Чингиз Айтматов:ҚИЁМАТ 12-қисм

Чингиз Айтматов:ҚИЁМАТ 12-қисм

Ростини айтсам, ўша соатда бошимдан нима кечаётганлигини англамас, англашни ҳам истамас эдим. Кўринишдан худди менга ўхшаган, худди мен каби одам бўлган ўн қўшиқчига нега бу қадар берилиб кетдим билмайман, аммо улар айтаётган қасидалар, алёрлар худди менинг кўксимдан, дарду аламларимдан, хоҳишларим, шу пайтгача ташқарига чиқишга йўл топмаган ташвиш-қувончларимдан отилиб юзага чиқаётгандай ва шу заҳоти, янгича нур ва янгича башорат билан тўлаётгандай эди. Шу қўшиқчиларнинг санъат, маҳоратлари туфайли мен ибодатгоҳ само қўшиқларининг азалий маъносига тушуниб етгандай бўлдим. Бу ҳаётнинг фарёди, қўлларини кўкларга чўзган инсон боласининг нола-афғони эди. У кўз илғамас коинот бўшлиқларидан ўзига таянч изларди, ўзига ишонч ҳосил қилишни истарди, ўз аҳволини яхшилашни хоҳларди, бунда ундан ташқари яна ўзига ёру мададкор бўла оладиган аллақандай илоҳий кучлар борлигига умид қиларди, фожиона бир алфозда улардан нажот кутарди. Ана сизга янглишнинг зўри! О, одам болалари ўз оҳ-фарёдлари кўкларга етиб боришини нақадар
истайдилар! Қанчалаб куч-ғайрати, ақл-фаросатини у ишонч-эътиқодга, тавба-тазарруга, ҳамду саноларга бахш айлади. Қони қайнаб, жўшиб турган бўлишига, табиатида азалий исён, инкор, янгилик яратиш иштиёқи туғён уришига қарамай ўзини сабр-матонатга, мўминликка, ҳар нарсага чидашга, андишага ўргатди — буларнинг бари кўкда ҳисобга олинади-ку, деди. 0, қанчалар азоб-уқубатлар, қийинчиликлар билан эришарди буларнинг барига, Ригведа, муножотлар, сеҳр-жодулар, ромлар, дуолар, ҳамду наътлар, шомонлар! Асрлар бўйи қанча-қанчалаб илтижолар, ибодатлар, дуолар кўкка ёғилиб турди. Мабодо уларнинг бари бирдан дарё ёҳуд уммонга айланиб қолсайди, қирғоқларига сиғмай тошиб чиққан, аччиқ ва шўр баҳри муҳит каби ер юзини босган, буткул кўмиб ташлаган бўларди. Қанчалар мушкулликлар ичида туғилди одамнинг одамийлиги…
Худонинг қудрати билан бир жойга жам бўлган ўн муғанний қўшиқ айтар, бизни ўз ҳаёлларимизга ғарки об айлар, онгимизнинг қоп-қоронғу гирдоблариға чўктирар, ўтмишни, адам мулкига кетган инсон глодларининг руҳи ва ғам-ҳасратларини тирилтирар ва шу асно, бизни юсакларга парвоз қилдирар, ўзимиздан, оламдан баландроқ кўтарилишга, ҳаётимизнинг маъноси ва гўзаллигини топишга чақирар — ҳаётга бир мартагина келасан, унинг мўъжизий
иморатини сев, дерди. Ўн муғанний эҳтимол ўзлари ҳам билмаган ҳолда илоҳий қўшиққа муносиб бўлиб шу қадар фидойилик билан, мафтун ва маҳлиё куйлардиларки, мутаассирликдан юракларда олий умтилишлар жунбушга келарди. Кундалик турмушда, жонга теккан ташвиш, югур-югур, ҳаловатсизликлар ичида одам бундай кечинмаларни камдан-кам бошидан ўтказади.
Шунинг учун ҳам, тингловчиларнинг баҳри дили очилган, юзларида ҳаяжон зуҳур этар, айримларнинг кўзларида эса ёш ҳалқаланарди.
Шу ажиб байрамни тортиқ қилиш учун мени етаклаб келган тасодифга таҳсинлар ўқир, ўзимда йўқ қувонар, бутун вужудим гўёки вақтдан, макондан буткул холи бўлиб, кўз илғамас кенгликларга чиққан бунда ўтган кунлар хотираси ҳам, шу онларнинг сезим ва тушунчалари ҳам, келажак орзулари ҳам — бари-бари менинг барча билган нарсаларим, бошдан кечирганларимга мўъжизакор бир тарзда қўшилиб, бирлашиб кетгандай эди. Шу ҳаёллар ичида
бирдан мен ҳали севмаганман, деб ўйладим, қонимда яшаб, ўз вақти соати келишини кутиб юрган муҳаббат соғинчи кўкрагимни каттиқ сирқиратиб, оғритиб ўтди. Ким у, қаерда у, қачон ва қандай юз беради бу? Бир неча маротаба эшикка беихтиёр қараб-қараб қўйдим — балки у келиб қолгандир, ўша ерда туриб эшитаётгандир, менинг қачон қарашимни кутаётгандир. Унинг мана шу дамларда шу залда эмаслигига жуда ачиндим. Қанийди, у билан мени ҳозир шу
қадар тўлқинлантирган, тасаввурларимни жонлантирган нарсаларни унга айтиб, ўртоқлашсам. Лекин афсус… Бу ерда яна бошқа бир нарсани ҳам ўйладим. Тақдир ишқилиб, буларнинг барини кулгили қилиб қўймасин, кейин эслаганда, уялиб, хижолат чекиб юрадиган бўлмасин…

