​Фарзандингиз ўқийдиган синфда ўқувчилар сони кўпми?

Қизим бугун ҳам мактабдан хафа бўлиб келди. Тарих дарсида доскага чиқишга вақт етмагани учун ўқитувчиси кейинги дарсда сўрашини айтибди. Қизим кечаги дарсда фаол иштирок этгани учун, адабиёт ўқитувчиси бугун баҳоси йўқлардан уй вазифасини сўрабди.

Фото:ЎзА

Синфда 43 нафар бола бўлгани учун ўқитувчи ҳар дарсда битта боладан сўрамаслигини қизимга тушунтириш жараёнида бошқа мактабларда аҳвол қандайлиги билан қизиқдим.

Фото:ЎзА

Сизнинг фарзандингиз синфида неча ўқувчи бор? Ёки сиз бола сони кўп синфга дуч келганмисиз? Сизнинг-ча, аслида қанча бўлиши керак? каби саволларга жавоб излаш жараёнида Тошкент шаҳридаги аҳволни ўрганишга ҳаракат қилдик. Қуйида баъзи юртдошларимизнинг фикрларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Фото:ЎзА

– Набирам Юнусобод туманидаги мактабнинг 7 синфида 45 та бола билан ўқийди, – дейди Малика опа. – Парта етишмайди. Болалар учтадан ўтиради. Баъзи синфларда 50 нафар бола бор деб айтишади.

– Кенжа қизим иккинчи синфда ўқийди, – дейди Роҳатхон. – Ҳозир 46 ўқувчи бор. Аввал 50 нафардан ошиқ эди. Бола кўплиги учун баъзи ота-оналар фарзандини бошқа мактабга олиб кетди.

Фото:ЎзА

– 2-синфга борадиган фарзандимни гуруҳида 42 нафар бола бор, – дейди Фаридахон. – Ўзим ўқитувчиман, бола кўп бўлса, қанчалик қийин бўлишини тушунаман. Берилган вақт кам. Бу вақтда ўқитувчи қандай билим беради, бола қабул қилишга қандай улгуради. Менимча, ўқувчилар сони бошланғич синфларда 30 нафар бўлса етарли. Уларнинг ҳар бирга ёзишни, ўқишни ўргатиш керак, ахир.

 

– Менимча, ҳамма ўзининг ҳудудига борса, битта мактабда бола сони кўп, бошқасида кам бўлиб қолмасди, – дейди Жаҳонгир. – Бироқ ҳамма ҳам боласини яхши ўқитувчига беришни хоҳлайди. Шундан синфда бола сони ортиб кетади.

 

– Қизимни синфида 40 та ўқувчи бор, – дейди Лолахон. – Менимча, синфларда бола сони 20-25 бўлса яхши бўларди. Бунинг учун синфларни кўпайтириш керак. Бу маблағга бориб тақалса керак. Мактабларда болалар жуда кўпайиб кетганидан икки сменали дарслар ўтилмоқда.

 

– Устозларга минг раҳмат, – дейди Комил ота. – Болаларга билим бериш осон иш эмас. Ҳамма гап мактаб раҳбарларида. Шароитдан келиб чиққан ҳолда ўқувчиларни қабул қилиш керак. 40-50 ўқувчи ҳар қандай ўқитувчини қийнаб қўяди. Битта синфда 20-30 нафар бола бўлса, аълочилар сони ҳам ортади. Ўқитувчига ҳам дарс бериш осонлашарди.

– Кимлардир уйидан узоққа автобусда болани мактабга жўнатади, бу нотўғри, – дейди Рисолат ая. – Мактаб оилага ортиқча заҳмат бўлмаслиги, уйга яқин, синфда болалар сони кўп бўлмаган жойга бориши керак. Ўзимдан қиёс: олтита бола ёнимиздаги, машҳур бўлмаган, оддий мактабда ўқиган. Кам бўлишгани йўқ. Ҳаммаси олий маълумотли.

 

Юртдошларимизнинг таклифлари ва истакларини Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дилфўза Исломовага маълум қилдик.

– Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йилнинг 15-мартидаги қарорига кўра синф майдонига қараб, ўқувчиларнинг сони аниқланади, – дейди Д.Исломова. – Улар 35 нафардан ошмаслиги керак. Бироқ кейинги йилларда умумтаълим мактабларида 10-11 синфлар очилгани учун бола сони 35 нафардан ошмоқда. Шунга қарамасдан биз ўтган йили 1-, 5-, 10 синфдаги ўқувчиларнинг 35 нафар бўлишига эришдик. Бу йил 1-, 2-, 5-, 6-, 11- синфларни ана шу тизимга ўтказиш ҳаракатидамиз.

