Юлдузли тунлар-3

АХСИ
АЖАЛГА ДАВО ЙЎҚ
1

Баланд тепалик устига қурилган Ахси қалъаси тун оғушида тоғ қоясига ўхшаб қорайиб кўринади. Қалъа этагида Косонсойнинг Сирдарёга гувуллаб қуйилаётгани, икки дарё тўлқинлари бир-бирлари билан олишиб, қирғоққа шалоплаб урилаётгани узоқдан эшитилиб туради.
Ахсининг ҳукмрони Умаршайх мирзо бу кеча ҳарамда ўн саккиз ёшлик Қоракўз бегимнинг хобгоҳида ухлаб ётибди. Шоҳона тўшакнинг ипак пардаси ортида биттагина шам липиллаб ёниб турибди. Унинг заиф ёғдуси ташқаридан босиб кирмоқчи бўлаётган тун қоронғисидан қўрққандай титраб-қалтирайди.
Саҳар пайтида қалъа сукунатини бузиб ҳазин сурнай товуши янгради. Сўнг унга қўш нақора товуши жўр бўлди. Рўза тутиш — шоҳу малайга баробар келган мажбурият бўлгани учун сурнай ва нақора сарой аҳлини саҳарликка уйғотмоқда эди.
Ёз тунлари қисқа, уйқуга тўймай саҳарликка туриш хийла нохуш. Шундай бўлса ҳам Қоракўз бегим ўрнидан оҳиста туриб ювинди, кийинди. Лекин парқу тўшакда бақувват қўлларини ипак чойшабдан чиқариб ухлаб ётган Умаршайх мирзо ҳамон уйғонмас эди.
Хобгоҳдан икки хона нарида ҳашаматли танобий уйда аллақачон тузаб қўйилган дастурхон Мирзога мунтазир эди. Унинг кеча ифтордан сўнг берган амрига мувофиқ бугунги саҳарлик учала хотинлари ва болалари билан бирга қилиниши керак эди. Мирзонинг биринчи хотини Фотима Султон, иккинчи хотини Қутлуғ Нигор хоним, ўн саккиз ёшлик қизи Хонзода бегим ва ўн яшар ўғли Жаҳонгир мирзо — ҳаммалари ўша танобий уйга йиғилган эдилар. Лекин ҳазратнинг ўзлари келмагунча ҳеч ким тамадди қила олмас эди.
Ички эшикдан Қоракўз бегим чиқиб келди. Кичик жуссали бу ёш жувон тепада ёнаётган қандил ёруғида беҳад чиройли кўринди. У катта бегимларга уялибгина салом берди-да, ҳазратни уйғотишга журъат этолмаганини айтди.
Қоракўз бегимнинг ёшлиги, гўзаллиги, хусусан, уялиб гапириши ҳозир унинг энг суюкли хотин эканини эсга туширди-ю, Фотима Султоннинг рашкини қўзғади.
— Ҳазратимни мунча қаттиқ ухлатибсиз, энди уй-ғотиш нечун илкингиздан келмайдир?
Қутлуғ Нигор хоним болалар олдида қилинган бу киноядан озорланиб:
— Қўйинг, оға ойи. Бу бегимда айб йўқ! — деди.
Хонзода бегим ойисининг юзига маъноли кўз ташлаб: «Айб бизнинг отамиздами?» демоқчи бўлди. Подшоҳ ота қизи тенглик Қоракўз бегимнинг хобгоҳида, қонли уруш ҳаммани бесаранжом қилиб турган шундай таҳликали тунда қотиб ухлаб ётиши унга беҳад хунук туюлди. Ҳозир отаси келса, Хонзода бегим унинг юзига қарай олмаслигини сезди-ю, ойисидан илтимос қилди:

