Чингиз Айтматов:ҚИЁМАТ 15-қисм

Чингиз Айтматов:ҚИЁМАТ 15-қисм

Тўртинчи кун тонг азонда қорли тоғларнинг букир тизмалари кўзга чалинди. Поезд улар кетаётган Чу ва Мўйинқум чўлларига яқинлашарди. Теп-текис кенгликлардан сўнг келадиган қорли тоғлар тархи чўлмаконларда ўзига яраша бир белги бўлиб қолганди. Чўллар бағрига кириб кетаверган сари тоғлар кўздан узайиб сўнг йўқоларди. Лекин мана, ернинг ҳув четидан қуёш бошини кўтарди ва оламни осуда нурлари билан тўлдирди. Тақдирлари бир-бирларига сира ўхшамаган турли-туман йўловчилар тушган поезд тоғларга етмай турнақатор тизилган вагонлари қуёшнинг илк шуълаларида ярақ-юруқ қилганча, тонгнинг арғувон кўйлаги ёйилган биёбонларга бурилди — у ёқлардан энди тоғлар кўзга ташланмайди…

Нашаванд чопарлар Жалпоқ-Соз бекатида тушишлари керак эди. Ундан уёғига ҳар ким ўзича, ўз билганича таваккал ҳаракат қилади.

Аммо тўда ўша-ўша — битта, ният ҳам ўша-ўша — битта. Лекин буларнинг ҳаммасини ким бошқаради, ким ўша Ўзи — доим уларни кўз юммай кузатиб турган — Авдий Каллистратов ана шуни билишни истарди. Лекин айрим узуқ-юлуқ, ивир-шивир сўзлардан бўлак ҳеч нарса унга маълум эмасди.

Уч соатдан сўнг Жалпоқ-Соз бекати келади. Чопарлар йиғиштириниб ғимирлаб қолишди. Кечаси ўлгудай ичишган эди. Петруха охирги топшириқларни олиш учун Ўзининг ҳузурига боришдан аввал ҳожатда узоқ ювинди. Йўловчилар тоза диққат бўлишди. Чопарлар ўтган кеча шампандан бошлашди. Шампанни худди лимонад ичгандай эрмакка стаканлаб ичишаркан. Кейин арокқа ўтишди. Шунинг асорати эрталаб анча билинди. Тирмизак Лёнька-ку, қийшанглаб, росмана чулдираб қолди. Авдий эрталаб уни базўр оёққа турғизди. Жалпоқ-Созга етдик дегандан кейингина Лёнька зўрға кўзини очиб, тахтага оёғини осилтириб ўтирди. Сочлари тўзғиб кетган боши ингичка, қилтириқ бўйнида аранг осилиб турарди. Шу зумраша ғайриқонуний йўл билан анча-мунча пул топади. Ҳаёти ҳалитданоқ бутунлай барбод бўлган деса, албатта, бунга ҳеч ким ишонмасди.

Поезд поёнсиз текисликлардан равон кетиб борарди. Қаердадир, қайсидир вагонда унинг Ўзи кетяпти. Боши чириллаб айланган, карахт Петруха бош оғриғини босиш учун бир стакан қорайиб кетган аччиқ чойни шимириб ичди-да, Ўзи қошига шошилиб жўнади. Чамаси, Ўзи ичкиликбозларни хуш кўрмаса керак. Йўл бўйи Авдий Каллистратов Ўзини ҳатто узоқдан бўлса ҳам кўролгани йўқ. Ваҳоланки, ҳаммалари битта поездда кетишяпти. Ким у? Қандай одам?
Юзлаб йўловчилар орасидан уни топиб кўр-чи. Худди қамишзорлар орасида қоронғу чуқур ичида бекиниб олган махлуқдай ғоятда эҳтиёткор, йўл бўйи салча бўлсин, сиёқини кўрсатмади. Кўп ўтмай Петруха унинг қошидан қовоғи солинган, жаҳли чиққан, лекин бутунлай ҳушёр тортган ҳолда қайтиб келди. Албатта, ҳали маконга етиб бормай туриб қилинган тунги ичкиликбозлик учун Ўзи боплаб адабини берган. Тушуниш мумкин Ўзини ҳам. Поезд Жалпоқ-Созга етиши билан иш қизиб кетади. Шундай пайтда шалпангқулоқ Петруханинг ғирт маст бўлиб юриши сира тўғри келмайди. Мана энди, бир ҳафта бошоғриғидан қутулмай юради. Петруха худди Авдий бир айб иш қилиб қўйгандай унга норози қараб, тўнғиллади:

