“Бирдамлик”  нимани хоҳлаяпти, ёхуд Чўян Маматқуловга очиқ хат

“Бирдамлик” халқ демократик ҳаракати ва партияси фаолларига  мурожаатингизда кўтарилган баъзи жиҳатлар борасида фикрларимни билдиришни лозим деб топдим.

Мурожаатингиз бошида сиз  Дастурни ўқиб,  “…тўғрисини айтсам, қўрқдим ва ваҳимага тушдим “, дейсиз. Қўрқинч ва ваҳимангиз сабаби изоҳи сифатида  олдинги ҳокимият ўзингизга нисбатан ноқонуний ҳаракатлар билан жиноят иши  очганлигини ва кейинчалик қамоққа ҳукм қилганлигини таъкидлайсиз.

Шу билан бирга,. ҳозирги Ўзбекистон раҳбарияти ҳам олдинги нохақ қамалганларлар ишларини қайта кўриб чиқмаслик учун барча чораларни қилаётганини  ёзасиз, ва ” МАФИЯ (урғу  Маматқуловники)  нинг фаолияти  эса Ўзбекистон  Олий суди тизимида ҳам ҳукмронлик қилиб келмоқда.  Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида ҳам Ўзбекистон мафиясига хизмат қилаётган  раҳбар ходимлар ишлаётганлигини … кўриб келаяпман” дейсиз.

Сиз, хозирги раҳбарият ҳам мафияга барҳам бераолмайди ва мухолифат вакилларини  ” Ўзбекистонда  давлат бошқаруви тизимини  парламент бошқарувига ўтказиш  ҳақидаги лойиҳа тасдиқланиб, эълон қилинган вақтдан бошлаб, Республика давлат ҳавфсизлиги хизмати томонидан оммавий равишда  партияга аъзо бўлган Ўзбекистон фуқаролари Жиноят кодексининг 159- моддасида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айблана бошлайди ва қамоққа олишлар кучаяди”. дейсиз.

Бунга асос қилиб, “партия аъзосининг … компьютерида ёки қўл телефонида  “Бирдамлик” халқ демократик партиясининг  программаси булади ва улар далилий ашё билан қамоқка олинади”, дея курсатасиз.

Мурожаатингиздаги  “сиёсий укиш” сифатида  турли кодекслардан келтирган  тавсифлар, терминларга изохлар  борасида миннатдорчилик билдирган холда, уларга тухталиб утирмайман.

Сиз “Бирдамлик” партияси Дастурида  Ўзбекистонда  президент бошқарувидан парламент бошқарувига утиш  лозимлиги курсатилганлигини Жиноят кодексининг 159- моддасида назарда тутилган жиноят , деб бахолаяпсиз.

Шу билан бирга, “Бирдамлик” халқ демократик партияси  рўйхатдан ўтмаган тақдирда ҳам,  норасмий экстремистик ташкилот сифатида  Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг  тақдимномасига асосан  Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан топилади… аъзолари экстремист деб топилади. Мол-мулклар  давлат фойдасига мусодара этилиб,  аъзолар қамоққа олинади”, … Сиз “… юртдошларимга  қамалишни ва қамоқда азоб чекишни  мен раво кўрмайман”,дея ёзасиз.

Ҳурматли Чўян Охманович!

Даставвал , қисқача президент бошқаруви борасида. Биласизки, ҳозирда Ўзбекистонда президент бошқаруви амалда.

Президент республикасининг ўзига хос белгиси шундаки, президент бир вақтнинг ўзида ҳам давлат бошлиғи, ҳам ҳукумат бошлиғи сифатида фаолият юритади. Президент ички ва ташқи сиёсатга раҳбарлик қилади, мамлакат Қуролли кучларининг Олий бош қўмондони ҳисобланади. Президент халқ томонидан бевосита сайланади ва ўзи ҳукуматни тайинлайди. Ҳукумат эса парламент олдида эмас, президент олдида жавоб беради.

Президент бошқаруви Ўзбекистоннинг яқин ўтмишида чорак аср мобайнида “синаб”  кўрилди. Кўрилгандаям, дунё тарихида жуда кам  учрайдиган узоқ муддатда ва аянчли натижалар билан кўрилди.

