Тўрақўрғон туман Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ижро этувчи аппаратига мазкур туман Исвахон МФЙда яшовчи фуқаро Жалолов Зиёвуддин томонидан ариза тушди.

Унда истеъмолчининг хонадонига Тўрақўрғон тумангазтаъминот корхонаси томонидан фойдаланилмаган табиий газ учун асоссиз равишда қарздорликни ошириб юбориб, истеъмолчига сунъий равишда 1.950000 (бир миллион тўққиз юз эллик минг) сўм миқдорида қарздорлик белгиланганлиги, истеъмолчи ушбу ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида бир неча бор туман газ таъминот корхонасига бир неча бор ташрифи самарасиз бўлади. “Отангга бор, онангга бор“, “Шу қарзни тўлайсиз. Сиз қарздорсиз“ қабилидаги қўпол равишдаги сансалорлик ва тушунарсиз жавоблардан чарчаган фуқаро мазкур ҳолатга аниқлик киритишда амалий ёрдам берилишини сўраган.
Истеъмолчининг аризаси Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонунлари асосида тегишли тартибда ўрганиб чиқилди.
Фуқаронинг мурожаатига асосан ижро этувчи аппарат мутахассислари томонидан туман газ таъминот корхонасига мурожаат қилиниб, мазкур истеъмолчининг табиий газдан бўлган қарздорлик ёки ҳақдорлигига аниқлик киритиш мақсадида ариза муаллифининг жамиятга тақдим қилган ҳужжатлари ва тўлов квитанциялари асосида тумангазтаъминот корхонаси вакиллари истеъмолчининг шахсан иштирокида ўрганиш ўтказилди.
Ўрганиш натижасида аниқланишича, истеъмолчининг табиий газдан бўлган қарздорлиги жамиятга ёзган аризасида баён этилгани каби 1.950000 сўм эмас балки, 662095 (олти юз олтмиш икки минг тўқсон беш) сўм миқдорида эканлиги, юқоридаги белгиланган қарздорлик суммаси эса таъминотчи корхона вакиллари томонидан юзага келган ўз ишига нисбатан лаёқатсизлик натижасида юзага келган ёки нореал қарздорликни истеъмолчидан ундиришга уриниш эканлиги аниқланди.
Тумангазтаъминот корхонасидан жамият мутахассислари томонидан ариза муаллифи Жалолов Зиёвуддинга табиий газдан бўлган қарздорлиги 662095 сўм миқдорида эканлигини тасдиқловчи маълумотнома олиб берилди ҳамда истеъмолчининг жамиятга ёзган аризасидаги талаби тўлиқ қондирилишига эришилди. Фуқаронинг аризасига ижро этувчи аппарат томонидан жамият низоми доирасидан келиб чиқиб жавоб хати берилди ва ушбу жавоб хатидан қониқмаган тақдирда бўйсуниш тартибида юқори турувчи ташкилотларга ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи давлат ташкилотга мурожаат қилиши мумкинлиги хусусида огоҳлантирилди.
Ўз-ўзидан мулоҳаза туғилади. Жалолов Зиёвуддин ўз ҳуқуқини билиб тегишли ташкилотга мурожаат қилибди. Буни билмаганлар чув тушиб қолаверадими?