— Юр, гап бор.
Улар тамбурга ўтишди. Чекишди. Поезд ғилдираклари тинмасдан тарақа-туруқ қилади.
— Менга қара, Авдий, у қулоғинг билан ҳам, бу қулоғинг билан ҳам эшитиб ол,— деб
бошлади Петруха.
— Хўп, эшитаман,— пешанасини тириштирди Авдий.
— Сен кўпам бурнингни жийираверма,— диққати ошди Петруханинг.— Ким бўпсан ўзи?
— Э, қўйсангчи, Петр,— уни тинчлантирйшга уринди Авдий,— нима қиласан бекорга хафа бўлиб? Хўп, мен ичмайман, сен эса ичасан, хўш, нима бўпти шунга, нима киласан сўкиниб?
Яхшиси, бу ёғига нима қиламиз, ана шуни айт.
— Уёғини Ўзи айтади.
— Мен ҳам шуни сўраяпман-да. Нима деди Ўзи?
— Ишинг бўлмасин,— шартта унинг оғзига ургандай қилиб деди Петруха.— Сен янги одамсан. Шунинг учун Лёнька икковимиз билан борасан. Уч киши бўламиз. Бошқа болалар ҳам ким ўзи, ким шерик бўлиб боришади.
— Тушунарли. Фақат қаерга борамиз?
— Ишинг бўлмасин, мен обораман. Жалпоқ-Созда тушамиз. У ёғига ўзимиз кетамиз. Йўл-йўлакай машиналарга тушиб, «Мўйинқум» совхозига етиб оламиз. Ундан у ёғида тирик жон йўқ — пойи пиёда.
— Ана, холос.
— Ҳа, нима деб ўйловдинг. «Жигули»да олиб бориб кўйишади девдингми? Оласан, ошна! У ерда сал шубҳа уйғотсанг, дарров ушлаб оли-шади, машина ё мотоциклда борганларни-ку таппа босишади. Қалпоқ қилишади.
— Ўҳў-ўҳў! Анов, ким, Ўзи қаерда бўлади, у ким билан боради?
— Нима ишинг бор? — ўдағайлади Петруха.— Нега ҳадеб уни сўраб-суриштириб қолдинг?
Борадими, келадими! Балки умуман бормас! Нима у сенга ҳисоб бериши керакми, а?! Нима деб тушунайлик буни?!
— Нимасига тушунмайсан? Бошлиғимиз бўлгандан кейин билиш керак-да қаердалигини. Бирон кор-ҳол юз бериб қолиши мумкин.
— Худди мана шу нарсани билишнинг сенга ҳеч кераги йўқ,— кибр билан деди Петруха.— У қаерда бўлади, нима қилади, сен билан бизнинг ишимиз эмас. Керак бўлса сени ернинг тагидан ҳам топади,— Петруха гапим қандай таъсир қилди экан деб бирпас атай жим қараб турди, кейин ҳали кайфнинг асорати тарқамаган лойқа кўзларини унга тик қадади-да, қўшиб қўйди: — Сенга шундай деди, Авдий: ишни уддалаб кетсанг, доим бориб-келиб турасан. Агар
Худо кўрсатмасин, сотадиган бўлсанг, яхшиси, ҳозироқ орқангга қайтиб кет. Бекатга тушганимиздан кейин секин жўнавор. Тўрт томонинг очиқ. Сенга қўлимизни ҳам теккизмаймиз. Лекин иш бошладингми, тамом, орқага қайтиш йўқ. Сотсанг — тирик қолмайсан. Билдингми?
— Билдим. Билмай нима? Ёш боламидим,— жавоб қилди Авдий.
— Ундай бўлса, эсингда тут: айтдим-қўйдим. Икки қулоғинг билан эшитдинг. Кейин билмовдим, эшитмовдим, кечиринглар, деган гаплар кетмайди.
— Бас қил, Петр,— унинг сўзини бўлди Авдий.— Ҳадеб битта гапни чўзаверасанми. Ақли-ҳушим жойида. Нимага боряпман, нима қиламан, ўзим биламан. Яхшиси, сенга бир гапим бор, эшитиб ол. Шу бугундан эътиборан ичкиликни йиғиштир. Лёнькани ҳам ичирма. У тентак. Сен ҳам нима қиласан? Ўша ерларда шу иссиқда калламиз қизиб турса, нима қойил қилиб йиғамиз?
— Тўғри,— деб тан олди Петруха ва тупук сачраган лабларини қийшайтириб жилмайди. Унинг кўнгли жойига тушган эди.— Тўғри гапни тан оламиз. Ишон, ўзим ҳам оғзимга олмайман, Лёнькага ҳам ичирмайман. Тамом, бўлди!