Буни сиз ўзингиз ҳам мурожаатингизда қайд қилиб ўтгансиз. Камина Ўзбекистон микёсида мисли кўрилмаган қонунбузарликларни, “дунёдаги энг бахтли мамлакат” бўлганлигимизни, асосий ишлаб чиқариш кўрсаткичлари 90-йиллар даражасидан ҳам тушиб кетганлигини назарда тутаяпман.

Ишсизликдан миллионлаб фуқароларимиз чет давлатларда сарсон-саргардон булаётганини, мамлакатни ўн минглаб  юртдошларимиз бутунлай тарк қилиб кетаётганини айтиб ўтирмаса ҳам бўлар.

Булар ҳаммаси президент бошқарувининг маҳсули десам, ҳеч ким  мунозара қилиб ўтирмаса керак. Чунки,  президент бошқаруви-бу якка ҳакамчилик дегани. Айниқса, Ўзбекистон шароитида.

Шу ўринда қўшни колхозда ( совет даврида) бўлган бир воқеа ҳақида айтиб берсам. Биласиз, колхоз иши ҳамма вақт ҳам оғир бўлган. Айниқса бизнинг Қорақалпоғистон шароитида. Шу айтганим колхоз  раиси мажлисда уруш қатнашчиси бўлган бир ветеран бригадирни жуда қаттик койиган. Аниқроғи, хақорат қилган. Бригадир эса жим тураверармиш. Хайрон бўлган раис, мен сени шунча қаттик сўкдим, сўкилмаган ҳеч киминг қолмади, бирон нарса демадинг-а, дебди. Шунда бригадир раисга:

– Шу қизил столда  бугун сен ўтирибсан, сеники тўғри, эндиги гапирадиганинг ҳам тўғри. Агар эртага мен ўтириб қолсам шу қизил столда , сенга сўзларимни тўғри , деб айттираман,- деган экан.

Халқ назоратисиз қолган яккаҳакамчилик бошқарувига бундан сермазмунроқ мисол келтириш қийин. Эҳтимол Сиз, ахир у пайтлар президент бошқаруви эмас эди-ку, дея эътироз билдирарсиз. Тўғри, президент бошқаруви эмас эди, лекин яккаҳокимчилик ва унинг махсули тоталитар тузум эди.

Халқ сиёсий доимкутарлик кайфиятида бўлар экан, Ўзбекистон шароитида ўнлаб йиллар давомида шаклланиб қолган яккаҳакамчиликни хатто президент истагани билан ҳам, жойлардаги амалдорлар  фикр-зикри ва фаолиятидан чиқариш ўта мушкул бўлади.

Чунки назоратсиз президент бошқаруви фақатгина тоталитар тизимни яратади. Бу эса ўз навбатида, мамлакатда коррупциянинг ривожланишига, мафиялашган тизимларнинг юзага келишига, кланлар жипслашишига ва охир оқибат енгилрок бўлса, кенг халқ оммасининг қашшоқлашишига, оғиррок бўлса, фуқаролар урушига олиб келади. Очиғини айтиш керак, Ўзбекистон сўнгги нуқтага деярли бориб қолган эди.

Сиз қадимдан қолган бир хангомани эшитгандирсиз.

Подшоҳнинг иш юритишидан норози бўлаверган бир деҳқон бу ҳақда очиқ айтса, албатта, кимдир юқорига етказишини билиб ва бундан боши кетишини ўйлаб, охири чидамасдан қудуққа “Искандарнинг шохи бор”, деб қичқирган экан. Орадан бироз ўтиб, қудуқдан қамиш ўсиб чиқибди-да, шамолда тебраниб, “Искандарнинг шохи бор”, деб куй чалиб турганмиш.

Ушбу ривоят мисоли ўлароқ ёки бошқа сабаб, собиқ президент Ислом Каримов ҳам ўз вақтида Олий мажлис депутатларига қарата,

“Мени нега танқид қилмайсизлар, мениям танқид қилинглар, ахир”,-деган эди. Лекин, билсангиз керак, президентнинг талабини жон-жаҳди билан бажарадиган депутатлар шу сафар ва шундан кейин ҳам бирон марта ушбу чавириқга “лаббай” деб жавоб беришмади.

