Сирдарёда теримчи аёлларни олиб кетаётган тиркама ағдарилиб кетди

Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманида 25 октябрь куни тракторга уланган тиркама ағдарилиб кетган. Бу вақтда тиркамада 28 киши бўлган. Мазкур ҳодисада жабрланганлар Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Сирдарё вилояти филиалига келтирилган, дея ёзмоқда Turon24 нашри.

Бош шифокор Нисбатулло Нуруллаевнинг маълум қилишича, жабрланувчилар 25 октябрь куни соат 13:30 дан 14:00 гача қабул қилинган. Уларнинг 14 нафарига биринчи ёрдам кўрсатилгач, уйларига рухсат берилган. Қолган 14 нафари эса стационар муолажа зарурлиги сабабли шифохонага ётқизилган. Жабрланувчилар асосан суякларнинг чиқиши ва синиши билан боғлиқ жароҳатлар олишган. Айни пайтда уларнинг аҳволи ўртача оғир экани айтилди.

Бош шифокорнинг сўзларига кўра, беморлардан бири жарроҳлик амалиётига муҳтож. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказидан келган травматолог ҳамда нейрохирурглар беморни тиббий кўрикдан ўтказган. Тез орада вилоят шифокорлари жарроҳлик амалиёти ўтказади.

Turon24 мухбири беморлар билан кўришди. Воқеа “Бек кластер” МЧЖга қарашли пахта даласида юз берган. Жабрланувчиларнинг айтишича, битта маҳалланинг аёлларидан тузилган гуруҳ ҳар куни кластерга қарашли автобусда пахта теримига олиб келинган. Шу куни ҳам теримчилар автобусда келган, бироқ автобус ҳайдовчиси кун охиригача турмай қайтиб кетган. Тушгача ҳосил анча сийраклашиб қолган далада пахта терилгач, теримчиларни бошқа далага олиб бориш учун тракторга уланган тиркамага чиқазишган. Яна иккита тиркамага пахта теримига жалб этилган ҳарбийлар чиқиши айтилган.

“Теримчилар қирқ нафарча эдик, – дейди беморлардан бири. – Биз тиркамага чиққан вақтимизда ҳарбийлар овқатланаётган экан. Уларнинг ёнига бориш учун тор зовурдан ўтиш керак эди. Воқеа қандай бўлганини билмай қолдим. Биз ўтирган тиркама ағдарилиб ҳаммани босиб қолди. Барча менинг устимга қулабди. Ким тез ёрдам чақирганини ҳам билмайман”.

“Ўзимизда ҳам айб бор. Ҳаёт учун хавфлилигини билсак ҳам “Тиркамага чиқ!” дейишса индамай чиқаверибмиз, – дейди беморларнинг яна бири. – Учта фарзандим бор. Кичиги икки ярим ёшда. Ўзим ишсизман. Пахта мавсумининг бошидан теримга чиқаяпман. Маҳалламизга келиб, ким пахтага чиқса, иш стажи ёзилади деб тарғиб қилишди. Шунгаям қизиқиб чиққандим. Ҳодиса туфайли қўлим синди. Қўлимни гипс қилишди”.

“Қизимнинг қўли узилиб кетган, – дейди жарроҳлик амалиётига муҳтож беморнинг онаси. – Тиркама ағдарилганда энг тагида қолиб кетибди. У ўғлини ёлғиз ўзи катта қилаяпти. Бугун операция қилишмоқчи. Қони камлиги учун хавотирдаман”.

Беморларнинг айтишича, “Бек кластер” МЧЖ мутасаддилари барча тиббий харажатларни ўзимиз тўлаб берамиз деб хабар беришган.

 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Екатеринбургда тўрт нафар сурхондарёлик мигрант ёниб кетди

Ўзбекистон ТИВ қурилиш жойида содир бўлган ёнғин оқибатида ҳалок бўлган Ўзбекистон фуқаролари рўйхатини эълон қилди. Барча вафот этганлар Сурхондарё вилоятидан бўлишган. ...

Ичан-қалъада яшовчи хиваликлар ўз уйларига пул тўлаб кирадиган бўлди

Хиванинг Ичан-қалъага кириладиган қадимий дарвозаларига турникет ўрнатилди, деб хабар бермоқда “Анҳор.уз”. Энди Ичан-қалъага кириш учун 10 минг сўм тўлаш керак. Хабарда ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400