Улар фикрлари бир жойдан чиққанига хурсанд бўлиб жим қолдилар. Поезд чайқалганча Жалпоқ-Соз томон жадалларди. Бу ерда машинистлар алмашадилар, поезд ҳам янгиланади. Кўпгина йўловчилар тушишга ҳозирлик кўрардилар. Лёнька ҳам ташвишланиб тамбурга қаради.
— Нима қиляпсизлар? — деди у боши оғриганидан юзини буриштириб.— Нарсаларни йиғиштириш керак. Бир соатда етамиз.
— Қўрқма,— жавоб килди Петруха.— Бизга йиғиштириш чўтми? Қиз бола эмасмиз-ку.
Халтамизни елкамизга осамизу, ҳайё-ҳайт!
— Лёня,— болани ёнига чақирди Авдий.— Қани, берироқ келчи. Бошинг оғрияптими?
Лёнька айбдорларча бошини силкитиб қўйди.— Петр билан шундай келишдик. Бугундан бошлаб оғзингга бир томчи ҳам олмайсан. Хўпми? Лёнька индамай бош ирғади.
— Бўпти, бор. Биз ҳозир. Қўрқма, улгурамиз.
— Ҳали анча вақт бор,— деди Петруха соатига қараб.— Бир соатдан ҳам кўп.— Лёнька кетгач, деди: — Лёнькани тўғри айтдинг. Чилтоннинг ўзи ичаман деб ёпишади. Ичгандан кейин оёқда туролмайди. Бўлди энди! Ишми иш! Йўлда озгина эркалик қилдик. Ҳа, тағин, ўйлаб юрма, мен Лёньканинг пулига ичганим йўқ. Балки унинг ўзи шу… лекин мен ўзим олиб ичаман.
— Гап унда эмас,— деди алам билан Авдий.— Болага одамнинг юраги ачийди.
— Рост айтасан,— унинг гапига қўшилиб хўрсинди Петруха. Уни анчадан бери бир фикр безовта қилиб келса керак, шуни Петруха ҳозир очиқчасига гаплашаётганларидан фойдаланиб эслади.— Қулоқ сол, Авдий, бизгача, бизга келиб қўшилгунингча, нима иш қилардинг, ишлармидинг? Олибсотарлардан эмасмисан, мабодо? Сен яширма, энди биз ё ресторанда бирга ўтириб, мазза қиламиз, ё камерадан ахлат челакни бирга олиб чиқамиз. Ё униси, ё буниси!
Авдий яшириб ўтирмади:
— Чайқовчи эмасман. Яширадиган ерим йўқ. Мен илгари диний семинарияда ўқиганман. Бундайини Петруха сира кутмаганди.
— Шошма, шошма! Семинарияда дейсанми? Э, бундан чиқди, сен поп бўлиш учун ўқиган экансан-да?
— Шундай десак ҳам бўлади…
— Ўҳу! — кўзларини ола-кула қилди Петруха ва лабларини чўччайтириб ҳуштак чалди.— Нега у ердан кетдинг, ё ҳайдаб юборишдими?
— Ундоқ десанг ҳам тўғри, мундоқ десанг ҳам. Умуман, ташлаб кетдим.
— Нимага? Худони талашиб қолдингларми? — шўхлик билан сўрашни қўймасди Петруха.— Ана кулги!
— Ҳа, талашиб қолдик шекилли.
— Бўлмаса, қани айт-чи, ҳаммасини билсанг… Худо борми, йўқми?
— Бунга жавоб бериш қийин, Пётр. Биров учун бор, биров учун йўқ. Ҳаммаси одамнинг ўзига боғлиқ. Одамлар ер юзида қанча яшасалар, шунча Худо борми, йўқми, деб ўйлайдилар.
— Унда, агар бўлса қаерда, Авдий?
— Бизнинг ўй-хаёлларимизда, айтаётган сўзларимизда… Петруха ўйланиб жим бўлиб қолди. Вагон ғилдиракларининг товуши бирдан кучайди — вагондан вагонга ўтган йўловчилар тамбур эшигини очиқ қолдирган эдилар. Петруха тамбур эшигини ёпди. Ғиллиракларнинг тарақа-туруғи бир оз босилди, ниҳоят деди:
— Унда менда йўқ экан-да. Сенда Авдий, у борми, йўқми?
— Билмадим, Пётр. Бўлса эди дейман, кошкийди…
— Сенга у керакми?
— Ҳа, усиз иложим йўқ…
— Ана холос,— норози бўлди Петруха. Нимадир унинг ғашига текканди.— Худо керак бўлса, унда нима п… еб биз билан юрибсан?
Авдий гапни чуқурлаштиришнинг вақти ҳам, ўрни ҳам эмаслигини сезди.
— Лекин ахир, пул ҳам керак-ку,— деди у муроса оҳангида.
— Э, гап бу ёкда десанг-чи. Ё Худо, ё мулла жиринг! Пулнинг кетидан қувибдилар-да!
— Шундайроққа ўхшайди,— тан олишга мажбур бўлди Авдий. Бу гапдан кейин Авдий Каллистратов анча нарсаларни ўйлади.
Аввало, йўл бўйи қорасини кўрсатмай чопар болаларга кўз-қулоқ бўлиб келаётган Ўзи унча-мунчага ишонавермайди. Афтидан, пихини ёрган ва жуда бераҳм бўлса керак. Агар қилаётган ишининг бирон ерида ишкаллик сезса, у ўзини ва ўз ортида турганларни хавф остига қўймаслик учун ҳар қандай йўл билан ўч олади. Ҳеч нарсадан қайтмайди. Бошқача бўлиши ҳам мумкинмас. Буни ўз оти билан гиёҳ билан савдо қилиш деб қўйибди. Авдийнинг биринчи чиқарган хулосаси шундай эди. Петруха ва бошқалар билан йўлдаги гап-сўзлардан иккинчи аниқлаган нарсаси шу бўлдики — чопар болаларга сўз билан таъсир ўтказса бўларкан.
Ваъзхоннинг вазифаси ҳам шу: чин дилдан самимий сўз юритиш, ҳеч қандай хавф-хатарга қарамай сўз билан фидокорларча тушунтириш; ахир, бир пайтлар фидойи дин ёювчилар жонларини Худо йўлига тикиб, ёввойи Африка қабилалари ичига Исо Руҳилло каломини етказмаган эдиларми; зеро, адашган дилларни халос этиш — унинг асл тақдирида бор, ҳаётининг тугал маъноси ва мазмуни ҳам эҳтимол, худди мана шундадир,— ҳа, у дилларни халос этади.