Нимагадир, ойимни, гўдаклик чоғларимни эсладим… Қиш пайти эди, эрталаб хаммаёқ оқарган, ёп-ёруғ ҳиёбонларга эринибгина қор учқунлайди, ойим кулар кўзлар билан юзимга тикилади, валангар пальтомнинг тугмаларини қадайди, нималардир дейди, мен ундан қочиб кетаман, у эса кулиб кетимдан қувади, тепаликда жойлашган черковдан бутун шаҳарга жом овози таралади, отам ўша ерда дьякон бўлиб хизмат қилади. У Худога қаттиқ ишонган одам
эди, шу билан бирга, одамзотнинг Худо учун ва унинг номидан яратган барча нарсалари шартли эканлигини яхши тушунарди. Мен буни энди фаҳмлаяпман. Мен эсам, у кишини қанчалар эъзозламай, бутунлай бошқа йўлдан кетдим. Унинг хоҳишини адо этолмадим. Отам нариги дунёга рози бўлиб кетди. Мен-чи, ўзимни ҳар ёққа ураман, ўтмишни рад қиламан иа яна бундан баттар юрагим сиқилади. Лекин шунда ҳам, асрма-аср тарқалиб, бутун дунёда, инсон
авлодларига, уларнинг қарашларига ҳоким бўлиш учун барча қитъалар ва ороллардаги одамларни ўз комига тортиб, ақидаларига ишонтирган, чакмоқни ерга ўтказиб юборган яшинқайтарғич каби одам боласининг абадий исёнкор даъватларини босиб тўхтатиб, уларни мутелик ва итоат қаърига чўктирган, бир пайтлар чексиз қудратга эга Мутлақ ғоянинг илгариги улуғворлиги Хамда мислсиз ифодавийлигидан сурурга тўламан. Шукрлар бўлсин — Имон ва
Гумонгаким, улар ҳаётни тўхтовсиз ҳаракатга келтириб турадиган кучлардир.
Мен шак, гумон кучлари ўстун келган замонда туғилдим. У шубҳалар ўз навбатида яна янги шубҳаларни вужудга келтирди. Мен ана шу жараённинг мевасиман. Мени бир томон кўкрагимдан итариб, четга суриб қўйди, иккинчи томон эса, мени бутун мураккабликларим билан ўзига қабул қилишни истамайди. Нима ҳам қилардик, тарих менга ўхшаганлардан қасдини олади, уларни эрмакка айлантиради… Эски булғор қўшиқларини куйлаётган
муғаннийларни тинглар эканман, ана шуларни ўйлардим.

Қўшиқлар ўша залда худди ўтган замонларнинг акс садосидай бири кетидан бири янграрди. «Кеча қурбони», «Сабийларни таҳқирлаш», «Малоиклар ноласи» каби Инжил эҳтирослари дин-иймон йўлида азият ва риёзат чекканларнинг оғир алангали қўшиқлари билан алмашарди. Гарчи, буларнинг кўпи менга аввалдан таниш бўлса-да, мени ижро этувчиларнинг ўзлари мафтун этиб қўйган эдиларки, буни тўла ифодалаб беролмайман. Ўн муғанний ўзига асир
қилар, маълум нарсаларни тенгсиз санъатга айлантирар, бу санъатнинг кучи халқ руҳининг тарихан кенг қамралганида эди. Зотан, азоби кўпнинг билиги ҳам кўп…

Ўз куйларидан завқ-шавққа тўлиб, мастона қўшиқ айтаётган София муғаннийларининг овозларига қулоқ тутар, уларнинг хатти-ҳаракатларига разм соларканман, кутилмаганда, чап томондан иккинчи бўлиб турган, буғдойранг, қора сочли болгарлар ичида бирдан-бир малла қўшичи жуда ҳам менга ўхшаб кетишини сезиб қолдим. Ўзингга баайни ўхшайдиган одамни учратсанг, ғалати бўлиб кетаркансан киши. Унинг кўзлари кўкимтир оч, елкалари тор,—
эҳтимол, уни ҳам болалигида ориқ деб чақиришгандир,— узун сочлари оч сарғиш, қўллари серпай ва ингичка, у ҳам тортинчоқлигини қўшиқ айтиб енгса ажабмас, бундай ҳолат менда ҳам кўп бўлади, ўнғайсизлигимни яшириш учун кўпинча гапни диний мавзуларга буриб юбораман.
Хотинлар билан танишганда ҳам, жиддий ва сипо гаплардан оламан, ташқаридан қараган одамга бу ўлгудай аҳмоқона кўринса керак. Кўккўз йигитнинг чеҳраси ҳам баайни ўзим — икки чаккаси ичига ботган, қирғийбурун, пешанасига икки узун чизиқ тушган ва ҳаммадан ҳам, соқолини айтмайсизми, нақ менинг қириб ташланган соқолимнинг худди ўзгинаси. Қўлим иягимга чўзилганини ўзим ҳам сезмай қолдим. Шунда эртага нашаванд чопарлар билан чўлга
отланишим ёдимга тушди. Ўзимдан ўзим тонг қоламан: қаерга кетяпман, нимага? Ҳеч солиштириш мумкинми, илоҳий самолар қайда-ю вокзалга ин қуриб олган утюгларнинг қабоҳатлари қайда? Бироқ, барча замонларда ҳам чинакам ҳаёт ҳамма яхшиликлари ва золимликлари билан ибодатгоҳлардан ташқарида кечган. Бизнинг замонамиз ҳам бундан мустасно эмас…