 

Тошкент шаҳрида 300 дан ортиқ мактаб бўлса, ўқувчилар сони кўплиги муносабати билан қарийб 60 мактабда бу қоидалар бузилмоқда. Бу ёқда 70 мактаб бор, уларнинг коэффиценти бирга ҳам чиқмайди. Яъни бу мактаблар 1000 та ўқувчига мўлжалланган бўлса-да, бор-йўғи 300-400 нафар ўқувчи ўқийди.

 

Бунинг сабаби нима? Ўқувчилар сони яхши таълим бериладиган мактабларда кўп бўлиши, ота-оналар ўзининг микроучасткасидаги мактабга эмас, айнан сифатли таълим бериладиган мактабга фарзандини беришга ҳаракат қилмоқда. Қонунчиликда бу борада чеклов мавжуд бўлса-да, ота-оналар илтимос қилиб, албатта, ўша синфга тиқиштиришга ҳаракат қилишади. Уларни ҳам тушунса бўлади, чунки ҳамма фарзандига яхши таълим беришга ҳаракат қилади.

 

Эндиликда бу жараён тартибга келтирилади. Яъни бола кам келаётган мактабларга шу туманда яшайдиган ва олий таълим муассасасида дарс берадиган профессорлар ва кучли ўқитувчилар жалб этилади. Институтга ўқишга кираётган болалар сони ортса, ота-оналар фарзандини шу мактабга олиб келади.

 

Яна бир лойиҳа бор. Бунда бола сони кўп бўлган умумтаълим масканларига акси бўлган мактаблар тармоқ сифатида ўтказилади. Ҳозирда 960 ўринли бўлсада, 300 нафар ўқувчиси бўлган 115 – мактаб, 42 мактабга ўтказилди. Ва эндиликда 42-а мактаб деб юритилмоқда. Бола сони кескин ошди. 180-мактаб 167-мактабга тармоқ бўлди. Бунда бола сони кўп бўлган ва оз бўлган мактабларнинг педагоглари бир жамоа бўлиб ишлайди. Бу тажрибани келгусида бошқа мактабларда ҳам қўллаш мўлжалланмоқда.

 

Шу тарзда синфда болаларнинг 35 нафардан ўқиши босқичма-босқич амалга оширилади. Бу жараёнга жуда тезлик билан ўтиб бўлмайди. Энг аввало, синфхоналар етишмайди. Ҳозир икки навбатда ўқилаётган бўлса, кейин уч навбат қилишга тўғри келади. Бу қатор ноқулайликлар келтириб чиқаради. Бу ёқда ўқитувчилар етишмаслиги бор. Нима бўлганда ҳам 2021 йилгача бу муаммо ўз ечимини топади.

 

Яна бир гап. Келгусида мактабларда пуллик хизматларни йўлга қўйиш мўлжалланмоқда. Бу шанба куни ишлайдиган ота-оналарнинг бошланғич синфга борадиган болаларига мўлжалланган бўлиб, дарслар соат 9.00-15.00 бўлади. Унда болани чарчатмайдиган ва зериктирмайдиган мусиқа, рақс каби дарслар ўтилиши мумкин.

Демак, яқин йилларда синфдаги ўқувчилар сонини бир меъёрда бўлиши таъминланади. Ана шунда ота-оналарнинг турли эътирозларига барҳам берилади.

 

Муаллиф:Сайёра Шоева

Манба:ЎзА

 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Бир қўшиқнинг рост ва ёлғон ва рост тарихи

Рауф Парфи туғилган куннинг 70 йиллигига   ЁКИ БИР МИШ-МИШНИ “ҲАҚИҚАТГА”ГА   АЙЛАНТИРГАНИМ ХАҚИДА   Бўлган воқеа            1964-65 йиллар эди. Рауф Парфи шеъри билан ...

Туркия бесоқолбоз тожикни юртига депортация қилди

Туркия ҳукумати Истанбулдаги кўнгилочар марказлардан бирида ишлаган бесоқолбоз тожикни ўз юртига жўнатиб юборди. Депортация тўғрисидаги қарор ёш йигитнинг қонида ОИВ ...

Ўзбекистонлик ишсиз фуқаро санкт-петербургда ўзи билан бирга яшовчи аёлни пичоқлаб ўлдирди

Санкт-Петербург полицияси ўзи билан бирга яшовчи аёлни пичоқлаб ўлдирган 43 яшар Ўзбекистон фуқаросини қўлга олди. Ҳодиса 6 сентябрь куни Большой Пушкарский кўчасидаги ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400