МEҲРОБДАН ЧАЁН-БИР ЎРДАЛИҚ

Махдумнинг  ҳавлиси  уч  қабат  эди.  Кўчадан  биринчи  қабатда  меҳмонхона,  мактабхона  ва машқхона  эди.  Иккинчи  қабатда  мураббаъ,  ярим  таноб  чамаси  боқча,  бунда  шафтолу,  олма, анжир  каби  мевалик  дарахтлар  ва  бир  неча  кекса  сўри  токлар  қулп  уриб  ўсқан  эдилар. Махдумнинг болалар кучидан яхши фойдаланғани учун бўлса керак, боқчанинг ҳар бир қариши бўш  қолмаған,  унда  ҳар  турлук  кўкатлардан  бор  эди.  Ўртадағи  сўрининг  ости  бир  ярим  газ кўтарилиб ишланган суфа, суфанинг уч тарафига ёз гуллари экилган, райҳон ва бошқа чечаклар атрофка ўз атриётларини онгқитиб ётар эдилар. Биринчи қабатдан киргач боқчанинг суфасига ҳамда ичкарига юруладирган йўлкалар бор эди. 

 

Ҳозир  мезон  ойининг  иккинчи  ҳафталари,  боқчанинг  мевалари  етилинқираған,  айниқса сўридаги қора ҳусайни узумлардан гўё боллар томиб ётар эди. Йўлкаларга сув сепилган, суфага гилам солинмаса ҳам гуллик кийиз тўшалиб, уч тарафига кўрпачалар ёзилған эди.

 

Махдум  этни  уйга  бериб  чиқғандан  кейин  икки  соат  чамаси  ҳуснихатдаги  болалар  билан шуғулланди, орадан “абжад” сўзини дуруст ёзиб чиқарған бир боланинг қўлини боғлаб уйига юборди.  Бола  уйидан “қўл  ешар”  олиб  келгандан  сўнг  ҳаммага  жавоб  бериб  бу  кунги вазифасини тамомлади.

 

Махдум  машқхонадан  чиқиб  ичкари  киришга  адим  узған  ҳолатда  дарбозадан  сипоҳи кийимда  бир  киши  кирди  ва  махдумга  табассум  билан  салом  бериб  яқинға  юриб  келди. Ўрданинг  девонхона  хизматчилари  кийимида  бўлған  бу  кишини  махдум  ўз  умрида  биринчи мартаба кўрар эди. Жавоб саломдан кейин сизланиб меҳмонни меҳмонхонаға бошлади. Меҳмон ҳам  такаллуфланмай  домланинг  орқасидан  меҳмонхонаға  кирди,  ўлтуришдилар,  сўнг  фотиҳа ўқулди. Ўрдалиқ табассум ичида махдумга қарағандан сўнг йиғиштириниб олди.

 

— Хато қилмасам жаноблари мирзо Анварнинг устозлари бўлсалар керак?

— Фақир…

— Уй ичлари билан хўб саломатмилар?

— Алҳамдулиллоҳ.

Махдумга  кутулмаган  равишда  меҳрибон  муомала  қилғучи  бу  ўрдалиқ  қирқ  ёшлар чамасида,  узун  бўйлиқ,  қора  узун  соқоллиқ,  симоби  салласининг  пешини  туширған  қорача туслик бир йигит эди.

 

— Каминалари ҳам, — деди ўрдалиқ, — мирзо Анвар билан бирга девонхонада ишлайман. Балки қулоқлариға чатилған бўлса керак, исмим Султонали мирзо…

—  Хўб,  хўб, — деди  кулиб  махдум, — Анвардан  эшитканим  бор  эди,  жанобларининг тавсифларини  эшитканман.  Начук  худо  ёрлақади?  Фақирхонаға  ташрифлари  билан  бисёр хушнуд бўлдим.

—  Адабсизлик  бўлса  ҳам, — деди  мирзо  Султонали, — муборакхоналариға  бостириб келдим. Бунга ҳам буродарим мирзо Анварнинг муҳаббати мажбур қилди.

 

Султоналининг  бу  кейинги  сўзи  мақсадни  бир  даража  домлаға  онглата  ёзди.  Кайфланиш, ҳузурланиш махдумнинг юзида ўрунлашқан эди. Кўзини қисинқираб Султоналига қаради.

 

— Хўб, хўб, — деди махдум, — мулла Муҳаммад Ражаб марҳумнинг ўрниға бош мунший таъйин қилиндими, қўлим тегиб бу тўғрида Анвар билан сўзлашолмадим?