Улар Жалпоқ-Соз манзилига эрталаб соат ўн бирларда етиб келдилар. Бекат катта, ундан яна бошқа поездларга ўтириларди. Темир йўлнинг икки изи тонгда кўзга чалинган узоқ қорли тизма тоғлар сари кетарди. Шунинг учун бу ерда турли томонларга борадиган йўловчилар сероб. Чопар болаларга бу ҳам қулай. Ғала-ғовур бекатда бемалол кўзга ташланмай юрса бўлади.
Ҳаммаси хамирдан қил суғургандай силлиққина ўтди. Тушлик пайти барчалари вокзалдаги ошхонага киши билмас, лекин чаққон йиғилиб келганларида, Авдий ҳайрон қолди. Авдийни ҳам қўшиб ҳисоблаганда, чўлга наша йиғиш учун борадиганлар ўн икки киши эди (унга шундай туюлди). Чопар болалар столлар атрофида битта-иккитадан бўлиб ўтиришарди. Ҳамма бир-бировининг кўз ўнгида. Лекин, ҳеч ким ҳеч кимга очиқ сўз қотмайди. Улар оддий йўловчилардан асло фарқ қилмайдилар. Кўпроқ Лёнькага ўхшаган ўсмирлар ва Петрухадай бўйи чўзилиб қолган йигитчалар. Айни ёз мавсуми. Ким қаёққадир кетяпти, ким қаёқдандир келяпти. Одатдагидай осиёликлар европаликлар билан аралаш-қуралаш… Тартибни сақлаш учун бу ерга милиция ходимлари дам-бадам кириб чиқаётган ва бекатнинг ўзида ҳам ҳар қадамда милиционер юрган бўлишига қарамай, чопарларнинг авзойидан ҳеч нарса билинмасди.
Улар тезгина овқатланиб, ўринларини бошқа навбат пойлаб турганларга бўшатдилар. Шундан сўнг худди бир ишора бўлгандай дарҳол ҳар томонга ими-жимида тарқалдилар. Ҳар бирининг ўзига яраша юки ҳам бор: нон, консерва ва бошқа турли-туман зарур нарсалар солинган тўрхалталар, чарм сумкалар, портфеллар. Мана шундай қилиб, нашаванд чопарлар жой-жойларига, Мўйинқум атрофидаги яйдоқ чўллар ичига сочилиб кетдилар.
Петруха, Авдий ва Лёнька Ўзи белгилаб бергани ва топшириғи бўйича учовлон йўлга тушдилар. Авдий Ўзини бари бир кўролмади. Лекин бутун иш Ўзи томонидан бошқариб турилганига ҳеч қандай шак-шубҳа йўк эди. Улар энг олис жойга, «Учқудуқ» совхозининг Мўйинқумга тақалган бўлимигача Ўзи томонидан ажратилган ва Петрухага бериб қўйилган йигирма беш сўмга йўловчи машинани кира қилиб тушиб бордилар. Ҳар эҳтимолга қарши улар
ўзларини уй қурувчи уста деб таништирадиган бўлдилар. Авдий — дурадгорлик қилади.