— Рухсат беринг, мен кетай… Саҳарликни бошқа қизлар билан қилай…
— Ҳазрат отангиз сўрасалар, биз не деймиз? Хафа бўлмасинлар, тағин. Сабр қилинг, қизим… Мунча ошиқманг…
Ташқари эшикдан таъзим қилиб кирган чошнагир* аёл овозини қўрқув билан пасайтириб хабар берди:
— Осмонда юлдузлар сийрак қолди. Ҳадемай тонг ёришур. Ҳазрати олий саҳарликсиз қолурларму?
Тонг отиб, азон айтилгандан сўнг рўза ўз кучига киради, ҳеч ким ҳеч нарса еб-ичиши мумкин бўлмай қолади. Узун ва иссиқ ёз кунида подшоҳни саҳарликсиз қолдириш бегимлар учун ўзлари оч-наҳор қолишларидан қўрқинчлироқ эди.
Барча кўзлар ички эшик олдида ийманиб турган Қоракўз бегимга тикилди. Мирзо унинг хобгоҳида ётибди, у ерга кириб ҳазратнинг ширин уйқусини бузишга бошқа ҳеч ким ботинолмайди. Чошнагир аёл Қоракўз бегимга илтижо қилди:
— Илоҳо Рустамдай ўғил кўринг, бегим!.. Бугун умидимиз сиздан!
Қоракўз бегим ташвишли юз билан секин бурилди-ю, ички эшиклардан ўтиб, хобгоҳга қайтиб борди. Умаршайх мирзо боши ёстиққа ботиб, қаттиқ ухламоқда эди. Қоракўз бегим олтин шамдонни парда ортидан олиб, нақшин токчага қўйди. Шам ёруғи Мирзонинг юзига тушди.
Аммо бу ҳам уни уйғотолмади — Мирзо кечаси маъжун* еган эди.
Қоракўз бегим уни чўчитиб юборишдан қўрқиб, майин товуш билан:
— Ҳазратим! — деб чақирди. Бу ҳам кор қилмади. Қоракўз бегим гилам узра чўккалаб, ваҳимадан хиёл титраётган нафис қўлларини ҳазратнинг майин чойшаб устида ётган залварли билагига қўйди. Тўшакдан гул ҳиди келмоқда эди — кеча оқшом чойшабларга гул атри сепилган эди. Қоракўз бегим Мирзонинг уйғонмаётганидан ажабланиб, унга тикилиб қаради. Лаблари ярим очиқ, оқиш юзи осойишта. Шу ётишда у қўрқинчли подшоҳ эмас, ҳали қирқ ёшга тўлмаган ва баҳодирона уйқуга чўмган кўҳлик бир йигит бўлиб кўринди. Бу йигит Қоракўз бегимга тўсатдан жуда ғанимат туюлди. Ҳозир юрт нотинч, Ахсига ёв бостириб келяпти.
Мирзони ажал кутаётганини олдиндан сезгандек, Қоракўз бегимнинг юраги ёмон бир увушди. У тўсатдан эгилиб, Мирзонинг юзидан, кўзларидан видолашган каби ўпа бошлади.
Умаршайх мирзонинг киприклари титради. У кўзини очиб, тепасида турган Қоракўз бегимга карахт юз билан бир лаҳза тикилиб турди.
Қоракўз бегимнинг катта-катта кўзлари хавотирлик тўйғусидан яна ҳам улканлашиб кетди. У уйқудаги Мирзони ўпиш беадаблик саналишидан таҳликага тушган эди. Мирзо:
— Сизми? — деди-ю, нима бўлганини фаҳмлаб, кулимсиради.
Қоракўз бегим энди енгил тортди ва дадилланиб таъзим қилди.
— Ҳазратим, саҳарлик вақти ўтиб кетмасин.
— Сизнинг бўсаларингиз саҳарликдан ширинроқ…
Бегим жиддий гапирди:
— Оға ойим, хоним ойи — ҳаммалари ҳазратимга мунтазирлар.
Умаршайх мирзо бугунги режалари ва уруш ташвишларини эслаб, қовоғини солди-да, индамай ўрнидан турди.
У зардўзи кўрпачалар тўшалган танобийга тўрдаги эшикдан кириб келди. Салласи ва камарига қадалган қимматбаҳо гавҳарлар шам ёруғида нафис жилоланарди. Одатдаги таъзимлардан сўнг, аёллар нафасларини ичларига олиб, бир лаҳза жим қолдилар. Подшоҳ кимни қайси ёнига таклиф қилса — кимнинг ҳурмати қай даражада экани шу билан белгилаб берилади.
Фарғона водийсига уч томондан душман ҳужум қилиб келаётган шу оғир вазиятда Умаршайх мирзо ҳамма хотинларига иложи борича илтифот кўрсатмоқчи бўлди. Хотинлари орасида энг ёши улуғи ва энг обрўпарасти Фотима Султон бўлганлиги учун Мирзо би-ринчи бўлиб уни юқорига таклиф қилди. Фотима Султоннинг кўзлари қувончдан чақнаб кетди. У подшоҳнинг ўнг томонига ўтмоқчи бўлиб бораётган эди. Бироқ Умаршайх мирзо унга чап томонидан жой кўрсатди. Энг мўътабар ҳисобланган ўнг томонга эса Қутлуғ Нигор хонимни таклиф қилди.
