Гулҳаё Бобожонова: Энг катта муаммо ишсизлик муаммоси

 

Mulkdor.com сайти мухбирлари Фарғона шаҳрига сафар чоғида “Бирдамлик” ХДҲнинг фаолларидан бири Гулҳаё Бобожонова билан суҳбат уюштирди. Гулҳаё Бобожонова айни пайтда Фарғона шаҳридаги “Истиқлол” маҳалласида Маҳалла фуқаролар йиғини раисаси лавозимида ишлаб келмоқда. Суҳбатдошимиз суҳбат жараёнида Фарғона шаҳридаги, жумладан, ўзи раисалик қилиб келаётган маҳалладаги камчиликлар хусусида очиқ-ойдин гапирдилар. Қуйида Гулҳаё Бобожонова билан суҳбатимизни ўқишингиз мумкин.

— Гулҳаё опа, энг аввало, “Истиқлол” маҳалла фуқаролар йиғини фаолияти ҳақида, ўзларингиз олиб бораётган ишлар, маҳалла аҳли кўпроқ нималар билан шуғулланиши хусусида гапириб берсангиз.

— Маҳалламиз Фарғона шаҳрида ўз ўрнига эга маҳаллалардан бири саналади. “Истиқлол” маҳалласида 3347 нафар аҳоли истиқомат қилади. Маҳалламиз таркибига 25 та кўп қаватли уйлар киради. Аҳоли асосан хусусий қандолатчилик, тикувчилик, ҳунармандчиликка ихтисослашган кичик-кичик корхоналарда, савдо-сотиқ тармоқларида ишлашади. Шаҳримизнинг, жумладан, маҳалламизнинг ишга яроқли аҳолиси, айниқса, ёшларимиз ишсизлик муаммосидан қаттиқ қийналишади. Шаҳарда иш топиш жуда қийин. Шу боисдан ёши катта ака-укаларимиз билан бирга ҳали ўн гулидан бир гули очилмаган ёшларимиз, фарзандларимиз узоқ Россияга иш излаб кетишга мажбур бўлмоқда. Фаолиятим давомида МФЙ раисаси ваколати доирасида ёшларимизнинг бошқа давлатларга иш излаб кетиб қолишларига йўл қўймаслик мақсадида имкон қадар ёшларни ишга жойлаштириш учун ҳаракат қиляпман. Аммо шаҳримизда бунинг уддасидан чиқиш ниҳоятда қийинлигини яширолмайман.

— Бунга иш йўқлиги сабаб бўлаётгандир?

— Иш йўқлиги билан бирга шаҳримизда, маҳалламизда таниш-билишчилик авж нуқтага чиқиб кетганлигини ҳеч иккиланмасдан асосий муаммолар сирасига киритишимиз мумкин. Таниш-билишчилик, қуда-андачилик шу даражада кенг қулоч ёзганки, таърифга тил ожиз. Бунинг натижасида ўз ишининг усталари, малакали мутахассислар бир чеккада қолиб, тоғасию оғаси, қудасию дўст-дугонаси раҳбар лавозимида ишлаётганларнинг фарзандлари лаёқатли ёки лаёқатсизлигидан, ана шу касб эгаси ёки эгаси эмаслигидан қатъий назар иш ўринларига эга чиқмоқда. Бунга мисолни ташқаридан эмас, ўз фарзандларим билан кечган воқеликлардан келтиришим мумкин. Қизим коллежни тугатгандан кейин олий ўқув юртига кириш учун ҳаракат қилди, аммо ўқишга киролмади. Кейин шаҳримиздаги 28-умумтаълим ўрта мактаби ҳузуридаги Ёшлар иттифоқининг таянч бўлимига ишга жойлашиб, у ерда ёшлар етакчиси бўлиб ишлади. Бироқ, Ёшлар иттифоқининг мазкур штатга олий ўқув юртларини тугатган ёшлар ишга қабул қилинишига доир қарори қабул қилингандан кейин қизимни ишдан бўшатдилар. Мактаб ва ЁИ раҳбарияти қизимни ишдан мажбурий бўшатиш жараёнида унинг инглиз ва рус тилларини мукаммал билиши, ёшлар билан ишлаб озми-кўпми тажриба орттиргани, мактаб ўқувчиларини уюштира олгани ва бошқа ибратга арзигулик хислатларини заррача инобатга олишмади. Шу тариқа қизим ишсиз қолди. Энг аламли жойи, қизимнинг ўрнига талаб қилинганидек институт ёки университетни тугатган кадр эмас, коллежни тугатган қиз ишга олинди. Айни чоғда 28-мактаб жамоаси таркибида биронта бегоналар йўқ. Жамоа бир пайтларда ноқонуний хатти-ҳаракатлари билан ишдан ҳайдалган, катта миқдорда жарима тўлаб қамоқ жазосидан қутилган ва кейинчалик юқори лавозимларда ишлаётган таниш-билиш ҳамтовоқлари ёрдамида яна ишга қайтган мактаб директори Мамадҳалим Зиёевнинг дўст-биродарлари, уларнинг фарзандлари, қуда-андалари, таниш-билишларидан таркиб топган. Зиёев ишга келгандан кейин мактабимизда аввалдан ишлаб келаётган “бегона”лар ҳар хил сабабларга кўра ишдан бўшашга мажбур бўлди. Бундай қусурлардан шаҳримиздаги 27-мактабгача таълим муассасаси раҳбарияти ҳам холи эмас, деб баралла айта оламан. Боғчамиз ҳам боғча мудирасининг “шахсий томорқа”сига айланган, у ерга соҳа мутахассиси бўлган “бегона”ларнинг ишга жойлашиши амримаҳол. Буни бир мен эмас, маҳалламиз аҳлию бутун фарғоналиклар кўриб-билиб турибди.