Дурадгорларни бу ерларда кўзга суртишади. Аслини олганда ҳам, Авдий дурадгорлик ишларидан дурустгина хабардор эди. Отаси бу ҳунарни унга болаликдан ўргатган эди. Петруха унинг юк халтасига уйдан олиб чиққан — ранда, болта, искана сингари асбобларни солиб қўйди. Петруха ўзини ва Лёнькани сувоқчи ва бўёқчи уста деб таништиради. Улар гўё ПТУнинг ўқувчилари, «Учқудуқ»қа, Мўйинқум чўлларига ёзги таътилда уй қуриб, пул ишлаш учун келишяпти. Ким ишонмайди бунга.
Кун иссиқ. Лекин очиқ юк машинасининг тепаси анча шабада, офтобнинг иссиғи унчалик билинмайди. Тўғри, чўл йўлининг мазаси йўқ, ўнқир-чўнқир, чанг-тўзон.
Машина чўнқирларга келиб, секинлаганда, ғилдираклар остидан кўтарилган чанг устиларига ёпирилади, йўталиб, кўзларини уқалаганлари уқалаган. Йўл оғир, аммо атроф кенг, баҳаво эди. Беихтиёр ҳаёлингга шундай фикр келади: қанотим бўлсайди, учиб кетардим… «Энди мен бутунлай ишондим: ер ҳам сайёра экан,— деб ўйларди Авдий кабина тепасида туриб.— Нега одам ерга сиғмайди, доим торлик қилади, тўймайман, оч коламан, деб қўрқади, баайни ўзига ўхшаганлар билан ҳеч чиқишолмайди. Олдиндан ҳосил қилинган фикрлар, қўрқинч, нафрат сайёрани стадион даражасида торайтириб қўйяпти. Барча томошабинларнинг умрлари ушбу стадионда гаровга қўйилган, бинобарин, ҳар икки команда ҳам ўйинда ютиб чиқиш учун ўзлари билан бирга ядро бомбаларини олиб келган, ишқибозлар эса ҳеч нарсага қарамасдан қичқириб ётибдилар: гол, гол, гол! Сайёра — мана шу. Ҳолбуки, ахир, ҳар бир инсон олдида муқаррар бир
вазифа кўндаланг бўлиб турибди — одам бўлиш. Бугун, эртага, доим. Тарих шундан яралади. Ҳозир нимага кетиб боряпмиз. Кандай муҳим ҳаётий зарурат ёки эҳтиёж борки, одамлар ўзларига ҳам, бошқаларга ҳам заҳар-заққум ахтарадилар. Уларни бунга нима мажбур қилади? Ўз-ўзини унутишнинг ўша даҳшатли гирдобидан улар нима топадилар?»

 

Чингиз Айтматов

 

Аввалги қисмини ўқинг

Давоми 👉

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Юлдузли тунлар-10

3 Қуваликлар тонг ёришгандан кун ёйилгунча бўлиб ўтган бу фалокатни нариги қирғоқдаги девор ва томлардан мўралаб кўриб турар эдилар. Уларнинг баъзиси «ёғий баттар бўлсин», ...

От кишнаган оқшом (қисса) 51-қисм

51 Шу вақт, бозор дарвозаси тарафдан овозлар келди. — Ушла, ўғрини, ушла! — деди овозлар. Ғуж-ғуж одамлар орасидан бир бола чопиб чиқди. Кетидан бир беқасам чопонлик одам ...

Рауф парфи:ассалому алайкум дорнинг оғочи

«Кунтуғмиш»дан Акиф БАҒИРга   КЎНГЛИМ ҚОРОНҒУДИР, ТЕВАРАК ТУТУН, Ёлғиз бошим узра узилар шамол, Кўзларимни ғажир аллақандай тун, Сен кимсан, нимасан, сен кимнинг божи? – ...