— Ҳозир таъйин қилинғунча йўқ, эрта-индин таъйин қилинар, деб турамиз.

— Кўб яхши, номзадлар бордир?

—  Бор  деди  Султонали, — бир  неча  номзадлар  ҳазрати  хонға  манзур  қилинғанлар, жумладан шоир Мадҳий, мулла Шаҳодат муфти ва бошқа яна бир нечалар. Масмуъингиз1 бўлса керак, гарчи ўзи ризолиқ бермаса ҳам бир неча мирзолар шогирдингиз мирзо Анварнинг ҳам номзадини холис ариза билан жанобга манзур қилған эдик. Умид Худодан, ёрлиғ мирзо Анварга қойим2 бўлур, деб турамиз.

 

Махдум  соқолини  тутамлаб  шипка  қаради.  Гўё  Султоналининг  кейинги  икки  жумласига қайси йўсун муқобала қилишдан ожиз эди.

— Бир неча яхшиларнинг Анварга бўлған ҳусни таважжуҳларини3 эшиткан эдим, — деди махдум  миннатдор  оҳангда, — аммо  фақирға  шуниси  мушкилроқ  кўринадирким,  башарти Анвар  бош  муншийлик  вазифасига  ёрлиғ  олғундек  бўлса,  бу  лавозимотни  адо  қила  олурми, каминанинг  назаримда  бош  муншийлик  алахусус  ул  жанобнинг  ҳузурларида  беҳад  улуғ  ва мушкил кўринадир?

 

Султонали енгилча кулиб қўйди: 

— Бош муншийлик лавозимоти борасидаги фикрингиз дарҳақиқат тўғри, — деди, — аммо мирзо  Анварнинг  уҳда  қила  олиши  муҳаққақдир.  Зеро,  Анварнинг  бу  борадаги  истеъдоди жанобларидан кўра каминага маълумдир, бу тўғридан хотиржамъ бўлсинлар.

— Дарвоқиъ, Анварга кўб меҳнатим сингган, — деди махдум маҳтанғансумон, — бир қариш ёшидан бошлаб каминанинг таълимида ўсти, ўз қўлимда тарбия топқан неча юз, балки минглаб шогирдларим ичида кўб таважжуҳим шу болаға бўлди. Ушбу сабабдан ҳам мунчалик мустаъид4 бўлған бўлса ажаб эмас, деб ўйлайман… Ва лекин ҳолоғи5 сўзим шунинг учундирким, фазли ва истеъдоди кофий6 бўлса ҳам ёшлиқ, кам тажрибалик қилмасмукин, деб мулоҳаза қилурман.

—  Бўстони  маърифат  ва  гулшани  ҳақиқат, — деди  Султонали, — Имоми  Аъзам раҳматуллоҳи алайҳи ўн ёшларида дарсгўлик қилиб ва ҳоказо кутуби мутабаррака таълифотиға ҳам ибтидо қилған эканларким7, бу каромат жанобларидан пўшида эмасдир. Бас, индалъуқало8

ёшлиқнинг ҳеч бир нуқс ва аҳамияти йўқ, аммо фазлу заковат лозимдир. Масалан, каминангиз таҳсилда “Ақоид”ғача  бордим  ва  қарийб  ўн  йилдан  бери  мирзолиқ  қилурман.  Ўз  ҳунаримда яхши тажриба ҳам орттирдим, шунинг бирла бирга нафсиламрни иқрор этишка ажбурманким

шогирдингиз  мирзо  Анвардан  кўб  даража  қуйидаман:  таҳрирда9,  тақрир10  ва  фароиз11да Анварингизнинг  ёрдамиға  муҳтожман.  Ҳолбуки  ёшим  ундан  баробар  катта,  мен  ўқуған дарсларни эҳтимол Анвар ўқумаған… Анварнинг заковатига ёлғиз мен эмас марҳум мунший мулла Муҳаммад Ражабнинг ўзи ҳам таҳсин қилар, ажойиб ўғлон деб қўяр эди. Меним мирзо Анварни бу ўрунға саъи қилишим бўлса бир ғараз юзасидан эмас, холисонадир. Агар ғаразға ҳисобланса, масалан: “Бирарта ноаҳлнинг қўл остида ишлагандан, аҳлининг жағида тишланган