Чунки депутатлар билишарди: тоталитар ўзанга тушиб олган президент бошқаруви демократияни тан олмайди ва тан олиш истаги ҳам бўлмайди. Аниқроғи, хатто қудуққа қичқиришнинг ҳам иложи бўлмаган ўша даврда.

Шундай муҳитдаги бундай бошқарув учун инсон кадри деган нарса ёт. Агар лозим топса “икки юзтасининг бошини олиб ташлайди”, лозим топмаса “қамоқларда чиритади”. Бунда  ҳамма вақт “бошини олиб ташлаш истаги” заҳирадаги вариант сифатида қолаверади.

Чунки тоталитар президент бошқарувида “халқ қўй подаси, қаёққа хайдасангиз кетаверади” (бир туман раҳбарининг деганлари).

Камина шу ерда Республикадаги сўнгги икки йил ўзгаришларини назарда тутиб, президент бошқарувига овоз бергиси келади-ю, лекин…

Келинг, ҳурматли Чўян Охмонович, шу ерда  парламент бошқаруви борасида бироз фикрлашсак.

Парламент  инглизча  parliament ,  французча  parler   сўзларидан олинган бўлиб, гапирмоқ маъносини англатади.

Парламент республикаси- бу ваколатларнинг босим кўпчилиги президент қўлида эмас, балки халқ депутатларида бўлишини билдиради. Парламент республикасида ҳукумат президент олдида эмас, балки парламент олдида ҳисоб беради. Бошқарувнинг бундай тизимида ҳукумат парламентда кўпчилик овозга эга партиялар  томонидан тузилади.

Шу боис парламент ҳукуматга,  лозим топса ишончсизлик билдириши мумкин. Бундай холда ҳукумат истеъфога чиқади.

Агар  президент  парламент қарори билан келиша олмаса, ҳукумат бошлиғи, мииистрлар, палаталар вакиллари билан музокаралардан сўнг,  (Италия намунасидагидек) , қўйи палатани тарқатиб юбориши мумкин. Ёки  (Ҳиндистондагидек) иккала палатани ҳам тарқатади.

Парламент республикасининг ўзига хос жиҳати бу – президентнинг бутун қудратли эмаслиги ва  Бош вазир  постининг  фаолият кўрсатишидир.

Парламент республикасининг  муҳим  устунлиги- ҳокимиятнинг  асосий ҳажми ягона орган бўлган парламентнинг  қўлида марказлашади. Энг муҳим бўлган сиёсий қарорлар коллегиал принципга асосланиб, парламентда кўпчилик томонидан қабул қилинади.

Парламент республикасида  парламент қарорига тўсқинлик қилувчи ёки қарорни бекор қилувчи бирон-бир орган  ёки шахс бўлмайди.

Ушбу холат мамлакатда ҳокимиятнинг  айрим бир сиёсий гурухнинг ёки  шахснинг қўлида жамланиб қолишига  ва “ўраб” кўрсатиладиган ёки очиқ диктатуранинг ўрнатилишига  йўл қўймайди.

Бошқарувнинг парламент тизимида давлат юритаётган сиёсатнинг  кўринишлари ва чегаралари аниқ-равшан бўлади. Фуқаролар эса ўз навбатида амалга ошмаган режалар,  йўл қўйилган хато-камчиликлар учун етакчи  сиёсий партияни, парламент гурухини ёки тўлиқлигича парламентнинг ўзини айблаш имкониятига эга бўладилар.

Парламент республикасида ҳукумат бошлиғини, яъни премьер министрни,  парламент сайлар экан, у расман  давлат бошлиғи ҳисобланмайди , лекин давлатда биринчи шахс бўлади. (Германия).

Аммо, парламент бошқаруви маълум камчиликларга ҳам эга. Жумладан, сиёсий-бошқарув тизимининг баркарор фаолият кўрсатишини таъминлашнинг  маълум паст даражаси. Булар етакчи коалициянинг  беқарорлиги, ҳукуматнинг тез-тез алмашиб туриши , парламентнинг тарқатиб юборилиши ва янги сайловлар тайинланиши кабилардир.