Ўша концертда шундай ўхшаш қиёфаларни кашф қилдим. Кейин мен адашимдан кўзимни узганим йўқ. Қўшиқ айтаётганда, юзининг қандай чўзилиши, авжини олаётганда оғзининг қанчалар очилишини кузатиб ўтирдим. Ўзимни унинг ўрнига қўйиб кўрдим. Гўё, у менинг аксим эди. Шу йўсин мен ҳам қўшиқ айтишда иштирок этардим. Вужудим қўшиққа айланиб кетгандай эди. Хор билан бир жону бир тан бўлдим. Кўксимда ажиб биродарлик туйғулари жўш
урар, йиғлагим келар, узоқ айрилиқдан сўнг ўз оғаларим билан учрашгандай, шу мардона, танти кишиларни бағримга босгандай, қандайдир улуғворлик, якдиллик ҳис қилар, бизнинг овозларимиз эса кўк тоқларига ўрлар, оёғимиз эса заминда мустаҳкам турарди. Биз шундай қўшиқ айтаверамиз, хоҳлаганча айтаверамиз ва узоқ замонлар айтамиз…
Улар шундай куйлашар ва мен ҳам улар билан бирга эдим. Мен кўпинча эски грузин кўшиқларини эшитганда, ўзимни шундай йўқотиб қўяман. Буни тушунтириб беришим қийин. Лекин ҳар қалай учта оддий грузин йиғилиб қўшиқ айта бошласа, дилинг яйраб кетади. Ўз уйғунлиги билан ғоятда содда ва ноёб санъатнинг баланд парвозини кўрасан, руҳинг ҳам қанотланиб учади. Бу уларга табиатнинг эъзоз туҳфаси, маданият даражаси, балки Худонинг  тўппа-тўғри лутфи карамидир. Уларнинг нима ҳақда куйлаётганларини тушунмайман. Лекин менга улар билан бирга қўшилиб айтаётганим муҳимроқ.

Шуни ўйларканман, қўшиқ эшитиб ўтириб, бирдан ҳаёлим чарақлаб очилиб кетгандай туюлди. «Олтовлон ва еттинчи» деган грузин ҳикоясини ўқиганимни эсладим. Бирдан шу ҳикоянинг маъноси менга ярқ этиб аён бўлди. Бундай ҳикоялар вақтли матбуотда оз эмас. Ҳикоянинг унчалар ажралиб турган хусусияти ҳам йўқдай эди. Унда психологизмдан кўра кўпроқ фабула кўзга ташланар, йўналиши романтикроқ эди. Аммо, ҳикоянинг нима билан тугаганлигини каттиқ эслаб қолган, у худди зирапчадек менга тинчлик бермасди.

Ҳикоя, тўғрироғи, «Олтовлон ва еттинчи» деб аталган балладанинг (ҳали унча танилмаган муаллифнинг қийин номини эслай олмайман) мазмуни ҳам ўзига ярашароқ эди. Революция аланга олган, қонли гражданлар уруши кетяпти, инқилоб душман тўдалари билан охирги жангларга кирган, Грузиянинг тарихий йўли муқаррар — совет ҳокимияти ғалаба қозониб, энг овлоқ тоғ қишлоқларидан ҳам қуролланган аксилинқилобчиларнинг қолган-қутган тўдалари
сиқиб чиқарилаётган пайтлар. Бундай шароитда асосий қонун битта — агар душман таслим бўлмаса, уни янчиб ташлайдилар. Аммо шафқатсизликка жавобан шафқатсизлик юзага чиқади — бу ҳам қадимдан қолган қонун. Айниқса, жўмард Гурам Жўхадзе деганнинг тўдаси тиш-тирноғигача қаршилик кўрсатади. Гурам Жўхадзе ўзи асли йилқибоқар, теварак-атрофдаги тоғларни беш қўлдай билади. Уни ушлаш қийин, кутилмаган ерлардан келиб босқин ясайди, қирон солади. Синфий кураш ичида оёғи чалкашиб қолган. Лекин унинг хам куни битган. Кейинги вақтларда уст-устига тепки еяпти. Гурамнинг тўдасига бир чекист кириб олган. V жонини минг хатарга қўйиб Гурам Жўхадзенинг ишончини қозонган, тўдадаги энг абжир йигитлардан бирига айланган. Омонсиз жанглардан бирида Жўхадзе тўдаси кўп талафот кўради, чекинишга мажбур бўлади. Шунда Жўхадзе чекистнинг усталик билан қўйган тузоғига тушади.
Гурам Жўхадзе дарёдан кечиб ўтаётган маҳалда пистирмага дуч келади. Йигитлар шитоб билан қочиб дарё қирғоғига етиб келганлар. Улар бир дам ҳам пайсалланмай отларни дарёга соладилар. Чекист минган отнинг эса айили бўшаб кетади. У буталар панасида отдан тушади.
Жўхадзенинг йигитлари кўпирган отларда пишқириб оқаётган тоғ дарёсининг белига етадилар.

Дарё ўртаси тўрт томондан кафтдай очиқ. Шунда ҳар иккала қирғоққа яширинча ўрнатилган икки катта пулемёт йигитларни баробар ўққа тутади. Омонлик йўқ. Йигитлар тоғ дарёсининг ўртасида тутдай тўкиладилар. Лекин Гурам Жўхадзенинг вақти соати битмаган экан! — у
дўлдай ёғилган ўқ остидан омон-эсон қутулиб чиқади. Отини шитоб билан орқага қайиради. Ўзини дарё ёқалаб ўсган қалин бутазорларга уради ва зум ўтмай кўздан ғойиб бўлади. Бир нечта тирик қолган содиқ йигитлари унга эргашадилар. Мўлжалдаги иш тўла амалга ошмай кўр
бошлиғи қочиб бораётганлигини кўрган чекист дарҳол яна уларга қўшилади.
Дарёдаги қирғинда Жўхадзе қўри тамомила тор-мор келтирилган, қириб ташланган эди.
Гурам Жўхадзе ниҳоят таъқибдан қутулиб, ҳолдан тойган отини тўхтатганда, қўрдан ўзини ҳам қўшиб хисоблаганда етти йигитгина омон қолганлигини кўради. Еттинчиси ўша Сандро деган йигит эди. Ҳикоянинг номи ҳам шунга ишора қилади чоғи: «Олтовлон ва еттинчи».
Сандро қандай бўлмасин, қўрнинг бошлиғи Гурам Жўхадзени йўқотиш ҳақида топшириқ олган. Жўхадзе хавфли душман. Лекин эндиликда унинг яна қайта жангларга кириши даргумон.Демак, уни отиб ташлаш ҳам анча мушкул. Бунинг устига энди ёлғиз қолгач, тузоққа тушган йиртқичдай жуда ўзини эҳтиёткор тутади. Кўпроқ ўз кучига ишонади. У охиригача олишади, охирги нафасигача…

