МEҲРОБДАН ЧАЁН-ЎПКА ВА ҲАЗИЛ

Истиқболнинг ширин хаёллариға кўмилган ҳолда махдум аср намози учун таҳорат олар эди. Таҳоратда тартибни риоя қилиш шуннат, аммо махдум тарки суннат қилмоқда. Ҳатто ўқуладирған дуоларни ҳам ўрунсиз ишлатмакда эди. Махдум шу йўсун бетартиб таҳоратланиб ичкарига кирди. Нигор ойим ошхонада мантиларни қасқонға териб қозонға уяр, Раъно бўлса айвонда кичкина укалари орасида ўлтурар эди.


Дадаси йўлакдан кўриниш билан Раъно Масъудни кўтариб турди. Ва қозиқдағи салла-чопонни олиб айвон муюшиға келди. Болалар ҳам дадалари олдида адабланишдилар.
— Анвар аканг келмадими, суфа ёлғиз, — деди махдум, чопон, саллани кия-кия, — асрга бориб келгунимча, сен суфага чиқиб тур-чи, Раъно.
— Хўб.
Отаси чиқиб кеткач, Раъно қўлида укаси билан ташқариға йўл солди. Унинг кетидан Маҳмуд ва Мансурлар ҳам чопишдилар.
— Раънапа, Раънапа! — деб Мансур йиғи аралаш ўзидан чопиб ўтмакчи бўлған Маҳмуднинг устидан Раъно опасиға арз қилди. Раъно боқчанинг суфасига ета ёзған эди. Мансурнинг йиғи шовқуни яна ҳам кучайиб рақобат ўти ёниб кеткач, Раъно тўхтаб Маҳмудни койишка мажбур бўлди:
— Маҳмуд, Маҳмуд, эси йўқ Маҳмуд!
Маҳмуд тўхтади, аммо Мансурдан олдинға ўткан эди, Мансур бу мағлубиятка чидалмай асабийлашиб, ерга ўлтуриб олди ва дунёни бузуб фарёд қўпорди. Раъно келиб Мансурни турғизди ва кийимига ўлтурган чангларни қоқти:
— Йиғлама, опаси, йиғлама, — деди, — ҳали дадаси Маҳдумни дум-дум! Қараб тур-чи, сен Маҳмуд, отанг келганда айтмасамми?!
Мансур “Раъанпа”сининг ҳимоясидан сўнг унинг етагида суфага қараб юрди. Аммо маҳмуд анча эзилган эди:
— Дадам йима1 қиларди? — деб сўради турған жойидан.
— Келсин-чи, ҳали… Тунови кунги чивиқ эсингдан чиқдими?
Маҳмуд жавоб бералмади. Унинг кўзида аччиғ аралаш қўрқув бор эди. Раъно кичкина укаси бағрида суфага чиқиб ўлтурди. Мансур “Раънапа”сининг елкасига суяниб, йўл устида серрайиб қолған Маҳмудга ғолибона бир турда истеҳзо қилар эди. Маҳмуд бу ҳолга ортиқ чидаб
туролмади. Ўзининг енгилишига сабабчи бўлған Раънодан ўч олмоқ мақсадида:
— Муллатанинг хотини, муллатанинг хотини… эй, эй, эй!
Раъно кулди:
— Қараб тур, қараб тур, сен адабсиз, — деди ва Маҳмудга ҳужум қиладирғандек қўзғалиб
қўйди.
— Билдим, билдим: муллатанинг хотини, муллатанинг хотини! — деди Маҳмуд ва ичкарига
қараб қочти.
Раъно кулимсираб Мансурга қаради:
— Шундайми, мен муллатанинг хоними-а? — деб сўради. Мансур жавоб ўрниға йўлакка
қаради ва сўюнчи ичига сиғмайған ҳолда суфанинг зинасига юругди ва қичқирди:
— Муллата, муллата телли, телли!
Раъно ҳам йўллакка қараб қизариниб кетди ва олдиға тушиб тартибсизланган сочини орқасиға ташлаб тузатинди. Йўлакда кўринган ёш йигит (“муллата”) суфанинг йўли бўйинча келмакда эди. Қора чивиқ беқасамдан ҳарир тўн кийган мавзун қад Анвар биринчи қарашдаёқ кўзга дўндиқ ва кўркам кўринар эди. Қора сурмалик кўзи Раънода экан, ўзига югуриб келгучи Мансурга йўл устида чўнқайиб қучоғини очти. Мансурнинг юзидан ўпкач кўтариб суфага юрди.
Анварни қаршиламоқ учун бўлса керак Раъно ҳам ўрнидан туриб суфанинг зинасига яқинлашди, ва табассу аралаш — “Ҳорманг” деди.
— Соғ бўлинг.
Анвар суфага чиқиб Мансурни ерга қўйди. Кафшини еша-еша Раъно томонға энгашиб, ўзига талпиниб турған Масъуднинг юзидан ўпти ва уни Раънодан олди. Масъуд Анварнинг қўлиға ўткач сапчиб гувранди ва қийқириб товланди. Раъно икки қўлини узатиб “кел менга, кел” деди. Масъуд буралиб Анварнинг бағриға сиқилди. Кулишдилар. Анвар болади ўпиб сўйди. Раъно Масъудни янди: “Сен қараб тур, бижи бола” деди. Анвар болани кўтарганча кўрпасига ўлтурди.
Чап тизасига Мансур ёпишди ва унинг ёниға Раъно қўшилди… Шу йўсун икки орада бир мунча вақт Масъудни сўйишдилар: Анвар болани Раъноға бергандан кейин симоби шоҳи салласини олиб ёстиққа ташлади ва рўймоли билан қопқора бўли чиқа бошлаған муртини тузатди. Раъно қаршида тик турар эди.
— Тинчликми?
— Бетинчлик, — деди кулиб Раъно.
— Айни муддао экан бўлмаса… Ҳа, айткандек, — деди Анвар ўлтурган суфасига ишорат қилиб, — бу кун жой катта солинған?
— Меҳмон келар эмиш.
— Ёлғонинг қурсин, Раъно, — деди Анвар кулимсиб, — қандай меҳмон?
— Мен қаёқдан билай, қандай меҳмон… фотиҳага кишилар келар эмиш, деб эшитдим.  — Фотиҳаси қанақа?

