БУЮК ИЖОДКОР, УЛКАН АРБОБ ҲАМДА УЛУҒ ИНСОН!

Одил Ёқубов таваллудининг 92 йиллиги муносабати билан…

Бизлар ҳали талабалик вақтларимиздаёқ ўзимиз фуқароси ҳисобланмиш Совет Иттифоқи, дея номланувчи ўта ёпиқ мамлакатнинг энг журъатли ҳамда машҳур матбуот нашрлари – “Литературная газета” билан “Комсомольская правда”ни қизиқиб ўқирдик. Ўша пайтгача Одил Ёқубовни бизларнинг, яъни ёшларнинг севимли ёзувчимиз тариқасида ардоқлаган бўлсак мана шу давр жараёнида эса, “Литературная газета”нинг Ўзбекистон ССР бўйича махсус мухбири бўлиб ишлаган айни инсонни жасур ва иқтидорли журналист сифатидаям кашф айлаганмиз, у кишининг “Литературка”да уюштирган муаллифлик чиқишларини, мақолаларини талашиб-тортишиб мутолаа қилганмиз, муҳокама этганмиз.

Ғойибона тарзда бирмунча илгарироқ замонга кўчганим ҳолатида айтмоқчиман-ки, менимча, Одил Ёқубов “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” ҳафтаномасининг бош муҳаррири бўлиб фаолият кўрсатган йилларда, у киши “Литературная газета” (“ЛГ”) билан “Комсомольская правда” (“КП”)нинг илғор журналистик услубларини-ю фаол ижодий анъаналариниям мазкур нашрда муваффақият билан жорий этди ҳамда қўллади. Балки ушбу сабабдан ҳам-ки, Одил ака раҳбарлик қилган йилларда “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси ўзбек халқининг севимли матбуот нашрига айланди, оммабоп ҳамда ҳаммабоп ахборот воситасига эврилганлиги учун-да, ўтган асрнинг саксонинчи йиллари охирида “ЎзАС”нинг адади республикадаги барча матбуот нашрлариникидан-да ошиб кетди.

Худди ўша даврда мазкур таҳририятнинг таркибида фаолият кўрсатган журналистлар тимсолида ва унинг муаллифлари орасида ўнлаб кучли ижодкорлар шаклландилар, кейинчалик эса, улар ўзбек адабиёти ва журналистикасининг олдинги сафларини муносиб равишда тўлдирдилар, атоқли-таниқли қаламкашлар бўлиб етишдилар, шунингдек, қатор масъул ва нуфузли матбуот нашрларининг бош муҳаррирлари бўлдилар.

Яна бир нарса: мен йироқ йиллардан буён Одил ака билан битта умумий жиҳатимиз уйғун эканлигидан ўзимча фахрланиб келганман. Негаки, ўзим ҳам у киши сингари 20 октябрь куни туғилганман, фақат оралиқда 28 йиллик фарқ мавжуд.

Мана шунинг учунми, гарчи бадиий салоҳият, ижодий иқтидор, салмоқдор самара ҳамда серқирралик-пурқамровлик нуқтаи назаридан олганда Одил ака, бамисоли осмонда-ю мен фақир-у ҳақир эса, айни нуқтаи назардан ёндашганда, гўёки заминда бўлсам-да, у кишини ўзимга нисбатан анча-мунча яқин олиб юрганман.

Балки, айнан ушбу боисдандир, доимо Одил Ёқубовнинг янги асарлари билан тезроқ танишиш ҳаракатига тушар эдим. Анча муддатлик шахсий таҳлилларим ҳамда хусусий кузатишларим натижасида айтишим мумкин-ки, Одил аканинг ҳар бир қиссаси, ҳар қайси романи босилиб чиқиши биланоқ, ўзбек адабиёти учун ўзига хос адабий-бадиий воқеага айланган, дея ишонч билан таъкидлаш мумкин. Мана шулар қаторига «Муқаддас», «Қанот жуфт бўлади», «Матлуба», «Тилла узук», «Бир фельетон қиссаси»  «Биллур қандиллар», «Эр бошига иш тушса», «Улуғбек хазинаси», «Диёнат», «Кўҳна дунё», «Оқ қушлар, оппоқ қушлар», «Адолат манзили» каби қиссалари ҳамда романларини бемалол қўшиш мумкин.