Мана, ўша воқеанинг охири… у мени ҳаммасидан кўпроқ ҳаяжонга солади…

Йигитлар қўрига қирон келгач, тоғ дараларини беш қўлдай билган Гурам Жўхадзе қош қорая бошлаган паллада Туркия чегарасидаги одам ўтиб боролмайдиган хилват ўрмонга қўнади.Ҳаммалари — олтовлон ҳам еттинчи ҳам, отларни апил-тапил эгар-жабдукдан чиқариб, чарчоқнинг зўридан ўзларини ҳам таппа-таппа ерга ташлайди-ар. Беш киши шу заҳоти ўликдай донг қотиб ухлаб қолади. Икки кишининг эса кўзларига уйқу келмайди. Чекист Сандронинг ташвиши ўзига етиб ортади. Энди нима қилсамикин, буларнинг ишини қандай бажарсамикин, қандай қасос олсамикин, деб боши қотгандан қотади. Аскарларидан айрилган Гурам Жўхадзенинг ҳам кўзидан уйқу қочган — мана, боридан бир йўла мосуво бўлиб ўтирибди.
Эртага куни не кечади, Худо билади. Инқилоб қоқ икки томонга ажратиб ташлаган бу икки азамат — икки қаттол, муросасиз душман яна нималарни ўйлардилар, ёлғиз яратганга аён.
Тўлин ой уларнинг бошларининг ўнг томонида нур ёғдиради. Тунги ўрмон оғир, босинқи хўрсинади. Пастда тошлардан тошларга урилиб дарё шағиллайди. Атроф-тоғлар тош сукутга кетган. Шу пайт худди бир нарсадан безовта бўлгандай Гурам Жўхадзе даст сакраб ўрнидан туради.
— Сен ухламаяпсанми, Сандро? — ҳайрон бўлиб сўради у еттинчидан.
— Йўқ. Нега туриб кетдинг? — ўз навбатида сўрайди Сандро.
— Ўзим шундай. Уйқум қочди. Бу ерда ҳеч ётолмаяпман. Кўзимга ой тушяпти. Ғорга бориб ётаман.— Жўхадзе буркаси, қурол-яроғи, бошига қўйиб ётиш учун эгар-жабдуқни олди. Кета туриб деди: — Қолганини эртага гаплашамиз. Бошқа гаплашадиган вақт ҳам қолмади.
Кетди. Мағоранинг нақ оғзига бориб жойлашди. От боқиб юрган кезлари бу ерда ёмғир-қордан қочиб кўп беркинган. Мана, энди ҳам бошини шу панага олди. Балки адоқсиз кулфати, дарди-аламини ёлғиз ўзи чекмакчидир, ёхуд, нимадандир хавфсирагандир, ёнимга ҳеч кимса йўлай олмасин, кимда-ким бу томонга яқинлашса, дарров кўзимга ташлансин, дегандир. Сандро этаги куйгандай типирчилаб қолди. Қўр бошлиғи бу қилиғи билан нима демоқчи, аслида-ку, унинг қилаётган иши тўғрику-я? Ишқилиб, сезиб қолмадимикин?

