МEҲРОБДАН ЧАЁН-РАЪНО

Исм  билан  жисм  аксар  бир-бирисига  мувофиқ  тушмайдир.  Меним  ёш  вақтим,  айниқса, гўзаллик  қидирған  мағрур  чоғларим  эди.  Оиламиздами,  бошқа  ердами  баҳарҳол  хотирамда яхши қолмаған, Лола отлиғ бир қизнинг чеварлиги тўғрисида сўз бўлди. Мажлис аҳли менга яқин, яъни улар олдида ҳусндан баҳс очиш уят бўладирған кишилар эдилар. Шунинг учун менга Лоланинг чеварлигидан кўра муҳимроқ бўлған “ҳусн”и масаласида изоҳот сўрашнинг имкони бўлмади. Лекин Лола исмининг остида бир малакни кўрган – “Лоланинг исмига ўхшаш ҳусни ҳам  бор”  деб  ўйлаған  эдим.  Шу  кундан бошлаб  Лолани  кўриш  ҳажрига  тушдим.  Бўйи  еткан қизларни кўра олиш бу кунларда ҳам амри маҳол бўлғанидек, мундан ўн йиллар илгарида яна мушкилроқ эди. Неча вақт “ҳижрон ўтида ёниб” кўча пойлаб, ниҳоят, Лолани сув олиш учун кўза  ушлаб  кўчага  чиққан  ҳолатда  учратдим.  Бурнидаги  булоқисидан  бошқа (агар  булоқи ҳуснга қўшилса) “Лола”ликка арзийдирган ҳеч гап йўқ эди. 

 

Яқиндағи бир боладан сув олғучининг ким эканини сўраған эдим:

— Лола опам, — деди.

Боланинг  талаффузи  менга “Мола  опам”  бўлиб  эшитилди.  Бир  неча  кунлар  бу  қизнинг отини “Лола”  деб  қўйғанлари  учун  аччиғланиб  юрдим.  Чунки,  афу  этасиз,  ўша  кезларда аччиғланишға ҳаққим бор эди…

 

Аммо  Раънонинг  исми – жисмига  ёхуд  ҳуснига  жуда  мувофиқ  тушкан  эди.  Мен  рассом эмасман. Агар менда шу санъат бўлғанда эди, сўз билан билжираб ўлтурмас, шу ўрунда сизга Раънонинг расмини тортиб кўрсатар, қўяр, фақат менга Раъно гулининг сувигина кўпроқ керак бўлар эди.

 

Солиҳ махдум хасис, таъмагир, ҳар ҳолда сажияси эътибори билан уни яхшилар қаториға қўйиб бўлмайдир. Ва лекин табиъат хасис эмас, тикандан гул, аридан бол яратаберадир. Шунга ўхшаш тиканлик ёғочдан хуш ислик, латиф кўрунишлик Раъно яратилған эди.

 

Бизнинг ўзбекларда, айниқса Қўқонға махсус бир тус, сариққа мойил бир тус бор. Лекин бу тусни кесдириб сариқ деб бўлмайдир. Чунки биз оғриқ кишининг тусини сариқ деймиз. Зарча, заъфар  туслари  ҳам  бунга  дағаллиқ  қиладирлар. Таъбиримиз  қўпол  тушмаса  бу гўзал  қиз, оч раъно  гулининг  тусида  ёки  оқ  сариқ  тусда  яратилған  эди.  Аъзода  ўскан  тукларга  ҳам  ҳалиги туснинг таъсири бўладир. Раънонинг сочи гунгурт-қора, яъни қуёшсиз жойларда қора кўринса ҳам  қуёшда  бир  оз  сарғиш  бўлиб  кўринар  эди.  Шунга  ўхшаш  Раънонинг  кўзида  ҳам  бунинг

асари  кўруладир:  мудавварга1  мойилроқ  жоду  кўзи  кишига  қаттиқ  қарағанда  қоралиқдан  бошқача яна бир турлук нур сочар эди. Киприклари остида нафис бир сурма доираси бор эди.

Қоши  туташ  каби  кўринса  ҳам  кўндаланг  ётқан  икки  қилич  орасини  нафис  бир  қуюлиб кўтарилиш ажратиб турар эди. Бурни ҳеч бир мунаққидға беришмаслик мутаносиб, ҳар замон уялиш  табассумига  ҳозир  турған  нафис  иринларининг  юқориғи  қисмида  сезилар-сезилмас туклар кўкарган эди. Юзи чўзиқ ҳам эмас, ой кулча ҳам деб бўлмас, кишига кулиб қарағанда қизил  олма  остларида  иккита  замма  равишлик  шакл  ҳосил  бўлар,  гўё  бизга  чин  раъно  гули очилған ҳолатда кўринар эди. Сочлари жуда қуюқ, саноқсиз кокиллар Раънонинг орқа, ўнгини тутиб ётар, қадди узунлиқ билан қисқалиқнинг ўртаси, дўндиқ бармоқларининг жимжилоғида хина  гуллари,  ҳар  ҳолда  бу  қиз  ёлғиз  Қўқоннингғина  эмас,  умуман  Фарғонанинг  куйларига қўшулиб махталадирған гўзалларидан эди.

