Қирғизистон Республикаси маданият, ахборот ва туризм вазири Султан Жумагулов вафот этди. Бу ҳақда Sputnik Қирғизистон нашри хабар бермоқда.
Узоқ давом этган ҳасталикдан азият чеккан Султан Жумагулов 8 октябрь куни тонги соат 4:00 атрофида шифохонада жон берган.
“Жумагулов узоқ вақт касалликка қарши курашиб, 59 ёшида вафот этди”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Султан Жумагулов 1959 йилда Қирғизистоннинг Норин вилояти Отбоши туманида туғилган. У Қирғизистон давлат университетининг журналистика факультетини тамомлаган. Сўнг “Ленинчил жаш” газетасида иш бошлаган. Шунингдек, у ҳукуматнинг “Эркин-Тоо” нашрида бош муҳаррир ўринбосари лавозимида фаолият олиб борган.
2017 йил Жумагулов Маданият, ахборот ва туризм вазирлигига раҳбар бўлганди. Унгача уч йил давомида Қирғизистон давлат телерадиокомпаниясига бошчилик қилган.