Ишсизлик муаммоси шаҳримиздаги тиббиёт коллежини тугатиб, икки йил олий ўқув юртига ҳужжат топшириб, аммо киролмаган 20 ёшли ўғлимнинг тинка-мадорини ҳам қуритди. Фарғонада ўғлим ўзининг соҳаси бўйича иш сўраб бормаган ташкилот қолмади, десам муболаға бўлмас. Биз она-бола иш масаласида бир неча кунларимизни раҳбарлар қабулхонасида ўтказишга мажбур бўлдик. Шаҳримиз депутати Фарҳоджонга ҳам, поликлиникамиз бош шифокори Шуҳратжонга ҳам шахсан мурожаат қилдим. Лекин ҳеч қандай натижа бўлмади. Ўғлим тиббиёт коллежи дипломи эгасигина бўлиб қолмай,  компьютер мутахассиси, тажрибали дастурчи ҳам эди. Бироқ афсуски, шаҳримиздаги ташкилотлардан компьютер дастурчисига ҳам иш топилмади. Шу боис, ўғлим Россияга кетишга мажбур бўлди. Бир менинг ўғлим эмас, 18-20 ёшли йигитларнинг ярмидан кўпи оиласига ёрдам бериш илинжида Россияда қора иш билан шуғулланишга мажбур бўлаётир.

— Ушбу масала бўйича Республика Ёшлар Иттифоқининг Фарғона шаҳар бўлимига мурожаат қилдингизларми? Ахир Ёшлар Иттифоқи ёшлар муаммолари билан шуғулланадиган ташкилот эмасми?

— Шахсан мен шу пайтгача Ёшлар иттифоқининг ўрнини асло сезмаганман. Гўё номи бору ўзи йўқ ташкилот, десак ҳам бўлаверади. Шундай бўлса-да, чиқмаган жондан умид деб, фақат фарзандларим масаласи бўйича эмас, маҳалламиз ёшлари масаласи бўйича ҳам Фарғона шаҳар Ёшлар иттифоқи раиси Фарҳоджон Афзаловга бир неча марта мурожаат қилганман. Унга ҳатто “Истиқлол” маҳалласида яшовчи ишсиз ёшлар рўйхатини тақдим қилганман. Бироқ раис шу кунгача бирон марта ёрдам қўлини чўзмаган, ақалли бир марта бўлса-да маҳалламизга келиб, маҳалла ёшлари ҳаётию турмуш тарзи билан қизиқмаган. Тақдим қилинган рўйхатдаги ёшларимизни иш билан таъминлаш бўйича ҳатто қайғурмаган ҳам. Ёшлар иттифоқи шунчаки расмиятчилик учун иш қиляпти, улар асл ҳаётда ёшларни заррача қўллаб-қувватламайди.

Менга Маҳалла фуқаролар йиғини раисаси сифатида маҳалламиз ёшларини, фарзандларимни ишга жойлаштира олмаганим, бир неча ёшларимизнинг, ўғлимнинг Россияга кетиши олдини ололмаганим тинчлик бермайди. Баъзан қўлимдан келгунча шаҳарда адолат учун курашаётганим, борни бор, йўқни йўқ деб айтишдан қўрқмаётганим, бир пайтларда дадамнинг “Эзгулик” жамиятининг Фарғона шаҳар фаоли бўлгани ва мен ҳам бир муддат дадамнинг ёнида ишлаганим фарзандларимнинг ишга жойлашишига панд бермаётирмикин деган хаёлларга бораман. Шаҳримиздаги энг катта муаммо ишсизлик муаммоси бўлиб қолаётгани аянчли. Буни бартараф этиш кундан-кунга оғирлашаётгани эса ҳар бир инсонни хавотирлантирмай қўймайди.

Муаллифлар: Гулзамон Акбар, Рўзибой Азимий      

 

 

 

 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Қизларни жинсий қулликка жўнатиш билан шуғулланган қизга жазо тайинланди

Тошкент шаҳар Миробод туманидаги Абдулла Авлоний маҳалласида ўтказилган очиқ суд мажлиси айни йўналишда жиноят содир этган фуқарони тўғри йўлга бошлаш мақсадида ташкил ...

Қозоғистон чорва экспортини тақиқлади

Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги 10 октябрь куни олти ой муддатга йирик шохли тирик чорва молларини мамлакатдан олиб чиқишни тақиқлаш тўғрисидаги буйруқни қабул қилди. ...

Ўзбекистонда қўлда терилган пахта учун қанча ҳақ тўланади?

Ўзбекистон ҳукумати бу йилги пахта мавсуми учун янги нархларни эълон қилди. Нархлар ўтган йилгидан деярли фарқ қилмади. Нарҳ наволар комунал хизматлар ошгани, жарималар ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400