маъқул”  сўзига  биноандир.  Лекин  мирзо  Анвар  нима  учундир  биз  бир  неча  мирзоларнинг раъйимизга қарши тушиб, биздан ранжиб юрийдир. Ҳатто жанобға бир ариза киргизиб, меним номзадим янглиш кўрсатилибдир, мен бу вазифани уҳда қилолмайман, деб узр баён қилмоқчи эмиш.  Унинг  бу  йўсун  иноди  нима  учун,  билалмадик…  фақир,  оғайнилар  тарафидан  гарчи адабсизлик  бўлса  ҳам  ҳузурларига  илтимос  учун  келдим.  Аввало  мирзо  Анварга  оталиқлари, соният устозлиқлари бор. Сиз жаноб тарғиб қилсангиз ва кенгаш берсангиз қабул қилар, деб ўйладиқ.

 

—  Ҳабба! — деди  махдум  хурсандлик  билан, — бу  тўғрида  яхши  сўзлашмаған  эдик, сўзлашармиз, иншооллоҳ кўнар.

— Саломат бўлингиз тақсир.

Махдум соқолини ушлаб кўзини қисди:

—  Боя  пешин  асносида, — деди, — қавмлар  каминадан  истифсор12  қилишдиларким, “ўғлингиз Анвар мунший таъйинланар эмиш, ушбу ахбор тўғрими?” деб… Мазмуни шаҳарга ҳам машҳур бўлған экан-да?

— Балки, — деди кулиб Султонали ва бир оздан кейин оҳиста сир йўсунида қилиб сўзлади, —  ўрда  ичида  бир  нечаларимиз  устоз  мулла  Муҳаммад  Ниёз  домлаға13  ва  ҳарамдан  Оғача ойимға14  Анвар  тўғрисида  илтимос  қилишдиқ.  Шунинг  учун  мирзо  Анварнинг  бош  мунший таъйин қилинишиға шубҳа қилмаймиз. Фақат уни кўндирилса бас.

— Ва лекин, — деди махдум ниҳоятда очилған қиёфатда, — бу тадбирларингиз беандоза маъқул  бўлибдир,  яъни  масалан,  жанобға  домла  шоғовул  ва  малика  хонимларни  восита қилишларингиз…

— Биз ҳам шундай ўйлаймиз. Энди умид худодан, натижа ҳам орзумизча бўлғай.

— Иншооллоҳ.

— Демак, мирзо Анварни кўндириш вазифаси одобсизлиқ бўлса ҳам сизга қолди-да, тақсир? — деб Султонали такрор сўради.

— Хотиржамъ, — деди, махдум қаноат билан, — албатта ноинсофни кўндирсамиз керак.

Шундан  сўнг  Султонали  ўзининг  бу  ерга  келганини  Анварга  билдирмасликни  таъкидлаб ўрнидан турди. Махдумнинг азтаҳидил “моҳазаримиз15 бор эди” деб қисташиға қарши узр айтиб хайрлашди. Махдум аксар ўз уйига келгучи кишиларга қилмайдирған фавқулодда бир такаллуф билан уни дарбозағача узатиб чиқди.

Абдулла Қодирий

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)


1  Эшитилган
2  Қарор
3  Эътибор
4  Қобилиятли
5  Ҳалиги
6  Етарли
7  Табаррук китоблар ёзишға ҳам бошлаған эканлар
8  Оқиллар наздида
9  Ёзиш
10  Матннинг мазмунини тушунтириш
11  Мерос илми
 12  Сўрамоқ
13 Худоёрнинг шоғовулбошиси – илмия вазири, «Тарихи Шаҳрухий»нинг муаллифи, шоир (муал.)
14  Худоёрнинг суюкли хотуни (муал.)
15  Таом
Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Юлдузли тунлар-57

Самарқанд қўрғонининг Оҳанин дарвозаси яқинидаги улкан мармар масжиднинг текис тош тўшалган саҳнига йигирма минг намозхон тўпланган. Бугунги жума намозида хутба қандай ...

Алишер навоий ким?

Алишер Навоий ким?   Алишер Навоий Хамсаси   Чор девон   Алишер Навоийнинг девонлари   Алишер Навоийнинг асарлари     Ўқитувчилар учун кўргазма ...

Юлдузли тунлар-42

ТАҚДИР ТАҚОЗОСИ Иккинчи қисм ҲИРОТ ДОВУЛДАН ОЛДИНГИ ОСУДАЛИК 1 Хазонрезлик пайти. Ҳирот боғларига сув берадиган Ҳирийруд дарёси ва Инжил анҳорининг қирғоқларига заъфарон ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400