— Билмасам қанақа?

Анвар ўйланиб яна кулимсиди: 

— Сенинг фотиҳанг бўлмасин?

— Меним қандай фотиҳам бўлсин, мен ҳали тирикман.

— Тескарига бурма, Раъно, балки сени эрга бермакчидирлар?

Раъно қизариб турди-да, яна гапни кулгуликка олди: 

— Мени кимга берар эмишлар?

— Сеними? — деди кулиб Анвар, — сендан хондан бошқа ким олсин?

Раъно қўлидағи укасига қараған ҳолда: 

— Сиз шунга маслаҳат берсангиз… мен қандоғ қилай, — деди ва Мансурни чақирди, — тур Мансур, кетамиз.

Раънода аччиғланиш намойиши бор эди. Анвар Раънодаги бу ўзгаришдан ўнгғайсизлиққа тушди:

— Раъно, — деди. Раъно зинадан тушиб бошлаған ҳолда тўхтади, — чинини сўзла, меҳмон келиши аниқми?

— Меҳмон келиши аниқ, ҳам келди, — деди Раъно жиддий.

Анвар ажабланди: 

— Меҳмон келди?

— Келди.

Анвар теваракка қаранди: 

— Қани меҳмон, — деди.

Раъно қўли билан Анварнинг ўзига ишорат қилди: 

— Ана меҳмон, — деди.

Анвар кулди: 

— Мен меҳмонми?

Раъно жиддий равиш билан: 

— Албатта, сиз бизга меҳмонсиз.

Анвар яна кулди. Бироқ унинг бу сўнгғи кулишида кучланиш бор эди: 

— Мен сизга меҳмонми?

Раъно кулимсиб ер остидан Анварга қаради ва қўлидағи хархаша қилиб бошлаған болани овитиш учун тебранди.

— Билмасам…

Раънонинг юзидан бояғи жиддият йўқолғандек эди.  Анвар ҳам маънолиқ ҳазилни ташлаб чин ҳазилга ўтди: 

— Меҳмоннинг қорни оч, Раъно, — деди, — албатта қадрлик меҳмон учун тансиқроқ таом пиширғандирсиз, деб ўйлайман. Бу кунги таомингиз исмини лутфан марҳамат қилсангиз эди.

—  Меҳмоннинг  вазифаси, — деди  Раъно  жавобан, — иззати  билан  ўлтуриш  ва  олдиға қўйған нарсани махтаб-махтаб ейишдир…

— Тўғри айтасиз, отин биби, — деди Анвар, — бироқ бу кунги меҳмондорчилиғингиз ҳам кечагидек убра билан бўлса махтаб-махтаб қўлингизға қайтариб беришим ҳам аниқдир.

Раъно бутун товшини қўйиб кулиб юборди: 

— Бу кун қўғурма шўрбаға, — деди Раъно кулги ичида, — қаттиғ нон тўғраб ейсиз, жаз ўрниға шалғам чайнайсиз.

—  Офарин, — деди  Анвар, — бу  кунги  меҳмондорчилиғингиздан  қарийб  мамнун бўладирғанға ўхшайман. Агар мумкин бўлса шуни ҳам билсамки, бу кунги шалғам шўрба катта отин бибининг қўлларидан тановул қилинадирми ёки кичик отин бибининг?

— Меҳмон учун бунинг фарқи йўқдир…

— Бир оз янглишасиз Раънобону, — деди Анвар, — чунки қўлдан-қўлнинг катта фарқи бор.

— Фарқи бўлса… бу кун кичик отин бибининг қўлларидан шалғам шўрба тановул қиласиз.

—  Бу  ҳолда  афу  этасиз,  Раънобону…  Башарти  кичин  отинбибининг  қўлларидан  тановул қиладирған бўлсақ шалғам шўрба эмас, бизнинг учун қуш шўрбадир.

Бунга қарши Раъно нимадир айтмоқчи бўлған эди, ташқаридан оёғ товшини сезди, Анварга бир кулиб қаради-да, Мансурни етаклаб ичкарига чопди.

 

Абдулла Қодирий

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Қипчоққа қирғин

3. ҚИПЧОҚҚА ҚИРҒИН Кечки соат тўртларда Қоймас дарбозасидан қайтиб шаҳарга кирдилар-да, дарбозадан ўн адим нарида боши танидан олинған уч кишининг гавдасига йўлиқдилар. ...

Чингиз айтматов:қиёмат 32-қисм

V Обер-Кандалов  Мўйинқумда  кийик  қирғинига  одам  қидириб  вокзални  айланиб  юрганида Авдий Каллистратовга дуч келди. Бу  юмушни  Обер-Кандаловга  топширган  одам  ...

Паркент туманидаги 33-умумтаълим мактабида​ чингиз айтматов бюсти ўрнатилди

Тошкент вилоятининг Паркент туманидаги Қирғизовул ҳудудида жойлашган 33-умумтаълим мактабида ушбу бюстнинг очилишига бағишланган маросимда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400