Ўша кеча шундай ўтди. Эрталаб Гурам Жўхадзе отларни эгарлашни буюрди. Ҳеч ким унинг нима ўйда эканлиги, нима қилмоқчилигини билмасди. Отлар эгарланиб, ҳамма жиловни тутганча индамай қараб тураркан, у хўрсиниб деди:
— Йўк, туғилган еримиздан бундай қилиб кетиш ярамайди. Бугун бизни ўстириб катта қилган она-Еримиз билан хайрлашамиз. Кейин ҳар қайсимиз ўз йўлимизга равона бўламиз.
Лекин ҳозирча ўз уйимизда тургандай кўнгил очайлик.
У икки отлиқ йигитни яқин атрофдаги қишлоққа вино ва егулик олиб келиш учун жўнатди.
Қишлоқда унинг содиқ одамлари бор эди. Сандро билан яна бир йигитни қуруқ ўтин йиғиш ва отларни қўриқлаш учун қолдирди. Ўзи икки йигитни олиб ов қилгани кетди. Кечки хайрлашув зиёфатига бирон кийикми, тоғ эчкисими отиб келмоқчи эди. Сандронинг бўйсунишдан, топшириқни бажариш учун бошқа қулай пайт пойлашдан ўзга иложи қолмади. Лекин, қачон келади ўша қулай вазият, номаълум.
Шом тушганда олтовлон ва еттинчи бир жойга тўпландилар. Ўрмоннинг чекка ёқасида ўт ёқдилар, ерга қалин дастурхон тўшаб, унга қишлоқдан Гурам Жўхадзенинг содиқ одамлари бериб юборган нон, туз, вино ва бошқа таомларни қўйдилар. Гулхан алангаси осмонга ўрлади.
Етовлон ўтга яқинроқ келдилар.
— Ҳамма отлар эгарландими? Ҳамма дўстлар узангига оёқ кўйишга шайми? — сўради Гурам Жўхадзе.
Ҳамма тасдиқлаб бош силкиди.
— Ҳей, Сандро,— деди Гурам Жўхадзе,— яхши ўтин йиғиб келибсан, нега ўтинларингни гулхандан узоққа қўйдинг?
— Ташвиш қилма, Гурам, бу менинг ишим, гулханга мен қараб тураман. Сен айтарингни айт.
Шунда Гурам Жўхадзе айтди:
— Биродарларим. Биз ишимизни бой бериб қўйдик. Икки тараф урушганда кимдир енгиб чиқади. Бошқаси мағлуб бўлади. Уруш дегани шу. Биз қон тўкдик. Бизнинг қонимизни тўкишди. У тарафдан ҳам, бу тарафдан ҳам кўп асл ўғлонларнинг бошлари кетди. Бўлганича бўлди. Ҳалок бўлган дўстларимдан ва ғанимларимдан узр-маъзур сўрайман. Жангда ўлган ғаним — ғаним эмас. Оёғим узангида турганда ҳам, барибир мен ҳалок бўлганлардан кечирим сўрар эдим. Лекин қисмат биздан юзини ўгирди. Шунинг учун ҳам халқнинг кўпчилиги бизга ишонмай қўйди. Ҳатто бизни йўргаклаб вояга етказган жонажон еримиз ҳам бизни сиғдирмаяпти. Бизга жой йўқ бу ерда. Бизга афв ҳам йўқ. Худо шоҳид, агар мен ғалаба қилсам, душманларни омон қўймасдим. Бизга бирдан-бир йўл қолди. Бошимизни олиб бегона юртларга кетамиз. Ҳўв анави катта тоғнинг орқаси — Туркия, қўл узатсанг, етади. Ундан сал чеккароқда ой кўтарилиб келаётган тоғ ўркачининг нариёғи — Эрон. Ким қаерга бораман деса, ўзи билади.
Мен Туркияга кетаман. Истамбулда кемаларда юкчилик қиламан. Ҳар биримизга бошпана керак. Биз етти киши қолибмиз. Кўп ўтмай ҳаммамиз ҳар ёққа, бегона юртларга тарқалиб кетамиз. Пешанада борини кўрамиз. Бошқа ҳеч қачон кўришмаймиз. Бир-биримизни охирги марта кўриб турибмиз. Охирги марта бир-биримизнинг сўзларимизни эшитяпмиз. Келинглар, бир-бирларимиз билан хайрлашайлик, она-Еримиз билан хайрлашайлик, грузиннинг нони-тузи билан хайрлашайлик, виноси билан хайрлашайлик. Бундай вино бошқа ҳеч ерда йўқ.
Видолашгач, ҳар ким ўз йўлига кетади. Биз ўзимиз билан тариқча нарса олганимиз йўқ. Ватанни олиб кетиб бўлмайди. Фақат соғинч ва армонларимизни олиб кетамиз. Агар ватанни хуржун каби олиб юриш ва ташиб кетиш мумкин бўлганда, у сариқ чақага ҳам арзимасди. Келинглар, йўлимиз олдидан ичайлик, йўл олдидан қўшиқларимизни айтайлик…
Вино деҳқонча мешларга солинган эди, унга ер ва осмоннинг таъми қўшилиб кетганди.
Вино юракларга сархуш дов солди. Ғам-қайғуни тўкиш истагини уйғотди. Кўнгиллар яна шодумонлик ва ҳасрат билан тўлди. Қўшиқ ўз-ўзидан қуйилиб келаверди. У худди тоғу тошлар бағрини ёриб чиққан ва йўлида нима дуч келса, шуни гуллаб-яшнатадиган булоққа ўхшарди.
Улар оҳиста ота-боболарнинг қўшиқларини бошладилар. Сўнг тоғ ёнбағридан тушаётган чашма сувидай қўшиқ саси аста кўтарилиб, борган сари куч олди. Етовлари ҳам қўшиқни боплаб айтишарди. Негаки, қўшиқ айтмайдиган грузиннинг ўзи йўқ. Ҳар ким ўз овози билан, ўзига яраша куйлар, лекин овозлари бир-бирларига ғоятда қовушар, шунинг учун куй ўртада ёнаётган гулхан каби тобора авжга чиқарди.