Хоним — тахт вориси Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг онаси эди, унинг ўнг томонида ўтириши адолатдан эканини кичик хотинлар тан олар эдилар. Аммо Фотима Султон ўзининг ҳурмати Қутлуғ Нигор хонимникидан паст эканини яна бир марта ҳис қилиб, кўзлари алам билан қисилди.
Дастурхонга тортилаётган кийик кабоби, каклик гўштлари ҳазратдан сўнг Қутлуғ Нигор хонимга қўйилар, ундан кейин Фотима Султонга навбат келар эди. Шу сабабли оғизда эрийдиган энг аъло гўштлар ҳам Фотима Султонга илитма овқатдек мазасиз туюларди. Оқшом ифторда ёйилган таомлар ҳазм бўлиб улгурмаган, дастурхон атрофидагиларнинг кўпчилиги ҳали кун бўйи оч юришини ўйлаб, ўзини мажбур қилиб бўлса ҳам кўпроқ овқат ейишга интилар эди. Қутлуғ Нигор хонимнинг ёнида ўтирган Қоракўз бегим овқатдан ҳам кўпроқ бодринг, ҳандалак ер, шарбат ичар эди — кеча кун иссиғида ташналикдан ниҳоятда қийналгани эсидан чиқмас эди.
Осмон оқариб қолди. Тонг ёришган сари қандилдаги шамларнинг нури хира торта бошлади. Азон айтадиган пайт ўтиб боряпти. Аркдан ташқаридаги масжиднинг имоми кошинлик минорага чиқиб, баковул*нинг ишорасини сабрсизлик билан кутяпти. Ахир Мирзо ҳазратлари саҳарлик қилиб улгурмасдан, азон айтиш хатардан холи эмас. Овқат ейилиб, чойга ўтилганда Умаршайх мирзо хотинларига вазият қанчалик оғирлашаётганини айтиб берди.
Шу пайт масжид томондан азон товуши эшитилди. Чой ичаётган Хонзода бегим шошилиб пиёласини дастурхонга қўйди. Умаршайх мирзо хотинларига бир-бир қараб, деди:
— Мўйсафидлар «тўрт мучанг бутун бўлсин», деб дуо қилурлар. Фотима Султон, Қутлуғ Нигор хоним, Қоракўз бегим, фарзандларимиз Хонзода бегим, Жаҳонгир мирзо — ҳар бирингиз оиламизнинг азиз бир мучасидирсиз. Истайменки, бу мушкул вазиятда ҳамма мучаларимиз бутун бўлсин, бир-бирларига меҳру шафқат кўрсатсин. Илик* ўз ўрнида азиз. Кўз ўз ўрнида мўътабар. Агар кўз билан илик бир-бирига низо қилса, бундан ҳар иккиси жабр кўрур.
Сўнгги гап Фотима Султон билан Қутлуғ Нигор хонимга қаратилганини ҳамма сезди. Хонимнинг хаёли шу хатарли вазиятда ота-онадан узоқда — Андижонда турган ёлғиз ўғли Бобурда эди. Ҳазрат уни нега фарзандлари қатори тилга олмади?
— Ҳазратим, берган ўгитингизни бебаҳо гавҳар ўрнида қабул қилурмиз, — деди Нигор хоним.
— Ижозат берсангиз, битта ўтинчим бор.
— Ижозат.
— Уруш хатари кучлик экан. Бобур мирзони Андижондан пойтахтга чақиртирсангиз, ёнимизда бўлсалар…
— Андижон қалъаси мустаҳкам. Бобур мирзо у ерда бўлса қалъа янада мустаҳкам бўлур.
Бизнинг Мирзога ишончимиз катта.
Бу жавоб билан хонимнинг илтимоси рад этилди. Фотима Султон ёнида уйқусираб ўтирган ўғилчаси Жаҳонгир мирзони секин бағрига босиб, бошини силаб қўйди. Бу билан у Қутлуғ Нигор хонимдан кўра ўзининг аҳволи яхшироқ эканини намойиш қилмоқчи эди.
— Бобур мирзонинг онаси сиздан умрбод миннатдор, ҳазратим, — деди Қутлуғ Нигор хоним, — фақат ҳали ўн икки ёшга тўлмаган бола… уруш майдонида…
— Хоним, ортиқча хавотирга ўрин йўқ. Бобур мирзонинг ёнига энг яхши бекларимиз юборилган. Ёш бўлса ҳам саркардаликка тайёрланмоғи зарур. Агар менинг куним битса, ўрнимни Бобур мирзо олғай.
Энди ўттиз тўққиз ёшга кирган ва қирчиллама йигит ёшини яшаётган Мирзонинг ўз ўлими ҳақидаги сўзларидан ҳарам аҳли оғир жимликка чўмди. Ҳамманинг хаёли қонли урушга кетди. Хонзода бегим отаси ҳақидаги бояги нохуш ўйларини унутиб, унга кўзи мўлтираб қаради.
Умаршайх мирзо гапининг таъсирини янада оширгиси келиб давом этди.
— Агар мен бу фоний дунёдан кўз юмсам, ҳаммангиз Бобур мирзонинг амрини ҳозирги менинг амрим каби бажо келтиргайсиз. Жаҳонгир мирзо!