 

Раъно Нигор ойимнинг тўнғучи, бу йил ўн етти ёшни тўлдурадир. Саводни отасидан ўқуб, ўн тўрт ёшида ибтидоий мактаб прўғрамида бўлған барча дарсларни битирган, масалан: диний қисмдан – “Ҳафтияк”, “Қуръон”, “Чаҳор  китоб”, “Сўфи  Оллоёр”, “Маслаки  муттақин”, адабиётдан – Навоийнинг  барча  асарлари,  девони  Фузулий  маъа2  Лайли  Мажнун;  Амирий, Фазлий  ва  шулардек  чиғатой-ўзбек  катта  шоирларининг  асарлари;  форсийдан – Хожа  Ҳофиз Шерозий  ва  Мирзо  Бедил,  хусни  хат,  иншо  ва  бошқалар.  Бу  кунларда  бўлса  бир  томондан қизларға  сабоқ  бериб  онасиға  кўмаклашса,  иккинчи  тарафдан  отасида  кофия (араб  наҳв  ва сарфи) ҳамда Шайхи Саъдийнинг “Гулистон”идан дарс оладир ва шунинг қаторида ўзи яхши кўрган чиғатой-ўзбек шоирларининг бадиъа асарларидан алоҳида бир мажмуъа тузиб юрийдир.

Баъзан “овлоғроқ жойларда” ўзича манзумалар тўқуса ҳам, бироқ буларнинг иси ўзидан четка чиқмайдир. Агар тўқуған шеър ёки манзумаси ўзига маъқулдек тушса фақат бир кишигагина кўрсатиб оладир. Ва ул киши ҳам бу сирни четка чиқармайдирған ишончлик ўз кишиси.

 

Қисқаси биз юқорида Раънонинг шеърий бир ҳуснини кўрганимиздек уни фазл ва заковатда ҳам  ўткан  хон  замонлари  асрининг  нодир  учрайдирган  якто  фозила  қизларидан  санаймиз  ва санашға ҳам ўзимизда мажбурият ҳис этамиз.

 

Раъно  қанча  жиддий  бўлса  ҳам  яна  унда  болалик  табиъати  бутун  кўйи  сақланадир: укаларининг  ўюниға  комил  ҳуқуқли  бир  аъзо  тариқасида  иштирок  этадир,  онасининг  кўзини чалғитиб ўқуғучи қизлар билан жанжаллашиб оладир, қизлар сабоқларини билмасалар аразлаб, уларни  ўқутмай  ташлаб  кеткан  чоғлари,  арзимаган  гапдан  тез  мутаассир  бўлған  кезлари  кўб бўладир. Раъно ўзининг мундай ҳаракатларига қарши онасидан яхши-ёмон мукофот олмасаҳам, кўпинча  отасидан  танбиҳ  эшитадир.  Койиш  эшиткани  учунгина  эмас  уй-рўзғор  тўғриларида онасини  сиқиб  ушлаганидан  ва  фоҳиш  танглигидан3  ранжиб  отасини  унча  хушламайдир. Отасидан  аччиғланған  кезларда  онасиға  жиддий  қилиб: “Ҳамма  айб  ўзингизда,  отамдан  кўра тузукроқ эрни топиб тегсангиз мунчалик қийналишиб юрмас эдик” деб бўғилған Нигор ойимни курдурадир.

 

Қаттиғ ранжиган бир кун отаси – Солиҳ махдумга бағишлаб қизиқ бир ҳажв ёзған ва “ўз кишисига” кўрсатиб уни кулдурган эдиким, биз кулгулик учун бу ўрунға бир неча мисраъини кўчирамиз:

 

Ёғлар тўкилса ерга ётиб ялар тақсирим, 

Бўлса бозорда пастлик сотиб олар тақсирим. 

Меним учун бир зирак, Раънобонуға жевак4

Деса ойим – “Не керак?!” юмма талар тақсирим. 

“Қулоқ тешиш фазл эмас, пулни топиш ҳазл эмас, 

Жевак тақиш фарз эмас!” ғавғо солар тақсирим.

 

Муҳтарам  ўқуғучини  қаҳрамонларимизнинг  бир  қисми  бирлан  танишдиришни  шу  ерда тўхтатамиз.  Уларнинг  ички  ва  ташқи  табиъатлари  яхши  ечилмаған  бўлса  ҳикоямизнинг давомида яна ҳам очилиб ва кенгайиб борар, деб ортиқча тафсияга киришмадик.

Абдулла Қодирий

1Тўгарак
2 Билан
3 Ортиқча сиқув
4 Қизларнинг бу кунда истеъмолдан қолган кўкрак зийнати (муал.)

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Юлдузли тунлар-57

Самарқанд қўрғонининг Оҳанин дарвозаси яқинидаги улкан мармар масжиднинг текис тош тўшалган саҳнига йигирма минг намозхон тўпланган. Бугунги жума намозида хутба қандай ...

 ўзбекистонда буюк адиб абдулла қодирийнинг 125 йиллик юбилейи ўтказилади

 Ўзбекистонда 2019 йилнинг октябрь ойида буюк ўзбек ёзувчиси Абдулла Қодирий таваллудининг 125 йиллиги кенг нишонланади. Бу ҳақда ЎзА нашри маълум қилди.   Шу муносабат ...

Қашқойилар

Эронда хилма-хил халқлар яшайди. Ана шундай халқлардан бири қашқойилардир. Ушбу кўчманчи турк элати Исфаҳон атрофида (Форс вилояти) ва қисман Хузистонда яшайди. Уларнинг энг ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400