Етовлоннинг, тўғрироғи, олтовлон ва еттинчининг хайрлашув қўшиғи ана шундай бошланди. Бироқ еттинчи ўз зиммасидаги топшириқни бир зум бўлсин унутмасди. Уларнинг ҳеч қайсилари ва айниқса, Гурам Жўхадзе ўз жазосини олмасдан чет элларга чиқиб кетмаслиги керак эди. Чекист бунга асло йўл қўёлмасди. Шундай буйруқ олганди. У буйруқни бажариши керак эди.
Кўшиққа янги қўшиқ уланар, вино ичилар ва ичилган сайин яна кўпрок ичилгиси келар, юрак ҳам шунга монанд аланга олиб ёнар, ёнган сайин яна майга ташна бўлар, яна қўшиқ тошарди.
Улар давра ясаб туришар, баъзан қўлларини бир-бирларининг елкаларига ташлашар, баъзан қамчидай ерга солинтиришар, баъзан эса, билиб бўлмас ва кўриб бўлмас, лекин ҳар нарсани билувчи ва ҳар нимани кўрувчи илоҳий қудрат эшитсин дебми, қўлларини осмонга кўтарар эдилар. Агар Яратган ҳаммасини кўриб турган ва билиб турган бўлса, нега унда уларни ўз она-Ерларидан кувғин қилмоқда, бу қандай бўлди ахир? Нега ахир бундай, нега ахир одамлар бир-бирлари билан урушадилар, қон тўкадилар, кўзёшларни дарё қилиб оқизадилар, ҳаммалари ўзларини ҳақ, бошқаларни ноҳақ деб ҳисоблайдилар, қани ахир ҳақиқат, ким ҳақиқатни айтади, ким? Қани уларни адолат билан ажрим қилувчи набий?.. Халқ хотирасида сақланиб қолган ўша қадим қўшиқларда олис-олис замонларда рўй бериб ўтган азоб-уқубатлар, яхшилик ва ёмонликларнинг азалий тажрибалари, уларга ота-боболарнинг бағишлаган маънолари, улар орқали ҳис қилинган гўзаллик ва абадият акс этмасмиди, шулар ҳақида эмасмиди ўша қўшиқлар? Шунинг учун етовлон бир қўшиқ тугар-тугамас бошқасини улаб юборар ва қўшиқларнинг ҳалқаси сира узилмасди. Фақат Сандрогина вақти-вақти билан даврадан чиқиб, ўтин келтириб, яна гулханга қаларди. Бекорга у шунча куруқ ўтин йиғмаган экан ўрмонда (ҳаётда ҳар бир нарсанинг ўз баҳонаи сабаби бўлади), мана энди, оловга ўзи зўр бериб ўтирибди. Қўшиқларни ҳам у барча қатори чин юракдан айтар — ахир қўшиқ ҳаммага баб-баравар тегишли эмасми? Бошқалар айтиши ман этилган, фақат подшоҳларнинг ўзларигина айтадиган қўшиқлар йўқ. Қўшиқ айт, қувна, яйра, дард чек ва йиғла, ўйнаб қол бу тириклик айвонида…
Кимни жондан севган эдинг, кимни титраб-қалтираб кутган эдинг, ким сени ташлаб кетди, қанчалар ўртандинг, куйдинг, сени тушунмадилар бундан кўра ўлганим яхшийди дединг, ўлим олдида айтган сўнгти қўшиғингни у эшитишини орзу қилдинг, онанг қанчалар эркаларди сени гўдаклигингда, дов ва танти отангнинг боши қайларда қолди, қандай жанг қилишарди жасур дўстларинг, қайси худоларга очардинг беғараз ва пок дилингни, ўйлаганмидинг ҳеч одам нега туғилади-ю, нега ўлади ва нега ўлим доим сен билан бирга, сендан нари жилмайди ва ўлгандан сўнг ўлим йўқ, лекин ҳаёт ўлимдан юқори, дунёда ҳаётдан кўра юқори ўлчов йўқ — шунинг учун тирик жонни маҳв этма, лекин элингга ёв бостириб келса, дарҳол ҳимояга отлан, севганингни номусини асра худди она-Ерни ётлардан асрагандай; айрилиқни ҳеч тотиб кўргянмисан, биласанми айрилиқнинг душворлигини, худди елкангга чўнг тоғларнинг юклари ортилгандай; суйганинг бўлмаса, ҳеч нарса кўзларингни қувонтирмайди: на гуллар, на нурлар ва на келажак кунлар — ана, нималар куйланмайди қўшиқда, айтиб адо қилиб бўлармиди барини…
Ўша кеча ҳижрон чоғи алам ва илҳом билан қўшиқ айтаётган шу етти грузиндан кўра бир-бирига жондош ва қадрдон одамлар дунёда йўқ эди. Қўшиқ оҳанглари уларни янада яқинлаштириб қўйганди. Ота-боболар наслларга шу дилбар руҳафзо сўзларни қолдириш учун қанча-қанчалаб хуноба ютганлар, аччиқ воқеаларни бошларидан кечирганлар. Қушни учишидан билгандай грузин ҳам грузинни қўшиқ айтишига қараб ўн чақирим наридан билади ва унинг қаерлик эканлиги, бошига нима савдо тушганлиги, юрагида нима борлиги, қайси тўйда шўх ўйнаб-кулганлиги ёки қандай ғам-қайғу жонини қийнаётганлигини бехато айтиб беради…
Ой тоғлар узра анча ҳаволаб кетганди. Бутун ер унинг ёғдуларига чўмиб ётарди — ўрмондаги дарахтларнинг қора чўққилари тунги шамолда чайқалади, дарё шалдирайди, нам босган харсангтошлар кумушдай жилоланади, тун қушлари гулхан атрофида куйлаётган одамлар устидан шарпадай учиб ўтади ва ҳатто эгарланган отлар эгаларини сабр-тоқат билан кутиб, қулоқларини тиккайтириб, қимирлатиб-қимирлатиб қўядилар, уларнинг кўзларида олов шуълалари ўйин тушади… Отлар бегона ўлкалар сари йўлга чиқишлари керак, вақт яқинлашиб келарди…