Яхши асарлар эканлиги туфайлиям-ки, уларни собиқ иттифоқнинг ҳудудсиз кенгликларидаги миллионлаб мухлислар қизиқиб ўқиганликлари-ю ўқиётганликлари, ҳар қайсиси ўнлаб хорижий тилларга таржима қилинганлигиям бундан яққол далолатдир.

Адабиётда: “Ҳаёт ҳақиқати билан бадиий ҳақиқат ўзаро уйғун ҳамда мутаносиб бўлмоғи даркордир” мазмунидаги ёзилмаган қонун амал қилади. Аксарият адабий-бадиий тадқиқотчиларнинг холисанлиллоҳ эътироф этишларига кўра, Одил Ёқубовнинг қиссалари-ю романлари мана шундай муҳим талабларга энг кўп жавоб берадиган ижоднинг ажойиб намуналаридир. Дарҳақиқат, у кишининг қаламига мансуб бўлган қайси асарни мутолаа этсангиз ҳам-ки, унинг ҳар битта саҳифасидан ҳаётий ҳаққониятлар уфуриб, турмуш фожиалари дод-фарёд солиб ҳамда тирикчилик муаммолари очиқ-ошкора бўй кўрсатиб туради.

Барчамизга атрофлича маълумки, ўзбек адабиётида буюк ёзувчилар ҳамда улуғ шоирлар оз эмаслар. Аммо холисона эътироф айлайдиган бўлсак, улар орасида – албатта маълум давр доирасининг қамровида – Одил ака сингари эл-юртининг оғриқларини, халқининг дардларини баралла айтиш борасида дадил ҳамда жасоратли ижодкорни топиш мушкул ва амримаҳолдир.

У кишининг ҳали қудратли ҳамда ҳайбатли совет давлати оёқларида мустаҳкам турган вақтлардаёқ – СССР халқ депутатларининг съездида сўзлаган нутқи, оддий одамларни бир томонга қўя турайлик, ҳатто-ки, казо-казолар наздидаям катта қаҳрамонлик намунаси эди. Одил Ёқубовнинг мана шу тарихий чиқиши ўшанда бутун СССР раҳбариятининг, КПСС марказий қўмитаси сиёсий бюросининг диққат-эътиборини Ўзбекистонга қаратганди, Совет Иттифоқидаги сони юздан ортиқ миллатлар намояндаларининг назарларини ўзбек халқининг аянч аҳволига жалб этганди. Ўша исёнкор маъруза Ўзбекистон ичидаям қизғин маъқуллашларга ва қўллаб-қувватлашларга ҳамда жиддий мунозаралар-у тортишувларга сабаб бўлганди.

Мазкур ўринда, профессор Қозоқбой Йўлдошевнинг яқиндагина ўқиганим ажойиб эътирофини келтириб ўтишим мақсадга мувофиқ кўринади: “Ёзувчи Одил Ёқубовни ҳақли равишда ўзбек демократиясининг отаси, дейиш мумкин. Негаки, Ўзбекистон Республикасида демократик кайфият олдин ёзувчилар орасида пайдо бўлганди. Тўғри, қаҳрамонимиз демократик ташкилотлар тузган, кўча намойишларида қатнашгани йўқ. Лекин ўзбек демократлари ва, умуман, халқининг бахтига ўша пайтларда Ёзувчилар уюшмасига О. Ёқубов эмас, ҳар қандай бошқа киши раҳбарлик қилганида, барча масъулиятни ўз бўйнига олиб, эндигина куртак отаётган демократияни ҳимоя қилолмаслиги аниқ эди. Кремлдаги нутқлари билан жаҳоний эътирофга сазовор; жасорати, ҳалоллиги, бадиияти юксак асарлари билан мамлакат ичида катта обрўга эга бўлган Одил Ёқубовгина турли тазйиқлар-у сиқувларга бардош бериб, эрк ва мустақилликка интилган демократларни паноҳида сақлай билди”.