Бундай бошқарув ривожланган иқтисодли, сиёсий тизими барқарор мамлакатларда фаолият кўрсатиши мумкин. Ўзбекистон эса хали ўтиш даври асоратларидан тўлалигича қутила олгани йўқ. Шундай экан,  парламент бошқарувига ўтиш учун зарур  сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий заминлар керак бўлади. Акс холда, аталаётган тизимга ўтиш сиёсий тизимнинг парокандалигига олиб келиши мумкин.

Президентни эса халқ эмас, балки парламент сайлайди. Бу дегани хал қилувчи овоз доимо парламентдаги кўпчилик овозга эга партия ҳисобида бўлади. Шу боис, президент  конституцион монархия мамлакатларидаги монарх  функцияларини бажаради, холос.

Жиддий камчиликлардан яна бири сифатида партия иродаси билан шаклланган ҳукуматда хар бир вазир ўз партиясининг манфаатини ҳимоя қилади. Ҳукумат  3-4 та партия вакилларидан ташкил топган холларда ягона қарорга келиш анча қийинлашади.

Тўғри, парламент президентнинг у ёки бу ҳаракатларини  қонунлар ёрдамида  ва бюджетни қабул қилиш жараёнида чегаралаб қўйиши мумкин.  Президент бундай холларда  вето ҳуқуқидан фойдаланиш имконига эга. Бу эса, ўз навбатида,   сиёсий кураш оловига ёғ қуйиб туриш билан баробардир.

Шундай, ёки шунга яқин вазиятларда 1946  йилдан  1958 йилгача  парламент республикаси бўлган Францияда    министрлар кабинети 24 марта алмаштирилган..

Италияда бўлса  17 йил давомида  (1991-2008йиллари) парламентни  тўрт марта тарқатиб юборишган ва 13 та Бош вазирни алмаштиришган.

Туркияда эса фақат икки йилнинг ўзида ( 1996-1997) Бош вазирни тўрт марта алмаштиришган.

Шу билан бирга баъзи мамлакатларда парламент ўз ваколатларининг маълум қисмини ҳукуматга  ўтказиб туриши ҳам мумкин ( Польша , Италия).

Кўриб турибсиз-ки, иккала тизим ҳам маълум даражада ўз устунликларига эга бўлиш билан бир қаторда, жиддий камчиликлардан ҳам холи эмас. Шундай экан, “икки ярамасликнинг” бирини танлашимиз керак. Юқорида айтганим, президент бошқарувини Ўзбекистон бошидан кечирди. У тизим демократия нуқтаи назаридан халқга ҳеч нима бермади.

Парламент бошқаруви эса кенг халқ оммасига ўзлари сайлаган депутатларининг аслида қандай халқпарвар эканлигини муттасил кўрсатиб туради. Чунки депутатлар ўзлари тайинлаган ҳукумат бошлиғи ва аъзолари учун жавобгар бўладилар. Шу боис, улар истасин- истамасин, у ёки бу масалада ўз позицияларини очиқ-ойдин гапиришга мажбур бўладилар.

Шу орқали биз фикр айтиш ва фикр алмашиш имкониятига эга бўламиз. Бу эса ўз навбатида нафақат депутатлар, балки кенг жамоатчилик орасида ҳам баҳс-мунозара маданиятини шакллантиради ва ҳозирги кунда ўта муҳим бўлган босқичга қадам қўйилади.

Юқоридагиларни инобатга олиб, Ўзбекистон парламент бошқарувига ҳар қачонгидан ҳам яқин дейиш мумкин.

Бунда асосий фигура бўладиган Бош вазирни излаб ўтиришга зарурат қолмайди. Ҳозирги босқичда бу – Бош вазир сифатида 10 йилдан ортиғрок фаолият кўрсатган Шавкат Миромонович Мирзиёев.

Сўзимнинг охирида ўзимизнинг ҳам “салкам чириганимиз” борасида.

Сиз, юқорида келтирганим ” МАФИЯ (урғу  Маматқуловники)  нинг фаолияти  эса Ўзбекистон  Олий суди тизимида ҳам ҳукмронлик қилиб келмокда.  Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида ҳам Ўзбекистон мафиясига хизмат қилаётган  раҳбар ходимлар ишлаётганлигини … кўриб келаяпман” дейсиз.