Подшоҳ отаси билан муомалага яхши ўргатилган ўн яшар бола дарҳол сергакланиб, қўлини кўксига қўйди:
— Лаббай, ҳазратим!..
— Менинг бу гапларимни сен ҳам эсда тутгил. Бобур мирзо сендан фақат икки ёш катта бўлса ҳам, агар менинг ўрнимда қолса, сен унга фарзанддек содиқ бўлғил.
— Хўп, ҳазратим!..
Бола отасининг сўзларидаги маънони дуруст тушунмагани учун бунчалик тез ва осон «хўп» деди. Аммо аёллар мураккаб ҳислар туғёнида қолдилар. Қоракўз бегимнинг Умаршайх мирзога термилиб турган кўзларида ёш йилтиллади. Мирзо буни кўрди-ю, суюкли хотинининг бояги ўпичлари эсига тушиб, видолашув аломатига ўхшаб туюлди. Умаршайх мирзо ўзининг сўнгги гаплари ҳам васиятга ўхшаб кетганини энди сезди. Юзига бирдан ажал шарпаси теккандай юраги «шиғ» этди. «Менга не бўлди? Ўлимни бўйнимга олиб васият қилдимми? Йўқ, йўқ!» Мирзо ўз гапларидан ўзи қўрқиб кетганини пайқаган Хонзода бегим бугун отасининг алланечук ёрдамга муҳтож бир аҳволда эканини кўриб, унга бехосдан раҳми келди.
— Ҳазратим, мен мунглиқ қизингиз, сизга худодан Шайх Саъдийнинг умрини тилаймен! Илоҳим юзга киринг!
— Айтганинг келсин, қизим! — деб Умаршайх мирзо енгил бир сўлиш олди. У қизининг зийраклигини, сўнгги пайтда бўй етиб, ҳусни етилиб, кўзга ниҳоятда яқин бўлиб қолганини гўё энди сезди-да, қўшиб қўйди:— Мен ахир сенинг тўйингни ўтказмоқчимен!
Хонзода бегимни Самарқанд подшосининг ўғли Бойсунқур мирзога сўратган эдилар. Лекин Умаршайх мирзо бунга рози бўлмаган эди. Мана энди агар жуда дўппи тор келса, балки у қизини подшоҳ акасининг ўғлига бериб, шу йўл билан урушни ярашга айлантирар? Лекин бундай истиқбол Хонзода бегимга қоронғи тундек мавҳум ва ваҳимали туюларди. Унинг бошқа орзулари бор эди. Шунинг учун отасининг сўнгги ниятидан чўчиб, гапни бошқа ёққа бурди:
— Агар инимиз Бобур мирзони чақиртириш имконсиз бўлса, мен билан ойимга рухсат беринг, биз Андижонга борайлик!
— Қизим, сен менинг энг бебаҳо гавҳарларимдансен. Бу хатарли аснода сени қанотим остидан чиқармагаймен!
— Ундоқ бўлса менга рухсат беринг, ҳазратим! — деди Қутлуғ Нигор хоним.
— Хоним, Марғилондан чопар кутмоқдамиз. Вазият аниқланса, рухсат олурсиз.
Умаршайх мирзо дастурхонга фотиҳа ўқиб, ўрнидан турди-ю, шошилинч тадбирлар ўйлаб, ҳарамдан чиқди.
Ҳарамга кириш ҳуқуқидан маҳрум қўрчилар туни билан ташқарида қўриқчилик қилган эдилар. Энди ҳазрати олийнинг эътиборини тортмасликка ва хаёлини бўлмасликка тиришиб, секингина унга эргашдилар.