Лекин, қўшиқнинг охири кўринмасди. Гурам Жўхадзе ҳаммаси учун юрагини биратўла бўшатиб олмоқчига ўхшарди: «Оғайнилар, қўшиқ айтинг, май ичинг, даврага йиғилиш бошқа насиб этмайди, яна қачон айтамиз грузин қўшиқларини…» Дам якка-якка, дам ҳаммалари жам бўлишиб қўшиқ айтишар, дам худди ўлим олдидан ўйинга тушаётгандай гурсиллаб, шаҳдам рақс бошлаб юборишар, сўнг яна давра ясаб қаторга туришарди етовлон грузин, тўғрироғи, олтовлон ва еттинчи. Сандро эса дам-бадам даврадан чиқиб, гулханга ўтин ташлар, олов қарсиллаб, тобора қиздириб, куйдириб баланд ўрларди.
Охирги қўшиқни айтамиз дейишди, кейин яна ва ундан кейин яна хайрлашув олдидан айтайлик, дейишди, ҳеч тинчийдиган эмас, яна даврага туришди, бошларини қуйи эгиб, қўшиқ бошлашди —оҳанг гўё ер осгидан гувиллаб келаётгандай ўйчан ва қудратли янграб борарди.
Гарчи гулхан аланга олиб ёнаётган бўлса ҳам, Сандро яна ўтин келтиргани орқага ўтди. Буни у аниқ ҳисобга олган эди — четдан у олов атрофида қўр ташлаган, кўзлари ўтдан ёшланиб кўшиқ айтаётган олтовлоннинг хар бирини аниқ-таниқ кўриб турар, уни эса ҳеч ким кўрмасди… Оғир маузер аллақачон шай эди. Қасос палласи етганди. Кўп ўқли тезотар маузерни иккинчи қўли устига қўйди. Биринчи ўқ билаи кўр йигитлар бошлиғи Гурам Жўхадзени қулатди. Тўппонча овози тун қўйнида момақалдироқдек гумбурлаб кетди ва шу заҳоти, йигитлар бўғзидан ҳали қўшиқ сўзлари узилмаёқ бошқа бешовини ҳам кетма-кет отиб йиқитди. Улар нима рўй бертанлигини ҳатто англолмай қолдилар. Шундай қилиб, ўлим чархи яна бир шармандали айланди. Тўкилган қоғлар учун яна қонлар тўкилди.
Шундай. Инсон муносабатларининг конунлари алжабр ҳисоб-китобларига бўйсунмайдилар.
Замин эса қонли фожиаларнинг кажаваси каби дўнаверади…
Наҳот, ахир, бу кажава то охир замон бўлгунча, Ер офтоб атрофида кезиб чарчатунча эврилади, наҳот айланаверади қонли чарх?
Ўқлар мўлжалга аниқ урилди. Факат бир одам титраганча қўлига тиралиб турмоқчи бўлди.
Сандро сакраб сакраб бориб, унинг чаккасидан ўқ қўйди… Отлар қўрқиб орқага тисарклдилар ва сўнг жиловлангдн ерларида қотиб қолдилар…
Гулхан ёниб битмаганди. Дарё вағилларди. Ўрмон ва тоғлар бари ўз жойида эди, ой юксакларда сокин кезарди ҳеч нарса юз бермагандай, ёлғиз узоқ давом этган таронагина узилди, узилди…
Сандронинг башараси тун шуьласида бўздей оқариб кўринарди. У харс-ҳарс нафас олар, ўпкасига ҳаво етмасди. У мешни шарт кўтарди-да, тагида қолган винони тўкиб-сочиб ютоқиб ича бошлади, у ичида ёнаётган оловни босмоқчи бўларди… Кейин сал ўзига келди, гулхан атрофида ётган ўликларни хотиржам айланиб чиқди. Сўнг ўлганларнинг қуролларини олди, уларни эгарларнинг бошларига осиб қўйди. Отларни жилов, нўхталаридан батамол, бў.иатди,
уларни эркин-ликка қўйиб юборди. Ҳамма отларни, жумладан, ўз тўриғини ҳам бўшатди… Отлар эркинликни сезгач, тоғдан пастга, одамлар қўналғаси томон турнақатор тизилишиб тушиб кета бошладилар. Ахир отлар доим одамлар яшайдиган томонга қараб юрадилар… Уларнинг ортларидан бирпас қараб турди… Лекин мана, тақаларнинг овозлари ҳам эшитилмай қолди, пастда ойнинг тутаб ётган беқарор шуълалари қўйнида қатор тизилиб бораётган отларнинг шарпалари ҳам кўздан ғойиб бўлди…
Ҳаммаси тугади. Сандро яна бир марто ерда ағанаб ётган олтовлон атрофидан айланиб чиқди-да, сал чеккароқка ўтди. Маузернинг оғзини чаккасига тиради. Тоғларда яна бир ўқ овози садоланди. Бу еттинчи эди. У ҳам ўз қўшиғини айтиб битирганди.
Ўша грузин балладаси мана шундай якунланарди.
Эски булғор қўшиқларини ижро этган ёш болгар муғаннийларини тингларканман, бирдан шу ҳақда эсладим. Бу қўшиқлар асрлар зулматидан туриб Яратганга тавалло қилаётганларнинг нолаларидан туғилганди. Улар Яратганни йўқдан бор қилиб, сўнг уни руҳоний мавжудиятга айлантирган эдилар. Улар ўзларини ёруғ дунёда жуда ёлғиз ҳис қилардилар, ёлғиз қўшиқлар ва дуолардагина уни топамиз, деб, ишонардидар.