*      *      *

Минг таассуфлар-ки, Одил ака билан шахсан танишиш шарафига муяссар бўла билмаганман. Лекин у кишини Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасидаги йиғинларда, турли ижодий учрашувларда кўрганман, учрашганман, оташин-у ошкора фош этувчи нутқларини-маърузаларини тинглаганман, долзарб публицистик мақолаларининг мағзини чақиб, улардан улкан маънолар-мазмунлар топганман.

Ижодидан баҳолуқудрат баҳраманд эканлигим, юқоридаги сингари анжуманлар-у издиҳомлардаги дангал ва қизғин ваъзларидан олган таассуротларим натижасида чиқарган шахсий хулосам шу-ки: Одил Ёқубов, нафақат адабиётда буюк адиб эди, балки сиёсатчиликда-ю жамоатчилик миқёсидаям улкан арбоб эди, шунингдек, ҳаётдаям улуғ инсон эди. Ҳақиқатан-да, ана шундай эканлигини исботловчи ўнлаб мисоллар келтириш мумкин.

Бошқа улуғ шоирларимиз-у буюк ёзувчиларимизнинг шон-шуҳратларига кўланка ташлашни истамаганим ҳолда, яна ушбуни уқтирмоғим даркор-ки, менга қолса, аҳли қалам орасида Одил акадек халқининг тақдири учун ўта фидойи, миллатининг манфаатлари учун жуда жонкуяр, шулар билан биргаликда, холис-у адолатли бошқа шоир ёхуд ёзувчини учрата олмадим.

Бу – албатта менинг шахсий фикрим. Мана шундай вазиятда, ушбу инсоннинг исми, айнан Одил, дея қўйилганидаям бир илоҳий башорат ёхуд каромат бордек, назаримда.

 

*      *      *

Мен оддий бир қаламкаш ҳамда китобхон қаторида ўзимча шундай мулоҳазага келганман: Одил аканинг ижодий мероси – ўзбек адабиётининг улкан дарсхонаси – салмоқдор сабоқхонаси саналишга, айнан ҳақдор ҳисобланади! У кишининг асарлари мана шундай мартабаларга лойиқ ва муносиб эканлиги бисёр бора эътироф этилгандир.

Бутун бошли халқнинг ҳамда миллатнинг адабиёти учун сабоқхона бўларлик даражадаги ижодий мерос ярата билиш эса, ҳар кимнинг-да қўлидан келавермайди. Бундайин шарафга муяссар бўлган камдан-кам аҳли қалам орасида Ўзбекистон халқ ёзувчиси Одил Ёқубовнинг борлиги адабиётнинг, ўша адабиёт мансуб бўлган халқнинг ҳам-ки, бахтидир!

 

Одил Ёқуб – буюк ижодкор, улкан арбоб-у улуғ инсон –

Ота юрти жонкуяри-ю она эли фидойисидир.

Жаҳон туркийлари фахрига у айланмишдир аллақачон,

Не-ки инсонийликка дахлдор – барчасининг адойисидир.

 

Одил Ёқубнинг умри аксар авлодларнинг эрур ибрати,

Уни ҳали бисёр наслларнинг эъзоз-эҳтироми кутмоқда.

Ижодига таъсир қилолмас йилларнинг бешафқат шиддати,

Ўлмас асарларида яшаб, боқийлик сари юз тутмоқда!

 

Бердиёр ЖУМАЕВ, халқаро журналист.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Мeҳробдан чаён-йигит!

Маълумки,  кеча  Султонали  мирзо  қул  болаға  Гулшанни  чақиришни  таъйинлаб,  ўрдадан чиққан эди. Шу чиқишда ўрда атрофидан силжимай, кечгача Гулшанни кутди. Аср намозидан ...

Дастхат (шеър)

Гўзаллик, покликдан уялиб, қисилиб, қимтиниб турасан, қоп-қора деворга суяниб, ёп-ёруғ хаёллар сурасан. Илоҳам, тонг каби юзингга ҳирсланиб, ҳезланиб боқарлар, кўзларин ...

Юлдузли тунлар-58

6 Шиа-сунний низолари бундай қонли тўқнашувларни тобора кўп келтириб чиқараётгани қизилбош бекларни ҳам ташвишга солиб қўйди. Бобур ўзининг Шоҳ Исмоил билан тузган иттифоқига ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400