус тилига, инглиз тилига берилаётган эътибор – бунинг бир кўриниши. Одатда, мактаб ва олий ўқув юртларида ўқитилаётган бу “катта” тиллар – мансаб пиллапояларидан юксалишнинг муваффақиятли гарови. Ёш авлод ўз келажагини ўзбек тилида эмас, инглиз, рус, корейс, япон ва хитой тилларида кўради. Шунинг учун уларни севади, уларга интилади.

 

– Бугун она тили йўналишида илмий ишлар қай аҳволда? Изланишлар қайси талаблар асосида олиб борилмоқда? Бугунги кунда кимларга илмий даража қайси йўналишдаги ишлари учун берилаётир?

 

– Ўзбек тилшунослиги бўйича ҳозирги тадқиқотларда кўп ҳолларда амалий аҳамиятсиз, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий самарадан холи, фақат “тил ўзида”, “тилшунослик илмий даражалар учун” тамойиллари асосида иш кўрилади. Бу аксарият тадқиқотларнинг аллақачонлар эскириб кетган андоза ва ўтмишда қолган талаблар асосида амалга оширилаётганлигидан ҳам маълум.

 

Муаммо аломатлари қуйидагиларда кўзга ташланади: тилшунослик доирасидаги давлат илмий тадқиқот грантларига даъвогар ҳар қандай анъанавий мавзудаги лойиҳани долзарблигидан қатъи назар, ўзаро шахсий ёки бошқа муносабатлар асосида тўла маъқуллаш ёки осонгина рад этиш мумкин; аниқ, табиий, иқтисодий фанлар бўйича янги талаблар асосида диссертация ҳимояларига кенг йўл бўлгани ҳолда, тилшунослик соҳасида кўплаб сунъий чеклов ва уларни “айланиб ўтиш” имконияти мавжудлиги;

лингвистик йўналишда тайёрланган ва ҳимояга қўйилган ҳар қандай диссертацияни субъектив асосда, сифати ва аҳамиятидан қатъи назар, истаганча юқори баҳолаш ёки хоҳлаганча чиппакка чиқариш мумкин.

 

Муаммо сабаби шундаки, собиқ тузум даврида тилшунослик бўйича илмий ишлар давлат буюртмаси асосида эмас, балки фақат тадқиқотчилар ташаббуси билан, асосан, илмий даража олиш мақсадида олиб борилар, фан харажатлари ҳам аслида аниқ ва табиий фанларга ажратилган маблағлар ҳисобидан қопланганлиги сир эмас. Бугунги кунда мақсадли талаб ва таклиф муносабатига эътибор қаратмайдиган социалистик тилшунослик фани тўла-тўкис инқирозга юз тутди дейиш мумкин. Аниқроғи, алмисоқдан қолган мақсад ва фойдасиз вазифалар асосида иш кўраётган, натижаларини истеъмолчилар сўрамаётган “жонсиз” ва амалий татбиқсиз мазмундаги тилшунослик фани тўлиқ боқиманда соҳага айланиб қолган десак, муболаға бўлмайди. Шунинг учун ҳам ҳимояга қўйилган диссертацияларга ОАК томонидан билдирилаётган асосий ва ҳақли эътироз – улар натижаларининг, юмшоқроқ айтганда, амалиётга татбиқ этилмаганлиги (аслида татбиқ этиб бўлмаслиги)дир. Ҳатто янги йўналишлар сифатида қаралувчи, аслида Ғарбга тақлид руҳидаги социолингвистика, “гуркираб ривожланаётган”, когнитив тилшунослик, лингвокультурология соҳалари ҳам ижтимоий тараққиёт учун қай даражада аҳамиятли эканлигини, тилни ёки ундан фойдаланишни қанчалик такомиллаштириши ҳақида озгина ўйлаб кўриш уларнинг моҳиятини англашга етарли.

 

Ҳар қандай тадқиқот бевосита ёки билвосита ё ўрганиш объектини, ёки ундан фойдаланишни такомиллаштириш билан шуғулланади. Шу маънода тилшуносликдаги анъанавий луғатшунослик соҳаси билан боғлиқ ишлар, гарчи саноқли бўлса-да, таҳсинга лойиқ, албатта.

 

Тилшунослик ўтган асрда шахс саводхонлиги учун лингвистик база тайёрлаш мақсадида таълимий йўналишда ривожланган бўлса, ХХI асрда унинг компьютер “саводхонлиги”, яъни компьютернинг табиий тилни “эгаллаши” учун математик моделлаштиришга, шахс маънавияти ва маданиятини юксалтиришга хизмат қиладиган замин ҳозирлаши жуда зарур. Шу маънода ўзбек тилшунослиги (математик) моделлаштирувчилар, гиперлексикография мутахассислари, маънавий-маърифий тузилмалар томонидан бериладиган тизимли буюртмаларни кутиб қолмоқда.

 

Информацион технологиялар учун ўзбек тилининг лингвистик базасини яратиш ёки тил ва маънавият яхлитлиги ҳақида гап кетар экан, маънавий-маърифий фаолият самарадорлиги учун зарур тилшунослик тадқиқотларига тегишли муассасалардан ҳануз бирорта ҳам буюртма берилгани йўқ десак, хато бўлмайди. Ҳолбуки, янги асрда фақат амалий татбиққа эга, натижаларини истеъмолчилар сўрайдиган ва уларга ижтимоий-иқтисодий самара таклиф этадиган тилшунослик ўз кучи билан яшашга ҳақли.

Манба: ЎзА

Муаллиф:Барно Мелиқулова

 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Огоҳ бўлсак, одамлар, ёхуд гувоҳнинг хикояси

Ҳаётда кўплаб муаммоларимиз бефарқлигимиздан бошланади. Қорақалпоғистон пойтахти Нукус шаҳри буюм бозори олдида йўналиш машиналари тураргоҳида  икки йигит каттиқ тортишарди. ...

Ўзбекистон-тожикистон алоқалари кўнгилдагидек ривожланяптими?

Тожикистон ва Ўзбекистон алоқалари тез ривожланиб бормоқда. Тошкентда ўтказилган Тожикистон маданияти кунлари Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилдики, шунинг ...

Бўка туманида 32 туп “кўкнор” гиёҳвандлик воситаси аниқланиб, йўқ қилинди

2019 йил 29 апрель куни туман ИИБ ходимлари томонидан Бўка туманида ўтказилган тезкор тадбир натижасида вақтинча Бекобод шаҳрида яшовчи Х.Ю ўзи ишлайдиган Бўка тумани Жўрабод ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400