Пиримқул Қодиров

Юлдузли Тунлар

______________
* Ч о ш н а г и р — подшонинг дастурхонига қарайдиган ходима.
* М а ъ ж у н — зиравор ва доривор гиёҳлардан тайёрланган. Кўпинча унга афюн ҳам қўшганлар.
* Б а к о в у л — подшоҳ ошхонасининг жавобгар ходими.
* И л и к — бу ерда қўл маъносида.

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Чингиз айтматов:қиёмат 33-қисм

Мана энди улар Авдий Каллистратовни суд қилишарди. Улар деганимиз — беш ароқхўр — Обер-Кандалов,  Мишаш,  Кепа,  Гамлет-Галкин  ва  Абориген-Узуқбой.  Тўғрироғи,  ...

От кишнаган оқшом (қисса) 82-қисм

82 Шунда... шунда, от кишнади. Умрим от билан ўтди. Ҳай бир отларни кўрдим, ҳай бир кишнашларни эшитдим. От сувсаб кишнади, от очқаб кишнади. Шунда от кўнглини сув бериб ...

Мeҳробдан чаён-жиловхонада бир жанжал

Аср  намози  учун  масжид  жиловхонасиға  энди  уч  киши  йиғилған  эди.  Жиловхонанинг тўрида  ўлтурган  қора  тўнлик,  ўттуз  ёшлар  чамасида  рангсиз  ва  ёшлиғига  ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400