Мен ўша воқеани фавқулодда бир зум ичида, саноқли сониялар ичида ёдимга туширдим ва барча ҳаяжонлари билан бошимдан кечирдим. Тафаккур тезлиги олдида ёруғлик тезлиги ҳеч нарса, ҳаёл ўтмишга караб йўл олиб яна орқага қайтиб, вақт ҳамда макон ичида ҳаракат қила олади, унинг суръати билан ҳеч нарса тенглашолмайди….

Ўша йиллар шундай бўлиши мумкин эди. Мен бунга мана ҳозир ишондим. Муаллиф ҳикоянинг хотимасида Сандро ўлимидан сўнг орден билан тақдирланганлигини ёзганди.

Аммо бир тарафнинг янги кириб келаётган тарихга қаршилиги ва иккинчи тарафнинг худди мана шу тарихни тезлатиш учун бесабр кураши ҳаётни туб томирлари билан ўзгартирмаса, гражданлар урушининг фожиалари миллатнинг фожиаларига айланмасайди, инқилоб далаларидаги бу даҳшатли чек-чандиқлар қаердан пайдо бўларди ва грузин балладаси шундай якун топармиди унда?.. Ахир ўша еттинчи тантана қилиши, яшаши мумкин эди-ку. Лекин у буни истамади. Бунинг сабабларини тушунтириш жуда қийин. Ҳар ким бу сабабларни ўзича келтириши ва изоҳлаши мумкин. Мен эса, ўша соат узоқ-узоқларда турмушнинг очиқ уммонларида абадий сузиб юрувчи руҳафзо ҳаёлнинг оппоқ елканларини кўтарган булғор қўшиқларининг кемачасида сайр қиларканман, грузин нақлининг шундай тугашига қўшиқ сабаб бўлди, деб ўйлардим, Ўша қўшиқларда етовлоннинг имони, диёнати жамланган эди…

Бир нарсани ўзинг учун кашф қилсанг, ўзингдан ўзинг рози бўласан, юрагинг, руҳинг еришади, файзу киром топади. Муқаддас алёрларни куйлаётган София муғаннийларининг кўзлари тақво, илҳом, вафо билан чарақлаб тургани, уларнинг ол чеҳралари азбаройи зўриқишдан реза-реза тер билан копланганини кўриб, қанийди, мен ҳам улар орасида, адашимнинг ўрнида бўлиб қолсам, деб ҳавас қилардим.

Ярқ этиб ёришган ҳаёлимга яна шу фикрлар келди: инсонда бу нарсаларнинг ҳаммаси – мусиқа, тарона, муножот, қўшиқ қаердан, уларнинг одам боласига қандай зарурияти бор ва бўлади? Ҳаёт чархи абадий айланиб, эврилиб туради, ҳамма нарса келади ва ҳаммаси кееади, яна эврилиб келади ва эврилиб кетади, одам шуларнинг дардини беихтиёр ҳис қилади ва ўзини англатмоқчи, ифодаламоқчи, ўзидан нишон қолдирмоқчи бўлади. Ахир, бир кунмас-бир кун бари тугайди, миллаардлаб йиллар ўтгач, ахийри охир замон келади, замин деб аталган куррамиз ўлади, сўниб битади, ана ўшанда бошқа галактикалардан келган қандайдир умумкоинот онги зимдан азим бўшлиқ ва жимжитлик қўйнида албатта бизнинг тароналаримиз ва қўшиқларимизни эшитади. Кўрдингизми, биз яралганимиздан бери шундаймиз – ўлгандан кейин ҳам яшамоқни истаймиз. Ўз умрини узайтириш мумкинлигига ишонч, шунинг ҳиссиёти билан яшаш одамзодга қанчалар муҳим, қанчалар зарур. Одамлар ўзларидан кейин қандайдир автомат қурилма, аллақандай вокал-музика абадий двигатели қолдириш фикрига келсалар, ажаб эмас — бу ҳамма замонлар учун инсон маданияти эришган энг яхши нарсаларнинг антологияси бўлади. Мен муғаннийларнинг қўшиқларидан беҳад лаззатланардим ва ишонардимки, бу сўзлар ва бу тароналарни эшитганлар заминда яшаган, бирдан-бир онг эгаси одамлар қанчалар мураккаб, зиддиятли, қанчалар даҳо ва мустар хилқат бўлганликларини англаб, ҳис қилиб етадилар.

Ҳаёт, ўлим, муҳаббат, шафқат ва илҳом — ҳаммасини мусиқа айтади, зотан, биз мусиқада энг олий ҳурликка эришамиз, бу ҳурлик учун эса онгимиз ёришган замонлардан бошлаб, бутун тарихимиз давомида курашганмиз, лекин унга фақат мусиқадагина етишганмиз. Факат мусиқагина барча замонларнинг ақидаларини енгиб ўтиб, доимо келажак сари умтилади… Шунинг учун биз айтолмаган нарсаларни у айтади, шунга чорланган…

Соатимга қарарканман, мен севган Пушкин музейидаги концерт ҳали-замон тугайди-ку, деб юрагим орзиқарди. Ўшанда мен тағин Қозон вокзалига, бутунлай бошқа олам, бутунлай бошқа ҳаёт ичига қайтаман. Дунё бино бўлибдики, бу ҳаловатсиз ҳаёт югур-югурлар ўпқонида ва буқаламун тентирашлар ичида беқарор эврилади, эврилаверади, унда илоҳий қўшиқлар йўқ, уларга ўрин ҳам йўқ… Бироқ худди шу боисдан мен ўша ерда бўлмоғим фарз…

Чингиз Айтматов

 

Аввалги қисмини ўқинг

Давоми 👉

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Устозим рауф парфи – шажара

  Рауф Парфи авлодлари шажарасини тузиш бир пайтлар  энг биринчи галдаги вазифам бўлганди. Рауф ака билан ҳам бу борада кўп суҳбатлашгандик. У киши фарзандлари ва неваралари ...

Янги кун муборак эй дўсти азиз!

Ўкинчлар эрисин сўнгги қор билан, Орзулар тафтида кўкарсин умид. Майли ғам ташвишни қувамиз бирга. Армонлар юракка солмасин таҳдид. Байрам татирмиди бўлмасангиз сиз? Янги кун ...

Юлдузли тунлар-72

4 Узоқ Сирдарё воҳаларида энди лола барг ёзадиган салқин ҳамал ойида Жамна бўйлари авжи саратон пайтидагидек иссиқ эди. Куни бўйи офтобда отлиқ юриб бадани мисдай қизиб ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400