Минг афсус-ки, сўзларингизга қўшилишга мажбурман. Аммо, қисман. Нега дейсизми? Чунки камина ўзи ҳам Олий судга бир-неча бор ариза бериб, машинадан топилган наркотикларга ҳеч кандай алоқам йўқлигини, биронта ҳам гувоҳ кўрсатма бермаганлигини,

аниқроғи умуман гувоҳ йўқлигини, мендан ҳибсдалигимда ҳеч ким ҳеч качон машинамдан топилган наркотиклар тўғрисида бир оғиз ҳам сўрамаганлигини, жиноят ишимда ҳам бу ҳақда бирон-бир варақ коғоз йўқлигини кўрсатиб ёзганлигимга қарамасдан, қонуний

жавоб ололмаганман. Диққат қилинг, ижобий эмас, қонуний. Сабаби, олдинга аризага Олий суд раиси ўринбосари жавоб берган бўлса, кейингисига оддий судья жавоб беряпти. Президент аппаратида икки марта шахсан қабулда Олий суд судьяларига

учрашиб, арз қилсам, камина Олий суд қабул компьютерига умуман киритилмаган. Жиноят ишини  бевосита олиб текширишларини сўраганим борасида жавобларда бу ҳақда ёзишмаган.

Фикрларингизга Президент аппаратининг айрим ходимларини ҳам қўшишга мажбурман. Сабаби, 1000  рақамли телефонга 29 июндаги сўнгги  мурожаатимга халигача ( 20 -октябрь) ҳам жавоб олмадим.

Буларни ёзаётганим, Сизнинг, яна қамашади , деганингиз важидан.

Аяганингиз учун раҳмат. Лекин туб маънодаги инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва мустақил журналистлар ўз хаёт йўлларининг маълум қисмида шундай бир чегарадан ўтадилар-ки, ундан кейинги хаёти бошқача мазмун кашф қилади. Яъни, қамалиш ва ўлим ҳисси уларга ёт бўлмаса ҳам, шундай қисмат уларни ўзлари тўғри деб ҳисоблаган йўлдан қайтаролмайди.Агар улар бирон сабаб шундай қисматга учраб қолсалар, буни ҳеч иккиланмай қабул қиладилар. Улар фақат бир нарсага афсусланадилар-олдидаги  бажарилмай қолган ишлари борасида.

Кимдир қачонлардир айтган: ҳаммасининг оғзи бир бўлган мамлакат- бечора мамлакатдир.

Бугунги Ўзбекистон раҳбарияти давлатни бошқариш лангарини тўғри ушлаш зарурлигини тушинди. деб ўйлайман. Лангар эса қачон тўғри  ушланади ва манзилга элтади – иккинчи томон ҳам тенг оғир бўлса. Сиз ва биз  худди шу мақсадда лангарнинг иккинчи томонига чиққан эканмиз, бундан сира афсусланмаслигимиз керак.

Ўз юртининг эртанги куни учун жонини беришга тайёр йигит-қизлари йўқ мамлакат ҳеч качон нонга ёлчимайди.

Сизга самимий ҳурмат билан, Солижон Абдураҳмонов. Қорақалпоғистон.   21 октябрь 2018  йил.

 

 

 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Баҳодир чориев таржимаи ҳоли

Чориев Баҳодир Ҳасан ўғли, 1969 йилнинг 31 октябрида Шаҳрисабз туманида туғилган. Олий маълумотли, оилали, аёли Феруза Хуррамова, икки қиз ва икки ўғил фарзанди билан АҚШда ...

Баҳодир хон туркистонни таваллуд айёми билан табриклаймиз!

Азиз инсоним БАХОДИРХОН ТУРКИСТОН! Сизни таваллуд айёмингиз билан чин қалбдан, самимиймуборакбодэтамиз! Сизга узоқумр, сиҳат-саломатлик, ...

Ўзбекистон “бирдамлик” халқ демократик партиясининг низоми

Лойиҳа ЎЗБЕКИСТОН “БИРДАМЛИК” ХАЛҚ ДЕМОКРАТИК ПАРТИЯСИНИНГ НИЗОМИ ХАЛҚ ҲОКИМИЯТИ, ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ ЗАМИНИДАГИ, ОЗОД ВА ФАРОВОН ЎЗБЕКИСТОН УЧУН! ЎЗБЕКИСТОН “БИРДАМЛИК” ХАЛҚ ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400